Ғусл

Намознинг тўғри бўлиши учун, таҳорат ва ғусл ҳам тўғри ва бекаму кўст бўлиш керак. Булғанган, жунуб бўлган эркак ва аёлга, ҳайз ва нифосдан чиққан ҳар бир хотин-қизга бир намоз вақти ўтмасдан аввал, ғусл олиб тозаланишлари фарздир. Булғаниш (жунублик) - жинсий алоқа ва иҳтилом натижасида юзага келади.

Пайғамбаримиз «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» марҳамат қилиб айтдиларки: «Ғусл олиш учун ўрнидан турган кимсага баданидаги тукларнинг сони қадар (яъни жуда кўп) савоб берилади. Ва яна шунча гуноҳи ҳам кечирилади. Жаннатдаги даражаси ортади. Ғусл учун унга бериладиган савоб, дунёдаги бутун маҳлуқотдан ҳам хайлироқ бўлади. Аллоҳу таоло малоикаларга, Шу бандамга қаранг! Тунда эринмасдан ўрнидан туриб, Менинг амримни ўйлаб, ифлосликдан ғусл қилаяпти. Гувоҳ бўлингизки, бу қулимнинг гуноҳларини авф ва мағфират қилдим,- дейди.» Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Жунуб бўлгач тезда ғусл олинг. Чунки кироман котибин малаклари ифлос кимсадан ҳазар қилишади»,- дейилди.

Имоми Ғазолий «раҳматуллоҳи алайҳ» айтадиларки: «Бир кимса тушимда менга бундай деди: "Ҳаётлигимда озгина вақт жунуб ҳолда кезгандим. Ҳозир эса, ўша гуноҳим учун эгнимга оловдан бир кўйлак кийдиришди. Ҳамон олов ичидаман."»

Бир ҳадиси шарифда: «Жонли расм, ит ва жунуб инсон бўлган уйга раҳмат малаклари кирмайди»- дейилди.

Намоз ўқийдиган ёки ўқимайдиган ҳар бир инсон, бир намоз вақтини жунуб (ифлос, булғанган) ҳолда ўтказса, жуда шиддатли азобга дучор бўлади. Бундай ҳолларда сув билан ювиниб тозаланиш мумкин бўлмаса, таяммум олиш керак.

Жунуб кимсага қуйидаги нарсаларни ишлаш ман қилинган:

1.Намоз ўқиш.

2.Қуръони каримга ва оятларга қўл текказиш.

3.Каъбани тавоф қилиш.

4.Жомеъ ва масжидларга кириш.

Ғуслнинг фарзлари

Ҳанафий мазҳабида ғуслнинг фарзи учта:

1.Оғиз ичида сув тегмаган жой қолмайдиган қилиб оғиз ичини ювиш, чайқаш. Тишларнинг ораси ва ковакларига сув кирмаса, ғусл ўтмайди.

2.Бурунни ювиш. Бурундаги қотган кирларнинг тагига ва оғиздаги хамирга ўхшаган озиқ қолдиқлари ёпишган жойларга сув тегмаса, ғусл саҳиҳ бўлмайди. Ҳанбалий мазҳабида бурун ва оғизни ювиш, ғуслда ҳам, таҳоратда ҳам фарздир. Шофиъий мазҳабида эса, ғуслга ният қилиш фарздир.

3. Игнадек қуруқ жой қолмайдиган қилиб бутун баданни ювиш. Киндик чуқури, мўйлов, қош ва соқолни, уларнинг тагини, терини ювиш фарздир. Тирноқларда, лаб, кўз қовоғи ёки вужуднинг бошқа хоҳлаган жойида, тагига сув ўтказмайдиган бирор модда бўлса, ғусл қабул бўлмайди. Баданда игнанинг учидек қуруқ жой қолдирмай ювинмагунча, ғусл тамом бўлмайди.

Ғуслнинг суннатлари

1.Аввал қўлларни ювиш.

2.Адаб (аврат) жойларини ювиш.

3.Бутун баданни кирлардан тозалаш.

4.Ғуслдан аввал таҳорат олиш ва юзни юваётганда ғусл учун ният қилиш. Шофиъий мазҳабида ният қилиш фарз.

5.Бутун баданни уч маротаба уқалаб ювиш.

6.Бутун баданни ювгандан кейин икки оёқни ювиш.

Ғусл қандай олинади?

Суннатга мос ғусл қуйидагича олинади:

1.Аввал тоза бўлса ҳам, икки қўл, аврат аъзолари ва баданнинг нажс теккан жойлари ювилади.

2. Кейин тўлиқ бир таҳорат олинади. Юз ювилаётганда ғуслга ният қилинади. Ишлатилган сув тўпланиб оёқ тагида кўлмак ҳосил қилмаётган бўлса, оёқлар ҳам ювилади.

3. Сўнгра бутун баданга уч марта сув қуйилиб ювилади. Аввал уч марта бошга, кейин ўнг елкага, сўнгра эса чап елкага ҳам уч марта сув қуйилиб, ҳар сув қуйишда ўша тараф тамоман ҳўлланиши керак. Биринчи сув қуйишда қўл ёки бирон латта билан яхшилаб ишқаланиб ювилади. Ғуслда бир аъзога қуйилган сув бошқа аъзоларга оқитилса, оқитилган узвлар ҳам тозаланган бўлади. Чунки ғуслда бутун бадан бир аъзо бўлиб ҳисобланади. Ваҳоланки таҳорат олаётганда бир аъзога тўкилган сув билан бошқа аъзони ювиб бўлмайди. Ювилса ҳам, покланган ҳисобланмайди. Ғусл олингач, дарров орқасидан таҳорат олиш макруҳдир. Лекин ғусл олаётганда таҳорати синган бўлса, янгидан таҳорат олиш шарт бўлади.

 Савол: Ғусл ҳакида саволим бор эди. Жунуб бўлган аёл ғусл олганда сочларига масҳ тортса бўладими? Ёки сочларини ювиш шартми? 

 Жавоб:  Қуйида саволингизга жавобни мазҳаблар бўйича кўрсатиб ўтамиз.

 Ханафий мазҳабида: 

 Ғусл бузилмасдан аввал сочлари ўрилган ҳолда бўлган аёл ғусл олаётганда ўримларини ечмасдан фақат соч тагларига сув етказиб, ҳўллаши фарз. Агар ўрилган сочининг тагларига сув етказа олса, сочларини тўлиқ ювиш шарт эмас. Агар соч тагларини ҳўллай олмаса, ўрилган сочини ечиши керак бўлади. Лекин ғусл бузилмасдан аввал сочлари ўрилмаган, ёйилган ҳолатда бўлса, унда сочларини тўлиқ ювиш фарз бўлади. (Радд-ул мухтор)

 Моликий мазҳабида: 

 Соч таглари ҳўлланмайдиган бўлса, ўрилган сочни ечиши ва сочларини тўлиқ ювиш фарз. Агар ўрилган сочларнинг тагига сув етиб бормаса, ўримларини ечиб, бутунлай ювиш фарз. (Ал муқаддаматул иззия)

 Шофеъий мазҳабида: 

 Ғуслда ўрилган сочни ечиб, орасини ҳўллаш фарздир. (Ислом ахлоқи)

 Ханбалий мазҳабида: 

 Ғуслда ўрилган сочни ечиш жунубга суннат, ҳайзга фарздир. (Мазоҳиби арбаъа)