...

Назр савобини авлиёга бахшида қилиш

Савол: Яқин одами хасталикдан шифо топиши учун авлиёга назр қилиш жоизми, жоиз бўлса қандай қилинади?

Жавоб: Авлиёга назр қилиш, “Фалон ишим ҳал бўлса, Аллоҳ розилиги учун бир қўй сўйиб, савобини фалон авлиёга ҳадя қиламан, бағишлайман” дейиш жоиздир.

Ҳақиқий ислом олимлари айтганларки:

Ҳеч бир авлиё ғайбни билмайди. Аллоҳу таоло кашф ва илҳом йўли билан билдирса, фақат шуни айтишлари мумкин. “Авлиё ғайбни билади” деган одам кофир бўлади. Авлиё йўқ бўлган нарсани бор қила олмайди. Бор бўлган нарсани йўқ қила олмайди. Ҳеч кимга ризқ бера олмайди. Фарзанд бера олмайди, хасталикни йўқота олмайди. Шунинг учун ҳожатини бевосита авлиёдан кутиб, авлиёга назр қилиш жоиз эмас.

Лекин шартга боғлиқ ҳолда авлиёга назр қилиш, ўзининг гуноҳи кўп, дуо қилишга юзи йўқлигини билиб, муборак бир зотни васила қилиб, унинг ҳурматига Аллоҳу таолога ёлвориш шаклида бўлиши мумкин. Масалан “Хаста яқиним шифо топса ёки фалон ишим ҳал бўлса, савобини авлиёдан Саййидат Нафиса ҳазратларига бағишлаб, Аллоҳ учун уч Ёсин сурасини ўқиш ёки бир қўй сўйишни назр қилдим” деганда бу тилагининг қабул бўлгани кўп бор тажриба қилиб кўрилган. Бу ерда Аллоҳу таоло учун қўй сўйиб, савобини Саййидат Нафиса ҳазратларига ҳадя қилиш орқали унинг шафоати билан Аллоҳу таоло хастага шифо бериб, қазони, балони эҳсон қилиб кетказмоқда.

Ибни Обидин ҳазратлари “Бир тилак учун назр қилинган ибодат у тилакни ҳосил қилмайди. Бу ибодат тилак ҳосил бўлиши учун бажарилмайди. Аллоҳу таоло бу ибодат сабабли ёки севимли қулига қилинган бир яхшилик сабабли марҳамат қилиб, у тилакни қабул ва эҳсон қилмоқда” деб айтган.

Кўриниб турганидек, жонлиқ авлиё учун эмас, Аллоҳ розилиги учун сўйилмоқда. Савоби авлиёга бағишланмоқда. Аллоҳдан бошқаси учун қурбонлик қилинмайди.

Савол: Вафот этган бир авлиёга атаб қурбонлик сўйганда қандай ният қилинади?

Жавоб: Аллоҳ розилиги учун қурбонлик сўйишга деб ният қилинади ва савоби ўша авлиёнинг руҳига ҳадя қилинади.