Еб-ичиш одоби

Савол: Еб-ичиш одоби ҳақида маълумот берсангиз?

Жавоб: Моддалар ҳолида билдирамиз: 

Овқат ейишдан аввал ният: Овқатланишни бошлаётганда Аллоҳу таолога ибодат қилиш, Унинг қулларига фойдали бўлиш, динимизни, абадий саодат ва ҳузур йўлини бутун инсонларга ёйиш учун қувватланишга ният қилиш лозим.

Еб-ичишнинг фарзлари:

1. Еганида тўйишини, ичганида чанқоғи қонишини Аллоҳу таолодан билиш;

2. Ҳалолдан еб-ичиш;

3. Ушбу овқатдан олинган қувват билан Аллоҳу таолога қуллик қилиш;

4. Қўлида борига қаноат қилиш. 

Суннатлари:

1. Еб-ичишни бошлаётганида бисмиллоҳ айтиш (бошқаларга ҳам хотирлатиш учун баланд овозда айтиш мумкин);

2. Овқатланиб бўлгач алҳамдулиллоҳ дейиш;

3. Овқатдан аввал ва кейин қўлларини ювиш (овқатдан аввал ёшлар биринчи, овқатдан кейин қариялар биринчи қўлларини ювади);

4. Ўнг қўл билан еб-ичиш;

5. Лаганнинг чеккасидан, ўз олдидан ейиш;

6. Ўнг оёғини тикиб, чап оёғи устига ўтириш;

7. Овқат тановул қилишни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш (Бу шифодир. Илк ва сўнгги луқма нон билан бошланиб, ушбу нон таркибидаги тузга ният қилинса, суннат бажарилган бўлади);

8. Қўл билан ейиладиган егуликларни уч бармоқ билан тутиб ейиш;

9. Нон билан тарвуз еяётганида нонни ўнг қўл билан, тарвузни чап қўли билан ушлаб ейиш;

10. Идишда қолганини сидириб еб қўйиш (шарбат, айрон каби нарсаларнинг қолганига сув қуйиб чайиб ичиб қўйиш катта савобдир. Кейинроқ ейиш шарти билан идишда, косада озгина қолдириш жоиз. Расулуллоҳ мўмин кишидан ортиб қолган овқатларни ейишни севардилар.)

11. Қўлини ювишдан аввал бармоқларидаги овқат қолдиқларини ялаб қўйиш;

12. Овқатдан кейин тишларини мисвок ёки тиш ковлагич билан тозалаш. Тишлари орасидан тиш ковлагич билан чиқарилган овқат қолдиқларини ютмаслик керак. (Бу ишларни қўл ювадиган жойда қилиб, тишлар орасидан чиққан қолдиқларни раковинага ташлаш лозим. Дастурхонда ўтирганларни жиркантирмаслик керак.) 

Мустаҳаблари:

1. Дастурхонни ерга солиш;

2. Тоза кийим билан дастурхонга ўтириш;

3. Арпа нони ейиш;

4. Нонни қўли билан синдириш. Нонни пичоқ билан кесиш мумкин бўлса ҳам, пичоқ билан луқма ҳолига келтирилмайди. Овқатни бошқаси учун, қария киши учун тайёрлаган одам у ея оладиган шаклда луқма ҳолига келтириши мумкин. Пишган гўштни иложи борича пичоқ билан кесмаслик керак;

5. Нон увоқларини увол қилмаслик;

6. Сирка истеъмол қилиш;

7. Луқмани кичик олиш;

8. Луқмани яхшилаб чайнаш. 

Макруҳлари:

1. Чап қўли билан еб-ичиш;

2. Ейдиган овқатини ҳидлаш;

3. Бисмиллоҳ айтишни тарк этиш (овқат ўртасида ёдига тушса ҳам бисмиллоҳ айтиш керак);

4. Овқатланаётганида умуман гапирмасдан ўтириш (бу оташпарастларнинг одати. Яхши нарсалардан гапириб ўтириш керак);

5. Идишни нон устига қўйиш, қўлини, пичоқни нонга артиш (агар бу нон ейиладиган бўлса, макруҳ бўлмайди);

6. Моғор босган нон, ҳидланиб қолган овқат ва сув истеъмол қилиш макруҳдир. 

Ҳаромлари:

1. Тўйганидан кейин ҳам ейишда давом этиш (агар уйда меҳмони бўлса, унинг ейишига моне бўлмаслик учун ўзини еяётгандек тутиши керак);

2. Дастурхонда чолғу, бегона аёл, спиртли ичимлик, қимор ва бошқа ҳаром нарсалар бўлиши;

3. Ейишда исрофга йўл қўйиш (егуликларни керакли миқдорда олиш, ўлчовсиз кўп олмаслик лозим. Исроф бўлади);

4. Бошқасининг молини ноҳақ еяётганида бисмиллоҳ айтиш;

5. Чақирилмаган жойга меҳмонга бориш;

6. Бошқасининг молини рухсатсиз ейиш;

7. Баданига хасталик берадиган нарсани ейиш;

8. Риё билан тайёрланган овқатни ейиш;

9. Назр қилган нарсасини ейиш. 

Диққат қилинадиган хусуслар:

1. Ноннинг ичини еб, сиртини ташлаш, пишган жойларини еб, қолганини ташлаш исрофдир. Қолганини бошқаси ёки ҳайвон еса исроф бўлмайди.

2. Йўл устида, тик туриб ва юриб бораётиб еб-ичмаслик керак.

3. Ўнгга-чапга, осмонга қарамаслик керак. Луқмасига ва олдига қараши лозим.

4. Еб-ичаётганида оғзини катта очмаслик лозим.

5. Дастурхонда қўлини уст-бошига суртмаслик керак.

6. Йўталадиган ва аксирадиган вақтида юзини орқага ўгириш лозим.

7. Меҳмонга борганида чақирилмасидан аввал дастурхонга ўтирмаслик лозим.

8. Дастурхонда барчадан кўп емаслик керак.

9. Оч бўлса ҳам секин-секин ейиш керак.

10. Аввало ёши катталар бошлаши керак.

11. Уч мартадан кўп “Олинг, еб ўтиринг!” деб одамни қийнамаслик керак.

12. Уй соҳибининг дастурхонга ўтирмай хизмат қилиши жоиз. Агар бирга овқатланадиган бўлса, меҳмонлари тўймасдан аввал қўлини овқатдан тортмаслиги керак.

13. Овқат вақтида қўрқинчли ва жирканчли нарсаларни сўзламаслик лозим. Ўлим, хасталик, жаҳаннам ҳақида гапирмаслик керак.

14. Меҳмон дастурхонга келган таомларга диққатни тортадиган даражада қарамаслик керак.

15. Бир луқмани чайнаб ютиб бўлмасидан иккинчисини қўлига олмаслик керак.

16. Овқат пайтида бир нарса учун, ҳатто намоз учун ҳам ўрнидан туриб кетмаслик керак. Намозни аввал ўқиб олиш лозим. Агар тайёрланган овқат совуб қоладиган ёки бузиладиган бўлса ва намоз вақти бемалол бўлса намозни овқатдан кейин ўқиш керак.

17. Овқат дастурхондан олингандан кейингина ўрнидан туриш керак.

18. Уй соҳибининг мусофирга луқма узатиши ва қўлига сув қуйиши яхши бўлади. Ҳозирги кунда сув крантлари бўлгани учун қўлига сув қуйиш шарт эмас. Қўлини артиши учун сочиқ тутиши мумкин.

19. Овқатдан кейин уй соҳибига баракат, раҳмат ва мағфират билан дуо қилинади. кетиш учун изн сўралади. Мезбонни уйига меҳмонга таклиф қилади.

20. Оғзида, қўлида гўшт, овқат юқи ва ҳиди билан ётмаслик керак.

21. Ёш болаларнинг ҳам қўлларини ювиб қўйиш лозим.

22. Тўқ ҳолида ётмаслик керак.

23. Ейдиган ва ичадиган идишларининг оғзи берк бўлиши лозим.

24. Дарёдан, ҳовуздан эгилиб, оғзи билан сув ичмаслик керак.

25. Ичи кўринмайдиган кўза, қумғон каби идишларнинг оғзидан сув ичмаслик керак. Пиёлага қуйиб ичиш лозим.

26. Стакан ёхуд пиёланинг учган жойидан ва тутадиган тарафидан ичмаслик керак.

27. Кечқурун ётаётганида ейдиган ва ичадиган идишларнинг оғзини бекитиши лозим.

28. Мусулмон ва солиҳ кишилардан ортиб қолган овқат ва сувларни еб-ичиб қўйиш – баракатдир.

29. Бирон мажбурият ва ҳожат бўлмагунча фосиқлар билан бирга овқатланмаслик керак. 

Таомни қайноқ ҳолича ейишнинг зарарлари:

1. Қулоғи эшитмай қолишига сабаб бўлади.

2. Юзи сарғайиб кетади.

3. Кўзларининг нури бўлмайди.

4. Тишлари сарғайиб кетади.

5. Оғзининг лаззати бўлмайди.

6. Қорни тўймайди.

7. Идрок қилиши камаяди.

8. Ақли кам бўлади.

9. Хасталикка сабаб бўлади. 

Кам ейишнинг фойдалари:

1. Бадани қувватланади.

2. Қалби нурланади.

3. Хотираси кучаяди.

4. Кун кўриши осонлашади.

5. Қилган ишидан завқ олади.

6. Аллоҳу таолони кўп зикр қилган бўлади.

7. Охиратни тафаккур қилади.

8. Ибодатларидан оладиган завқ кўпаяди.

9. Ҳамма нарсада тўғри фикр юритиши ортади.

10. Ҳисоби осонлашади.

Ҳадиси шарифда “Яхшиликларнинг боши очликдир. Ёмонликларнинг боши эса тўқликдир” деб марҳамат қилинди. Қанчалик очлик кўпроқ бўлса, таомнинг таъми шунчалик ширин бўлади. Тўқлик хотирани сусайтиради. Спиртли ичимликлар каби қалбни кўр қилади, қонни бузади. Очлик ақлни тозалайди, қалбни нурлантиради.

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Инсон қалби полиздаги экин кабидир. Ортиқча сув экинни қуритганидек, ортиқча таом ҳам қалбни ўлдиради.” Яна бир ҳадиси шарифда “Кўп еб-ичганни Аллоҳу таоло севмайди” деб марҳамат қилинди. Кўп ейиш хасталикларнинг боши, кам ейиш, яъни парҳез қилиш дориларнинг бошидир.

Ошқозоннинг учдан бири овқатга, учдан бири сувга ажратилиши керак. Қолган бир қисми эса бўш бўлиши лозим. Энг яхшиси кам еб, кам ухлашдир. 

Сув ичиш одоби

Сувни ўнг қўл билан ичиш керак. Ичадиган сувига назар солиб, кейин ичиш лозим. Уч бўлиб ичиш керак. Нафас чиқарадиган пайтда пиёлани оғзидан тортиш керак. Ёзда салқин қилиб ичиш лозим. Жуда ҳам совуқ қилиб ичмаслик керак. Расулуллоҳ салқин шарбат ичишни ёқтирардилар. “Тик туриб ичманглар!” деб марҳамат қилганлар. Замзам суви, таҳорат олганидан ортиб қолган сувни ва дори билан ичиладиган сувни тик туриб ичиш мумкин. Йўловчи (сафарий) киши ҳар қандай сувни тик туриб ичиши мумкин. Оч қоринга сув ичмаслик керак. Сувни секин-аста ичиш лозим. Оғзини тўлдириб ичмаслик лозим. Сувниннг ҳаммасини бир нафасда ичмаслик лозим. Иссиқ нарса пуфлаб ичилмайди. Совутиб, кейин ичиш керак. Сувга бир нарса тушганида бармоқ билан ёки тиш ковлагич билан олиш осон бўлса, олиш керак. Бўлмаса сувнинг бир қисмини тўкиш билан тушган нарсани чиқариш керак.

Ҳадиси шарифда “Гуноҳи кўп бўлган киши кўп сув тарқатсин!” деб марҳамат қилинди. Бир неча кишига сув бераётганида аввало олимларга, сўнгра қарияларга, энг охирида болаларга берилади. Овқатланаётганда, юриб кетаётганда, ўтирганда ҳам шу тартибга риоя қилинади. Ўзи энг охирида ичиш керак. Ёнида ўтирганларга бир нарса бераётганида ўзидан ўнг тарафидагилардан бошлайди. Ўнг тарафидагининг рухсати билан биринчи чап тарафида ўтирган кишига ҳам бера олади. (Саодати абадия) 

Савол: Еб-ичишнинг суннат бўлган меёри қандай?

Жавоб: Тўймай туриб дастурхондан туриш, қорни очмай туриб ва дастурхондан бошқа жойда овқат ейилмайди. Сувни ҳамма вақт ичиш мумкин. 

Савол: Таомни туз билан бошлаш суннатми?

Жавоб: Овқатни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш суннатдир. Нондаги тузга ният қилинса ҳам бу суннат бажарилган бўлади. (Ғуня)

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Ё Али, овқатни туз билан бошлагин!” (Ширъа)

“Овқатни туз билан бошлаб, туз билан тугатган кишининг вужудидан Аллоҳу таоло етмиш хил касалликни кетказади.” (Р.Носиҳин) 

Савол: Сув ёки чой ичаётганда бир қисмини қолдириш ёхуд овқатни охиригича емай қолдириш тўғрими?

Жавоб: Тўғри эмас. Барини еб-ичиб қўйиш керак. Чунки муҳтарам пайғамбаримизнинг олдларига қўйилган овқатдан ҳеч ортиб қолмасди. (И.Абуддунё) 

Савол: Нон ва бошқа ун маҳсулотларини санчқи билан ейишнинг зарари борми? Нонга ҳурматсизлик эмасми?

Жавоб: Булар одатдир, зарари йўқ. Лекин заруратсиз, шунчаки завқ учун санчқи санчилмайди. Санчқини нонга санчишни одат ҳолига келтирмаслик керак. 

Савол: Стулнинг суянчиғига суяниб овқатланиш дурустми? Ёки энгашиб ўтириб еган яхшими?

Жавоб: Дастурхонга одоб билан ўтириб, бу одобга овқатланиб бўлгунича риоя қилиш керак. Расулуллоҳ ерга солинган дастурхонга баъзан тиз чўкиб, баъзан чап оёқлари устига ўтириб шундай марҳамат қилардилар: “Мен ястаниб ўтириб, овқатланмайман. Мен Аллоҳу таолонинг қулиман. Шунинг учун қул қандай ўтирса ва қандай овқатланса, мен ҳам шундай ўтириб овқатланаман.” (Бухорий)

Ястаниб ўтириб овқатланиш ҳаром ёки макруҳ эмас. Бошқаларнинг ёнида заруратсиз суяниб, ястаниб ўтириш одобга зид. Стул суянчиғига суяниб ўтириб овқатланишнинг ҳам зиёни йўқ. Кибрланиб, талтайиб ўтириб овқатланиш дуруст эмас. Суянчиққа суяниб ўтирганида бемалол ва роҳат ўтирса, суяниб ўтириш керак. Муҳими бошқаларга кибрланмасликдир. 

Савол: Кўп сув ичиш зарарлими?

Жавоб: Ҳа, дин китобларида кўп сув ичиш зарарлидир, дейилган. Докторлар айтадики: Ҳаддан ташқари кўп сув ичилса, инсон сувдан заҳарланиши мумкин. Юрак хасталиги, шишлар пайдо бўлиши мумкин. Ҳамма нарсанинг ортиқчаси зарарлидир. Буйраклар ўтказа оладиган маълум меёрдан ортиқча сув ичилса, ортиқчаси вужудда бирикади. Шиш ва қон босими кўтарилишига олиб келиши мумкин. Лекин идрор бўлиб чиқиб кетса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Чиқарадиган идрор миқдоридан 600-700 см куб ортиқча суюқлик ичиш мумкин. Одам кунига 2 литр идрор чиқарса, 6 литр сув ичса, бунинг бир литри тер ва ўпка йўли билан чиқиб кетса, қолган 3 литри вужудда қолади. Бу эса қон айланиш ва нафас олиш системасида муаммолар келтириб чиқаради. Кўп сув ичишни керак қиладиган ҳолатлар ҳам бор. 

Савол: Ўнгдан бошламаслик, сувни тик туриб ичиш бидъат эмасми?

Жавоб: Пайғамбаримизнинг ишларни ўнгдан бошлаш, узун яхлит кўйлак кийиш каби одатларига эргашмаслик бидъат бўлмайди. Буларни ишлаш ёки ишламаслик ўлка ва халқларнинг одатларига қараб ўзгаради ва булар диний ҳукмлар эмас. Ҳар ўлканинг одати ўзгача. Ҳатто бир ўлканинг одати вақт ўтиши билан ўзгариши ҳам мумкин. Лекин шундай бўлса-да, одатга боғлиқ ишларда ҳам, завоид суннатларда ҳам, зарурат бўлмаса, Расулуллоҳга тобе бўлиш дунё ва охиратда исонга жуда кўп фойдалар олиб келади. (Мактубот-и Раббоний 2/55)

Одатларга тегишли суннатларга қўлимиздан келгунича амал қилишга ҳаракат қилишимиз керак. Лекин унутиб ёки дангасалик билан ишламасак макруҳ ҳам бўлмайди. Чапақай кишининг чап қўли билан иш қилиши макруҳ эмас.

"Суннати завоид" деб, Расулуллоҳнинг ибодат сифатида эмас, одат сифатида қилган ишларига айтилади. Завоид суннатларни тарк этиш макруҳ эмас. Пайғамбаримизнинг кийиниш тарзлари, яхши ишларни ўнгдан бошлашлари, ўнг қўл билан еб-ичишлари, сувни ўтириб ичишлари каби нарсалар суннати завоиддир. (Радд-ул мухтор)

Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Одатларга тегишли суннатларга амал қилиш фазилатдир, тарки эса, хато эмас.” (Мухтор-ул аҳодис) 

Савол: Мева овқатдан кейин ейиладими?

Жавоб: Одатга ва одамнинг ҳолатига қараб ўзгаради. Ёлғиз бўлганида овқатдан аввал ейиш дуруст бўлади. 

Савол: Кўзанинг ичига қарамасдан ўзини кўтариб сув ичиш яхши эмас. Шиша банкалар ва графинларнинг ўзидан кўтариб ичиш жоизми?

Жавоб: Ичи кўрингани учун жоиз. 

Савол: Кичик пиёлада сув ичаётганда ҳар бир пиёлани бир нафасда ичиб, кетма-кет уч пиёлада сув ичиш жоизми?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Замзам сувини тик туриб ичиш керакми?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Озиш нияти билан оч қоринга сув ичиш жоизми?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Ишни тўхтатиб қўймаслик учун тик туриб чой ичиш жоизми?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Замзам сувини бош кийим билан ичган яхшими?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Лабидаги овқат юқини нон билан суриб ейиш жоизми?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Бир меҳмон ёнида ўтирган бошқа меҳмонга дастурхондаги мева ва егуликлардан икром қила оладими? Буларни уйига олиб кета оладими?

Жавоб: Уй соҳибининг розилиги бўлса жоиз. 

Савол: Чўнқайиб ўтириб сув ичиш ўтириб сув ичиш ҳукмидами?

Жавоб: Ҳа. 

Савол: Меҳмонга борганимизда олдимизга таом қўйишади. Бу таомларни ейишни рухсатсиз бошлашнинг зарари борми?

Жавоб: Олдингизга қўйилганига кўра, рухсатсиз бошлашингиз мумкин. Лекин уй соҳибининг бошлаб бериши суннатга мос бўлади. Ёки шу қавмнинг амири биринчи бўлиб бошлайди. Ёки олим, фозил деб ҳисобланган бири бошлаши мумкин. Ҳадиси шарифда “Овқатни биринчи бўлиб қавмнинг амири ёки уй соҳиби ёхуд қавмнинг яхшилари бошлаб берсин” деб марҳамат қилинган. (Ибни Асокир) 

Савол: Гўшт ва нонни пичоқда кесиш жоизми?

Жавоб: Нонни пичоқда кесиш мумкин. Лекин пичоқ билан луқма ҳолига келтирмаслик лозим. Гўштни пиширадиган ёки пишгандан кейин овқат тайёрлайдиган кишининг пичоқ билан кесишининг зарари йўқ. Донер кабобни ҳам донерчининг кесишининг зарари йўқ. Дастурхондаги киши гўштни луқма ҳолига келтириш учун пичоқ билан кесмаслик керак. Агар гўштни майда бўлакчалар ҳолига келтирмасдан ея олмайдиган кишилар бўлса, овқат тайёрланаётганда луқмалар ҳолига келтирилади. 

Савол: Еб-ичишни, таҳорат олишни бошлаётганда бисмиллоҳ айтишни унутган киши бошлаб бўлганидан кейин бисмиллоҳ айтса, суннат бажарилган бўладими?

Жавоб: Овқатга бошлаётганда бисмиллоҳ айтишни унутган киши кейин айтса ҳам бошида айтгандек ҳисобланади. Лекин таҳоратни бошлаётганда бисмиллоҳ унутилиб, кейин айтилса ҳам бошида айтилган бўлиб ҳисобланмайди. (Неъмат-и ислом) 

Савол: Кўчада кўпчиликнинг орасида у-бу нарса еб-ичишнинг зарари борми?

Жавоб: Дуруст эмас. 

Савол: Сув ичаётганида диққат қилиши керак бўлган нарсалар нима?

Жавоб: Сув ичаётганда ҳаммасини бир нафасда ичмаслик керак, уч бўлиб ичиш лозим. Терлаб турганида совуқ сув ичмаслик, уйқусираб сув ичмаслик, кўп сув ичмаслик керак. Буларнинг вужудга зарари бор. Бир ҳадиси шарифда “Сувни тик туриб ичманг, вужудга зарарлидир. Фақат таҳоратдан ортиб қолган сувни ва Замзам сувини тик туриб ичиш мумкин” деб марҳамат қилинган. (Эй ўғил илмиҳоли) 

Савол: Тўйларга ёки ифторга меҳмондорчиликка чақириламиз. Баъзи меҳмондорчиликларда бадавлат кишилар, бошлиқлар бўлади. Фақир кишилар умуман бўлмайди. Баъзилар жуда танқис ва қиммат таомлардан тайёрлайди, баъзилар хасислик билан тежаб тайёргарлик кўради. Баъзан рўза тутмайдиган кишилар ҳам ифторга чақиради. Бундан меҳмондорчиликларга бориш дурустми?

Жавоб: Ҳаром ва макруҳ иш қилинмайдиган меҳмондорчиликларга бориш суннат бўлади. Ҳадиси шарифда: “Чақирилган жойга бормаслик гуноҳдир. Чақирилмаган жойга бориш эса ўғриликдир” деб марҳамат қилинган. (Байҳақий)

Меҳмонга чақираётганида Аллоҳу таолонинг розилигини кўзлаш керак. Нияти бошқа бўлмаслиги лозим. Меҳмонга келадиган киши ҳам бунинг суннат эканлигини, мўмин биродарини хурсанд қилишга ният қилиб келиши лозим. “Аллоҳ розилиги учун ният қилмасдан меҳмонга чақирган кишига бир гуноҳ ёзилади. Ният қилмасдан борган кишига икки гуноҳ ёзилади” деб марҳамат қилинган.

Агар у ерда макруҳ иш қилиннаётган бўлса, макруҳдан қутулиш учун у жойга борилмайди. Фақирларнинг чақирганига бормай, бадавлат кишиларнинг меҳмондорчилигига бориш кибрдандир. Меҳмон кутиш учун қарзланиб, заҳмат чекаётган кишининг даъватига бомаслик керак. Хасис одам меҳмонга чақирганида ҳам бормаслик керак. Оммавий, яъни яхши-ёмон ҳар хил одам келадиган жойларга ҳам бормаган маъқул.

Бидъат соҳиби, фосиқ ва ёмон кишилар ҳамда мақтаниш учун кўп пул сарфлаган киши меҳмонга чақирганида борилмайди.(Иҳя)

Фақатгина бадавлатлар, бошлиқлар қатнашадиган меҳмондорчиликка бормаслик керак. Ҳадиси шарифда “Энг ёмон зиёфат бадавлат кишилар таклиф қилиниб, фақирлар чақирилмаган даврадаги зиёфатдир” деб марҳамат қилинган. (Бухорий) 

Савол: Қарши жинс вақилларидан ортиб қолган овқат, сув кабиларни истеъмол қилиш жоизми?

Жавоб: “Саодати абадия” китобида “Аёл кишидан қолган егулик ва ичимликни бегона эркакнинг еб-ичиши ва эркакдан ортиб қолганни бегона аёлнинг еб-ичиши лаззат олиши мумкин бўлгани учун макруҳдир” дейилган. Масалан, бир пиёладаги сувни ичиб, ярмини қолдирса, қолганини шу жойдаги қарши жинс вакилидан бири ичса, лаззат олиши мумкин бўлгани учун макруҳ бўлади. Бир олмани тишлаб, қолганини шу ердаги бошқа жинс вакилидан бирига берса, лаззат олиш эҳтимоли бўлгани учун макруҳ бўлади. Ҳеч лаззат олмаса ҳам барибир макруҳ бўлади. 

Савол: Овқатларни тез-тез ейиш керакми ёки секин ейиш керакми?

Жавоб: Яхши ҳазм қилиш учун кўп чайнаш, шошилмай ейиш керак. Овқатни яхшилаб чайнаб ейиш суннатдир. Бу суннатга амал қилинганда ошқозон касаллиги, ел тўпланиши каби шикоятлар бўлмайди. 

Савол: Бегоналар билан меҳмондорчиликда қўлни ювиш эътиборни тортадиган бўлса, ҳўл сочиқ билан қўлини артиш ювишнинг ўрнига ўтадими?

Жавоб: Ҳа.  

Савол: Тик туриб писта, конфет каби нарсаларни ейишнинг зарари борми?

Жавоб: Заруратсиз тик туриб бир нарса еб-ичмаслик керак. 

Савол: “Ислом ахлоқи” китобида шундай дейилган: “Бир киши овқатланишдан аввал қўлларини ювиб, ҳўл бармоқларининг учини кўзларига сурса, Аллоҳу таолонинг изни билан кўз оғриғи кўрмайди.” Кўзнинг айнан қайси жойига ва қайси бармоқ билан суриш керак?

Жавоб: Пастки киприкларнинг тагидаги ботиқ қисмига сурган яхши. Шаҳодат бармоқларининг учи билан сурган афзал. 

Савол: Таҳорат олгандан ёки овқатланишдан аввал қўлларини ювганидан кейин ҳўл бармоқларининг учини кўзларига сураётганида нима деб дуо қилиш керак?

Жавоб: “Ё Рабби, кўзларимни хасталиклардан муҳофаза қилгин, ҳаромларга қарашдан сақлагин ва кўзларимга шифо бергин” деб дуо қилган афзал. 

Савол: Кечки овқатни емасликнинг зарари борми?

Жавоб: Ҳа, зарари бор. Ҳадиси шарифда “Жуда кам бўлса ҳам кечки овқатни енг, чунки кечки овқатни тарк қилиш тез қаришга сабаб бўлади” деб марҳамат қилинган. (Абу Нуайм)

Савол: “Ислом ахлоқи” китобидаги бир ҳадисда “Сувни тик туриб ичманг, вужудга зарарлидир” дейилган. Бу тиббиётда тасдиқланганми?

Жавоб: Тиббиёт тасдиқламаса ҳам динимизнинг билдирганларига амал қилиш керак. Бир мутахассис доктор айтадики: Ошқозон тик турганда ва ўтирганда икки хил ҳолатда бўлади. Тик туриб ичилган сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичагига ўтади. Суюқликлар ўтириб ичилганда аввал ошқозонга тушади, кислота билан аралашиб, микроблари ўлади ва сўнгра ўн икки бармоқ ичагига ўтади. Мана шу тариқа сувни ўтириб ичган киши кўплаб микробли хасталиклардан сақланган бўлади. Сувни тик туриб ичган кишида эса, бу касалликларга учраш хавфи юқори. 

Савол: “Кунда икки маҳал овқатланиш исроф” дейилади. Биз уч маҳал овқатланамиз. Бу исроф бўладими?

Жавоб: Қорни очмасдан туриб иккинчи марта овқатланиш исрофдир. Лекин қорни очганда уч, ҳатто тўрт марта овқатланиш ҳам исроф бўлмайди. Ҳазрати Оиша волидамиз айтадилар: “Бир куни иккинчи марта овқатланаётгандим. Расулуллоҳ “Эй Оиша, кунда икки маҳал овқатланиш исрофдир. Аллоҳу таоло исроф қилганларни севмайди” деб марҳамат қилдилар.” (Байҳақий)

Муҳаммад Ходимий ҳазратлари бу ҳадисни қуйидагича шарҳлаганлар: Расулуллоҳ Оиша волидамизнинг иккинчи овқатни қорни очмасдан туриб еганлигини билиб шундай  дегандилар. Чунки каффоратлар учун фақирларга бир кунда икки маҳал овқат бериш лозим эканлиги маълум. (Бариқа)

Исроф бўлганида эди, каффоратлар учун кунда икки марта овқат берилмасди. Рўза тутаётганда ҳам кунда икки маҳал ҳам ифторда, ҳам саҳарликда овқатланилади. Исроф бўлганида эди “Фақат ифтор ёки саҳарликда овқатланинг!” деб айтиларди. Ҳадиси шарифда “Ифторда, саҳарликда ва меҳмонда ейилган овқатлардан ҳисоб сўралмайди” деб марҳамат қилинган. (Дайламий)

Кунда икки маҳал овқатланишга исроф дейиш тўйганидан кейин ёки ҳазм қилиб бўлмасидан, қорни очмасдан аввал такрор овқатланиш исроф деганидир. Чунки инсон бир галда еган овқатини, кам-камдан 3-4 маҳал бўлиб ейиши мумкин. 

Савол: Еб-ичадиган нарсаларни охиригача емасдан тагида қолдириб, сўнг ахлатга ташлаш исроф бўладими?

Жавоб: Ҳа, исроф бўлади. Идишда қолганини суриб еб қўйиш суннатдир. Компот, айрон каби ичимликлардан ортиб қолганига сув қўшиб, чайқаб ичиб қўйиш жуда савоблидир. Еб-ичадиган нарсамиз ортиб қолса, идишида қолдириб, кейинроқ еймиз. Буни бошқаси ҳам ейиши мумкин. Мўминдан ортиб қолган овқатни ейиш суннат. Бир ҳадиси шарифда “Мўмин кишидан ортиб қолган овқатни ейиш шифодир” деб марҳамат қилинган. (Фатаво-и кубро) 

Савол: Болаларга “Овқатни бир чеккасидан енглар, ўртасидан еманглар. Чунки ўртасидан фаришталар ейишади” дейиш дурустми?

Жавоб: “Ўз олдингдан егин” дейиш керак, лекин "фаришталар ўртасидан ейди" дейиш нотўғри. Чунки фаришталар еб-ичмайди. Еб-ичишга эҳтиёжлари йўқ. Барака овқатнинг ўртасига тушади. Ҳадиси шарифда “Барака овқатнинг ўртасига ёғади. Шунинг учун овқатнинг ўртасидан еманглар!” деб марҳамат қилинган. (Термизий) 

Савол: Идишда қолган овқатни, дастурхондаги нон ва нон увоқларини ахлатга ташлашнинг зарари борми?

Жавоб: Ҳа, исроф бўлади. Бу қолдиқлар тўпланиб, мушук, ит, қўй, сигир, чумоли, қуш, товуқ каби ҳайвонларга едирилса, исроф бўлмайди. Косага ея оладиган даражада овқат солишимиз керак. Кўпроқ солиниб, ортиб қолса, бошқа маҳал ейиш керак. Оз қолса суриб еб қўйиш керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Косани бармоқ билан суриб, бармоқни яланг!” (Муслим)

“Овқатдан кейин бармоқларини ялаб қўйиш керак! Чунки бараканинг қайси луқмада эканлиги маълум эмас.” (Муслим)

“Аллоҳу таоло косани бармоғи билан суриб ялаб қўйган кишини икки жаҳонда ҳам тўқ тутади.” (Табароний)

Ўзларини замонавий деб билган, ғарбпараст кишилар “тарбиясизлик” деб ҳисобласалар ҳам бармоғини ялаб қўйиш ва тушиб кетган луқмани олиб ейиш инсонни исрофдан сақлаш билан бир қаторда қалбдан кибр ва риёни ҳам кетказади, баракага эриштиради. Айниқса, инсонга пайғамбарларнинг энг улуғига эргашиш ва амрини бажариш шарафини қозонтиради. Бор нарсадан тўғри фойдаланишга ва келадиган неъматларнинг ортишига сабаб бўлади. Динни ва мусулмонларни масхара қиладиган одам бўлмаган вақтларда бу суннатларни тарк этмаслик керак.