Муддати ўтган тўлов устига қўшимча ҳақ талаб қилиш

Савол: Савдода бўлиб тўлашда муддатидан кечиктирган харидорлардан қўшимча ҳақ талаб қилиш жоизми?

Жавоб: Бир молни нақдга арзон, насияга ёки бўлиб тўлаш шарти (рассрочка) билан қимматга сотиш жоиз. Лекин тўловни маълум муддатга чўзиб бергани ёки харидор муддатидан кечиктиргани учун қўшимча учун ҳақ талаб қилиш жоиз эмас. Маълум муддатда бўлиб тўлаш шарти билан мол сотиш ва муддатни узайтиргани учун ҳақ талаб қилиш икки хил иш. буларни бир-бири билан чалкаштирмаслик керак. Масалан 10 сўмлик молни эҳсон қилиб, 5 сўмга сотиш жоиз бўлганидек, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки нақдга 15 сўмга ҳам сотиш жоиз. Лекин тўлов муддати тугагач тўланмаган ойлар учун устига ҳақ талаб қилиш жоиз эмас. Лекин харидор пулни бергунича пулнинг қадри тушиб кетса, молнинг сотилган кунидаги қийматини талаб қилиш мумкин. Масалан, мол сотилган 40 сўм билан ўша вақтда бир олтин танга олиш мумкин бўлса, пулнинг қадри тушиб кетгани учун ҳозирга келиб бир олтин танга 80 сўм бўлиб кетган бўлса, харидордан бир олтин танга ёки шуни сотиб оладиган миқдорда пул талаб қилиш жоиз бўлади. Бу ҳолатда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотгани учун эмас, балки сотилган молнинг қиймати талаб қилинган бўлади. Бу ерда сотувчи зарар кўрмаганидек, олувчи ҳам ортиқча пул тўламайди. Бу имоми Юсуфнинг қавлидир. (Радд-ул мухтор) 

Савол: Бир кишига шошилинч пул керак бўлиб турганда, атрофдан қарз тополмаса, автомобилини нақд 10 мингга сотиб, ўша кишидан қайта 12 мингга бўлиб тўлаш йўли билан сотиб олиш орқали масаласини ҳал қилса, жоиз бўладими?

Жавоб: Жоиз эмас. Агар автомобилни нақд 10 мингга сотиб, бир неча кундан кейин 12 мингга бўлиб тўлаш йўли қайтадан олса, фоиз бўлмайди. Лекин буни аввалдан келишиб олмаслик керак.

“Том илмиҳол”да бундай дейилган: “Фоиз гуноҳидан қутулиш учун “Ийна” йўли билан қарз бериш жоиз. Ибни Обидин “Сарф” ва “Кафолат” боби сўнгида ёзадики: Ийна савдосида бадавлат киши 10 сўмлик молни фақирга масалан 12 сўмга сотади. Фақир бу молни олиб бошқасига, нақд 10 сўмга сотиб, ўн сўмни қўлга киритади. Бадавлат кишига 12 сўм қарз бўлади. Имоми Абу Юсуф наздида бу жоиздир.”

Ийна бир молни насияга сотиб, буни шу жойда ўша харидордан нақд ва арзонга олишдир. Иккинчи баҳо нақд бўлгани учун бундай савдога “Ийна савдо” дейилади. Икки нарх аввалдан келишилиб, шарт қилинса, бу иттифоқ-ла ҳаром бўлади. Аввалдан шарт қилинмаса, Шофеъийда жоиз бўлади. Харидор бу молни шу жойда бошқасига сотса, жоиз. (Ҳадиқа, Бариқа) 

Савол: Мен доим 800 сўмга нақд сотилаётган молни насияга минг сўмга оламан. Бир танишим “Сенга 800 сўм бераман, бориб шу молни нақд ол-да, унга берадиган минг сўмлик чекни менга бер” деди. Бу жоиз бўладими?

Жавоб: Китобларда айтиладики: Бадавлат киши 10 минг сўмлик молни фақирга, масалан, 12 минг сўмга насияга сотса, фақир бу молни олиб бошқасига нақд 10 минг сўмга сотади. Шунда фақир 10 минг олиб, бадавлат кишига 12 минг қарз бўлади. Бу шаклдаги савдо жоиздир.

Яна китобларда айтиладики: Бой киши 1000 сўм қарз сўраган фақирга бир молни 2 минг сўмга насияга сотади. Сўнгра дўсти Алини ортидан юборади. Али ўзи учун бу молни фақирдан нақд минг сўмга сотиб олади. Лекин пулини дарров бермай, молни олиб бориб бадавлат кишига минг сўмга сотади ва пулини фақирга беришини айтади. Бадавлат киши минг сўмни фақирга беради. Вақти келганда фақирдан икки минг сўмини сўрайди. Бундай савдога Жаноби Расулуллоҳ рухсат берганлар. (Қодихон)

Би ифодаларга қарасак у танишингиздан 800 сўмни олиш учун бир ручкани ёки бошқа нарсани унга 800 сўмга нақд пулга сотасиз. 800 сўмни олиб бориб, ўзингиз олмоқчи бўлган молни сотиб оласиз. Танишингиз эса сиздан олган қаламни ёки бошқа молни сизга насияга минг сўмга сотади. Вақти келганида танишингизга минг сўмни берасиз. Мана шу тариқа фоиздан қутуласиз. 

Савол: Бир молнинг нақд баҳоси 7 сўм, 10 ой муддатга бўлиб тўлаш йўли билан оладиган бўлсак, нархи 10 сўм бўлади. Бир тижоратчи танишим “Мен сенга 7 сўм бераман, бориб молни ол. Кейин менга бўлиб тўлаш йўли билан 10 сўм тўлайсан” деди. Бу жоизми? Жоиз бўлмаса, қандай қилиш керак?

Жавоб: Бу фоиз-рибо бўлади. 7 сўмлик молни нақд 10 ёки 12 сўмга олсангиз жоиз бўлади. Заруратсиз фоизга тушиб қолмаслик керак. Қуйидагича бўлса фоиз бўлмайди: Танишингиз келиб, бу молни нақд пулга сотиб олади. Сизга бўлиб тўлаш йўли билан 10 сўм ёки ундан ҳам кўпроқ нархга сотиши мумкин. Бунинг ҳеч зарари йўқ. Муддатини чўзиши ёки қисқартириши мумкин. Нақд пулни фоиз билан бера олмайди. Динни ўзимизга эмас, ҳар бир ишимизни динга мослашимиз керак. 

Савол: Бир молни бўлиб тўлаш йўли билан сотаётганда кечиктириш жазосини қўйиш жоизми?

Жавоб: Жоиз эмас, фоиз бўлади. Лекин молнинг сотилган вақтидаги олтин билан қиймати белгиланиб “Вақтида тўланмаса, оладиганимни олтин билан тўлайсан” дейилса, бу миқдорни сўраш жоиз бўлади. 

Савол: Муддатлари аниқ қилиб белгиланмасдан, бир йил ичида имкон бўлган сайин тўлаш шарти билан мол сотиш жоизми?

Жавоб: Жоиз, чунки охирги муддати белгиланган.