Муташобиҳ бўлган оятлардан учтасининг маоли қуйидагича:
“Қиёмат куни бутун ер юзи Аллоҳнинг чангалидадир. Осмонлар эса, унинг ўнг қўли билан тутиб турилади. У зот мушрикларнинг ширкларидан юксак ва муназзаҳдир.” (Зумар 67)
“Яҳудийлар Аллоҳнинг қўли боғлиқ (бахил) дедилар. Йўқ, Аллоҳнинг икки қўли ҳам очиқ.” (Моида 64)
“Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир.” (Фатҳ 10)
Бу уч оятда билдирилган "қўл" бир қарашда худди инсон қўлига ўхшаган қўл деб тушунилади. Аслида Аллоҳу таоло ҳеч бир маҳлуққа ўхшамайди. Шундай экан бундай вазиятда салафи солиҳин (саҳоба, тобеин ва табаи тобеин) каби “Ядуллоҳнинг ва бошқа муташобиҳ ифодаларнинг кайфиятини фақат Аллоҳ билади” дейиш керак. Бақара сурасининг “Шарқ ҳам, ғарб ҳам Аллоҳники. Қаерга борсангиз ҳам Аллоҳнинг важҳи шу ерда” маолидаги 115-оятида "важҳ" калимасига агар "юз" деб маъно берилса, Аллоҳу таолонинг худди бирон махлуқдек юзи борлиги тушунилиши мумкин. Аслида "важҳ" деб айнан нима назарда тутилгани маълум эмас. Нур сурасининг “Аллоҳ ер ва кўкларнинг нуридир” маолидаги 35-оятидан "Аллоҳ нур экан" деган хулосага бориш мумкин. Ҳолбуки нур аслида яратилган бир махлуқдир. Бу ифоданинг кайфияти ҳам мажҳул. Мавзуимизга асос бўлган оят қуйидагиси:
“У кўклар ва ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршига кўтарилган. Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир.” (Ҳадид 4)
Аллоҳу таоло учун яратиш қийин эмас, яратиши учун олти кунга эҳтиёжи ҳам йўқ. "Бўл" деса дарров яралади. "Кун фаякун" оятлари ҳам шуни кўрсатмоқда. Бу оят ҳақида "Олти кунда яратганига ишонамиз, лекин кайфияти мажҳулдир" деймиз. Баъзи олимлар "кун дейишдан мақсад давр" деганлар. Давомида кўкларни яратгандан кейин Аршга юксалганини билдирган. Биз Аршга юксалганига ишонамиз, лекин кайфиятини билмаймиз. Ибн Таймиячиларга ўхшаб "Аршга чиқиб ўтириб олди" демаймиз. Чунки бундай гап Уни махлуқотга ўхшатиш бўлгани учун куфрдир. Оятнинг сўнггида “Қаерда бўлсангиз ҳам У сизлар билан бирга” деб буюрилган. Ибн Таймиячилар оятнинг айнан мана шу қисмини таъвил қилишади-ю наригиларини таъвил қилишдан қочишади. Бу ердаги "биргалик" ҳам бир одамнинг иккинчи одам билан бўлган биргалигидек эмас, албатта. Акс ҳолда, яна махлуққа ўхшатилган бўлиб қолади. "Аллоҳ ҳар ерда" дейиш ҳам, зотига макон иснод этилгани учун куфр бўлади. Бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ ҳар ерда ҳозир ва нозирдир” деб буюрилган. Аслида Аллоҳ макондан батамом муназзаҳдир. У ҳолда “Аллоҳ ҳар ерда ҳозиру нозир” ифодаси ҳам мажозийдир. Яъни "маконсиз ва замонсиз ҳеч ерда бўлмасдан ҳозир ва нозирдир" дегани. (Ашадд-ул-жиҳод)
Ваҳҳобийлар муташобиҳ оят ва ҳадисларга ёки зоҳир ифодаларга қараб “Амал имондан парчадир” дейишади. Гуноҳ қилган, масалан, ичкилик ичган ёки намоз ўқимаган кишига кофир дейишади. “Фалон гуноҳни қилган одам жаннатга киролмайди ёки мўмин эмас” дегани “Агар шу гуноҳига тавба қилмаса, авф ва шафоатга эришмаса, гуноҳининг жазосини тортмасдан туриб жаннатга кирмайди” деганидир. Чунки заррадай имони бўлган киши барибир жаннатга киради. Гуноҳ билан имонсизлик бир-биридан бўлак нарсалар. (Ҳадиқа)
Таъвил қилинмаса, нотўғри тушуниладиган баъзи ҳадислар:
“Аллоҳу таоло ўз соясидан бошқа ҳеч бир соя бўлмайдиган қиёматда етти синф инсонни ўз соясида соялантиради.” (Бухорий) (Бу ерда соя "ҳимоя" деганидир.)
“Султон ерда Аллоҳнинг соясидир.” (Табароний) (Мусулмон султоннинг амри вожибдир.)
“Аллоҳу таоло шом ва тонг вақтида ер самосига тушади.” (Бухорий) (Раҳмати тушади.)
“Уч синф инсонга Аллоҳу таоло кулади.” (Табароний) (Кулмоқ бу – рози бўлмоқ деганидир.)
“Жаннат – қиличларнинг сояси тагидадир.” (Муслим) (Жиҳод қилган мўмин жаннатга киради.)
“Жаннат – оналарнинг оёқлари тагидадир.” (Муслим) (Жаннат мусулмон бўлган ота-онанинг розилигидадир.)
“Намозни қасддан тарк этган кимса кофирдир.” (Табароний) (Намознинг фарз эканлигига ишониб, дангасалик қилиб намоз ўқимаган кишига кофир дейилмайди.)
“Мўмин киши зино қилаётганда, шароб ичаётганда ва ўғирлик қилаётганда мўмин эмас.” (Муслим) (Шу ҳолатлардаги киши комил мўмин эмас демакдир.)
Муташобиҳ носслар
Савол: "Яд", "важҳ", "истиво", "нузул" сингари калималар учраганда "уларнинг кайфиятини (қандай эканлигини) биз билмаймиз, лекин бегумон Аллоҳнинг қўли бор, У ўтиради, тушади-чиқади" дейишнинг зарари борми? Ёки "Одам кўради-эшитади, худди шундай Аллоҳ ҳам кўради-эшитади, одамда қўл бўлганидек Аллоҳда ҳам қўл бор, лекин унинг кайфиятини (қандайлигини) билмаймиз" десак имонимизга зарари бўладими?
Жавоб: Бу мушаббиҳа фирқасининг ақидасидир. Бу Аллоҳни махлуқотга ўхшатиш бўлади. Яратувчи ҳеч қачон яратилган махлуқларига ўхшамайди. "Қўл", "юз", "ўтирмоқ" деган сўзлар хотирга доимо бир аъзони ёки унинг ҳаракатини солади. Бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳу таоло хаёлга келадиган ҳамма нарсадан покдир” деб марҳамат қилинган.(Зиё-ул-қулуб)
Бир ояти карима маоли эса, қуйидагича: “Лайса камислиҳи шайун (Унга ўхшаш бўладиган бирон бир нарса йўқ. У ҳеч нарсага ўхшамайди.)" (Шўро 11)
Аллоҳу таоло ҳақида "қўли-оёғи бор, кўзи-қулоғи бор" дейиш, Уни бир жисмга, бир махлуққа ўхшатиш бўлади. У хаёлимизга келган барча нарсадан муназзаҳдир.
“Татархония” фатво китобида, “Милал ва Ниҳол” китобида ва бутун аҳли суннат китобларида “Мужассима” ва “Мушаббиҳа” фирқаларининг “Аллоҳ Арш устида ўтиради, пастга тушади, юради, қўли бор” қабилида гаплар айтганлари учун кофир бўлганликлари ҳақида ёзилган.
Аллоҳу таолонинг кўриши кўз орқали эмас, эшитиши ҳам қулоқ ёрдамида эмас. Қуръони каримда ўтган "ядуллоҳ" калимасидаги "яд" ҳеч қачон аъзо бўлган "қўл" маъносига келмайди. "Важҳ" калимаси ҳам "юз" деган маънода эмас. Худди шунингдек "истиво" ҳам "ўтирмоқ", "ўрнашмоқ" маъноларида ишлатилган эмас. Истиво - соҳиб бўлиш, молик бўлиш, амри остига олиш деганидир. Шунга ўхшаш бошқа ифодалар ҳам худди шундай. Салафи солиҳин деб аталадиган дастлабки олимлар “Аллоҳнинг қўли бор, лекин биз билмаймиз” демаган “Ядуллоҳнинг ва бошқа муташобиҳларнинг кайфиятини Аллоҳ билади” деганлар. Лекин Салафий деб аталувчи кимсаларнинг гаплари салафи солиҳиннинг гапларига ҳеч ҳам ўхшамаяпти. Улар: “Ундай калималарнинг кайфиятини билмаймиз, лекин барибир Аллоҳнинг қўли бор” дейишяпти. Салафи солиҳин ундай демаганлар. “Ядуллоҳнинг кайфиятини билмаймиз” деганлар. Орадаги фарқни яхшилаб тушуниб олиш керак. Куфрга тушурувчи сўзлардан узоқ туриш лозим.