Ақиқа дегани нима?

Савол: Ақиқа моли нима? 

Жавоб: Ақиқа фарзанд неъмати эвазига Аллоҳу таолога шукр қилиш учун мол сўйишдир. Ақиқага сўйиладиган мол қурбонликка сўйиладиган мол каби бўлиши керак. 

Ақиқа молини кейин сўйса ҳам бўлади. Ҳамма вақт сўйиш мумкин. Қурбон байрамида ҳам сўйса бўлади. Расулуллоҳнинг нубувватдан кейин ўзлари учун ақиқа сўйганликлари “Ширъа”да ёзилган. "Ақиқа қурбони" ақиқанинг номи бўлгани учун "ақиқа қурбонлиги" дейилса ҳам қурбон байрамида сўйилиши лозим эмас. Агар киши “Ақиқа қурбонимни қурбон қиламан” деса, қурбон байрамида сўяди.

Ақиқа фарзандларни балолардан, хасталиклардан ҳимоя қилади. Қиёматда отага, онага алоҳида шафоат қилади. Ўғил фарзанд учун икки, қиз фарзанд учун бир ақиқа моли сўйилади. Сўйилган ақиқадан ўзи ва бой-фақир истаган киши ейиши мумкин. Гўштини пишган ёки хомлигича бой-фақир истаган кишига берилиши мумкин. 

Ақиқани сўймасдан бунинг бадалини бир фақирга садақа қилиш ақиқа ўрнига ўтмайди. Ақиқа бадали қийматида дин китобини тарқатиш ақиқа ўрнига ўтмайди. 

Шафоат қилсин деб ўлган фарзанд, невара учун, ҳатто қари одам ўзи учун ҳам сўйиши мумкин. Пайғамбаримиз ҳам ўзлари учун ақиқа сўйганлар. Шу сабабли қайси мазҳабдан бўлса ҳам ҳар бир одамнинг ақиқа сўйиши жуда яхши бўлади.

Назр, ақиқа ва ўтганлар учун сўйиладиган қурбонликни ҳам диний илм китобларини тарқатадиган бир фондда сўйдирса бўлади. Шу тариқа илм тарқатишга ҳиссамиз қўшилгани учун фарз савобини оламиз. Илм таҳсили бериладиган жойларга закот, фитр, назр, ақиқа ёки садақа шаклида қилинган ёрдам одамни бало-қазолардан сақлайди. Дунёда сиҳат ва саломат умр кечиришга сабаб бўлади. Бундан ташқари фарз бўлган илмни ёйиш савобига ҳам қовушади.

Савол: Ўлган фарзанди учун ҳам ақиқа сўйиладими?

Жавоб: Сўйса яхши бўлади. Шафоат қилишига сабаб бўлади.

Савол: Фарзандларини бало-қазолардан ҳимоялаш мақсадида ўғил фарзанд учун икки ақиқа моли сўйиш лозим. Моддий аҳволи яхши бўлмаган киши бир дона сўйса бўладими?

Жавоб: Фақир бўлган киши бир дона ҳам сўйиши мумкин. Ёки иккинчисини кейин сўйса бўлади. Яъни иккисини бир вақтда сўйиши шарт эмас.