Савол: Мусулмон йигит билан қизнинг тўйдан олдинги кўришишлари қандай бўлиши керак? Нималарни гаплашиб, нималарни сўраб, келишиб олишлари керак? Ёнларида бошқа одамнинг бўлиши керакми?
Жавоб: Тўйдан аввал ёшларнинг бир-бирларини камида бир марта кўришлари динимизда суннат бўлиб ҳисобланади. Чимилдиқда кўришиш кейинчалик анча пушаймонликларга сабаб бўлади.
Йигит билан қизнинг мана шундай суннатни адо этиш учун учрашганларида, савдолашаётгандек савол-жавоб қилишлари тўғри эмас. Яъни суннат бўлган кўришиш, бундай ишларнинг жойи ҳам ва вақти ҳам эмас. Бир-бирига мос келиш-келмаслиги аввал оилалар орасида сўраб-суриштирилади. Барча жиҳатдан турмуш қуришлари лозим топилса, йигит билан қиз шундан кейин кўришиши керак. Намоз ўқийдими, топиши етарлими, қайси ўқишни битирган, феъл-атвори қандай, касб-ҳунари борми, тўйдан кейин ота-онаси билан яшайдими деган масалалар оилалар орасида гаплашилиб, ҳал қилинади, қиз-йигит орасида эмас. Яъни оилалар, қариндош-уруғлар суриштириб, турмуш қуришларига моне бўладиган нарса йўқлиги аниқлангач, ёшларнинг бир-бирини кўришлари таъминланади. Бу учрашувлар қисқа бўлиши ҳам мумкин.
Кўришиш хилватга моне бўладиган шаклда ўтиши керак. Масалан, ёшлар уйда учраштириладиган бўлса, улар ўтирган хонанинг эшиги қия очиқ бўлиши ёки қизнинг маҳрам эркак қариндоши бирга бўлиши ёхуд йигитнинг маҳрам аёл қариндоши бирга бўлиши керак. Масалан, онаси, опаси, аммаси, холаси, бувиси бўлиши мумкин. Қиз ёки йигитнинг отаси ҳам ичкарида бўлиши мумкин. Ташқарида учрашиладиган бўлса, уларни танийдиган бирон киши кўриб тура оладиган жойда бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Йигит билан қиз бир-бирига мос бўлса, яъни бир-бирини ёқтиришса, бунга катталарнинг тавсия, тажрибалари ҳам уйғун бўлса, энди ижикилаб суриштиравериш тўғри бўлмайди.
Қадимда бир мамлакатда фарзандларини уйлантирадиган ота-оаналар бир улуғ зотдан маслаҳат сўраб, у маъқуллаганидан кейин уйлантирар экан. Вақт ўтиши билан "сўрамади дейишмасин" дея, хўжакўрсинга сўрайдиган бўлишибди. Маъқул деган жавоб олишларига қарамай “Қиз хоҳламади, йигитга ёқмади” деган баҳоналар билан ҳалиги зотнинг сўзига амал қилишмай қўйибди. Кейин яна ўша зотдан "бошқа кимни тавсия қиласиз" деб сўраб борганларида "Бизнинг топганимизни ёқтиришмаган бўлса, унда мол бозордан изласинлар" деб чиқариб юборармиш.
Шундай экан, биров билан маслаҳатлашганда унинг сўзига қулоқ соладиган бўлсакгина, маслаҳат сўраш керак. Жўрттага, хўжакўрсинга маслаҳат сўрамаслик керак.
Савол: Оилалар бир-бирини сўраб-суриштириб, қарор беришдан аввал суннат бўлган кўришишда ҳар икки тараф нималарни гаплашади?
Жавоб: Фақатгина ташқи кўринишига, гапиришига, кар, кўр, соқов, чўлоқлик каби жисмоний камчилиги йўқлигига эътибор берилади. У ерда “менинг хоҳишларим ёки талабларим мана булар...” деган гаплар айтилмайди. Бу гаплар олдинроқ яқинлари тарафидан келишиб олинади. Тўйдан олдин барча ишлар икки оила (бўлажак қудалар) томонидан қарорлаштирилгандан кейин, йигит ва қизнинг учрашувида фақатгина ташқи кўринишга қаралади.