Назр ва қасам каффорати

Савол: Назр қилган нарсасини бажо келтирмай ўрнига қасам каффорати берса бўладими? Бутун зиёратгоҳларнинг ёнида Диний идора томонидан осилган бир лавҳа туради. Унда "мақбарага назр қилинмайди" дейилган. Шу тўғрими? Байҳақий ривоят қилган “Назрда нималигини аниқ айтмаган, гуноҳ бўлган ёки кучи етмайдиган нарсани назр қилган кишининг каффорати қасам каффоратидир” маолидаги ҳадисини изоҳлаб берасизми?

Жавоб: Ҳадиси шарифда шу уч хусус билдирилган:

1. "Назр қилдим"- деса-ю, лекин нималигини айтмаса ва ният қилмаса қасам каффорати беради.

2. “Соғайиб кетсам, бир шиша шароб ичаман” деб ўзича аҳд ё назр қилган одам шароб ичмайди, лекин нотўғри назри учун қасам каффорати беради.

3. “Ҳар бир сигарет чекканимда минг доллар садақа бераман” деган киши, ундай маблағга қодир бўлмаса, ўрнига қасам каффоратини беради.

Бу борадаги масалалар қуйидагилар:

Бир киши “Валлоҳи, Аллоҳ розилиги учун рўза тутаман” деб, бунинг ҳам назр, ҳам қасам бўлишини ният қилса, ушбу аҳди ҳам қасам, ҳам назр бўлади. Энди бу рўзани бузадиган бўлса, биринчидан қазосини тутиб бериши, иккинчидан қасам каффорати бериши лозим бўлади.

Наз қилаётганда бўлишини хоҳламаган нарсани шарт қилса, лекин шу хоҳламаган нарсаси содир бўлса рўза, садақа, нофила намоз каби назрларини истаса бажаради, истамаса бажо келтирмай ўрнига қасам каффорати беради. Масалан, "Али билан гаплашсам, Аллоҳ учун юз сўм садақа назр қилдим" деса ва ортидан Али билан гаплашиб қўйса, хоҳласа ваъда қилган садақани беради, хоҳламаса назри (аҳди) ўрнига қасам каффоратини беради. Ёхуд “Фалончанинг кармонини ўғирласам, бир ой рўза тутишни назр қилдим” деса кармонни ўғирламасдан рўза тутади ёки қасам каффорати беради. (Таҳтавий)

“Шу касалдан шифо топсам, Аллоҳ учун фалон миқдор садақа бераман ва савобини Аҳмад Яссавий ҳазратларига ҳадя қилишни назр қилдим” деса шифо топишидан аввал назрини бажариши жоиз эмас. Хасталикдан қутутлиб, шифо топганидан кейин бажариши керак. (Таҳтавий)

“Ё Рабби, фалон хаста яқинимга шифо берсанг, фалон мақбаранинг атрофидаги фақирларга шу миқдор пулни розилинг учун тарқатишни назр қилдим. Садақа савобини эса фалон авлиёнинг руҳига бахшида қилдим” деб назр қилиш жоиз.

Диний Идоранинг лавҳасидаги ёзувлар мужмал. Ўзларидан нима демоқчи бўлдингиз деб сўраладиган бўлса Биз "эй авлиё, хастамга шифо берсангиз, сиз учун бир назр моли сўяман", дейиш тўғри эмаслигини айтяпмиз” дейишади.

Шартга боғлаган ҳолда авлиёга назр қилишнинг туб мақсади қуйидагича:

Инсон ўзини гуноҳи кўп, дуо қилишга юзи йўқ деб билиб, муборак бир зотни васила қилиб, Аллоҳу таолога ёлворади. Масалан бир мўмин “Хастам шифо топса ёки фалон ишим ҳал бўлса, Аллоҳ учун савобини Саййидат Нафиса ҳазратларига бахшида қилиш мақсадида уч Ёсин ўқишни ёки бир қўй сўйишни назр қилдим” деганида ушбу тилакнинг қабул бўлиб, рўёбга чиқиши кўп бор тажриба қилинган. Бу ерда Аллоҳу таоло учун Қуръони карим ўқилиб ёки қўй сўйиб, савоби Саййидат Нафиса ҳазратларига ҳадя қилиниши орқали у зотнинг шафоати туфайли Аллоҳу таоло хастага шифо бермоқда, бало-қазони кетказмоқда. Шу сингари назрларда қўйни қабр бошига олиб бориб сўйиш ҳаромдир. Назр қилинмаган ҳолларда ҳам ҳеч қандай қабр бошида мол сўймаслик лозим. Бутпарастларнинг бут-санам ёнида жонлик сўйишларига ўхшаб қолмаслик керак. Ибни Обидин ҳазратларининг нофила намозларни назр қилиб ўқиш мавзусида келтирган ҳадиси шарифи бўйича, бирон тилак учун назр қилинган ибодат ўша тилакни бевосита рўёбга чиқармайди. Бу ибодат ҳалиги тилакнинг қабул бўлиши, рўёбга чиқиши учун ҳам бажарилмайди. Аллоҳу таоло ушбу ибодат туфайли ёки севган қулига қилинган яхшилик туфайли марҳамат қилиб, ҳалиги тилакни қабул ва эҳсон қилади. (Саодати абадия)

Савол: Хасталикдан соғайиб кетсам, умр бўйи ражаб ойида рўза тутишни назр қилдим. Рўза тутиш ўрнига каффорат берсам бўладими?

Жавоб: Ҳа, қасам каффорати беришингиз жоиз. (Радд-ул мухтор)

Савол: “Ҳар сигарет чекканда 10 сўм садақа бераман” деб назр қилдим. Бу жоизми?

Жавоб: Ҳа. Агар имконсиз нарса назр қилинса бу қасам бўлиб, қасами ўрнига каффорат берилади.

Савол: “Фалон ишим ҳал бўлса, ҳар ой бир хўроз сўяман” деб назр қилдим. Энди умрим бўйи ҳар ой хўроз сўйишим керакми?

Жавоб: “Ҳар ой” деганда неча ой эканлиги аниқ маълум бўлмагани учун бу гап назр бўлмайди, ўрнига қасам каффорати берилади.