Бисмиллоҳ

Савол: Бисмиллоҳ айтишнинг ҳукми нима?

Жавоб: Айтилган жойига қараб бисмиллоҳнинг ҳукми ўзгаради. Бир неча мисол келтирамиз:

Фарз бўлган жойлар: Мол сўяётганда бисмиллоҳ айтиш фарздир. Бисмиллоҳсиз сўйилган мол гўштини ейиш ҳаром.

Вожиб бўлган жойлар: Намоздан бошқа жойларда Фотиҳа сурасини ўқишдан аввал бисмиллоҳ айтиш вожибдир. Шофеъий мазҳабида эса ҳамма вақт Фотиҳа ўқишдан аввал бисмиллоҳ айтиш фарз.

Суннат бўлган жойлар: Намозда ҳар ракатда Фотиҳадан аввал, ғусл қилишдан, таҳорат олишдан, еб ичишдан, мактуб ёзишдан ва ҳар қандай фойдали ишдан аввал бисмиллоҳ айтиш суннатдир. Намоздан бошқа вақт Фотиҳадан бўлак сура ўқиётганида ҳам бисмиллоҳ айтиш суннат.

Мустаҳаб бўлган жойлар: Намозда Фотиҳа билан замми сура орасида бисмиллоҳ айтиш жоиз ёки мустаҳабдир.

Мубоҳ бўлган жойлар: Юришдан, ўтиришдан, туришдан аввал ва ҳар қандай мубоҳ ишни бошлаётганида бисмиллоҳ айтиш мубоҳдир.

Макруҳ бўлган жойлар: Аврат жойини очаётганида, нажосат бўлган жойга кираётганида, Тавба сурасини аввалги сурага қўшиб ўқиётганида, сигарет чекишни ва буни каби ёқимсиз ҳидли, масалан, саримсоқ, пиёз каби нарсаларни ейишдан ва соқол қиртишлашдан аввал бисмиллоҳ айтиш макруҳдир.

Ҳаром бўлган жойлар: Ҳаром ишлашдан аввал бисмиллоҳ айтиш ҳаромдир. Ҳаромлигини билиб туриб ишласа ҳаром бўлади, ҳаромлигига аҳамият бермай ёки ҳалол деб билиб ишласа куфр бўлади.

Куфр бўлган жойлар: Асли ҳаром бўлган масалан, шароб ичиш, зино қилиш, тўнғиз гўштини ейиш каби ҳаром бўлган ишларни қилишдан аввал бисмиллоҳ айтиш куфр бўлади. бу ерда ҳаромни ҳалол деб билгани учун ёки ҳаромга аҳамият бермагани учун куфр бўлади.

Савол: Бисмиллоҳсиз сўйилган мол гўштини ейиш жоизми?

Жавоб: Шофеъийда бисмиллоҳсиз сўйилган мол гўштини ейиш жоиз. Бошқа уч мазҳабда қасддан бисмиллоҳсиз сўйиш ҳаромдир.

Молнинг бўғзида қизилўнгач, нафас олиш йўли ва бўйнининг икки ёнида икки қон томири бўлади. Моликий мазҳабида буларнинг ҳаммасини кесиш керак. ҳанафийда эса булардан учтасини кесиш кифоя. Шофеъийда эса қизилўнгач ва нафас олиш йўлини кесиш етарли. Лекин томоқ тугуни бош тарафида қолиш керак. томоқ тугуни бутунлай тана тарафида қолса, бундай сўйилган мол гўшти ейилмайди. Молни энсасидан кесиш ҳаром бўлса ҳам, энсасидан сўйилган мол гўшти Ҳанафий ва Шофеъийда ейилади. Нариги икки мазҳабда ейилмайди.

Савол: Мол сўйишда бисмиллоҳ айтишни унутса, бунинг гўшти ейиладими?

Жавоб: Бисмиллоҳ айтишни унутса, ейилади. Моликий мазҳабида ейилмайди.

Савол: Бисмиллоҳсиз сўйилганлиги маълум бўлган бир мол гўштини ейишда Шофеъий мазҳабини тақлид қилиш керакми?

Жавоб: Ҳа. (Хулосат-ут-таҳқиқ)

Савол: Кушхонада эрталаб бир марта бисмиллоҳ айтилади-да, қолган моллар бисмиллоҳсиз сўйилади. Буларнинг гўштлари ейиладими?

Жавоб: Бундай гўштларни еяётганда Шофеъийни тақлид қилиш керак.

Савол: Товуқлар бир онда сўйилади. Барчасига бир марта бисмиллоҳ айтиш етарли бўладими?

Жавоб: Ҳар бир товуқни кесиш машинасига қўяётганда бисмиллоҳ айтиш лозим. Сўяётганда ҳаммасига бир бисмиллоҳ етарли бўлади.

Савол: Овқатланишдан аввал бисмиллоҳ айтишни унутган киши тугатиб қолганида эсига тушса, нима қилиши керак?

Жавоб: Бир ҳадиси шарифда “Овқатланишдан аввал Аллоҳу таолонинг номини ёдга олинг, яъни бисмиллоҳ айтинглар. Бошида бисмиллоҳ айтишни унутган киши ёдига тушганида “Бисмиллоҳи аъла аввалиҳи ва охириҳи” десин”деб марҳамат қилинган. (Абу Довуд, Термизий, Ҳаким)

Савол: Тўйганидан кейин яна овқатланаётганида бисмиллоҳ айтиш ҳаромми?

Жавоб: Йўқ. Чунки овқатни ўзи ҳаром эмас.

Савол: Бисмиллоҳ ёки азон айтилганда шайтон бу ердан қочишини ва қайтиб келмаслиги айтишади. Бу тўғрими?

Жавоб: Бисмиллоҳ ва азон айтилганда шайтон қочади. Лекин азон тугаши билан яна қайтиб келади. Овқатланаётганда бисмиллоҳ айтилганида шайтон бу овқатдан еёлмайди. Давомли Аллоҳ зикр қилинса, шайтон васваса беролмайди, зикрни тўхташи билан дарров келади.

Савол: Пиёз ёки саримсоқ қўшилган таом, салат еяётганда бисмиллоҳ айтиш жоизми?

Жавоб: “Том илмиҳол” китобида айтиладики: “Ёқимсиз ҳидли нарсалар, масалан, пиёз, саримсоқ каби нарсалар ейишда (ва соқол қиртишлашдан аввал) бисмиллоҳ айтиш макруҳдир.”

Саримсоқли, пиёзли таомларни, салатларни, консерваларни ейишдан аввал бисмиллоҳ айтилади.

Савол: Бир иш учун майхонага, қиморхонага киришда бисмиллоҳ айтиш жоизми?

Жавоб: Ҳа, жоиз бўлади. ҳаром ишлаётганда бисмиллоҳ айтилмайди. Бир иш учун гуноҳ ишланадиган жойга кириш гуноҳ эмас.

Савол: Макруҳ бўлган иш учун паришонхотирлик билан бисмиллоҳ айтиш узрлими?

Жавоб: Ҳа.

Савол: Бисмиллоҳ айтишда фақатгина “Бисмиллоҳ” дейиш кифоями?

Жавоб: Ҳа, етарли бўлади. Лекин “ҳ” ҳарфини аниқ қилиб айтиш керак. “Бисмилло” демаслик лозим. Яъни “Бисмиллоҳ” деса бўлади. “Бисмиллоҳи” дейиш афзалдир.

Савол: Ҳадиси шарифларда “Бисмиллоҳ билан бошланмаган ҳар қандай муҳим иш нуқсонли қолади” ва “Ишни бисмиллоҳ билан бошлаган кишиларнинг гуноҳи авф қилинади” деб марҳамат қилинган. Бу ерларда аузуни ҳам айтиш керакми ёки бисмиллоҳнинг ўзи етарлими?

Жавоб: Ҳа, етарли бўлади. Бир ишни бошлаётганда аузу айтилмайди, фақатгина “Бисмиллоҳирраҳмонирраҳийм” дейилади.(Ҳиндия)