Савол: Аёлларнинг тақинчоқларини ва бошқа зийнатли безакларини бегона эркакларга кўрсатишлари жоизми? Масалан,мўйнали ёқа, мунчоқ ва сирғаларини бегоналарга кўрсата оладими? Ипакдан кўйлак ёки ипак галстук тақиш эркакларга жоизми?
Жавоб: Ипак эркакка ҳаром. Лекин кийимда тўрт бармоқ энича келадиган ипак тасмалар, масалан, ипак галстук тақиш эркакларга жоиз бўлади. Ипакдан тикилган кўйлак ва ҳар қандай кийим эркакка ҳаром бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинганки: “Олтин ва ипак умматимдан бўлган аёлларга ҳалол, эркакларга эса ҳаромдир.” (Табароний)
Аёлларнинг олтин ва ҳар хил зийнат ашёларини тақишларига динимизда рухсат этилган. Лекин булар билан эридан бошқалар учун безанишлари жоиз эмас.
"Тўнғиз терисидан ташқари барча йиртқич ҳайвонларнинг терилари қайта ишлангач тоза бўлиб ҳисобланади. Бундай терилардан тикилган кийимларни, мўйналарни, мўйнали пальтоларни эркакларнинг кийиши ҳам жоиздир." (Радд-ул Мухтор, 5/223)
Аёллар ўзлари учун жоиз бўлган зебу-зийнатларини бегоналарга кўрсатишлари жоиз бўлмаганидек, баданий гўзаллик ҳамда кўркларини эридан бошқаларга кўрсатишлари ҳам жоиз эмас. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинганки: “Охир замонда умматимдан бўлган аёллар баданларини кўрсатиб турадиган кийимлар кийишади, сочларини туянинг ўркачидек қилиб тугиб олишади. Улар лаънатликдир.” (Ибни Ҳиббон)
“Бошқалар менга қарасин дея ясаниб, чиройли кийимлар кийган аёл, шу кийимини ечиб ташлагунича, Аллоҳу таолонинг рахматидан йироқ бўлади.” (Табароний)
Ислом олимлари бу ҳадиси шарифларни қуйидагича шарҳлаганлар:
"Жамол билан зийнатни, яъни безанишни бир-бири билан адаштирмаслик керак! Жамол, чиркинликни, хунукликни даф қилиш, виқорли бўлиш ҳамда шукр қилиш мақсадида неъматларни кўрсатиш деганидир.
Кўз-кўз қилиш учун, мақтаниш учун кийиниш билан ясаниш, чиройли кийиниш жамол эмас, кибрлилик бўлади. Бу нафсининг озғин эканлигидан дарак. Жамол эса, нафси тарбияланган эканлигини кўрсатади. Жамол учун чиройли кийиниш яхши. “Аллоҳу таоло Жамилдир, жамол соҳибларини севади” деган ҳадиси шарифда жамол эгалари мақталган." (Баҳр-ур роиқ)
"Чиройли кийиниш мустаҳабдир. Имоми Аъзам ҳазратлари 400 олтин қийматида чопон киярди. Талабаларига ҳам чиройли кийиниб юришларини буюрар эди." (Таҳтовий)
"Жамол бу озода юриш, кўрганларда ёмон фикр туғдирмаслик ҳамда ҳақорат қилишларининг олдини олишдир.
Зийнат эса кўрганларнинг ҳавасини келтирадиган, улардан бир поғона устун бўлиб кўринадиган, хушсурат бўлиб юришдир. Мана шуларни эътиборга олган ҳолда эркаклар жамол нияти билан ипакдан бошқа чиройли кийимлар кийиниб юришлари афзалдир." (С.Абадия)
"Олтин ва кумуш тақинчоқларини ясаниш мақсадида тақиш фақат аёлларга ҳалол. Лекин буларни номаҳрам эркакларга кўрсатиш ҳаром бўлади." (Радд-ул-мухтор)
Савол: Аёл ёки эр кишининг хушбўй атир ва мушк сепиниб юришлари гуноҳми?
Жавоб: Хушбўй ҳидлар сепиш, чиройли кийиниш ҳамманинг қарашидан лаззатланиш ёки одамларга мақтаниш учун ёки бегона хотин-қизларга замонавий, хушбичим бўлиб кўриниш учун бўлса, киши гуноҳ қилган бўлади.
Аёл киши эрининг олдига динимизда рухсат этилган тақинчоқлари билан ясаниб, хушбўй ҳидлар сепиб чиқиши керак, чунки бу улкан савобдир. Кўчага чиқаётган аёлнинг атир сепиб, ясаниб чиқиши эса ҳаромдир. Аёллардан чиққан хушбўй ҳидлар, эркакларнинг эътиборини жалб этади. Бир ҳадиси шарифда марҳамат қилинганки:
“Бир аёл ўзига жалб қилувчи хушбўйликлар сепиниб кўчага чиқса ва унга эркаклар қарайдиган бўлса, уйига қайтиб киргунича Аллоҳу таолонинг ғазабида қолади” (Табароний)
Бир киши суннат бўлгани учун хушбўй мушк сепиниб, замонавий кийинса ва масжидга ҳурмат кўрсатиш учун, ёнида ўтирган кишини безовта қилмаслик учун, тоза-озода юриш, соғлом бўлиш, ислом динининг виқорини, шарафини қўрғаш учун ният қилса, ҳар бир нияти учун алоҳида савоб қозонади. Ҳар қандай мубоҳ ишларда, ҳатто ейиш-ичишда, ухлаш учун ётаётганда, ҳожатхонага кираётганда ҳам яхши ният қилиш керак. Ҳатто сурманинг қўйилишида ҳам ниятга қараб савоб ёки гуноҳ бўлади. Бир ҳадиси шарифда “Киши кўзига қўйган сурмага ҳам жавобгардир” деб марҳамат қилинган. Шифо нияти билан сурма қўймоқ жоиздир. (Баҳр-ур-роиқ)
Хушбўй ҳид сепишда ва яна бошқа мубоҳ ишларда ният қилишнинг аҳаммияти катта. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Аллоҳ учун хушбўй мушк қўлланганлар, қиёмат куни хушбўй анбар ҳидлар таратган ҳолда, бошқа ният билан қўлланганлар эса ўлик сассиғидан ҳам ёмон ҳид анқиган ҳолда Маҳшар майдонига келади.” (И.Ғазолий)
“Хушбўй ҳид баданнинг жилосидир.” (С.Абадия)
“Дунё неъматларидан менга гўзал ҳид севдирилди.” (Насоий)
“Хушбўй ҳид икром қилинган киши рад этмасин, олиб сепинсин!” (Ҳаким)
Байрам кунларида миск (мушк) сепиб, янги ва тоза кийим кийиб, мисвок билан тишларини тозалаб, шодлигини изҳор қилиш суннатдир. Жума куни ҳам худди шундай қилиш керак! Жума намозига хушбўй ҳидлар сепиб бориш керак! Хушбўй ҳидлар фаришталарга ҳам хуш ёқади.
Савол: Эркакларнинг кумуш ёки ҳар хил металлардан занжир, билагузук каби тақинчоқларни тақишлари жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Фақат ревматизм каби касалликларга қарши махсус таёрланган тақинчоқдан шифо мақсадида фойдаланилса, жоиз бўлади.
Савол: Аёлларнинг қўл соат тақишлари зийнат ҳукмига кирадими?
Жавоб: Ҳа, киради.
Савол: Баъзи ўлкаларда аёллар оёқларига ҳол-ҳол деб номланадиган билагузукка ўхшайдиган, юрганда товуш чиқарадиган тақинчоқлар тақишади. Буларни тақиш ва товушини бошқаларга эшиттириш жоизми?
Жавоб: Аёлларга ҳар хил безак тақинчоқлари тақиш жоиздир. Фақат номаҳрам эркакларга кўрсатмаслик шарти билан. Кийим ичидан (ҳижоб) ичидан тақишларига бўлади. Лекин оёққа мўлжалланган ҳол-ҳол тақинчоғининг жаранглаган овозини бегонага эшиттириш жоиз бўлмайди. Бир оятда маолан: “Кўздан яширилган зийнатининг борлигини билдириш мақсадида оёқларини(ерга, бир-бирига) урмасинлар” деб буюрилган. (Нур, 31)
Эътибор берилса бу ерда яшириб тақилган зийнат ҳақида айтилган. Яъни зийнатларни яшириш кераклиги айтилмоқда. Қўлга тақиладиган билагузук ва узукларни ҳам бошқаларга кўрсатмаслик керак. Шода, хина, сурма каби бошқа зийнатларини ҳам кўрсатмаслик керак. Мазкур оятнинг бошида шуларга ҳам ишора қилинмоқда. Бошқа зийнатлар каби тирноққа лак қўйиш ҳам жоиз. Лекин буни ҳам бегоналарга кўрсатмаслик керак. Лак тагига сув ўтмайди, шу боис таҳорат ва ғусл олаётганда тирноқларни лакдан тозалаш керак.
Савол: Бир аёл маржон, кулон, никоҳ узуги каби зийнатларини бегона эркакларга кўрсатиб юришига, жалб қилувчи рангли ипак шарфлар тақиб, ясаниб кўча сайлига чиқса, бунинг зарари борми?
Жавоб: “Фойдали маълумотлар” китобида қуйидагича ёзилган: Имоми Заҳабий ҳазратлари марҳамат қилганларки; Зийнатларини бегона эркакларга кўрсатган аёлларга, масалан олтин, инжу каби тақинчоқларни кийимининг сиртидан тақиб, атир сепиб, кишининг эътиборини тортадиган рангдор ҳамда ипак газмолга ўранган, енглари кенг бўлиб билаклари кўринадиган кийимларда ўзларини бегона эркакларга намойиш қиладиган аёлларга Аллоҳу таоло дунё ва охиратда азоб беради. Бундай ёмон хислат аёлларда кўпроқ учрагани учун жаноби Пайғамбаримиз “Меърожга чиққанимда, жаҳаннамликларнинг кўпчилиги аёллар эканлигини кўрдим” дея марҳамат қилганлар. (Термизий)
Савол: Аёллар зийнатларини бегоналарга кўрсатмайди. Бу "бегоналар" сўзидан фақат эркаклар тушиниладими ёки бегона аёллар ҳам назарда тутилганми? Ака-ука, ота, қайнота каби маҳрамларига ҳам кўрсата олмайдими?
Жавоб: Бегона сўзи билан бегона эркаклар назарда тутиляпти, бегона аёллар эмас. Амаки, тоға, қайнота каби маҳрам ақраболар олдида зийнатларини, сочини ва қўлларини кўрсатиб юришлари жоиз. Лекин имоми Раббоний ҳазратлари айтганларки: Аёл кишининг эридан бошқасининг олдига, яъни хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, бегонанинг олдига ясаниб чиқиш жоиз эмас.
Эътибор берган бўлсангиз, ясаниш сўзи айтилган. Тақинчоқларини кўрсатиш бошқа, улар билан ясаниш бошқа. Аёлнинг аёлга кўриниш учун ясаниши жоиз эмас, лекин безакларини кўрсатиши жоиз.
Савол: Аёл аёлнинг қаршисига жамол нияти билан ясаниб чиқиши жоизми?
Жавоб: Жамол жоиз, зийнат эса жоиз эмас, яъни макруҳ бўлади.
Савол: Эркакларнинг қош теришлари ва янада истарали, чиройли кўриниш учун соч эктиришлари жоиз бўладими?
Жавоб: Ниятига боғлиқ. Бунинг ҳукми худди янги кийим кийгандагидек бўлади. Яъни мусулмонлар яхши кўринишда, яхши қиёфада бўлиши керак деган ниятда бўлса жоиздир. Аёлларни жалб қилиш, ўзига қаратиш нияти билан бўлса жоиз эмас. Аёлларнинг нияти қандай бўлишидан қатъий назар қош теришлари, юпқа ёки ингичкалатишлари ҳаромдир.
Савол: Эркакларнинг соч эктиришлари жоизми?
Жавоб: Эркакларнинг соч эктиришлари ёки парик кийишлари гуноҳ эмас. (Ҳадиқа, Фатовои кубро)
Савол: Аёл ва эркак кишиларнинг соч бўятишлари жоизми, ғуслга монелик қилмайдими?
Жавоб: Жоиз, ғуслга ҳеч қандай монеси йўқ, худди хина кабидир.
Савол: Динимизда сочини қирққан аёлга қандай ҳукм бор. Қирқилган сочни нима қилиш керак?
Жавоб: Аёллар сочларини қирқишмайди, ўриб қўйишади. Аёлларнинг соч олдиришлари ёки қирқишлари таҳриман макруҳ бўлади. Эркакларга ўхшатиб сочларини қисқа қилишлари ёки тақир қилиб олдиришлари эса ҳаром бўлади. Сочларини беркитиш қийин бўлган ёки фитнага сабаб бўладиган жойларда, эркаклар қўядиган сочга ўхшатиб қўймаслик шарти билан қулоқ юмшоғигача қисқартиб, кестиришлари жоиз бўлади.
Хасталикка чалинган аёл, солиҳ бир шифокорнинг тавсияси билан сочини тақир қилиб олдириши жоиз бўлади.
Қирқилган сочларни йиғиб бир жойга кўмиш керак. Бунинг имкони бўлмаса, целофан халтага тош қўшиб солиб, сувга отиш керак. Аёллар баданидан қирқилган парчаларни эркакларга кўрсатишлари ҳаром бўлади.
Савол: Аёлларнинг қош теришлари, ингичкалатишлари ҳаром, аммо мен қошларимни термасам кўзим оғрийди. Шу сабаб билан қошимни тергазсам жоиз бўладими?
Жавоб: Ҳа, бундай узр сабаби бўлса жоиз бўлади.
Савол: Аёлларга сочларини бошининг тепа қисмидан ёки орқа томонидан туянинг ўркачига ўхшатиб турмаклашлари жоиз эмасми?
Жавоб: Ҳа, жоиз эмас.
Савол: Аёл кишининг юзига гормонияси бузилиши натижасида чиққан тукларни лазер орқали куйдиришига динимизда таъқиқ борми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Аёлларга товуш чиқармайдиган баланд пошналик туфли кийишлари жоизми?
Жавоб: Жоиз. Лекин баланд пошналик оёқ кийимда одатдагидай бемалол юриш осон эмас, ҳатто қийин деса ҳам бўлади. Бошқаларнинг диққатини ўзига жалб қилувчи нарсалардан эса узоқ бўлиш керак.
Савол: Эркакка ипак пайпоқ, бўйинбоғ (галстук), ич кийим соф ипакдан бўлса, буларга қандай ҳукм бор?
Жавоб: Жоиз эмас. Булардан фақат бўйинбоғ тўрт бармоқ энида бўлса жоиз бўлади.
Савол: Ипак кийим кийиш эркакларга ҳаром, ипак аралаштириб тўқилган пайпоқ, ич кийим кийиш жоизми?
Жавоб: Агар 50% дан ортиғи ҳақиқий ипак аралаштириб тикилган бўлса ҳаром бўлади, ипак 50% дан кам бўлса макруҳ бўлади.
Савол: Аёлларнинг соч бўятишлари, сочларига хина қўйдиришлари ёки ҳар хил дорилар билан сочларининг рангларини ўзгартиришлари жоизми?
Жавоб: Жоиздир. Лекин бу сочларини кўрсатиб бегона эркаклар қаршисига чиқолмайди. Аёллар қандай ясанишса ҳам жоиздир, фақатгина бегона эркакларга кўрсатмаслик шарти билан. Лекин сиз “Биз бошқалар кўрсин дея ўзимизга оро берамиз, уйда ясанишнинг нима кераги бор?” дейишингиз мумкин. Эрига чиройли кўриниш учун ясаниш суннат. Бошқаларга чиройли кўриниш учун ясаниш ҳаром.
Савол: Аёл ва эркаклар баданидаги покланиши керак бўлган тукларни эпиляция жиҳозлари билан ёки шу каби асбоблар билан тозаланишнинг динимизга зиддияти борми?
Жавоб: Ҳечам зиддияти йўқ.
Савол: Аёллар оёқларида ўсган тукларни тозаласа бўладими?
Жавоб: Танзиҳан макруҳ бўлади. Эри ол деб буюрсагина олиши жоиз бўлади.
Савол: Эркакларнинг қулоқ ва бурунларида туклар ўсади. Буларни куйдириш йўли билан тозаласа бўладими?
Жавоб: Жоиз.
Савол: Макияжнинг қанча миқдори тақиқланган?
Жавоб: Бегоналарга кўрсатиш учун бўлса, Бутунлай тақиқланади. Хотин киши эридан бошқаларга чиройли бўлиб, гўзаллигини кўрсатиши жоиз эмас. Эри учун қанча ясанса ҳам бўлади, лекин бошқа эркакларга бу гўзаллигини кўрсата олмайди.
Савол: Эр кишилар соч олдирганда ён ва орқа тарафларини қисқа, олд қисмини узун қилиб қолдиришлари жоизми? Баъзилар бундай соч қўйишнинг тақиқлангани ҳадиси шарифларда билдирилган дейишади.
Жавоб: Соч шакли шунчаки одатдир, одат бўлган нарсада бидъатнинг зарари бўлмайди.
Савол: Қош териш эркакларга жоиз, аёлларга эса ҳаром бўлишининг қандай ҳикмати бор?
Жавоб: Аёллар эридан бошқалар қаршисига ясаниб, гўзаллигини намойиш қилиб чиқолмайдилар. Қош териш, аёллар учун ясаниш деганидир. Аёллар учун қошларини теришлари, юпқалатишлари ҳаром бўлади. Пешона, яноқ ва юз қисмига чиққан тукларни терса жоиз бўлади.
Эркакларга эса, фақат жамол нияти билан қош теришлари жоиз, ясаниш учун, ҳусн учун бўлса эркакларга ҳам гуноҳ бўлади.Яъни эркакларга кийиниш ҳукмидагидек, олифтагарчилик учун, мақтаниш учун, хотин-қизларга замонавий бўлиб кўриниш учун яхши, чиройли кийинса гуноҳ бўлади. Жамол учун, яъни мусулмонларнинг шонини, обрўсини кўтариш учун қанчалик чиройли кийинишса ҳам гуноҳ бўлмайди.
Савол: “Зарурат бўлганида ҳаромлар мубоҳга айланади.” Бу ерда "зарурат" дан нимани тушунамиз?
Жавоб: Тўғри, зарурат бўлган тақдирда ҳаромлар мубоҳга айланади. Лекин эҳтиёж билан заруратни адаштириб қўймаслик керак. Зарурат бу: оч, ташна, яланғоч, бошпанасиз қолиш, фойдаланиши мумкин бўлган мубоҳлар ҳам қолмаган ҳолдир.
Савол: Ичида дуолар ёзиб сотилаётган кумуш кулонларни тақиб юришга бўладими?
Жавоб: Кумушдан бўлса ҳам эркаклар учун кулон каби тақинчоқлар тақиш жоиз эмас.
Савол: Кичкина қизалоқлар тақинчоқларни хуш кўргани боис ҳар хил ясама тақинчоқлар олиб берамиз, бу динимизга зид бўлмайдими?
Жавоб: Қиз болаларга билакузук, бўйинчоқ, занжир яна қанақа хилидан бўлса ҳам динимизда таъқиқланмаган. Шишадан, ёғочдан, елимдан, инжу-маржондан, тошдан ва яна шу каби нарсалардан бўлса ҳам тақишга бўлаверади. Лекин узук фақат олтин ёки кумушдан бўлиши керак, бундан бошқаси бўлмайди.
Савол: Аёллар ташқарига чиқаётганларида суннат нияти билан сурма қўйишса динимизга уйғун бўладими?
Жавоб: Соғлигига фойдали бўлсин дея қўйишга бўлади. Масалан кечқурун қўйилади, эрталаб ювиб ташланади. Лекин шуни унутмаслик керакки сурма ҳам макияждир. Бегоналарнинг олдида бўянган ҳолда кўриниш жоиз эмас. Аёл фақат эри учунгина бўяниши керак. Турмуш қуришдан олдин бўяниш ҳам жоиз бўлмайди.
Савол: Аёлларга сирға тақиш учун қулоқ тештиришлари жоизми?
Жавоб: Жоиз, яъни гуноҳ эмас. Лекин тештирмагани маъқул.
Савол: Тештирилган қулоқнинг тешиги битиб кетиши учун, яъни маъқул амални бажариш учун ҳечам сирға тақмасам тешик ёпиладими?
Жавоб: Сирға тақмай қўйсангиз вақт ўтиши билан тешиги ёпилиб кетади, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ.
Савол: Модага эргашиш жоизми?
Жавоб: Фойдаси тегадиган жойда жоиз бўлади.
Савол: Капалакнусха (бабочка) бўйинбоғ тақишга бўладими?
Жавоб: Капалакнусха бўйинбоғ ҳам худди бошқа бўйинбоғлар кабидир. Кофирларнинг ҳаром бўлмаган одатларини тақлид қилиш, қўлланиш жоиздир. Термизийдаги ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз византияликлар (румликлар) либосини кийгани ҳақида билдирилган. (Мавоҳиб-и ладуннийя)
Савол: Қишқи тўқилган қалпоқ (петушок)нинг чеккаларини қайириб олишнинг зарари борми?
Жавоб: Ҳеч қандай зарари йўқ.
Савол: Аёлларга қошларининг қўшилган жойидаги тукларни териши жоиз бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Сунъий бахмал ҳам ҳақиқий бахмалдек зийнат ҳукмига кирадими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Юқори лавозимли амалдорлар даврасида аёл киши кенг костюм-юбка кийса бўладими?
Жавоб: Ҳа, бўлади.
Савол: Чарм плаш олган эдим, чўчқа терисидан тикилган экан. Энди уни сотсам жоиз бўладими?
Жавоб: Чўчқа терисини сотмоқ жоиз эмас. Баъзи китобларда ғайри муслим кишига сотиш жоиз дейилган.
Савол: Аёлларга ўхшаш учун соч ўстириш, буддистларга ўхшаш учун сочни бутунлай қиртишлаб олдириш, Кастрога ўхшаш учун соқол ўстириш ҳаромми?
Жавоб: Таҳриман макруҳ бўлади.
Савол: Қошлари икки хил бўлган аёл, икки қошини тенглаштириш учун бўяши жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Аёлларга баланд пошналик туфли ёки этик кийишга бўладими?
Жавоб: Баланд пошналик оёқ кийим зийнат бўлгани учун аёл киши киймагани маъқул. Лекин оёғида ревматизм каби касаллик сабаби бор бўлса ёки пошнаси паст оёқ кийимда оёқлари совқотадиган бўлса, баланд пошналик пойафзал кийиш жоиз бўлса ҳам бегона эркакларга кўрсатмаслик керак. Агар кийим ичидан кўринмаса зарари йўқ, кийса бўлади.
Савол: Эркаклар кўзларига сурма қўйишга бўладими?
Жавоб: Эркакларга ҳуснли бўлиш учун, зийнат учун сурма қўйишлари жоиз бўлмайди. Лекин шифо топиш мақсадида сурма қўйишлари жоиздир. Киприклар тўкилмаслик учун, кўзни қувватлантириш учун сурма қўйиш яхши бўлади. (Сурма кўз бўяйдиган қаламлардан бошқача бўлади. Атторлардан излаб топиш мумкин. Баъзи ҳожилар Ҳижоздан қайтаётганида олиб келишади.)
Савол: Ипак қандай ҳолларда ҳаром ва қандай ҳолларда жоиз бўлади?
Жавоб: Эркаклар учун ички ва ташқи кийимларнинг ипакдан бўлиши ҳаром, аёлларга эса ипакнинг ҳоҳлаган тури жоиз бўлади. Урушда ипакдан кийим кийиш жоиз бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинганки: “Олтин ҳамда ипак аёлларга ҳалол, эркакларга эса ҳаромдир.” (Табароний)
Ипакдан кафан қилиш ёки тобутни устини ипак газлама билан ёпиш ҳаром бўлади. Ипак дастурхон ва ипак чойшаб ҳам жоиз эмас.
Ўғил болага ипакдан кийим кийдириш макруҳ бўлади. Ипакдан сочиқ, ич кийим ҳамда ипак дўппи кийиш макруҳ бўлади. Кийим устидан тўрт бармоқ энида ипак тасма (лента), бўйинбоғ тақиш жоиз.
Сунъий ипак, пашшахона, сочиқ, тасбеҳ ипи, сумка, мусҳаф қопламаси ва тугуннинг ипакдан бўлиши жоиз. Ясатиш, мақтаниш мақсади бўлмаса деворга ипак гилам осиш жоиз бўлади. Ипак гилам тўшаш, устига ўтириш, ипак жойнамозда намоз ўқиш эса, жоиз.
Асҳоби киромдан ҳазрати Зубайр ва ҳазрати Абдурраҳмонга ипак кийим кийшларига берилган рухсат, фақат шу кишиларга махсус эди. Арфажа бин Сод ҳазратларига ҳам олтин бурун тақишига берилган рухсат, фақат унга тегишли эди.
Савол: Аёллар шиша, нейлон, бронза, жез, платина, мис ва яна бошқа моддалардан ясалган билагузук, кулон каби безак ашёларини тақишлари жоиз бўладими?
Жавоб: Ҳа жоиз. Лекин бу моддалардан узук тақиш аёллар учун ҳам ҳаром бўлади. Бегона кишиларга кўрсатмаслик шарти билан олтин, кумуш узук тақиш аёлларга жоиз. Эркакларга олтиндан узук тақиш ҳаром бўлади. (Ибни Обидин, Мавоҳиб-и Ладунния)
Савол: Аёллар сочларини йиғиб, бошининг устига, бўйин устига туянинг ўркачи каби қилиб турмаклашлари тақиқлангани ҳақида айтилган ҳадиси шариф қайси китобда ёзилган?
Жавоб: “Бариқа” ва “Ҳадиқа” китобида ёзилган. “Муслим”, “Муватта” ва шу кабиларда ҳам бор. Ҳатто мазҳабсизларнинг китобида ҳам келтирилган. Мазҳабсиз Юсуф Қарзовийнинг “Ал-ҳалол вал-ҳаром” китобида “Кийимли яланғоч ҳамда сочларини бошининг устига туянинг ўркачига ўхшатиб турмаклаган аёллар Жаннатга кирмайди. Ҳатто Жаннатнинг ҳидини ҳам туйишмайди. Ҳолбуки Жаннат ҳиди жуда олисларга етиб боради” ҳадиси шарифи аёлларнинг юпқа, шаффоф ёки баданга ёпишиб турувчи тор кийим ёки ҳижоб кийишлари ва сочларини бошининг устига турмаклаб йиғишларини тақиқламоқда.
Савол: Аёлларга хушбўй ҳидлар сепиниб кўчага чиқишлари жоиз эмас дейишади, эркаклар учун жоизми? Бобом жума кунлари масжидга боришдан олдин хушбўй мисклар (мушк) сепиниб олади, бу жоиз эмасми?
Жавоб: Эркакларга суннатга амал қилиш учун, дин биродарларининг орасида гўзал ҳидлар таратиш нияти билан миск сепинишлари жоиз бўлади. Аёлларга ёқиш учун сепиниш жоиз эмас.
Савол: Кўйлак енгининг тугмалари олтиндан бўлса кийиш жоизми?
Жавоб: Йўқ, чунки олтин зийнатдандир.
Савол: Янги турмуш қурган оиламиз. Эрим санъаткор аёллар билан бирга ишлайди. Эримнинг кўнгли уларга тушмасин дея, эри учун ясаниш жоиз бўлгани боис макияж қиламан. Баъзида шу ҳолда кўчага чиқишимга тўғри келади. Бу ҳам гуноҳ бўладими? Агар гуноҳ бўлса фақат менга ёзиладими ёки эримга ҳам гуноҳ ёзиладими?
Жавоб: Агар эрингиз ҳаромга қарашдан тийилмаса нечоғлик гўзал бўлсангиз бўлинг, қанча ясансангиз ясанинг, ҳатто дунёдаги энг гўзал аёл бўлсангиз ҳам бари бир сиздан хунук бўлган ўша аёллардан бирига қарайверади. Чунки инсон нафси ҳаромлардан ҳузурланади, унинг озиғи ҳаромдир. Шу сабабли даставвал нафс тарбияси даркор. Ҳаромларнинг ёниб турган ўт эканлигини билган киши, рафиқаси ҳуснсиз бўлса ҳам бошқаларга, яъни ҳаромга боқмайди.
Макияж билан кўчага чиқиш ҳаром бўлади. Уйда макияж қилишингиз мубоҳ бўлса ҳам эрингизнинг бегоналарга, ҳаромларга қарашига тўсқинлик қилолмайди. Бу фақатгина ўз-ўзимизни овутиш, холос. Макияж қилиб кўчага чиққан аёл учун эри ҳам, сўзи ўтадиган оила катталари ҳам жавобга тортилади. Қўлига тақилган билагузук, узук, занжир, кулон, сурма каби бошқа зийнатларни ҳам кўчага кўрсатиб тақиб чиқмаслик керак. Ясаниб, атир сепиб кўчага чиқиш гуноҳ бўлади. Бир ҳадиси шарифда маолан “Бир аёл атир сепиб кўчага чиқса ва ҳидини кўча бўйлаб таратиб эркаклар ёнидан ўтса, унга қараганга ҳам, ўзига ҳам зино гуноҳи(кўз зиноси) юкланади.” (Насоий)