Савол: Баъзи ташкилотлар газли ичимлик ва колаларда спирт борлигини исботлаганлар. Спиртнинг томчиси ҳам ҳаром эканлигига кўра, бундай салқин ичимликларни ичиш ҳам ҳаром эмасми?
Жавоб: Салқин ичимликлар таркибида спирт борлиги янгилик эмас. Уларнинг мақсадлари “Қаранглар мусулмонлар ҳатто газли ичимликларни ҳам ичмайдилар” деган гап-сўз чиқариш, бу билан “Мана мусулмонлик шу, қаранглар мусулмонлар қандай аҳволга тушиб қолишган” дейишмоқчи. Балки баъзи фитначилар чиқиб “Спиртсиз газли ичимликлар чиқарилсин!” деб талаб ҳам қилиши мумкин. Мусулмонлар бу фитнага, мусулмонликнинг ёмонланишига восита бўлмасликлари керак.
Шароб, пиво каби спиртли ичимликларнинг томчиси ҳам ҳаромдир. Лекин ичимлик сифатида эмас, бошқа сабаблар билан қўшилган спиртлар бу ҳукмга тобе бўлмайди.
Бир неча мисол келтирамиз:
1. Соф сирка (уксус) таркибида спирт бўлиши аниқ исботланган. Лекин бу спиртли ичимлик эмас, сирка бўлгани учун ичиш ҳаром қилинмаган. Шаробдан ишланган сирканинг фазилати ҳадиси шарифларда мадҳ этилган.
2. Хамирда, нонда ҳам спирт бўлиши исботланган. Лекин пайғамбаримиз нон ейишни тақиқламаганлар.
3. Апельсин ва бошқа ситрус мевалар таркибидаги табиий спирт миқдори газли ичимликлардагидан кам эмас. Бу ҳам аниқ исботланган. Лекин динимиз таркибида спирт бўлгани ҳолда мева ейишни ҳаром қилмаган.
4. Дори ва атирларни истеъмолга тайёрлаш жараёнида таркибига қўшилган нажс мойлар (спирт каби суюқликлар) авф этилган. (Ислом ахлоқи, Эй ўғил илмиҳоли қисми)
5. “Саодати абадия” китобида айтиладики: “Шофеъийда нажс суюқликни (масалан спиртни) дори ва атир-упа ишлаб чиқаришда ишлатиш авф этилган.” (Мазоҳиб-и арбаъа, Ал-маъфувот)
6. Нажс бўлган суюқлик, масалан, спирт дори, атир-упа каби нарсаларга аралаштирилганда аралашма тоза бўлади. Шунинг учун йод ва атирлар Ҳанафий мазҳабида тозадир. (Ислом ахлоқи)
[Атир, йод ичилмайди, лекин кийимга тўкилганида уни тозаламасдан намоз ўқиш жоиздир. Албатта, тозалаган афзалроқ.]
7. Нажс ёғлардан совун ясалганида, шароб сиркага айланганида тоза бўлади. Чунки бу шунчаки аралашма эмас, балки кимёвий реакция натижасида модданинг зоти ўзгаради. Бутун кимёвий ўзгаришларнинг ҳукми шундай. (Радд-ул мухтор, Таҳтовий, Маноҳиж-ул-ибод, Саодати абадия)
Газли ичимликлар масаласини марҳум устозимиздан ҳам сўраган эдик. Устозимиз дин олими бўлиш билан бирга кимё бўйича илмий даражаси бор бўлган кимёгар эдилар. “Ёғларни спиртда эритиб, газли ичимликларга қўшишади. Буларни ичиш жоизми?” деб сўрадим. Бир қавлга кўра ичишнинг жоиз эканлигини, охирзамонда ҳатто заиф қавл билан амал қилишнинг қувватли қавл билан амал қилишдек саҳиҳ бўлишини айтгандилар. Ичига ёғ қўшиладиган салқин ичимликларнинг, колаларнинг барчасида оз бўлса ҳам спирт бўлади. Газли ичимликлар каби салқин ичимликларда ёғларни эритиш учун қўлланилган бу спирт авф қилинган. Бундай ичимликларни ичиш жоиздир.
Савол: “Coca Cola ёзуви тескарига ўқилса, “Ла Муҳаммад, ла Макка” деган ёзув чиқади. Бундай ичимликларни ичиш ҳаром. Буни ҳаммага эшиттириш керак” деган сўзларни эшитиб қоламиз. Баъзан электроник почта ёки SMS билан турли хабарлар жўнатилади. Масалан “Мадинадан келган васиятнома ёки ичида дуолар бўлган бир хабарни 13 ёки фалон кишига жўнатган жуда бадавлат бўлиб кетади. Кимда ким ўзига келган бундай хат ё хабарни фалолн кишига жўнатмаса, бошига фалокат келади” дейилади. Булар тўғрими?
Жавоб: Умуман нотўғри. “Coca Cola” ёзувини тескари ўқиганда “Ла Муҳаммад, ла Макка” ёзуви чиқиши ҳам қуруқ сафсата. Шакл ва белгиларни зўраки араб ҳарфларига ўхшатиб, маълум маънолар чиқаришга уриниш ҳам аҳмоқона иш. Айтайлик “Ла Макка” ёзуви чиқди ҳам дейлик, нима бўпти? Яъни “Макка йўқ” деса нима бўпти? Биз ҳам “Нью-Йорк, Париж, Берлин йўқ” десак нима ўзгаради? Бу шаҳарлар йўқ бўлиб, бузилиб кетадими? Ёки бирон одамнинг имони заҳм ейдими? Бундай сафсаталарни, бошқа васиятнома ва хабарларни аслида миссионерлар тайёрлашади. Мақсадлари мусулмонларни мана шундай хурофотлар билан машғул қилиб, жиддий масалалардан, илмдан узоқ тутишдир. Уларнинг бу ўйинларига алданмаслик керак.
Савол: “Фалон тижорий марканинг молларидан тушадиган даромад Ислом душмани бўлган фалон ғайримуслим ўлкага юборилар экан. Шунинг учун бу тижорий маркага ҳаром фатвосини бердик” деган гаплар чиқиб турибди. Аслида олиб қарасак, ғайримуслимларнинг барчаси Ислом душманларидир. У ҳолда улар ишлаб чиқарган ҳеч нарсани сотиб олмаслик керакми?
Жавоб: Бу ерда "фатво" деган сўзлари бир неча томондан нотўғри:
1. Бу фатво эмас, шунчаки оддий бир қарашдир холос. Шахсий ва оддий фикр ҳеч қачон диний ҳукм бўла олмайди. Ҳозирги кунда фатво берадиган илмли кишилар ҳам йўқ. Фақатгина эски асрларда дин арбоби томонидан берилган фатволарни нақл қилувчи саводли кишилар бор. Ибни Обидин тўртинчи жилд, 301-саҳифада қозилик баҳсида айтиладики:
“Фосиқ муфтийнинг берган фатволарига ишонилмайди. Чунки фатво бериш диний ишдир. Дин ишларида фосиқнинг сўзи қабул қилинмайди. Нариги уч мазҳабда ҳам худди шундай. Бундай муфтийлардан савол сўраш жоиз эмас. Муфтийнинг мусулмон ва ақлли бўлиши ҳам иттифоқ билан шартдир. Муфтий фатвони имом Аъзам Абу Ҳанифанинг сўзига мос беради. Излаган масаласини унинг сўзларидан тополмаса, имоми Абу Юсуфнинг сўзини олади. Унинг сўзларидан ҳам тополмаса, имоми Муҳаммад Шайбонийнинг сўзларини олади. Ундан кейин имоми Зуфар, кейин Ҳасан бин Зиёднинг сўзларига навбат келади. Мужтаҳиди фил мазҳаб (мазҳаб ичи мужтаҳиди бўлган) олимларидан бўлган муфтийлар ижтиҳодлар орасида далиллари қувватли бўлганини танлаш ҳуқуқига эга. Мужтаҳид бўлмаганлари эса, фақат улар танлаган сўзга амал қиладилар. Бунга амал қилмаган муфтийларнинг сўзи асло қабул қилинмайди. Муфтийнинг мужтаҳиди фил мазҳаб бўлиши лозим. Бундай бўлмаган кишига муфтий ҳам дейилмайди, балки нақл, фатвони етказувчи дейилади. Нақл, фатволар машҳур фиқҳ китобларидан олинади.” (Саодати абадия)
“Баҳжат-ул-фатово” каби қийматли китоблар ҳам аслида фатво китоблари эмас, фатволарни нақл қилувчи китоблардир. Буларнинг муаллифлари муфтий эмас, нақл қилувчи ва тўпловчидир. Фатво берадиган кишининг, яъни муфтийнинг мужтаҳид бўлиши лозим. Бир киши “Фатво бердим” деса, демак у мужтаҳид эканлигини даъво қилмоқда. Юсуф Набҳоний ҳазратлари “Бугун мужтаҳидликни даъво қилган кишининг ё ақли ёки дини нуқсондир” деб айтганлар. Ақли ёки дини нуқсон бўлган кишиларнинг фатво деган сўзига эътибор берилмайди.
2. "Ғайримуслим" дегани мусулмон бўлмаган одам деганидир. Улар албатта исломиятга душман бўлишади. Улар билан савдо қилинмайдими? Сарвари олам пайғамбаримиз ва Асҳоби киром улар билан ҳар турли савдо-сотиқ қилганлар.
3. Аслида исломиятга чиндан душман бўлганлар - муртадлардир. Дин душмани бўлган маҳаллий муртадлар билан савдо қилишдан ҳазар қилмай, аҳли китоб бўлган ғайримуслимлар билан савдони жоиз кўрмаслик куллиян нотўғри иш. Мусулмон ширкатларнинг молларини “Пулимиз мусулмонларга кетмасин” деб сотиб олмаган муртадларни ғайримуслимдан енгил кўриш аҳмоқликдир. Бундай нотўғри қарашни "фатво" деб бошига кўтариб юриш эса, ундан-да ўтган аҳмоқлик ва анқовлик бўлади.