Қурбонликни кимлар сўйиши керак

Савол: Моддий аҳволи яхши бўлган бир оила нечта қурбонлик мол сўйиши лозим? 

Жавоб: Оила аъзоларидан ҳар бирининг қурбон ва закот нисоби бўлак бўлади. Оилада динан бой одам нечта бўлса, шунча қурбонлик сўйишади.

Савол: Даромади яхши бўлган аёл кишининг қурбонлик сўйиши керакми? Ёки эри сўядиган бўлса кифоями?

Жавоб: Нисоб миқдорига етган кишининг қурбонлик сўйиши лозим. Эр-хотин бой бўлса, иккаласи ҳам сўйиши керак. Иккаласи ҳам фақир бўлса, у ҳолда иккаласи ҳам сўймайди. Яъни бой бўлгани сўяди, фақир бўлгани сўймайди. Лекин фақир киши сўйса ҳам зарари йўқ, савоб бўлади.

Савол: Ишлайдиган аёл ва эркакнинг қурбонлик сўйиши мажбурийми?

Жавоб: Қурбон нисобига молик бўлган киши қурбонлик сўяди. Бунинг ишлаш билан алоқаси йўқ. Фақир бир қоровул аёлининг 100 грамлик олтин билагузуги бўлса, қарзи ҳам бўлмаса, бу аёлнинг қурбонлик сўйиши вожиб бўлади. Аксинча автомобили, уйи бўлган кишининг пули нисоб миқдорига етмаса, қурбонлик сўймайди.

Савол: Оиласи бой бўлган талабанинг ҳам қурбонлик сўйиши лозимми?

Жавоб: Йўқ, ким бой бўлса, ўша одам сўяди. Ота-онанинг бойлиги фарзандига тегишли эмас.

Савол: Бир уйда эр-хотин, ўғли ва қизи бор. 4 дона қурбонлик сўйишмоқчи. Бу тўрт кишининг номига оила эркаги қандай ваколат бериши керак?

Жавоб: Барчаси бой бўладиган бўлса, у ҳолда барчаси қурбонлик сўйиши керак. барчаси фақир бўлса, ҳеч бирининг сўйиши керак эмас. Қайси бири бой бўлса, қурбонликни шу сўйиши лозим. Фақирлар сўйса ҳам зарари йўқ. Буларнинг барчаси оила аъзоларидан бирига ваколат бера олади. У ҳам ўз навбатида бошқасига ваколат бериши мумкин. 

Савол: Отам бир неча йиллардан бери унга вожиб бўлмаса ҳам “Фарзандларим ишлаяпти” деб ўзига қурбонлик сўйиб келади. “Оналарингиз учун ҳеч сўймадим. Бу йили у учун сўйсак” демоқда. Онамга ҳам қурбонлик сўйиш вожиб эмас. Қурбонлик сўйишимиз тўғрими? 

Жавоб: Отангизга вожиб бўлмаса, онангиз учун нофила сифатида сўйиши мумкин. Зарари йўқ, яхши бўлади.

Савол: Маоши кам бўлган эр-хотиннинг қурбонлик сўйиши керакми?

Жавоб: Маошининг кам ёки кўп бўлишининг аҳамияти йўқ. Киши нисобдан кўп маош олса, лекин буни сарфлаб қўлида пули қолмаса, закот ҳам бермайди, қурбонлик ҳам сўймайди. Нисобдан кам маош олган бир кишининг қўлида 96 грамм қийматида пул ёки билагузуги бўлса, қарзи бўлмаса, бой бўлгани учун ҳам закот беради, ҳам қурбонлик сўяди. 

Иккинчи хусус, аёл ва эркакнинг мол-мулки динан бўлак ҳисобланади. Ҳар бирининг даромади ўзиникидир. Айтайлик, аёлнинг 100 грамм олтини бўлса ва қарзи бўлмаса, динан бой ҳисобланади. Закот бериши ва қурбонлик сўйиши керак. 

Байрам куни мавжуд қарзлар қўлидаги пулдан олиб ташланади, қолган пул нисоб миқдорига етса, демак бой ҳисобланади ва қурбонлик сўйиши вожиб бўлади.