Савол: Уйланадиган йигит-қизларнинг яхши ниятда бир-бирини яхшироқ танишлари учун бирга флирт қилиб юришлари, никоҳсиз бирга яшашлари нима учун мумкин эмас?
Жавоб: Уйланадиган ёшларнинг флирт деб аталадиган муносабатга асло эҳтиёжлари йўқ. Ҳатто флиртнинг бир нечта зарари ҳам бор.
Флиртда тузоқ бор. Бундай муносабатда кўп бора қиз йигит тарафидан алдаб ташлаб кетилади.
Флирт ёшларда ғофилларча бошдан кечирилган аччиқ тажрибаларга сабаб бўлади. Бу тажрибаларнинг кўпи аянчли якун топади. Тажриба ва малака ошириш учун одам чўнтагига порох солиб, ўзини хавф-хатарга дучор қилмайди. Олов билан порохни бир жойда сақлаб бўлмайди. Илон қандай қилиб чақаркан, деб, илон билан ўйнаб кўрилмайди.
Флирт ақл, мантиқ ҳисларини ағдар-тўнтар қилади. Флиртга ўрганган одам жуфтини тез-тез алмаштиришга ҳам ўрганади. Чунки йигит-қиз севишганлар бўлиб юриш, яъни флирт қилишда жавобгарчилик бўлмайди. Ҳамма нарса бир татиб кўриш учундек туюлади. Шу боис бундай юриш-туришлар натижасида ўзига эга бўлмаган йигит хоин, алдоқчи, алданган қиз эса, шармандаи шармисор бўлади. Флиртда кўпинча иффат қўлдан бой берилади. Номусли мусулмон қиз учун бундан ортиқ фалокат бўлмайди.
Флирт кўплаб ёшларни дайди, пулини ўйламасдан бекорчи нарсаларга сарфловчи, пала-партиш ва паришонхотир қилиб қўяди. Ёшлар қалбида ўзини кифоятсиз, лаёқатсиз, хунук, бечора, камбағал деб ҳис қилишлар, ҳасад, нафрат, пессимизм, адоват, исёнкорлик ва турли руҳий депрессиялар пайдо қилади.
Севишган бўлиб флирт қилиб юриш орзуси кишини хилватда танҳо қолишга ундайди. Натижада кўплаб ёшларнинг боши балога қолади. Севгили билан юриш баҳона танҳода бир-икки қучоқлаш ёки ўпишиш йигитнинг қизга бўлган эътимодини йўқотади. Ундай йигитлар аввал қизни мажбурлаб, ҳожатини қондиради. Ниятига етгач, дарров қизни беҳаёликда айблашни бошлайди. Уни енгилтак экансан, жуда осон берилдинг деб ҳақорат қилишга кўчади. Одатда бу ҳиссий ва шаҳвоний муносабатлардан кейин доим орада совуқлик пайдо бўлади.
Одатда йигитлар бир ҳидлаган гулга дарров тўяди, кейин бошқа ранг, бошқа гул қидиришга тушади. Бу қиз энди уни қизиқтирмайди, чунки қизда уни тортадиган жозиба, сир-синоат қолмади. У энди бошқа жозибалар, ўзга яширин гўзалликлар ортидан чопади. Шунинг учун флирт (юриш) борасида қиз ёки аёл жуда эҳтиёт бўлиши керак.
Бошига бундай машмашалар тушмаган ёшларга бу гаплар маъносиз туюлиши мумкин. Чунки бировга кўнгил қўйган ёш унга қилинган насиҳатларни доимо тентакона гап деб қабул қилади. Шунинг учун Пайғамбаримиз “Ишқ инсонни кар ва кўр қилади” деб марҳамат қилганлар.
Карга насиҳат кор қилмайди, чунки эшитмайди. Кўрга қайси рангни кўрсатманг барибир фарқига бормайди. Севиб қолган одамнинг ҳам кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Севиб қолган одам бамисоли бангидек бўлиб қолади. Ҳар қанча номуносиб ва нотўғри бўлишига қарамай, кўнгил қўйгани билан турмуш қуришни истайди.
Бироз муддат флирт қилиб юриб кейин уйланган ёшларнинг кўпи охирида пушаймон бўлишган. Бу масалада солиҳ ота-онанинг тавсияларига мутлақо амал қилиш керак. Ота-она ўғил-қизи билан никоҳланадиган ёшларга фарзандларининг кўзи билан қарамайди. Аччиқ тажрибаларидан келиб чиққан хулосаси билан қарайди.
Бутун бу зарарлардан ташқари энг муҳим бўлгани динимиз никоҳсиз бирга юришни ҳаром қилган. Ҳаром қилинган нарсадан эса фойда чиқмайди. Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло ҳаромда шифо таъсирини яратмади” деб марҳамат қилинган. (Бухорий, Ҳаким)
Турмуш қуришга бел боғлашган бўлса ҳам, ҳали никоҳлари ўқилмаган йигит билан қиз динан бир-бирига бегона, номаҳрам ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:
“Эркакнинг аёлга, аёлнинг ҳам эркакка [шаҳват билан] қараши ҳаромдир.”(Табароний)
“Ҳаромга қараш шайтоннинг заҳарли ўқидир. Аллоҳу таолодан қўрқиб, бегона аёлга яқинлашмаган кишига завқли иймон насиб қилади.” (Рамуз)
“Одамнинг бошига темир тиғ ботирилиши никоҳига олиши мумкин бўлган бир аёлга тегинишидан енгилроқдир.” (Табароний, Байҳақий)
“Бегона аёл билан қучоқлашган киши шайтон билан бирга занжирланиб, оловга ташланади.” (Ширъа)
“Аёллар билан бир жойда ёлғиз қолишдан сақланинг. Аллоҳга қасам ичаманки, бир киши бир аёл билан ёлғиз қолганда ораларига шайтон киради. Бир одамнинг балчиққа булғанган чўчқага ёпишиб туриши унга ҳалол бўлмаган аёлга тегинишидан енгилроқдир.” (Табароний)
“Эй ёшлар, номусингизни муҳофаза қилинг. Зино қилманг! Шуни яхши билингки, номусини сақлаган одамга жаннат берилади.” (Ҳаким)
“Ёмонликдан сақланиш учун никоҳли яшанг ва иффатли бўлинг!” (Ибни Асокир)
“Эй аёллар, фақат маҳрам бўлган эркаклар билан гаплашинг. Номаҳрамлар билан гаплашманг!” (Ибни Саид)
“Бегона аёлга шаҳват билан қараш кўз зиносидир. Унга тегиниш қўл зиноси, унинг олдига бориш эса оёқ зиносидир.” (Р. Носиҳин)
Савол: “Facebook” ва шунга ўхшаш ижтимоий сайтларда китоб тақдимоти ёки бошқа мақсадларда тузилган гуруҳлар бор. Бу гуруҳларда ўзга жинс вакиллари билан танишиб, гаплашишади. Ҳатто интернетда овоз ва видеотасвир орқали кўришиб, гаплашадилар. Бундай мулоқотлар уйланиш ёки динга хизмат мақсадида бўлса, мумкинми?
Жавоб: Дуруст эмас. Гуноҳ қилиш орқали динга хизмат қилинмайди. Уйланиш учун бўлса ҳам бу флиртнинг бир тури ҳисобланади. Флирт орқали ўзига жуфти ҳалол излаш тўғри эмас. Танишган одамимиз яхши одам бўлса ҳам, у билан танишишда бу йўлни танламагн маъқул. Айниқса ёш қизларнинг бундай сайтларга аъзо бўлиши яхши эмас. Ёмон ниятли ёки тубан кимсаларнинг тузоғига тушишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳеч қандай ёмон ишга сабаб бўлмаса ҳам бегона билан кўришишнинг ўзи ёмон.