Савол: Аёлларнинг турли соҳаларда ишлашининг зарари борми?
Жавоб: Динимизда хотин киши пул топиш дардидан озод этилган. У югуриб-елиб пул топишга, бунинг учун беш вақт намозини оқсатишга, бошини-қўлини очиб, бегона эркаклар орасига аралашиб, гуноҳ ишлашга мажбур эмас. Ҳамма нарсани унинг олдигача олиб келиб қўйиш вазифаси эрига юклатилган. Динимиз аёлга мана шундай баланд ўрин ва қиймат берган.
Мусулмон хотин тижорат, фан, саноат ва деҳқончилик билан шуғулланишга мажбур бўлмаса ҳам булар билан банд бўлиб, ишлаб пул топиши гуноҳ эмас. Ўз истаги билан ишлаши мумкин. Лекин иш жараёнида ҳаромлардан тийилиши шарт. Ҳаром аралаштириб ибодат қилинмайди. Масалан, фарз бўлган ҳаж сафарига хотин киши маҳрамсиз бора олмайди.
Ишлашга мажбур бўлса...
Савол: Аёл киши қандай шартларда ишлаши мумкин?
Жавоб: Бир хотин ё қизнинг ота-онаси ва маҳрам қариндоши бўлмаса ёки бўлганда ҳам фақир бўлса ҳамда давлат ёхуд бошқалар ёрдам бермаса, бу аёл ўзининг, фарзандларининг, хасталик, кексалик сабабли ишлай олмайдиган ота-онасининг нафақаларини таъминлаш учун ишлашга мажбур бўлади. Эркаклар аралашмайдиган хотин ишида ишлайди. Агар эр кишилар аралашмайдиган ишжойи топилмаса, сиҳҳатини, динини, номусини, мусулмонлик шараф-ҳайсиятини ҳимоя қила оладиган миқдорда фарз бўлган нафақасини топиш учун бегона эркаклар бўлган ишларда ҳам уст-бошининг ёпиқлигига эътибор берган ҳолда ишлаши жоиз бўлади. Бу нафақасини топишига тўсқинлик қилиш уни таҳдид (қўрқитиш) ва икроҳ қилиш бўлади. Шу эҳтиёжидан ортиқ у ерда туриши жоиз бўлмайди. Ишда бошини-қўлини очишга мажбурланса, “очмасанг, ечмасанг бу ерда ишламайсан” дейилса, тўғри кийинган ҳолда ишлайдиган бошқа жой топилмаса билаклари очиқ ҳолда ишлаши имоми Абу Юсуфнинг қавлига кўра, жоиз. Аёлларнинг қулоқлари ёнидан тушиб турган сочларини ёпиши фарз эмас, деган олимлар ҳам бўлган. Шу боис хараж, машаққатли вазиятларда мана шу заиф қавл (ҳукм) билан ҳам амал қилиш жоиз бўлади. Бошдаги сочларни бегона кўздан беркитиш фарз эканлиги иттифоқ билан билдирилган бўлса ҳам, қулоқ чеккаларидан тушиб турган сочларни фақат мажбурланганда очиш жоиз бўлади. Шундай жабрланиб, таранг аҳволда қолган хотин-қизлар ҳамма вақт эркаклар бўлмаган ёхуд ҳижобли ишлашга рухсат берадиган иш излашлари керак. Топилса шу жойларда ишлаши лозим бўлади. Сочларини, билакларини кўчада бориб-келаётганда ёпиши лозим. Мусулмон бир одамга турмушга чиққач, энди унинг нафақасини эри таъминлашга мажбур бўлади. Хотин кишининг бой бўлмагани учун ота-онасига, фарзандларига нафақа бериб туриши керак бўлмаса ҳам, эрининг рухсати билан ишлаб, уларга қарашиб туриши лозим. (Саодати абадия)
Нафақа таъмини ...
Савол: Эрим кераксиз харажатлар қилади. Масалан, деярли кунора мажбурият бўлмаса ҳам кўчада овқатланиб келади, телефонларини тез-тез алмаштиради, телефонда узоқ гаплашади, хўжа кўрсинга қиммат ва ялт-юлт нарсаларга пул сарфлайди. Булар учун гоҳида қарзга ботади, кейин топган пули қарз тўлашга кетади. Нафақамизни топиш мақсадида мен ҳам уй тозалашдек бир-икки ишларга чиқиб тураман. Баъзан ҳаром ишлашга мажбур бўламан. Шундай шароитда гоҳида ҳаром ишлашга мажбур бўлиб туришим узрли ҳолга кирадими?
Жавоб: Узрли эмас. Эр кишининг ташқарида овқатланиши, телефонларини тез-тез янгилаши, қиммат нарсалар харид қилиш гуноҳ бўлмаса ҳам, аввало уйининг нафақасини таъминлаши фарз! Ҳар бир эр кишининг нафақасини таъминлайдиган ва қарзларини тўлайдиган миқдорда ишлаб пул топиши фарздир. Шу вазифасини бажармай оиласини қийин аҳволда қолдирган эркак гуноҳкор бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ҳеч кимга муҳтож бўлмаслик ва ота-она, бола-чақасини муҳтож қилмаслик учун ишга борган одамнинг ҳар қадами ибодатдир.” (Табароний)
“Ишламай, ўзини садақа сўрайдиган аҳволга туширган одам яна 70 нарсага муҳтож бўлади.” (Термизий)
Эркак иши
Савол: “Ислом ахлоқи” китобида заруратсиз эркаклардек кийинган, сочларини улардек қирқтирган ва эркакларга махсус ишларда ишлаган хотин-қизларнинг, аёллардек соч ўстириб, бўяниб, ясан-тусан қилган эркакларнинг лаънатлангани ёзилган. Айтинг-чи, эркакларга махсус ишлар қайсилар?
Жавоб: "Эркак ишлари" замонга қараб ўзгариб турса ҳам, одатда кураш, ҳаммоллик (юк ташимачилик, қора ишчилик), полиция (қўриқчи, қаровул) ҳайдовчи, қурилиш, кон ишлари кабилар шунга киради. Аёл эрининг рухсати билан эркакларга махсус бўлмаган ишларда, гуноҳ қилмасдан ишлаши мумкин.