...

Янги йилни нишонлаш ва рождество

Савол: Янги йил ва Исо Масиҳ таваллуди (Рождество) ҳақида маълумот берасизми? Янги йилни нишонлаш жоизми?

Жавоб: Янги йил билан рождество бир-биридан тубдан фарқ қилади. Лекин янги йил рождество байрамининг давоми ҳисобланиши мумкин бўлганидан янги йил кечаси улардек ўйин-кулгу қилиш, уйини арча билан безаш, курка пишириб ейиш жоиз эмас. Чунки ғайримуслимларнинг байрамларида уларга ўхшаб нишонлаш, уларни тақлид қилиш бўлади.

Дин китобларида айтиладики:

Рождество куни ва кечасида, кофирларнинг пасха ва диний байрамларида улардек байрам қилган киши куфрга тушади. Янги йил муносабати билан дунёнинг турли жойларида миллионлаган арча кўчатлари рождество хурофоти сабабли кесилиб, йўқ этилмоқда. Христиан ўлкаларда бўлганидек, мусулмон ўлкаларда ҳам бу жиноятлар ишланмаслиги керак. Христианларга ўхшамаслик учун янги йил кечасида курка пишириб емаслик керак. Агар ейиладиган бўлса, макруҳ бўлади. Бошқа кунлари ейиш мумкин. Қимор ўйнаш, лото ўйнаш каби ўйинлар шундоқ ҳам ҳамма вақт жоиз эмас. Бу кеча ғайримуслимларга ўхшаш учун турли егуликлар, ичимликлар олиш ҳам жоиз эмас. Ҳар куни нима олиб юрган бўлса, шу куни ҳам буларни олишнинг зарари йўқ. Бу кечага алоҳида бир эътибор кўрсатмаслик керак.

Фақат христианларнинг эмас, яҳудийларнинг ва бутун ботил динларнинг ибодатларини қилиш уларга ўхшаш бўлади. Масалан, оташпарастларнинг 21 март наврўзи, 21 сентябрь меҳрижонини нишонлаш ҳам шундай. Кофирларнинг ибодатлари ва жирканч ишларидан ташқари, мубоҳ бўлган одатларини ишлашнинг зарари йўқ. Яъни бу билан уларни тақлид қилган бўлмайди. 
Рождествони нишонлаш эса асло жоиз эмас. Бир зарурат бўлса, жоиз бўлади. Масалан, давлатларо муносабатларда зарурат бўлгани учун давлат раҳбарларининг нишонлаши жоиз бўлади. Лекин рождество билан алоқаси бўлмаган янги йилда бир мусулмонга табрик қоғози ёзиб, янги йилнинг инсонлик, мусулмонлар учун хайрли бўлишини тилаш гуноҳ эмас. Ёки “Янги йилинг қутлуғ бўлсин” деган кишига “Сенга ҳам қутлуғ бўлсин” дейиш гуноҳ бўлмайди. Бу фарқни билиб олиш керак. 
Мусулмон киши ҳар кечада нима иш қилса, бу кечада ҳам шу ишларини қилиш лозим. Худди муборак кечалардек мавлуд ўқитиш, ваъз айтиш дуруст эмас. Бу кечанинг бошқа кечалардан фарқи йўқ. Бу кечага эътибор кўрсатиш тўғри эмас.

Савол: Бир муаллиф “Христианларнинг ўз байрамларини нишонлашга ҳақи бор. Мусулмонлар ҳам ўзаро ҳурмат маъносида тинч-тотув яшаганликлари учун аҳли китобнинг қувончига шерик бўлиб, уларнинг байрамларини нишонлашади. Бунинг ҳеч қандай зарари йўқ” демоқда. Бу куфр эмасми? Динимизда ғайримуслимлариннг байрамларини нишонлаш жоизми?

Жавоб: Асло жоиз эмас. Бу ҳақида дин китобларида айтиладики: Мажусийларнинг байрамлари бўлган наврўз ва меҳрижон куни муносабати билан бир нарса ҳадя қилиш жоиз эмас. Бу кунларнинг номларини айтиб ёки ният қилиб совға бериш эса ҳаромдир. Агар буни бу кунларга қиймат бериб ишласа, кофир бўлади. Чунки бу кунларга мушриклар қиймат бермоқда. Абул Ҳафси Кабир айтадики: Бир киши Аллоҳу таолога эллик йил ибодат қилса, сўнгра бир мушрикка наврўз куни муносабати билан тухум совға қилса, кофир бўлади. Агар бир мусулмонга совға қилса ва бу кун муносабати билан бўлмаса, одат бўлгани учун берса кофир бўлмайди. Бошқа кунлари олмайдиган нарсасини шу куни сотиб олса, бу кунга қиймат берадиган бўлса, кофир бўлади. Қиймат бермай, шунчаки еб-ичиш учун олган бўлса, кофир бўлмайди. (Дурр-ул мухтор, 5/481)

“Баззозия” китобида “Наврўз куни мажусийларнинг байрамидир. Бу куни мажусийларнинг ёнига бориб, уларнинг қилганларини ишлаш куфрдир” дейилган. Рождествода ва кофирларнинг пасха каби байрамларини нишонлаган киши ҳам кофир бўлади. (Саодати абадия)

Зуннор деб аталадиган попларнинг белбоғини боғлаш ва бутларга, ҳайкалларга, масалан хоч (крест)га топиниш, бўйнига осиб юриб ҳурмат кўрсатиш, ҳурмат кўрсатишимиз амр қилинган нарсани таҳқир қилиш ҳамда таҳқир этишимиз амр қилинган нарсага ҳурмат кўрсатиш куфрдир. Буларни ишлаган кимсанинг имони кетади, кофир бўлади. (Биргивий васиятномаси шарҳи, 115, 202)

Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: Ҳиндларнинг байрам кунларига (оташга топинувчиларнинг наврўз кунига ва христианларнинг рождествосига) ҳурмат кўрсатиш ва бу кунларда уларнинг одатларини ишлаш ширк бўлади. Куфрга сабаб бўлади. Кофирларнинг байрамларида мусулмонларнинг жоҳиллари кофирларга тақлид қилиб, бу кунларни мусулмон байрами деб ўйлашмоқда. Кофирларга ўхшаб, бир-бирига совға юборишмоқда. Уйларини, дастурхонларини кофирларга тақлид қилиб безашмоқда. Бу кечаларни бошқаларидан ажратиб, ҳурмат кўрсатишмоқда. Буларнинг бари ширкдир. (Мактубот, 3/41; Саодати абадия)

Ибни Обидин ҳазратлари 5-жилдда истибро бобида “Эҳтиёж бўлганда зиммий (мусулмон давлатида яшайдиган ғайримуслим)га салом бериш ва қўл бериб кўришиш жоиз бўлади. Ҳурмат учун эса жоиз эмас. Кофирга ҳурмат кўрсатиш куфрдир” деб билдирган. (Саодати абадия)

Кофирга ҳурмат кўрсатиш, ҳурмат билан салом бериш, “Устозим” деб эҳтиром кўрсатиш куфр бўлади. (Бариқа, Ислом ахлоқи)

Муаллиф мусулмонларнинг ғайримуслимларга ҳурмат кўрсатиши кераклигини билдирмоқда. Юқоридаги ёзувлардан бундай ҳурматнинг ҳам куфр эканлиги маълум бўлмоқда. Христианларни мамнун этиш учун куфрга кириш ақлли одамнинг иши эмас.

Савол: Христианларнинг байрами бўлган рождество кечаси қайси кун?

Жавоб: Исо алайҳиссалом ер юзида кам бўлиб, кўкка чиқарилгани, уни фақат 12 нафар ҳаворий билиб, исовийлар жуда кам ва асрлар давомида яшириниб яшаганликлари учун рождество кечаси аниқ маълум бўлмаган. 25 декабрь, 6 январь ёки бошқа бир кундир. Аниғи маълум эмас. (Тақвими Абуззиё)

Милодий календарда камида 300 йилга хатолик бор. Чунки Исо алайҳиссалом билан Муҳаммад алайҳиссалом орасидаги вақт минг йилдан кам бўлмаган. (Бурҳони қатъий)

Исо алайҳиссалом билан Муҳаммад алайҳиссалом орасида 963 йил ўтган. (Мавоҳиби ладуния)

Ҳижрий йил аниқдир. Милодий йил тўғри ва аниқ эмас. Куни ҳам, йили ҳам янглиш. (Саодати абадия)

Савол: Янги йилда христианларга табрик қоғози ёзиш жоизми?

Жавоб: Янги йил учун жоиз, рождество учун жоиз эмас.

Савол: Бир христиан одам рождество куни, ундан олдин ёки кейин рождество муносабати билан бир мусулмонга (дўстига ёки қариндошига) совға берса, бу мусулмоннинг ушбу совғани олиши ва қўлланиши жоизми?

Жавоб: Берилган совғанинг зарари йўқ. Егулик бўлса, янги йилдан икки-уч кун ўтказиб, ейиш мумкин.

Савол: Янги йил кунида баъзи оилалар уйларида телевизор кўриб, оила аъзолари билан вақт ўтказадилар, еб-ичадилар. Булардан ҳаром ишлаганларининг (масалан спиртли ичимликлар ичиб, ирғишлаб рақсга тушган, лоторея ва лото ўйнаган) кофир бўлиш таҳликаси борми? Буларни ишламай оддий оилавий йиғилишларини бу кунга тўғрилашнинг зарари борми?

Жавоб: Кофир бўлиш ниятга боғлиқ. Кофирларнинг рождествосини нишонлаш нияти билан бўлса, куфр бўлади. Янги йил ўйин-кулгуси шаклида бўлса, куфр эмас. Албатта спиртли ичимлик ва қимор ўйнаш шундоқ ҳам ҳаромдир.

Савол: Янги йил кечасини янги йил келди деб нишонлаган, соқға-салом берган, севинган мусулмон кофир бўладими?

Жавоб: Нияти муҳим, янги йил бошланди деб севиниб, совға берса, куфр бўлмайди.

Савол: Бировнинг янги йил кечасига махсус пиширган мубоҳ егуликларини (курка каби) ейиш дурустми?

Жавоб: Кофирлар шу кунлари махсус пишириб ейдиган егуликларни шу кеча ейиш макруҳ бўлади. Бир неча кун ўтказиб, еса бўлади.