Савдода қасам ичиш

Савол: Бир молни харидорга яхши кўрсатиш учун қасам ичишнинг зарари борми?

Жавоб: Тўғри бўлса ҳам савдо қилаётганда қасам ичмаслик керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Молини қасам ичиб яхши кўрсатишга уринган кишига қиёматда раҳм қилинмайди.” (Муслим)

“Савдода “Валлоҳи шундай, биллоҳи бундай” деб қасам ичган кишиларга ва ҳунармандлардан “Эртага кел, индинга кел”деб сўзида турмаганларга хайф бўлсин!” (Дайламий)

“Ёлғон қасам билан кўп мол сотилса ҳам, бундай пул топишнинг баракати бўлмайди.” (Бухорий)

“Харидор билан сотувчи бир-бирига тўғри гапириб, насиҳат қилса, топганлари баракали бўлади. Молининг камчилигини яшириб, ёлғон гапиришса, бу барака кетади.” (Бухорий)

“Савдода кўп қасам ичиш молнинг баракасини кетказади.” (Муслим)

“Шундай замонлар келадики, инсонлар фақат мол, пул ҳақида ўйлаб, унинг ҳалол-ҳаромини ўйламайдилар.”(Р.Насиҳин)

Молини харидорга кўрсатаётганда сотувчининг "Аллоҳ" дейиши, калимаи тавҳид ўқиб туриши гуноҳ бўлади. Чунки бу калималарни пул топишга восита қилган бўлади. (Ал-ихтиёр)

“Ал-ихтиёр” китобидаги бу ифодадан харидор чақириш ниятида, дўконига диний лавҳалар осиш ва мусулмонлигини рўкач қилиш ҳам, динни дунёликка восита қилиш бўлиши маълум бўлмоқда. Айниқса диндан, имондан хабари бўлмаган кишиларнинг бу ҳаракати динни суистеъмол қилиш бўлади.

Ақлли киши охиратнинг абадий саодатини дунёнинг ўткинчи фойдасига алиштирмайди. Бутун яхшилик манбаининг диннинг амрларига амал қилишда ва бажаришда эканлигини билади. 

Савол: Савдода қасам ичиш ишонч уйғотади. Кўпроқ савдо қилинади. Тўғри гапни айтиб, қасам ичишнинг зарари борми?

Жавоб: Тўғри бўлса ҳам кўп қасам ичиш Аллоҳу таолонинг исмига ва қасамга ҳурматсизлик бўлади. Буларни қадрини билмай ҳар нарсага қасам ичавериш жуда ёмон. Мол сотиш учун Аллоҳнинг исмини восита қилмаслик керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Савдода кўп қасам ичишдан сақланинг! Кўп фойда қилсангиз ҳам паришон бўласиз.” (Муслим)

“Қасам молни орттирса ҳам молнинг баракасини учиради.” (Бухорий, Муслим)

Демак, кўп фойда кўриш эмас, молнинг баракали бўлиши муҳим. Барака бу – оз молнинг кўп фойдаси бўлиши, кўп ишга яраши деганидир. Айниқса ёлғон нарса учун қасам ичиш ва ҳийла ишлатиш жуда таҳликалидир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Молини ёлғон қасам билан сотган кишига охиратда аччиқ азоблар бор.” (Муслим)

“Тижоратга хиёнат аралашса, барака кетади.” (Иҳё)

Тарозида ҳийла ишлатиш ҳам катта гуноҳ. Ояти каримада маолан “Бераётганида кам, олаётганида кўп қилиб ўлчайдиган кимсаларга шиддатли азоб бераман” деб буюрилган. (Мутаффифун, 1)