Савол: Қуйида иқтибос қилинган ёзув тўғрими?
“Спирт ва спиртли ичимликлар кайф берувчи ва маст қилувчи сифатида ичилган пайтдагина ҳаром бўлади. Булар қайнатиш орқали, овқатга қўшиб пишириш орқали ичкилик сифатини йўқотса, оддий озиқ-ичимликка айланади. Ҳаром бўлишдан чиқади. Ҳазрати Умар қайнатилган шаробни ичган ва ичишни хоҳламаган Убода б. Сомит исмли саҳобага аччиқланиб шундай деган: “Эй аҳмоқ! Бу қайнаган, шароблиги қолмади. Сен сирка (уксус)ни истеъмол қилмайсанми? Сирка ҳам шундай олинганку...” У ҳолда спиртнинг пишаётган овқатларга лаззат берувчи сифатида қўшилишининг (гўшт ва балиққа бир миқдор шароб қўшиб пиширишнинг) диний томондан ҳеч қандай зарари йўқ.” (Абу Заҳро, 299-бет)
Жавоб: Иқтибос бошдан-оёқ нотўғри. Бунинг устига ҳазрати Умарга ҳам туҳмат қилинган. Абу Заҳро деган кимса мазҳабсиз бир ёзувчи холос. Шароб сирка (уксус) ачитқиси билан ачитилиб, спирт тўлиқ сиркага айланади. Кимёвий ўзгаришга учрагани учун сирка истеъмол қилиш гуноҳ эмас. Овқатга қўшилган шароб кимёвий ўзгаришга учрамайди, сиркага ҳам айланмайди. Мазҳабсиз ёзувчи бу туҳматлари орқали динимизни бузишга уриняпти.
Савол: Шароб таркибидаги спирт овқат билан пишгани учун йўқ бўлиб кетади ва овқатни егандан кейин инсонга умуман ёмон таъсир қилмайди. Шундай бўлса ҳам нега жоиз эмас?
Жавоб: Спиртнинг бир томчиси ҳам ҳаромдир. Ўлчов зарар бериши ёки зарар бермаслигида эмас. Бисмиллоҳсиз сўйилган қўй гўшти ейилмайди, ўлакса ҳисобланади, ҳаром бўлади. Бир томчи қон ёки сийдик ичиш ҳам инсонга зарар бермайди, лекин ҳаром. Диннинг амрларидан албатта бир сабаб излаш дуруст эмас, фақатгина шу амрларга бўйсуниш керак.
Савол: Гўштни спиртнинг оловига тутиб пишириш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Спиртда эритилган эфирни, чойни ювиб кейин ичишнинг зарари борми?
Жавоб: Зарари йўқ.
Савол: Уриштириладиган хўрозларга кўринча спирт ичказилади. Шундай хўроз оғирроқ жароҳат олса, сўйилади. Унинг гўштини еса бўладими?
Жавоб: У худди нажосат еган товуқ кабидир. Спирт яқинда берилган бўлса, гўшти ейилмайди. Уч кун аввал берилган бўлса, ейилади.
Савол: Хориждан келадиган тамакилар спирт билан ювилармиш. Бундай сигаретни чекиш жоизми?
Жавоб: Аниқ билмагунича, гумон билан ҳаракат қилинмайди, яъни спиртли дейилмайди. Агар спирт билан ювилгани аниқ бўлса, у ҳолда бундай сигаретни чекиш жоиз бўлмайди.
Савол: Спиртсиз пиво ичиш жоизми?
Жавоб: Спиртсиз пиво дегани "тоза сийдик" деганига ўхшайди. (Таркибида умуман спирт бўлмаган суюқликка пиво дейилмайди. Спиртсиз бўлса, арпа суви дейилади.)
Савол: Тоза сирка таркибида спирт бўлади. Бундай тоза сиркани истеъмол қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Пастеризация қилинган узум сувида спирт бўладими, буни ичиш дурустми?
Жавоб: Усулига мос пастерланган узум сувида спирт бўлмайди, ичиш мумкин. Пастеризация иши усули бўйича бажарилмаса, маҳсулот бузилиб, спирт ҳосил бўлиши мумкин. Шароблашган узум суви кўпириб кетади, таъми ва ҳиди ўзгаради. Узум сувига ўхшамай қолади. Буни таъмидан ҳам сезиши мумкин, шароблашган узум суви ичилмайди.
Савол: Апельсин, лимон каби меваларнинг пўстида ва чиришни бошлаган мевалар таркибида спирт бўлади. Бу ҳолда лимонни пўсти билан чойга қўшиш ёки апельсин пўстидан мураббо қилиш жоиз бўладими?
Жавоб: Ҳа, жоиз. Яхши пишган меваларнинг деярли барчаси таркибида спирт ҳосил қилади. Меваларга, нонга динимиз изн берган. Дин тақиқлаган спирт эса ичилмайди.
Савол: “Овқатга қўшилган шароб пишаётганида кимёвий ўзгаришга учрагани учун зарари йўқ” дейишади. Бундан ташқари кийимга шароб тўкилса, қуриганида учиб кетади, дейишади. Булар тўғрими?
Жавоб: Тўғри эмас. Овқатга қўшилган шароб кимёвий ўзгаришга учрамайди. Шаробнинг сув қисми қуриганида учиб кетади, лекин нажс қисми қолади. Кийимга бир идиш сийдик тўкилса, қуриганида сув қисми учиб кетса ҳам, нажс қисми қолади. Овқатга қўшилган шаробнинг ёки сийдикнинг ҳам нажслиги давом этади.
Савол: “Бир овқатнинг ёки ичимликнинг ичига бир қошиқ шароб қўшилса, буни ейиш ва ичиш ҳаром бўлмайди. Чунки бу овқатдан ёки ичимликдан ҳар қанча ичилса ҳам киши маст бўлмайди” дейишади. Мазҳабсиз эканлигини билан фахрланувчи Абу Заҳро ҳам “Спиртли ичимликлар қайнатилиб, пиширилган овқатларга қўшилиб ва ичкилик бўлишдан чиқса, ҳаром бўлишдан чиқади. Спиртнинг пишадиган овқатларга лаззат берувчи сифатида қўшилишининг, гўшт ва балиққа бир миқдор шароб қўшиб пиширишнинг динан ҳеч бир зарари йўқ” деган. Спирт худди идрор (сийдик)-дек нажс эмасми? Овқатнинг ёки ичимликнинг ичига бир қошиқ идрор қўшилса, бу овқат нажс бўлмайдими?
Жавоб: Албатта нажс бўлади. Ҳатто таркибида 10% миқдорида спирт бўлган шаробнинг томчиси ҳам нажсдир. Шароб сирка ачитқиси билан ачиса, спирт сиркага айланади. Кимёвий ўзгаришга учрагани учун сирка истеъмол қилиш гуноҳ эмас. Овқатга қўшилган шароб эса асло сиркага айланмайди.
Таркибида жуда кам миқдорда спирти бўлган аралашма ҳам шароб ҳукмида бўлиб, ҳаромдир. Ундай суюқлик кишини маст қилмаса ҳам, атиги бир томчисини ичиш ҳам ҳаром бўлиб, бунга ҳалол деган одам кофир бўлади. Шароб худди идрор (сийдик) каби оғир нажосатдир. Ундан ҳар қандай тарзда фойдаланиш, дори сифатида ичиш, ҳайвонга ичириш, клизма қилиш, бурунга томизиш иттифоқ билан ҳаромдир. Шароб кўпиклангандан кейин қайнатилиб учдан иккиси кетса, қолгани ва дистилланиб олинган спиртнинг, ракининг худди шаробдек оғир нажосат эканлиги иттифоқ ила билдирилган. Буларнинг бир томчисини ҳам ичиш ҳаром эканлиги “Баҳчат-ул фатаво”да мазкурдир. (Саодати абадия)
Спиртнинг шаробдек оғир нажосат эканлиги иттифоқ билан билдирилган. (Радд-ул мухтор)
Спиртли ичимликларнинг барчаси оғир нажосат ва ҳаромдир. Бир ҳадиси шарифда “Иҳтимор (ачиб спирт ҳосил) қилган ҳар қандай ичимлик ҳаромдир” деб марҳамат қилинди. (Абу Довуд)
Бу ҳадиси шариф фиқҳ китобларида қуйидагича шарҳланади: Асал, анжир, арпа, буғдой, жўхори, олхўри, ўрик, олма ва шу каби мевалардан бири совуқ сувда туриб иситилмаса ҳам спирт ҳосил қилиб, айнан пиводек бўлади. Пиво таъми аччиқ ва тахир бўлгани (спирт сабабли) учун ози ҳам кўпи ҳам имоми Муҳаммаднинг қавли бўйича ҳаромдир. Фатво ҳам шунга кўра берилган. Нариги уч мазҳабда ҳам ҳаромдир. (Саодати абадия)
Ҳамрнинг ҳаром бўлиши зотидан ёки маст қилгани учун эмас. Томчиси ҳам, зарраси ҳам ҳаромдир. Ҳамр идрор (сийдик) ва қон каби шаръан оғир нажосатдир. Томчиси, зарраси ҳам нажсдир. (Манъи мускирот)
Савол: Жуда ҳам ачиб қолган қатиқни ичиш жоизми? Қатиқ ачиганда спирт ҳосил қиладими?
Жавоб: Йўқ, қатиқ ачиса ҳам спирт ҳосил қилмайди. Ачиган қатиқ ичишнинг зарари йўқ. Ҳатто соғлиқ тарафидан жуда фойдали.
Савол: Ичига шароб қўшилган сирка истеъмол қилинадими?
Жавоб: Қўшилган шароб сиркага айланиб бўлганидан кейин истеъмол қилинади. Оддий шаробни ҳам сирка ҳолига келганида истеъмол қилса бўлади.