Қурбон сўйиш учун ваколат қандай берилади?

Савол: Қурбон сўйиш учун ваколат қандай берилади?

Жавоб: Моддалар ҳолида билдирамиз:

1. Қурбонни бошқа одамга сўйдираётганда қалбдан ният қилиб “Аллоҳ розилиги учун ҳайит қурбонини сўйишга сени вакил қилдим” дейиш кифоя. Қурбон молини бошқаси сотиб олиб, яна бошқаси сўядиган бўлса, “Ҳайит қурбонлигини олишга, олдиришга, сўйишга ва сўйдиришга сени умумий вакил қилдим” дейди. Ёхуд қисқача “Қурбонлик ишимни ҳал қилиш учун сени умумий вакил қилдим” дейиш ҳам кифоя бўлади.

2. Бир кишига қурбон сўйиш вожиб бўлмаса ҳам вакили вожиб деб сўйса, қурбон нофила сифатида саҳиҳ бўлади. Назр, ақиқа ёки нофила қурбонлик янглишиб, вожиб деб сўйиладиган бўлса, зарари йўқ.

3. Қурбон сўйишга вакил бўлган киши соҳибидан алоҳида изн олмагунича ёки умумий вакил этиб тайинламагунича бошқасини ўзига вакил қила олмайди. Умумий вакил эса бошқасини, у ҳам ўз навбатида яна бошқасини вакил қила олади.

4. Вакиллик орқали қурбон сўйган одамга баъзилар кўпроқ, баъзилар камроқ пул бериши мумкин. Вакил ваколатини олган кишилар номидан қурбонлик сўяди ёки бошқасига ҳам сўйдириши мумкин. Кейинчалик вакил ундан пул олади ёки олмайди, ўзи бериши мумкин. Икки қурбонликка етадиган пул берган киши учун эса икки қурбонлик олади ёки унга икки ҳисса беради. Ёхуд семиз бир мол олади. Чунки умумий вакил қандай иш тутса ҳам худди аслдек тўла ҳуқуққа эга.

5. Бирдан ортиқ кишига ваколат бериш саҳиҳ. Бир ишга вакил бўлган икки кишидан бири, ёлғиз ўзи тўла ҳуқуққа эга бўла олмайди. Лекин омонатни беришда, қарзни тўлашда, қурбонлик сўйишда ёлғиз ўзи тўла ҳуқуқли бўла олади. Чунки бу ишларда вакиллардан бири наригисининг фикрини сўраши керак эмас. Бир киши қурбонлигини сўйиш учун тўрт кишини ўзига вакил қилса, бу вакиллардан бири сўйганида наригиларининг фикрини сўрашга ҳожат йўқ. Қурбон динимизга мос сўйилган бўлади.

6. Бир одам танишига “Қурбонлик ишимни ҳал қил” деса, унга пул бермаса ҳам ваколатини берган бўлади. У таниши ўз пулига бир мол олиб сўйиши мумкин.

7. Бир одам ўз молини бошқасининг номидан сўйиши жоиз бўлиши учун бу киши ўз молини унга ёки у тайинлаган вакилга ҳадя қилиши, уларнинг қабул қилиши, сўнгра уни вакил қилиб қайтариб беришлари лозим.

8. Ўзганинг молини ундан хабарсиз, у учун қурбонлик қилиш жоиз.

9. Ваколатини олмасдан хотини номидан қурбон сўйган киши кейин аёлига айтса, у ҳам рози бўлса, қурбонлик саҳиҳ бўлади.

10. Бошқасининг молини унинг рухсатисиз, ўзи учун қурбонликка сўйган киши кейин нархини тўласа, жоиз бўлади. Эгаси нархига кўнмай, сўйилган молни оладиган бўлса, унда эгаси учун қурбон сўйилган бўлади.

11. Зиммасида кўп кишининг ваколати бўлган одам қандайдир бир узр билан байрамнинг учинчи куни ҳам қурбонлик қилмаса, Шофеъий мазҳабини тақлид қилиб, тўртинчи куни ҳам сўйиши мумкин.

12. Қурбонликда қоннинг оқиши кифоя, гўштининг тарқтилиши шарт эмас. Қон оқиши билан вожиб бўлган қурбон адо этилган бўлади. Агар гўшти ҳам муносиб ерларга тарқатилса, савоби янада кўпроқ бўлади. Гўштнинг учдан бирини уйда қолдириш, учдан бирини қўшниларга, қолганини фақирларга бериш мустаҳабдир. Барчасини фақирларга тарқатиш ёки уйида олиб қолиш ҳам жоиз.

13. Териси намозхон фақирга берилади. Кимлиги номаълум шахсларга берилмайди. Ёки уйда ишлатилади. Ёхуд давомли ишлатиладиган бир нарсага айирбошланади. Истеъмол қилинадиган нарса ёки пул эвазига сотилмайди. Териси, гўшти сотиладиган бўлса, пули фақирга садақа қилиб берилади.

Савол: Қурбонлигини хайрия жамғармаларига ҳадя қилишни хоҳлаган одам қандай ваколат беради?

Жавоб: Қурбонлигини бир хайрия жамғармасига ҳадя қилишни хоҳлаган одам қурбонлик учун ажратган пулини бу иш билан шуғулланадиган одамга топшираётганида “Аллоҳ розилиги учун ҳайит қурбонимни олишга, олдиришга, сўйишга ва сўйдиришга ҳамда гўштини, терисини хоҳлаган жойга беришга сени умумий вакил тайинладим” дейиши лозим. Ваколат мактуб, факс, e-mail ёки телефон орқали ҳам берилади. Қурбонлик пулини аввалдан бериб қўйиш мумкин бўлганидек, сўйилгандан кейин ҳам юборилиши мумкин. Бир неча кишидан ваколат олган одам сотиб олган қурбон молига бир рақам илиб қўяди. Бу рақамни ва қурбонлик эгасининг исмини бир дафтарга ёзади. Сўйдираётганида эгаларининг исмини айтиб, қассобларни вакил қилади. Фақат мана шу тарзда сўйилган қурбонлар саҳиҳ бўлади.

Савол: Қурбонлик сотиб олиш учун учун умумий вакил бўлган киши бошқасига ҳам умумий ваколат бера оладими?

Жавоб: “Саодати абадия” китобида Ибни Обидиндан олиниб бундай дейилган:

Вакил, асл (эга)нинг рухсати билан бу ишга яна бошқа бирини вакил қила олади. Қурбон сотиб олишга вакил бўлган киши бошқасини, у ҳам бошқа бирини вакил қилиб мол сотиб олса, эгаси рухсат берса, жоиз бўлади. (Радд-ул мухтор)

Демак, умумий вакил тайинланганидан кейин бошқасига ваколат бериши мумкин. Умумий вакил бўлмаса, сўнгги вакилнинг ваколат берувчидан рухсат олиши лозим. Лекин умумий ваколат берилганидан кейин автоматик равишда энг сўнгги вакилга ҳам изн берилган бўлади. 

Савол:  Биз 7та одам бўлиб қорамол қурбон қилмоқчимиз. Сўйилган қурбонни бўлиб олишнинг қулай йўли борми?

Жавоб: Қулай йўли бор. Шериклар сизга ваколат бераётганда “Ҳайит қурбонини сўйишга, сўйдиришга ва гўштини, терисини хоҳлагандек ишлатишга сени вакил қилдим” дейишса, гўшт сизники бўлади. Буни ўзингиз истаганингиздек берасиз ёки бермаслигингиз ҳам мумкин. Гўшт сизнинг молингиз бўлади. Шерикларга умуман бермасдан ҳаммасини фақирларга тарқатишингиз ҳам мумкин. Етти шерикка кўзингиз билан чамалаб, беришингиз ҳам мумкин.

Савол: Бир танишим биттаси назр, биттаси ақиқа, яна бири байрам қурбонлигини сўйишим учун ваколат берди. Сотиб оладиган сигирга уларни ҳам шерик қилишим жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз.

Савол: Қурбонлик ваколатини берган киши уч марта “қабул этдим” дейиши керакми?

Жавоб: Йўқ, бир марта айтиши етарли. Бош ирғаши ёки эътироз билдирмаслиги ҳам қабул қилганлигини англатади.

Савол: 7 киши вожиб бўлган қурбонлигини олишга, олдиришга, сўйишга, сўйдиришга ва гўштини тарқатишга бировни умумий вакил қилсалар, бу 7 кишидан бирининг ваколати вожиб эмас, назр бўлса, сўйилган новвоснинг гўшти фақирлар билан бирга бой кишиларга ҳам тарқатилган бўлса, бунинг ҳукми қандай бўлади?

Жавоб: Назр бўлган улушини фақирларга бериши лозим. Бой кишиларга берган бўлса, берган миқдорини тўлаши лозим. Шу миқдорда гўшт сотиб олиб, фақирларга тарқатиши керак. Қурбонликка зарар тегмайди.

Савол: Бир киши ватани аслийсидан ташқарида, масалан Тошкентлик бўлган киши Термиздан бир танишига ваколат бериб, шу ерда қурбон сўйдира оладими?

Жавоб: Ҳа, сўйдира олади. Агар у муқим бўлса вожиб савобини олади, сафарий бўлса, нофила савобини олади.

Савол: Ўзим бошқа давлатда яшайман. Қурбон пулини ота-онамга юбордим. Улар қурбон учун мол сотиб олиб, фақир бир мусулмон оиласига беришибди. Табиий бу мол менинг номимдан сўйилади. Бу ишимиз жоизми?

Жавоб: Қурбонлик ваколат берган кишининг номидан сўйиладиган бўлса, гўшти кимга берилса ҳам саҳиҳ бўлади. Сўйилмасдан тирик мол бировга ҳадя қилинса, қурбон бўлмайди. Ҳадя бўлади. Сизнинг номингизга қурбон деб сўйилган бўлса, саҳиҳ бўлади.

Савол: Баъзи сабабларга кўра, ваколатни бераётганда ҳақиқий исмини айтмасдан, лақабини ёки сохта исм айтиши мумкинми?

Жавоб: Ҳа, мумкин. Чунки Аллоҳу таоло буни кимнинг берганини билади.

Савол: Қурбонликка ваколат берилаётганда “Менинг қурбонилгимни ол, сўй, тарқат. Бу ишни сенга топширдим” дейилган, "умумий ваколат"  деган сўз ишлатилмаган. Вакил тайинланган киши “Мен сенинг қурбонлик ишингни ҳал қиламан” деган. Эгаси “Истаганингдек бажар” деган. Бу ҳолатда умумий ваколат берилган бўладими?

Жавоб: Ҳа, умумий ваколат берилган бўлади.

Савол: Бир жамғармада қурбонлик учун ваколат қабул қиламиз. Баъзи одамлардан “Қурбонни олишга, сўйишга, сўйдиришга менга ваколат берасанми?” деб сўраганимизда фақатгина “Ҳа” деб қўя қолишади. Юқоридаги жумлани такрорлашмайди. Бундай ваколат саҳиҳ бўладими?

Жавоб: Ҳа, саҳиҳ бўлади.

Савол: Оилавий қурбонликларимизни қишлоқда сўйдирамиз. Баъзи одамлар бошимизни қотиришди. Йўлда автомобилда аварияга учрагандим. Баъзилар “Қаранг, қурбонлигингизни сўйилганини ҳам кўрмадингиз. Қурбонлик балоларни даф қилади. Сизнинг қурбонингиз балки қабул бўлмаган. Бу йил қурбонлигингизнинг қонини кўринг, ўз қўлингиз билан сотиб олиб, сўйдиринг” дейишди. Қурбонлик молини кўриш, сўйдираётганда бошида туриш шартми?

Жавоб: Ундай шарт йўқ. Қурбонининг қонини кўрмагунича қурбонлик қабул бўлмайди деган нарса йўқ. Вакил асл кабидир. Имкони бўлса, қурбон сўйилаётганида бошида бўлиш яхшироқ.

Савол: Бир киши қурбон ваколатини берди. Лекин пулини кам қилиб берди. “ярмини кейин бераман” деди, аммо бера олмади. Бошқа икки дўстим етмаган пулни берди. Буни олиб бориб бердик, бу ишимиз бўладими?

Жавоб: Ҳа. Қурбонга ваколат берган киши пул беришга мажбур эмас. Агар кучингиз етса, сўядиган пулингиз бўлса, у кишидан умуман пул олмасангиз ҳам унинг қурбони саҳиҳ бўлади.

Савол: Бой киши сафарда бўлиб, қурбонини вакилга сўйдирса, назр бўладими?

Жавоб: Йўқ. Нофила бўлади.

Савол: Мен бир танишимга “Менга қўй олиб кел. Лекин ҳайитдан олдин келтирма. Уни боқадиган жойим йўқ” дедим. У эса мен йўқлигимда уйга ташлаб кетибди. Кечаси қўй ўлиб қолди. Бу қўйни ким тўлайди?

Жавоб: Савдо шартлари амалга ошмаган. Сиз тўламайсиз.

Савол: Бой одам ҳайитнинг биринчи куни қурбонлигини сўйиш учун бировни вакил қилса, вакил сўймаса ва ҳайит ўтиб кетган бўлса, нима қилиш керак?

Жавоб: Бу молни садақа қилиш лозим. Ҳали сотиб олинмаган бўлса, бадали олтинда бир фақирга берилади. Бу билан қарздан қутулса ҳам, қурбон сўйиш савобига қовуша олмайди.

Савол: Қурбонлар ваколат йўли билан тўпланиб сўйиладиган жойларда қурбонликларни сотиб олаётганда қурбон соҳибларининг номига олиш керакми?

Жавоб: Шарт эмас. Бу ортиқча иш бўлади. Қурбонлик сотиб олаётганда масалан “Ҳайит куни сўйилиши вожиб бўлган қурбонни олишга” деб ният қилинади. Назр, ақиқа, нофила бўлса, шунга қараб ният қилинади. Кейин сўйганида такрор ният қилиш шарт эмас. Сотиб олаётганда умуман ният қилмаса ҳам бўлади. Лекин сўядиган кишини вакил қилаётганида ният қилиш лозим. Иккисидан бири етади.

Савол: Қурбон молни қассобга олиб бориб “Буни сўй” дейиш билан ваколат берилган бўладими?

Жавоб: Ҳа, бўлади. Шунингдек бир киши танишига “Қурбонлик ишимни ҳал қил!” деса, ваколат берган бўлади. Вакил бир қурбонлик мол олиб сўя олади. “Қурбонни олишга, олдиришга, сўйишга, сўйдиришга, гўштини истаганингдек тарқатишга сени умумий вакил қилдим” дейиш шарт эмас. Буни айтадиган бўлса, янада яхшироқ бўлади.