Чаршаф, салла кийиш, соқол қўйиш

Савол: Кундалик урф-одатга тегишли суннатларга риоя қилмаслик гуноҳми?

Жавоб: Суннатлар урф-одат, анъанага тегишли бўлиш-бўлмаслигига қараб икки хил бўлади:

1- Суннати ҳудо: азон, иқомат айтиш каби ислом динининг шиорларидир. Бошқа динларда йўқ.

2- Суннати зоида: кўпликда "суннати завоид" дейилади. Расулуллоҳнинг юриш-туриш, кийиниш шакли, еб-ичишлари, воситага минишлари, бир ишни ўнгдан бошлаши ёки чапдан бошлашлари, соч кўриниши, салла ўраш шакли каби одатлардир.(Ҳадиқа)

Расулуллоҳнинг одатларга боғлиқ суннатларига эргашиш ҳам катта шараф ва савобдир. Лекин уларга риоя қилмаслик гуноҳ, ҳатто макруҳ ҳам бўлмайди. Масалан, пайғамбаримиз туяга минардилар. Туяга минмаслик гуноҳ ёки макруҳ ҳам эмас. Арабларнинг одати бўйича муборак тўпиқларигача узун кўйлак (дишдаша, антари) киярдилар. (Ибни Асокир)

Бугун арабларнинг аксари антари киймоқда. Бизда эса, одат бўлмагани учун эркаклар антари киймайдилар. Суннати зоида бўлгани сабабли антари киймаслик гуноҳ ва макруҳ эмас. Салла щрабб юриш ҳам Расулуллоҳнинг одатларидан эди. Ҳадиси шарифда “Салла арабларнинг тожидир” деб марҳамат қилинган. (Байҳақий)

Соқол ҳам одатга боғлиқ суннатлардан. Кофирлардан ҳам соқол қўйганлари бор эди. Бухорий, Муслим, Насоий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган “Суннат бўлган ўн нарсадан бири соқол қўйишдир” ҳадиси шарифи соқолнинг суннат эканлигини очиқча билдирмоқда. Соқолнинг бир тутамдан ортиғини қирқиб қисқартиш суннат. Бир тутамдан калта қўйиш эса, суннатга зиддир. Суннат бўлсин деб иякка ёпиштириб бир тутамдан калта соқол қўйиш бидъатдир. Бундай бидъат соқоли бор одамнинг бидъат гуноҳидан қутулиш учун уни бир тутамгача ўстириш вожиб бўлади (яъни фарз). (Радд-ул мухтор)

“Баҳр-ур-ройиқ”да “Эркакларнинг сочларини ўриб олишлари макруҳ. Чунки сочини ўриш баъзи кофирларга ўхшаш бўлади” деб айтилган. Демак, кофирларнинг одатларига ўхшагани учун тақиқланган нарсани қилиш ҳам ҳаром эмас, макруҳ бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Мушрикларга ўхшаманг, мўйловингизни қисқартиринг, соқол қўйинг.” (Насоий)

“Мажусийлар узун мўйлов, калта соқол қўядилар. Уларга мухолафат қилинг, мўйловингизни қисқартиринг, соқолингизни узайтиринг!” (И.Ҳиббон)

“Намозни наълин (оёқ кийими) билан ўқингки, шунда яҳудийларга ўхшамаган бўласиз!” (Ҳаким)

“Наълини бўлмаган киши маҳси кийсин!” (Муслим) (Наълин – уй ичида кийиладиган пайпоқ каби юмшоқ оёқ кийими)

“Баҳр-ур-ройиқ”нинг ифодасига кўра бу ҳадиси шарифлар соқол тарош қилишнинг ва яланг оёқ билан намоз ўқишнинг макруҳ эканлигини билдиради. Яна ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Яҳудий ва христианлар соқол бўяшмайди. Сизлар уларга ўхшаманглар, соқол бўянглар!” (Муслим)

“Сочларингизни қизил ёки сариққа бўянг, аҳли китобга мухолафат қилинг!” (И.Аҳмад)

Асҳоби киромнинг баъзилари бўяди, баъзилари бўямади. Чунки бундай урф-одатга тааллуқли бўлган амрга ва тақиққа амал қилиш вожиб эмас. Бу масалада яшаётган шаҳарининг одатига қараб иш тутилади. (Ҳадиқа)

Асҳоби киром соқолларини қиртишлаб олмади. Чунки у вақтлар соқол қўйиш арабларнинг одати эди. Абу Жаҳл каби кўплаган кофирлар ҳам соқол қўйишганди. (Агар соқол ва салла одатга оид суннат бўлмай, суннати ҳудо, яъни ислом динига хос хусусиятлардан бўлганида эди, мушриклар мусулмонларга ўхшамаслик учун дарров саллаларини ташлаб, соқолларини олиб ташлашарди.)

Суннат бўлган соқолга ҳурмат қилмаган киши кофир бўлади. Юзини аёлларникига ўхшатиб силлиқ қилиш, аёларга ўхшаш нияти билан соқолини қиртишлаб олиш ҳаромдир. Аёлларга ўхшашни ўйламай, ёш ва гўзал кўриниш учун соқол олиш макруҳдир.(Кимё-и саодат) 

Завоид суннатларнинг изоҳи

Юқоридаги ёзувимизда соқол қўйишнинг завоид суннат эканлигини билдиргандик. Ҳадиси шариф ва фиқҳ китоблари соқол қўйишнинг суннат эканлигини билдирган. Бунга вожиб ёки Ибни Таймиядек фарз деганлар суннатга ва жумҳури уламога қарши чиққан бўлишади. Кофирларга ёки аёлларга ўхшаш мақсадида соқолни бир тутамдан калта қўйиш ёки бутунлай олиб ташлаш ҳаромдир. Ўзгага ўхшаш нияти бўлмай мамлакатнинг одати бўйича ҳаракат қилиш учун бўлса макруҳдир. Калта соқолга суннат дейиш бидъат бўлади. суннатга аҳамият бермаса, кофир бўлади. Суннатни бирон узр билан тарк этиш жоиздир. Жаноби Пайғамбаримиз роҳибларнинг пойафзалини кийгандилар. (Радд-ул мухтор, Мавоҳиб)

Жаноби Пайғамбаримиз узун антари (араб ўлкаларида эркаклар киядиган узун кийим-дишдаша) кийганлар, шим киймаганлар. Шим кийиш одатда бидъатдир. Одатда бидъат бўлган нарсани ишлаш гуноҳ эмас. Самолётга миниш ҳам одатда бидъатдир, гуноҳ эмас. Шунинг учун одат бўлган жойларда кофирлардан келган бўлса ҳам аёлларнинг чаршаф, эркакларнинг шим кийишлари гуноҳ эмас. Жаноби Пайғамбаримиз баъзан рум, баъзан араб кийимларини киярдилар. Термизий билдирган ҳадиси шарифда енглари тор, рум чопонини киярди. (Мавоҳиб-и ладунния)

Баъзи кишилар нақлни асос қилиб олмай, соқол қиртишлаб юриш кофирларга ўхшаш бўлганлигидан ҳаром, дейишади. Бу нотўғридир. Чунки “Бир қавмга ўхшаган одам улардан бўлади” ҳадиси шарифидаги “ўхшамоқ” сўзидан мақсад ибодатларда ўхшамоқдир. Юриш-туриш, кийим-кечак, турмуш тарзига алоқадор нарсалар одатдир. Жирканч бўлмаган одатларда кофирларга ўхшамоқ гуноҳ бўлмайди. Ибодатда кофирларга ўхшаш баъзи жойларда макруҳ, баъзи жойларда ҳаром, баъзи жойларда куфр бўлади. масалан, хоч (крест) таққан кимса кофир бўлади. Лекин кофир кўйлагини кийиш, соч ўстириш, самолётга миниш, столда овқатланиш, қошиқ-санчқи ишлатиш гуноҳ эмас. Чунки бу ерда одатдаги суннатларга эргашилмаган бўлади.

Завоид суннатларни ишламаслик гуноҳ бўлмаса ҳам, уни ўзгартириб, ўзгача тарзда бажариб, уни суннат деб аташ бидъат бўлади. Масалан, умуман салла киймаган одам гуноҳ қилган бўлмайди. Лекин суннат деб салланинг бир учини ўнг елкага, бир учини чап елкага ёки олдинга осилтириб қўйиш, суннат деб фақат иякка думалоқ қилиб соқол қўйиш ёки бир тутамдан калта бир-икки энлик соқол қўйиш ҳам бидъат бўлади.

“Мушрикларга ўхшамаслик учун соқолингизни ўстиринг” ҳадиси шарифи бор деб соқол қўймаган ҳар мусулмонга мушрик дейиш дуруст эмас. Мубоҳ бўлган одатларда кофирларга ўхшашнинг зарари йўқ. (Ҳадиқа)

Лекин суннати завоидни ҳам ёқтирмаган ва ҳазил-мазах қилган киши кофир бўлади. Масалан, бир киши “Пайғамбаримиз аёлларга ўхшаб узун кўйлак кийган экан” деб мазах қилса, имони кетади. Ёки соқолни ёқтирмагани туфайли ёхуд шунчаки суннатга мос соқоли бўлган кишини ҳақоратлаш мақсадида “чамбар соқоллик” деган кимса кофир бўлади. Чунки муҳтарам пайғамбаримизнинг қилган ишларини, яъни суннатини ёқтирмаган бўлади. Ҳолбуки Аллоҳу таолонинг бутун инсонларнинг энг устуни қилиб яратган ва оламларга раҳмат қилиб юборган Пайғамбарини ёқтирмаслик, Аллоҳни ёқтирмаслик бўлади. Бошқача айтганда “Нимага бундай Пайғамбар юбординг” дегани бўлади. Аллоҳни ҳам, Расулини ҳам ёқтирмаган кимсанинг кофир бўлиши кундек равшан.

Охир замонда мусулмонларнинг фитнага сабаб бўлмаслиги учун динларининг заруриятларини яширинча бажаришлари амр қилинган. Шунинг учун дор-ул-ҳарбда ёки ўз юртида зулм кўрмаслик, нафақасини топа олиш, амри маъруф қила олиш, мусулмонларга ва исломиятга хизмат қила олиш, динини, номусини ҳимоя қила олиш учун соқолини қиртишлаб юриши жойига қараб жоиз, ҳатто лозимдир.

Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Жаноби Пайғамбаримизнинг бундай одат сифатида қилганларига риоя қилмаслик бидъат эмас. Буларни бажариш-бажармаслик ўлкаларнинг ва инсонларнинг одатларига боғлиқ бўлиб, диний ҳукмлар эмас. Ҳар ўлканинг одати бир-биридан фарқланади. Ҳатто бир ўлканинг одати вақт ўтиши билан ўзгариб ҳам кетади. Бу билан бирга одатга боғлиқ ишларда ҳам Расулуллоҳга эргашиш дунё ва охиратда инсонга кўп савоб қозонтиради ва турли саодатларга йўл очади.” 

Соқол қиртишлаш ва фитна

Савол: Динга хизмат қилиш учун фитнанинг олдини олиш учун соқолни тагидан қиртишлаш жоиз, дейишади. Баъзилари эса буни лозим дейишади. Жоиз дейилса ҳам, бунга лозим деб айтиш жоизми?

Жавоб: Аввало "фитна" дегани нима? Имоми Биргивий, Муҳаммад Ходимий ва Абдулғани Наблусий ҳазратлари фитнани “Мусулмонлар орасида одам ажратиш, бўлувчилик қилиш, уларни ташвишга, зарарга, гуноҳга дучор қилиш, инсонларни исёнга ташвиқ қилишдир” деб таърифлаганлар. Фитнага сабаб бўлиш ҳаромдир. Соқол қўйиш суннат. Ҳаромга сабаб бўлиш ҳаромдир. Ҳаром қилмаслик учун суннат албатта тарк этилади. Чунки динимизнинг амри шундай. Ватан олдидаги бурчи бўлган ҳарбий хизматга кетаётганда бир қанча сабаблар туфайли соч ва соқолларини қиртишлаб олиб ташлаш мажбурияти бор. Олдирмаган нима бўлади? Жазоланади, зарарга учрайди. Ҳарбий хизматда аскар, зобит ёки амалдор вазифасида бўлса, у жойнинг низомига амал қилмаганлиги учун албатта жазосини олади. Энг камида ишидан, постидан қувилади. Юқоридаги таърифда зарарга учрашнинг ҳам фитна эканлиги билдирилмоқда. Фитнага сабаб бўлмаслик учун суннатни тарк этиш, фақат жоизгина бўлиб қолмай, вожиб, ҳатто фарз ҳам бўлади.

Бўлган воқеа:

Соқол қўйган жоҳил бир домла намоз ўқийдиган зобитга камситиш учун “Нимага соқол қўймайсан? Ёки ризқингдан қўрқасанми? Аллоҳ бошқа жойдан ҳам сенга ризқ берадику” дейди. Зобит “Ризқимдан қўрқмайман. Ватан, номус, дин мудофааси учун фарз бўлган илмлар билан шуғулланиб, кофирлардан, дин ва ватан душманларидан устун бўлиш сабабларини тадқиқ қиляпман. Дин ва ватан душманлари юртимизгача босиб келиб сенинг соқолларингни бирма-бир юлмасин деб соқол қўймаяпман” деб жавоб беради. 

Уйланиш ҳам суннат. Бу суннатни тарк этган киши гуноҳ қилган бўлмайди. “Уйланмаганлар биздан эмас” ҳадиси шарифи уйланмаган кишининг кофир бўлишини кўрсатмайди. Уйланмаган одам фақат бир суннатга амал қилмаган бўлади. Уйланиш суннатига ёки соқол қўйиш суннатига амал қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди. Мазҳабсиз Юсуф Қарзовий ҳам соқол мавзусида аҳли суннатга уйғун ёзиб айтадики:

“Ибни Таймия “Мушрикларга мухолафат қилинг, соқолингизни ўстиринг” ҳадиси шарифи соқол қиртишлашнинг ҳаром эканлигини кўрсатади, деди. “Фатҳ”да “Иёд”дан олиниб “Макруҳдир” дейилди. Мубоҳ деганлар ҳам бўлди. Тўғриси, ҳадис соқол қўйишнинг вожиб эканлигини кўрсатмайди. “Яҳудий ва насоро соқол бўямайди. Сиз уларга мухолафат қилиб, соқолингизни бўянг” ҳадисига асосланиб, соқол бўяшнинг вожиб эканлигини айтган олимлар бўлмади. Бу ҳадис мустаҳаб эканлигини кўрсатмоқда. Салафи солиҳиннинг замонида соқол қўйиш одат эди.” (Ал-ҳалол вал-ҳаром)

Соқолни камситган, ҳақоратлаган одам кофир бўлади. Юзини аёллардек ялтирлатиш, аёлларга ўхшаш мақсадида соқол тарош қилиш, ёки иякни қиртишлаб, ёноқлари устидагини ўстириш ҳаромдир. Чунки эркакларнинг аёлларга ва аёлларнинг эркакларга ўхшашга уринишлари ҳаромдир. Аёлларга ўхшашни ўйламасдан, ёш ва чиройли кўриниш учун соқол қиртишлашнинг макруҳ эканлиги “Кимё-и саодат”да ёзилган. Такрор айтамиз: Одамнинг олдига суннат билан ҳаром ёки макруҳ иш тўғри келиб қолганда ҳаром ёки макруҳни қилмаслик учун суннат тарк этилади.

Савол: Арабчадан таржима қилинган бир китобда салланинг учини осилтириб қўйишнинг яҳудий одати эканлиги ёзилибди. Салланинг учини осилтириш суннат эмасмиди?

Жавоб: Бу китобни таржима қилган кимса тўрт мазҳабда ҳам ҳаром бўлган бир хусусга "ҳалол" деган Ибни Таймиянинг издоши бўлган бидъат аҳлидир. Ундай бидъатчиларнинг шахсий сўзи динда мўътабар ҳисобланмаганидек, қилган таржималари ҳам мўтабар эмас. Мўтабар эмас дегани, эътиборга олинмайди деганидир. Жаноби Пайғамбаримизнинг салла ўраганларида салланинг учини икки кураги орасига ташлаб қўйганлиги “Саҳиҳи Муслим”да мазкурдир. Салланинг учини орқага ташламай, ўнгга, чапга ёки олдинга ташлаб қўйиш суннатни ўзгартириш бўлгани учун бидъатдир.

Ислом олимларининг энг улуғларидан бўлган имоми Раббоний ҳазратлари айтадики:

“Баъзи олимлар салланинг учини чап елкаси устига ташлаб қўйишнинг чиройлироқ кўринишини айтганлар. Ҳолбуки салланинг учини икки курак орасига ташлаб қўйиш суннатдир. Чап елкасига ташлаб қўйиш бидъат бўлади. Бу бидъатнинг суннатни очиқча емириб, йўқ қилаётгани маълум.” (Мактубот 1/186)

Расулуллуоҳ пайғамбарлиги билдирилишидан аввал ҳам бошқа араблар сингари салла ўрардилар. Яъни салла, оддий бир кийиниш тарзидир. Бунга “Суннати завоид” дейилади. Суннати завоидни ҳаётда умуман қилмаслик гуноҳ бўлмайди. Лекин буни ўзгартириб, ўзгача кўринишга солиб, унга суннат дейиш бидъат бўлади. Масалан, умрида салла ишлатмаган, ўрамаган мусулмон гуноҳ қилган бўлмайди. Лекин суннатга амал қиляпман деб, салланинг икки учидан бирини ўнг елкасига, наригисини чап елкага ташлаб қўйиш бидъат бўлади. Ҳадиси шарифда эса “Ҳар қандай бидъат бузуқликдир, адашувчиликдир” деб марҳамат қилинган. (М.Ладунния)

Соқол қўйиш ҳам худди салла ўрашдек суннати завоиддир. Суннатга риоя қиламиз деб фақат иякка икки энлик қисқа соқол қўйиш суннатнинг кўринишини, зотини ўзгартириш бўлиб, ҳам бидъат ҳам ҳаромдир. Ҳолбуки, хоҳлаган бир узр туфайли соқол қўймаслик гуноҳ эмас. Лекин суннатни қиламан деб, суннатнинг аслини ўзгартириш гуноҳ бўлади. Динимизнинг хоҳлаган бир амрини эгиб-букиб, ўзгартириш бидъат бўлади. Бир амрни ўзгартириб, ўзига мослаб, нотўғри равишда бажариш уни умуман бажармагандан ҳам ёмонроқ, чиркинроқ бўлади. Бир киши “Намоз мана шундай ўқилади” деб, турли гимнастик ҳаракатлар қилса, бенамоздан ҳам катта гуноҳ иш қилган бўлади. Диннинг хоҳлаган буйруғини ўзгартириш, уни бажармасликдан ҳам катта фалокат бўлади. (Ҳадиқа, Бариқа, Ҳошия-и Табйин) 

Ҳозирги саллалар

Савол: Дин китобларида “Расулуллоҳ оқ, баъзан қора докани бошига салла қилиб ўраб, учини икки қарич қилиб икки елкасининг орасига ташлаб қўярдилар. Салласи 3,5 метргача бўларди. Салласини дўпписиз ўрар, баъзан салласиз дўппи киярдилар” дейилган. Чопонининг олди бекилган бўларди. Лекин бугунда саллаларнинг баъзиларида учи йўқ. Чопонлар ҳам тугмасиз. Булар бидъат бўлмайдими?

Жавоб: Салланинг учини икки курак орасига ташлаб қўйиш суннат. Лекин Расулуллоҳнинг учи ўрамдан чиқарилмаган салла ҳам кийганлари ҳақида ривоят бўлгани учун ҳозирги саллаларга бидъат дейилмайди. Афзали учини икки елка орасига 1-2 қарич узунликда ташлаб қўйилишидир. Чопоннинг, костюмнинг олдини бекитиб олган яхши. Тугмасиз бўлганга бидъат дейилмайди.

Савол: Уйда намоз ўқиётганда салла ўрайман. Баъзилар саллаларининг учини икки кураклари орасига ташлаб қўйишади, баъзилар эса учини осилтирмай ўрамга сиқиштириб қўйишади. Буларнинг қайси бири бидъат?

Жавоб: Иккаласи ҳам бидъат эмас. Расулуллоҳ салла ўрамасдан кулоҳнинг ўзини ҳам кийганлари учун бугунги имомларнинг саллаларига бидъат демаслик керак.

“Расулуллоҳ салланинг остидан кулоҳ киярдилар. Салласиз кулоҳ кийганлиги ҳам маълум. Яман моли бўлган дўппи ҳам киярдилар.” (Ибни Асокир)

Аъло бўлгани эса, салланинг учини икки қаричча икки куракнинг орасига ташлаб қўйишдир. Жаноби Пайғамбаримиз марҳамат қилдиларки: “Салла ўранг! Салланинг учини орқангизга ташлаб қўйинг.” (Табароний)

“Расулуллоҳ салласининг учини икки кураги орасига ташлаб қўярдилар.” (Термизий, Табароний)

“Нофий Ибни Умарнинг салласининг учини курак суяклари орасига ташлаб қўйганлигини айтди.” (Термизий)

“Ҳазрати Ҳусайннинг невараси Муҳаммад бин Али билдирадики: Жобир бин Абдуллоҳнинг салласининг учи орқага ташланганди. У бизга имом бўлиб, намоз ўқитди.” (Муслим, Абу Довуд)

“Расулуллоҳ кўпинча оқ, баъзан қора докани салла қилиб ўраб, учини икки елкаси орасига ташлаб қўярдилар. Саллани дўпписиз ўрар, баъзан салласиз дўппининг ўзини киярдилар.” (Барчага лозим бўлган имон)

Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Салланинг учини чап елкаси устига ташлаб қўйиш бидъат, икки курак орасига ташлаш суннатдир.” (Мактубот, 1/186)

Имоми Раббоний ҳазратларидан келаётган силсилага боғланган мусулмонларнинг саллаларини улар ўраганидек ўрашлари муносиброқ бўлади. 

Дўппи ва салла

Савол: Баъзилар “Боши очиқ ҳолда намоз ўқиш, дўппи билан ўқигандан афзалдир, чунки дўппи яҳудий одатидир” дейишади. Дўппи билан намоз ўқиш суннат эмасми?

Жавоб: Дўппи яҳудийларнинг одати эмас. Намозда бошини бекитиш суннатдир. Дўппи кийиш орқали бу суннат бажарилади. Салла ўралса, бундан ташқари мустаҳаб савоби ҳам қозонилади. Дўппи кийиб ўқилган намознинг савоби, салла кийиб ўқилган намознинг савобичалик бўлмайди. Шунинг учун уйда дўппига бир дока ўраб, яъни салла ҳолига келтириб, намоз ўқишнинг савоби  жуда катта.

Асҳоби киром “Расулуллоҳ салласиз дўппининг ўзини ҳам киярдилар” деб айтганлар. (Ибни Асокир)

Расулуллоҳ кўпинча оқ, баъзан қора докани бошига салла қилиб ўраб, учини бир қаричча икки кураги орасига ташлаб қўярдилар. Салласини дўпписиз ўрар, баъзан салласиз дўппининг ўзини ҳам киярдилар. (Барчага лозим бўлган имон) 

Савол: Баъзилар Қуръонда ўтган “жилбоб” (ҳижоб) калимасига чоршаф дейишмоқда ва аёлларга чаршафдан бошқа ёпинчиқнинг жоиз эмаслигини, чаршаф билан ёпиниш фарз эканлигини айтишмоқда. Чоршаф христиан роҳиба либоси эмасми? Чоршаф кийган хотин уларга тақлид қилган бўлмайдими? Чоршаф кийиш бидъат эмасми?

Жавоб: Чоршаф - номи айтиб тургандай дастлаб Эронда пайдо бўлган, у ердан арабларга ёйилиб русум бўлган, бу кунларда араб ўлкаларидан бошқа Ислом оламига ёйилаётган қора рангли бир кийим тури холос. Бу ерда чоршафни айни ҳижоб деб даво қилаётган кимсалар билмайдиган бир нозик нуқта бор:

“Чоршаф жилбоб (ёпиниш) турларидан биридир, лекин ҳар жилбоб фақатгина чоршаф деган маънога келмайди.”

Жилбобни "чоршаф" деб таърифлаб тарғиб қилган ислом олими йўқ.

Чоршаф кийишни фарз деб кўтариб юрганларнинг қарашлари шахсийдир, илмий эмас. Чунки ҳеч бир мўътабар фиқҳ ва тафсир китобларида бунинг асли асоси йўқ. Мўтабар дин китобларида айтиладики:

“Аёлларнинг вужуд шаклини кўрсатмайдиган хоҳлаган либос билан ёпинишлари фарздир. Динимиз ёпинишни амр қилди, лекин маълум бир жилбоб, ҳижоб турини шарт қўшмади.” (Дурар-ул-мултақита)

Аҳзоб сурасида ўтадиган "жилбоб" калимаси эркаклар ҳам, аёллар ҳам киядиган бир либос, кўйлак туридир.

“Завожир” ва “Бариқа”даги ҳадиси шарифнинг маъноси қуйидагича:

“Эгнидан ҳаё жилбобини (либосини) ечган кишининг ортидан сўзлаш ғийбат бўлмайди.” (Байҳақий)

“Жилбоби (кўйлаги) ҳаром бўлган эркакнинг намози қабул бўлмайди.” (Баззор)

Бу ҳадиси шарифларда ҳам жилбобнинг аёлларга махсус чоршаф эмаслиги, умуман либос маъносида эканлиги очиқча кўриниб турибди.

Жилбобнинг ташқи кийим, ташқи ёпинчиқ эканлиги тафсирларда ҳам ёзилган:

“Жилбоб рўмолнинг устидан ёпиладиган ва кўксигача тушиб, кўйлагининг ёқасини, бўйнини бекитиб турадиган бош ёпинчиғидир.” (Абуссуд тафсири)

“Жилбоб – бир бутун ёпинчиқдир.” (Жалолайн)

“Жилбоб – кўкраккача тушиб турадиган рўмолдир.” (Руҳ-ул-баён)

“Жилбоб – милҳофа, яъни ёпинчиқдир.” (Байзовий)

“Жилбоб – ҳимордан, яъни рўмолдан катта ёпинчиқ ёки вужудини бекитадиган ташқи кийимдир.” (Қуртубий)

“Жилбоб – баданни бошдан бошлаб бекитиб турадиган чоршаф, фаррожа (паранжи), пўстин каби устки ташқи кийим.”(Олмалили тафсири)

“Жилбоб – ҳимор рўмол, антари кўйлак ёки ташқи ёпинчиқдир.” (Ал-Анвор)

Нур сурасида “Аёллар ҳиморлари (рўмол) билан ёқаларини ҳам бекитсинлар” деб буюрилган. Агар жилбоб "чоршаф" деган маънони англатганда, ҳимор (рўмол) дейилмасди. Фиқҳ китобларида жилбоб устки ташқи кийим сифатида таърифланади. Бир мисол:

“Аёлга берилиши вожиб бўлган нафақа, таом, кисва (либос) ва маскандир. Кисва (либос) эса, ҳимор ва милҳофадан иборатдир.” (Баҳр) [Ҳимор - рўмол; Милҳофа - чопон, паранжи ёки ташқи кийимдир.] 

Тафсирда, ҳадисда ва фиқҳда “жилбоб” устки ташқи кийим демакдир, "чоршаф" эмас.

Чоршафга бидъат дейилмайди. Чунки одатдаги янгиликлар бидъат бўлмайди. Шим ҳам худди шундай. Автомобиль, самолёт ҳам шундай. Буларга эътироз билдирмай, жилбобга келганда "бу чоршаф" деб қайсарлик қилиш тўғри эмас. 

Мўйлов қиртишлаш

Савол: Суннатга мос бўлган мўйловни узрсиз қиртишлаб олишнинг ҳукми нима?

Жавоб: Бидъатдир. (Саодати абадия)

Савол: Суннатга мос соқол қўйсам, фитнага сабаб бўлади. Бир тутамдан калта соқол қўйсам бидъат бўлади. Лекин менга калта соқол жуда ярашади. Суннат нияти билан эмас, одат бўлгани учун калта соқол қўйсам зарари борми?

Жавоб: Одат бўлгани учун бўлса ҳам, эчки соқол, майса соқол деб таъбир қилинган соқол шакллари макруҳ бўлади. Айниқса суннат деб қўйиладиган бўлса, бидъат ва ҳаром бўлади.

Савол: Суннатга мос бўлмагани учун ваҳҳобийлардек иягига бир тўп қилиб соқол қўйганларга “тўп соқолли” дейиш гуноҳми?

Жавоб: Йўқ, гуноҳ бўлмайди. Аксинча суннатга мос бўлмаган башарадан ўсадиган ҳар турли кўринишдаги жунларга соқол деб ҳурмат кўрсатиш гуноҳ бўлади. Уларга "бидъат соқолли" дейиш жоиз. Суннат бўлган соқолни менсинмаслик, масалан ҳалиги тўп соқолликларга нисбатан айтиладиган сўзларни айтиб мазах қилиш ҳаром, ҳатто куфр бўлади.

Савол: Бир иш тўлиқ бажарилмаса ҳам, ҳеч бўлмаса бир қисми бажарилгани яхши эмасми? Масалан суннатга мос соқол қўя олмаган мусулмоннинг ҳеч бўлмаса калта қилиб соқол қўйгани яхши эмасми?

Жавоб: Биринчи савол гуноҳлар, ёмон феъл-атвор масаласида айтилсагина тўғри бўлади. Гуноҳнинг не қадарини тарк эта олсангиз, шунча яхши. Лекин берган мисолингиз нотўғри. Сизга ўхшаб биттаси “Таҳоратсиз намоз ўқиш умуман ўқимагандан яхши эмасми?” деб сўраган эди. Намоз ўқимаслик гуноҳ, таҳоратсиз ўқиш эса ундан ҳам катта гуноҳ. Ҳатто намоз билан ҳазил-мазах қилгани учун куфр бўлади.

Бу ҳам шунга ўхшайди. Соқол қўймаган киши суннат савобидан маҳрум қолади. Суннатни бажариш учун калта соқол қўйса, бидъат қилган бўлади, яъни ҳаром бўлади. Ҳаром иш учун “Яхшироқ” дейилмайди. 

Соқолнинг ўлчови

Савол: Соқолнинг узунлигининг ўлчови нима? Лабдан бошлабми ёки иякдан бошлаб бир тутам бўлиши керакми? “Саодати абадия”да икки қавл борлиги айтилади. Булар тўғрими?

Жавоб: Соқол узунлигининг ўлчови пастки лабдан бошлаб бир тутам бўлиши керак. Икки хил қавл йўқ. “Саодати абадия”да айтиладики:

“Соқоли суннатга мос бўлмаган (яъни иякдаги билан бирга бир тутам бўлмаган) киши бидъат соҳиби бўлади.” (Жамоат билан намоз баҳси)

“Соқолнинг (иякдаги билан бирга) бир тутамдан калта бўлишига ҳеч бир ислом олими мубоҳ демаган. Бир тутам дегани тўрт бармоқ кенглигидир. Иякни пастки лабдан бошлаб ҳовучлаб ўлчанади.” (Жума намози баҳси)

“Соқолнинг иякдаги билан бирга ўлчаганда бир тутамдан ортиғини кесиш вожибдир.” (Қазо намози баҳси)

Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: “Соқол ўстиринг!” ҳадиси шарифи соқолни бир тутамдан калта қўйманг ва қиртишламанг деганидир. Соқолни бир тутам, яъни тўрт бармоқ кенглигида ўстириш суннатдир. Ортиғини кесиш ҳам суннат. Бир тутамдан калта бўлишига ҳеч бир олим изн бермаган. Бир тутам иякни пастки лабнинг тагидан бошлаб, тутамлаб ўлчанади. (Эй ўғил илмиҳоли)

Соқолни бир тутам ўстириш суннат. Соқолни бир тутамдан калта қўйиш жоиз эмас. Бир тутамдан узунини қирқиш суннат. Бир тутам иякни пастки лабнинг тагидан бошлаб, тутамлаб ўлчанади. (Жаннат йўли илмиҳоли)

Соқолини бир тутамдан калта қўйган кишининг шу билан суннатга амал қилаётганини айтиши бидъатдир. Бир тутам дейиш соқолни пастки лаб чеккасидан тутамлаб, ҳовучидан чиқиб турганини қирқишидир. (Қиёмат ва охират) 

Соқол тарош қилишнинг ҳукми

Савол: “Том илмиҳол” китобида сабабсиз, узрсиз соқолни тагидан қиртишлаб олиб ташлашнинг ҳаром эканлиги ёзилган, дейишади. Шу гап ростми?

Жавоб: Йўқ, на “Том илмиҳол”да, на бошқа мўътабар китобларда бундай гап йўқ. Соқол қўйиш суннати завоиддир. Суннати завоидни тарк этиш ҳаром эмас. Баъзи олимлар наздида танзиҳан макруҳдир. Соқол қўйиш бордию завоид суннат эмас, муаккад суннат бўлса ҳам соқолни қиртишлашга ҳаром дейилмайди. Ҳеч бир олим муаккад суннатни тарк этишга ҳаром демаган. Соқол тарош қилишга ҳаром дейиш бутун китобларга қилинган туҳмат бўлади.

“Саодати абадия” китобида айтиладики: “Пойафзал, пайпоқ, кийим ечилаётганда, масжиддан ва мусулмоннинг уйидан чиқаётганда, ҳожатхонага кираётганда, бурун қоқаётганда, истинжо қилаётганда чапдан бошлаш мустаҳабдир. Буларнинг аксини қилиш танзиҳан макруҳ бўлади. Чунки кўринишда суннатни тарк этган бўлади. Яшайдиган жойининг одатига амал қилиш учун соқолни қиртишлаб олиш ҳам, мана шундай танзиҳан макруҳдир.” (Жамоат билан намоз баҳси)

Соқол қўйиш суннати завоиддир. “Соқол қўйинг, мушрикларга ўхшаманг!” ва “Яҳудийларга ўхшаманг, намозни наълин (пайпоқ, маҳси) билан ўқинг!” ҳадиси шарифлари соқол олдиришнинг ва яланг оёқ намоз ўқишнинг макруҳ эканлигини кўрсатмоқда. (Жума намози баҳси)

Бухорийда ёзилган ҳадиси шарифда “Яҳудийлар ва христианлар сочларини, соқолларини бўямайдилар. Сизлар уларга мухолафат қилинг, яъни бўянг!” деб марҳамат қилинган. Бу ҳадиси шариф соч-соқол бўяшнинг мустаҳаб эканлигини кўрсатмоқда. Соқол қўйишни амр қилган ҳадиси шариф ҳам мана шундай бўлиб, соқол қўйишнниг вожиблигини эмас, мустаҳаб эканлигини билдирмоқда. Узрсиз соқолни тагидан тарошлаб ташлаш макруҳдир. (Ислом ахлоқи)

Ёш ва чиройли кўриниш учун соқол қиртишлаш макруҳдир. (Кимё-и саодат) 

Ҳозирги саллалар

Савол: “Ҳозирги имомларнинг саллаларининг учи бўлмагани учун бидъат. Салланинг бир учини икки елка орасига ташлаб қўйишса суннат бўлади” дейишади. Шунда учи бўлмаган саллалар бидъатми?

Жавоб: Йўқ, бидъат эмас. Жаноби Пайғамбаримиз салласиз, фақатгина дўппининг ўзини кийганлар, салланинг учини икки елка орасига ташлаб қўймасдан ҳам намоз ўқиганлар. Шунинг учун ҳозирги саллаларга бидъат демаслик керак. Имоми Раббоний ҳазратларидай Силсилаи олия улуғлари бир учи осилиб турадиган салладан фойдаланганликлари учун учи бор саллаларни кийган яхшироқ бўлади. Бундай саллалардан фойдаланиш бошқаларининг бидъат эканлигини кўрсатмайди. 

Савол: “Дуо ўқилиб қўйилган соқолни олиш ҳаром бўлади” дейишади. Мен соқол қўяётганда дуо ўқиган эдим. Энди ҳарбий хизматга боришим керак. Соқолимни олишим ҳаром бўладими?

Жавоб: Ҳаром бўлмайди. Соқол қўяётганда дуо ўқиш деган нарса йўқ, бу кейиндан пайдо бўлган нарса.