Қурбон сўйишда бойликнинг ўлчови

Савол: Қурбон сўйишда бойликнинг ўлчови қандай?

Жавоб: Динимизда бой бўлишни билдирадиган ўлчов бирлигига нисоб дейилади. Нисоб миқдори: 20 мисқол, яъни 96 гр олтин ёхуд шу қийматдаги пул ва тижорат молидир.

1. Фитр ва қурбон нисобига эга бўлган кишига бой дейилади. Унинг фитр бериши вожиб. Мукаллаф бўлса, яъни оқил-болиғ ва муқим бўлса, фақат ўзи учун қурбон сўйиши вожиб бўлади. Унинг закот олиши ҳаром ва фақир, муҳтож бўлган маҳрам аёл ҳамда эркак қариндошига ёрдамлашиши вожиб бўлади.

2. Мерос ва маҳр моллари нисоб ҳисобига қўшилади. Нисоб миқдоридаги молни қабул қилиб олганидан кейин устидан бир йил ўтгач, фақат ўша йилнинг закоти берилади.

3. Эҳтиёжлари ва қарзларидан ташқари закот нисоби миқдорига тенг моли ёки пули бўлган ҳар мусулмоннинг қурбон сўйиши вожибдир. Қурбон нисоби ва нарсаларнинг нархи олтин ва кумуш билан ҳисобланади.

4. Қурбон нисоби ҳисобига қўшиладиган молнинг тижоратга мўлжалланган мол бўлиши шарт бўлмаганидек қўлида бир йил туриши ҳам шарт эмас. Тўлайдиган қарзлари ундирадиган пулларидан ва мавжуд пулдан айрилади. Қолгани худди закотдагидек, қурбон нисоби ҳисобига қўшилади.

5. Аслий эҳтиёж буюмлари қурбон нисобига қўшилмайди. Аслий эҳтиёж ашёси дегани қиймати қанчалик кўп бўлса ҳам бир уй, бир ойлик егулик, ҳар йил учун уйидаги 3 та бош-оёқ кийим, уйда ишлатиладиган асбоб ва буюмлар, транспорт воситаси, касбига доир китоблар ва ўташи лозим бўлган қарзлардир. Ушбу нарсаларнинг мавжуд бўлиши шарт эмас. Агар мавжуд бўлса, закот, фитр ва қурбон нисобига қўшилмайди.

6. Сотишга мўлжалланмаган, эҳтиёжидан ортиқ нарсалар, ижрага берилган уйлар, уйдаги безаклар, ерга тўшалмаган гиламлар, ишлатилмайдиган ортиқча уй буюмлари, касб ва тижорат моллари бу ерда эҳтиёж ашёси ҳисобланмайди. Яъни булар қурбон нисобига қўшилади. Барчаси баҳоси ҳисобланганда 96 грамм олтин қийматига тенг бўлса, бундай киши бой ҳукмида бўлиб, қурбон сўйиши вожибдир. Яшаётган уйи катта бўлса ҳам, эҳтиёжидан ортиқ, ишлатмайдиган хоналари нисобга қўшилмайди.

7. Аёлларнинг олтин ва кумуш тақинчоқлари закот ва қурбон нисобига қўшилади. Марварид, маржон, бриллиант, зумрад каби зийнатлар эса қурбон нисобига қўшилади, лекин закот нисобига қўшилмайди.

8. Компьютер, телефон, тўппонча, магнитофон, кассета, CD, DVD, соат, музлатгич, кир ювиш машинаси, идиш ювадиган машина, чангютгич, қийматли диний ёзувлар, қандил каби уй ашёлари ишлатилгани учун қурбон нисобига қўшилмайди. Умуман ишлатилмасдан бир чеккада ёки сервантда турган эски-янги уй буюмлари, идиш-товоқлар нисобга қўшилади.

9. Нисоб миқдорида мусҳаф, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илм китоблари бор бўлган киши буларни ўқиётган бўлса, нисобга қўшилмайди. Ўқимаётган бўлса ва ўқишни билмаса, нисобга қўшилади.

10. Уйда ишлатилмайдиган ашёлар нисоб миқдоридан кўп бўлса, қурбон сўйиш вожиб бўлади. Масалан, сеп учун олинган нарсалар, кимники бўлса, қурбонни ўша одам сўяди. Отаси сеп учун олган нарсаларни ҳали қизига ҳадя қилмаган бўлса, бу моллар отасига тегишли бўлади. Отасининг қурбонлик сўйиши вожибдир. Ҳадя қилган бўлса, қурбонни қизи сўяди. Бу ерда сепи нисобга етадиган бўлса, албатта.

11. Ҳар йил уйдаги 3 та бошдан оёқ либос аслий эҳтиёжга киради. Ортиқчаси эски бўлса ҳам нисобга қўшилади. Ишлатилмаётган эски уй ашёлари, идиш-товоқлар ҳам нисобга қўшилади. (3 та бошдан оёқ либос дегани уч пиджак, учта шим, бир пальто (чопон), уч кўйлак, уч майка, уч ич кийим ва бир жемпер деганидир. Бундан ортиғи қурбон нисобига қўшилади.)

12. Бир уйи бор оилали аёл имоми Аъзам ва имоми Абу Юсуф наздида, бой ҳисобланади. Бу уйда яшаса ҳам, яшамаса ҳам қурбонлик сўйиши лозим. Бир уйи бор эркак бой ҳисобланмайди. Лекин оилали аёл учун уй нафақага кирмайди. Эри унга бир уй топиб, таъминлаши шарт. Пули бўлса, имоми Аъзам ва имоми Абу Юсуфга кўра, қурбонлик сўяди. Имоми Муҳаммад наздида эса, бир уйи бор аёлнинг қурбонлик сўйиши керак эмас. Фатво ҳам шунга кўра берилган. Яъни сўядиган бўлса вожиб, сўймаса гуноҳ бўлмайди. Агар аёлнинг эри бўлмаса, яшаётган уйи нафақага киради ва имоми Аъзам билан имоми Абу Юсуфга кўра ҳам қурбон сўйиши лозим бўлмайди.

13. Бир одамнинг бир дала ҳовлиси, бир қишлик иккита уйи бор бўлиб, ёзда дала ҳовлисида, қишда ўз уйида яшаса, булар иккита алоҳида уй ҳукмида бўлмайди. Қурбон сўйиши вожиб эмас. (Ҳиндия)

Савол: Одамларда менга қачон тўлашлари ноаниқ бўлган қарзлар бор. Бу миқдор нисобдан анчагина ортиқ. Ҳеч кимга қарзим ҳам йўқ. Бу ҳолда ўша оладиган пулларимни нисобга қўшаманми, закотини бераманми, қурбон сўяманми?

Жавоб: Санад (тилхат)и олинган ёки инкор қилинмайдиган олажак қарзларингиз, касодга учраган ва фақирда бўлса ҳам нисобга қўшилади. Қўлингизга текканида ўтган йилларнинг ҳам закотини берасиз. Агар қурбон сўядиган миқдорда пулингиз бўлса, қурбон сўясиз.

Ибни Обидин ҳазратлари айтдики: Ширкатда кўп моли бўлиб, ололмаган киши қурбонлик сўядиган пули, моли бўлса, сўяди.

Савол: Реклама ширкатим бор. Буюртма билан реклама, веб сайтлар тайёрлаймиз, фильм таржима қиламиз. Қиладиган ишимиз ва иш охирида оладиган ҳақимиз шартномада кўрсатилган. Бу ҳисобни закот ва қурбон нисобига қўшаманми?

Жавоб: Йўқ. Фақатгина ишни тугатиб, эгасига топширгандан кейин оладиган пулингиз сизники бўлади. Шундагина бу пул закот ва қурбон нисобига қўшилади. Иш топширилмасдан илгари шартномадаги бундай олажак пуллар нисобга қўшилмайди.

Савол: Қурбон нисоби 96 грамм олтин, лекин баъзи одамлар 80 грамм дейишади. Агар ўлчов 80 грамм бўлса, олтинларим нисоб миқдорига етади. Мен қурбон сўйишим керакми?

Жавоб: Нақлга асосланмай ўз ақли бўйича юрадиган кимсалар нисоб миқдори ҳақида мана шундай нотўғри фикрлар тарқатмоқда. Қарзларингизни олиб ташлагандан кейин қолган мулкингиз 96 грамм олтин қийматига етадиган бўлса, қурбон сўйиш сизга вожиб бўлади.

Савол: Айни дамда нисоб миқдори моли бўлмаган, лекин қурбон байрами ўтиши билан қўлига нисоб миқдоридан анча ортиқ пул тушадиган одамнинг қурбон сўйиши керакми?

Жавоб: Керак эмас. Вожиб бўлиши учун мулк қурбон байрамининг учинчи куни қўлида бўлиши керак.

Савол: Нисобдан кўп оладиган пулим бор, лекин уни ололмаяпман. Эҳтиёжимдан ортиқ молим бор, лекин пулим йўқ. Қурбон сўйишим вожиб бўладими?

Жавоб: Оладиган пуллар худди закотдагидек нисобга қўшилади. Лекин қўлида пули бўлмаган киши, нисобдан ортиқ моли бўлишига қарамай фитр бермаса, қурбон сўймаса, имоми Муҳаммад наздида гуноҳкор эмас. Қарз олиб ёки бир молини сотиб қурбон сўядиган бўлса, шайхайн наздида вожиб савобини олади.

Савол: Нисоб миқдоридан ортиқ, нархи баланд ер участкам бор. Менга қурбон сўйиш вожибми?

Жавоб: Имоми Муҳаммадга кўра, қурбон сўйиш вожиб бўлмайди. Шайхайнга кўра вожиб бўлади. Вожиб савобини қозониш учун шайхайн ҳукмига суяниб сўйишингиз лозим.

Савол: Яшайдиган уйи, миниб юрган автомобили, биржада акциялари ва қарзлари ҳам бор кишининг қурбон сўйиши вожибми?

Жавоб: Бир уй ва автомобиль қурбон нисобига қўшилмайди. Қарзлари мавжуд пулдан ва акцияларидан олиб ташланади. Қолган пул нисоб миқдорига етса, қурбон сўйиши вожиб бўлади.

Савол: Биржада акцияларим бор. Кооперативга тўлашим керак бўлган қарзим ҳам бор. 30 ой тўлашим лозим бўлган автомобилимнинг кредити бор. Ижарада яшайман. Бу ҳолатимда қурбонлик сўйишим керакми?

Жавоб: Бутун қарзларингизни мавжуд пулингиздан ва акцияларнинг нархидан олиб ташланг. Қолган пул нисоб миқдорига етса, қурбонлик сўясиз.

Савол: Сеп-сидирғам бор: Музлатгич, кир ювиш машинаси, мебель, тақинчоқлар, гилам, ошхона жиҳозлари. Булар ишлатилмагани учун барчаси нисоб миқдорига қўшиладими ёки фақат электр жиҳозлари қўшиладими?

Жавоб: Ишлатилмайиган ҳар қандай ашё ва буюм қурбон нисобига қўшилади.

Савол: Қурбон ҳайитига тўғри келган, лекин байрам дам олиш бўлгани учун тўланиши лозим бўлган электр, телефон, сув каби коммунал хизматларга тўланадиган пулларни ҳам қурбон нисобига қўшамизми?

Жавоб: Бу пуллар қурбон нисобига қўшилмайди. Чунки бу пулларни байрамдан кейин берасиз. Яъни бу пуллар сизда омонатдек турибди. Бу пуллардан ташқари, нисоб миқдори пули бор одамнинг қурбон сўйиши вожиб.

Савол: Нисоб миқдорича қарзи бор кишининг нисоб миқдорича пули бўлса, қурбон сўйиши керакми?

Жавоб: Қарзи бор киши аввало қарзини тўлайди. Қолгани нисоб миқдорига етмаса, қурбон сўймайди.

Савол: Икки минг доллар олажак пули бўлиб, лекин қўлида нақд пули бўлмаган киши қарздорга “Бир қўй 200 доллар, менинг ҳисобимдан қурбонлик сўй ва 200 долларни қарзингдан олиб ташла” деса жоиз бўладими?

Жавоб: Ҳа, жоиз бўлади. Ҳатто ҳеч оладиган пули бўлмаса ҳам, нисоб миқдорига етадиган моли бўлса, бир танишига “Мен учун қурбонлик сўй” деса, таниши ҳам сўядиган бўлса, сўйдирган одам вожиб савобини олади.

Закот бераётганда ҳам шундай. Бировни вакил қилиб “Мен учун фалон миқдорда закот бер” десангиз, у берадиган бўлса, закотингиз берилган бўлади. Сизнинг унга пул беришингизга боғлиқ эмас. Яъни вакил ўз пулидан бериши мумкин. Вакил ўз пулидан қурбонлик сўйиши мумкин. Кейинчалик сиздан пулини сўраши ёки сизга буни ҳадя қилиши ҳам мумкин.

Савол: Отамнинг икки қаватли уйи бор. Бошқа эҳтиёжидан ортиқ моли ва пули йўқ. Биринчи қаватда ижарачи туради. Биринчи қаватни эҳтиёждан ортиқ уй деб ҳисоблагани учун отам қурбон сўяди. Бундай икки қаватли уйлар иккита уй ҳисобланадими ёки битта?

Жавоб: Пастки қават мустақил бўлса, алоҳида уй ҳисобланади. Бир уйнинг хоналари ҳукмида бўлса, яъни бир зинапоя билан юқорига чиқиладиган уй бўлса, битта уй ҳисобланади.

Савол: Олтини бор одам закот бергандан кейин қурбон ҳам сўйиши лозимми?

Жавоб: Закот бошқа, қурбон бошқа. Олтин қурбон нисобига ҳам, закот нисобига ҳам қўшилади. Яъни нисобга етадиган бўлса, ҳам закот берасиз, ҳам қурбонлик сўясиз.

Савол: Шахсий музлатгич, кир ювиш машинаси каби сепларим бор. Мен қурбонлик сўяманми ва буларнинг закотини бераманми?

Жавоб: Духовка, кир ювиш машинаси, музлатгич, идиш ювиш машинаси каби сепларни ишлатаётган бўлсангиз, қурбон нисобига қўшилмайди. Ишлатмаётган бўлсангиз ва нархлари нисоб миқдорига етса, ҳар йили қурбон сўйишингиз лозим. Сепнинг закоти бўлмайди.

Савол: Қурбон нисобига молик бўлган кишининг қўлида нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбон сўйиши керакми?

Жавоб: Нисобга молик бўлган кишининг қурбонлик сотиб олишга етадиган нақд пули бўлмаса, қарз олиб сўйиши керак эмас. Сўядиган бўлса, вожиб савобини олади. Лекин олтини бор бўлса, пули бор демакдир. У ҳолда қоғоз пули бўлмаслиги узр саналмайди. Олтинларидан сотиб сўйиши керак. Валютаси бўлган кишининг ҳам буни сотиб, қурбон сўйиши лозим. Демак нақд пулга олтин ва ҳар турли валюталар киради.

Савол: Кумуш нисоби бўйича бой бўлган кишининг сўйган қурбонлиги вожиб бўладими?

Жавоб: Бой эканлигини биладиган бўлса, вожиб савобини олади.

Савол: Асалари боқадиган ва асали бор одамнинг қурбон сўйиши керакми?

Жавоб: Агар қўлидаги пул ва асал билан бирга қутиларнинг қиймати нисобга етадиган бўлса, қурбон сўйиши вожиб бўлади.

Савол: Бир уйидан бўлак бир кўчмас даврий мулки (таймшер) ёки бир ер участкаси ёки бошқа бир уйга шерик бўлган кишининг буларни қурбон нисобига қўшиб, қурбон сўйиши керакми?

Жавоб: Имоми Муҳаммадга кўра, қўшилмайди. Яъни қурбон сўйиши керак эмас, фатво ҳам шунга кўра берилган. Имоми Аъзам ва имоми Абу Юсуф наздида эса, қурбон сўядиган бўлса, вожиб савобини олади. Бу улкан савобга эга бўлишни хоҳлаган одам иккинчи қавл билан амал қилиши лозим.