Назр билан назр қурбони бошқа

Савол: "Назр" билан "назр қурбони" орасидаги фарқлар, диққат қаратилиши керак бўлган хусуслар қайси?

Жавоб: Моддалар ҳолида билдирамиз:

1. Назр билан назр қурбони бошқа-бошқадир. “Хаста яқиним соғайиб кетса, Аллоҳ розилиги учун бир хўроз сўйиб, гўштини фақирга садақа қиламан” деган киши хўрозни сўйиб, гўштини бир фақирга беради. Фақирга садақа қиламан демаса ҳам назрлар фақирларга берилгани учун саҳиҳ бўлади. “Хўроз сўйишни назр қилдим” деса ҳам назр саҳиҳ бўлади. Қурбонлик моллар туя, сигир ва қўй-эчкилардир. Бу моллардан бошқаси қурбонликка назр қилинмайди. Шунинг учун хўроздан қурбонлик назр қилиш жоиз эмас.

2. Фақир бўлсин, бой бўлсин назр қилган киши назр қилган молнинг гўштидан ея олмайди ва закот олиши жоиз бўлмаган кишиларга едира олмайди. Ота-онасига, фарзандларига, эр-хотин бир-бирига фақир бўлса ҳам едира олмайдилар. Еса ёки уларга едирилса, ейилган гўштнинг қийматини фақирларга садақа беради.

3. Назр қурбонини байрамдан олдин сўйган киши кейин қурбон дегани учун қурбон байрамида сўйиши кераклигини билса, қурбон байрамида такрор сўйиши лозим бўлгани учун биринчи сўйган молнинг гўштидан назр бўлмагани учун ея олади. Назр молнинг гўшти бир фақирга берилганидан кейин фақир бу гўштни бойларга ва назр соҳибига бера олади. Чунки энди гўшт унинг мулкига айланади. Истаганига бера олади.

4. “Фалон ишим ҳал бўлса, бир мол сўяман” деб назр қилиб, сўнгра назр қилган молнинг жинсини эслай олмаган киши қўй сўяди. Назрда одатга қаралади. Назр моли дейилганда одатда қўй назарда тутилади. Қачон сўйишини эслай олмаган киши ҳам ҳар эҳтимолга қарши қурбон байрамида сўяди.

5. Қурбонми, назрми нима деганини унутган киши молни қурбон байрамида сўяди. Халқ орасида одат бўлгани қурбонликдир. Назр деб айтган бўлса ҳам назрини қурбон байрамида сўйишнинг ҳеч қандай зарари йўқ.

6. Қўчқор назр қилган киши албатта қўчқор сўйиши шарт эмас. Қўй, эчки, сигир ҳам сўйиши мумкин. Лекин сигир назр қилган киши битта қўчқор сўя олмайди. Етти қўчқор сўйиши мумкин. Икки-уч киши бир қўчқор назр қилса, саҳиҳ бўлмайди. Қурбон бўлса ҳам, назр бўлса ҳам бир қўчқорни фақат бир киши сўя олади. Бир ёшга тўлган иккита ёш қўзи назр қилган киши буларнинг қийматига тенг бир катта қўчқор сўя олмайди. Икки мол сўйиши лозим. Қўй назр қилган одам бунинг ўрнига эчки сўя олади.

7. Қурбонлик назр қилган киши ҳайитнинг илк уч кунида сўйиши керак. Бундан кейинга қолса, қўлида бўлса, тириклигича садақа қилади. Назр қилинган қурбонлик қусурли бўлса, бой киши ҳам, фақир ҳам уни сўяди. Назр қилинган мол ўлиб қолса, бошқасини олишнинг кераги йўқ.

8. Шукр нияти билан “Хасталикдан қутулган отам учун бир қўй сўяман” дейиш, назр бўлади.

9. Бой киши “Хаста яқиним соғайиб кетса, бир қўй сўяман” деб назр қилса, хастаси соғайганида фақирлашиб, назрини сўя олмаса, моддий аҳволи яхшилангунча назрини кечиктириши жоиз.

10. Хўроздан қурбонлик бўлишини билмаган киши “Хўроз қурбонлик қиламан” деб назр қилса, назрини бажариши лозим. Хўроз қурбонлик бўлмаса ҳам гўшти ёки тириклигича ўзи бир фақирга берилади.