Ҳаром билан фарз тўқнашса

Савол: Бева аёл маҳрамлари бўлмаса ҳам, ҳажга маҳрамсиз бора олади дейилади. Ҳажда тавоф қилаётганда тиқилинч бўлиб, аёл эркакнинг баданлари бир-бирига тегса ҳам зарурат бўлгани учун ҳаром бўлмайди дейилади. Айниқса ҳажда аёл бегона эркакларнинг ёнида қўлларини очиб таҳорат олиши мумкин, нажосат бўлса тозалаши мумкин, ҳажда гуноҳ бўлмайди дейишади. Булар тўғрими?

Жавоб: Ҳеч қайсиси тўғри эмас. Чунки ҳаромдан қочиш фарзни бажаришдан аввал келади. Бир ҳадиси шарифда “Жуда кичик гуноҳдан сақланиш бутун жин ва инсонларнинг (нофила) ибодатлар йиғиндисидан ҳам яхшироқ” деб марҳамат қилинган. Ҳар бир гуноҳ Аллоҳу таолога исён бўлгани учун аслида катта ҳисобланади. Фақат баъзилари баъзиларига нисбатан кичик кўринади. Бир кичик гуноҳни тийилиш бутун жаҳоннинг нофила ибодатларидан ҳам савоблироқдир, чунки нофила ибодат қилиш фарз эмас. Гуноҳлардан сақланиш эса фарздир. (Риёд-ун-носиҳин)

Ҳаромдан сақланишнинг савоби фарзларни бажаришнинг савобидан ҳам кўпроқ. Ҳаром ишлаш орқали фарз бажарилмайди. Фарз билан ҳаром тўғри келиб қолганда, яъни фарзни бажо келтираётганда бирон ҳаром ишни қилиш мажбурияти туғилиб қолса, ҳаромга тушиб қолмаслик учуналиги фарз кечиктирилади. Масалан баданида кўп нажосат бўлган кишининг аврат жойини очмасдан ёки бошқа бир сабаб билан ювиниб, тозаланиш имкони бўлмаса, бошқа кийими ҳам йўқ бўлса, намозни шу ҳолича ўқийди. Яланғоч ўқимайди. Ҳатто ювиб тозаланиш имкони бўлса ҳам, лекин одамлар кўзидан пана жой топмаса, тозаланмасдан намозини ўқийди. Чунки бошқаларнинг ёнида аврат жойини очиш тақиқланган, нажосатни тозалаш эса амр. Амр билан тақиқ тўғри келиб қолганда тақиқланган нарса бажарилмайди. Яъни аврат жойи олчилмайди. Бир амрни бажариш бир ҳаромни ишлашга сабаб бўлса, ҳаром ишламаслик учун шу амр тарк қилинади, бажарилмайди. Ҳаромдан сақланиш, фарзни бажаришдан аввал келгани учун макруҳлардан сақланиш, суннатни бажаришдан аввал келади. Макруҳ ишлаган ҳолда суннат адо этилмайди. Бир неча мисол келтирамиз:

1. Жамоат билан намоз ўқиш бошланганда кишиниг якка суннатни ўқишга киришиши макруҳдир. Бомдод суннатини ўқимаган киши суннатни ўқиган тақдирда жамоатга етиша олмаслигини билса, суннатни ўқимайди. Дарров имомга иқтидо қилади. Жамоатга сўнгги ўтиришда бўлса ҳам улгура олишини билса, суннатни масжиддан ташқарида тезда ўқиб олади. Ташқарида ўқишнинг имкони бўлмаса, ичкарида устун орқасида ўқийди. Бундай жой бўлмаса, суннат ўқилмайди. Чунки жамоат билан намоз ўқилаётганда нофила ўқиш макруҳдир. Макруҳ иш қилмаслик учун суннат тарк қилинади.

2. Жамоат билан намоз ўқиш суннат. Дўпписиз, бош кийимсиз намоз ўқиш эса макруҳ. Бош кийими бўлмаган киши жамоатга қўшилмайди, дўппи топиб ёлғиз ўқиши, бош кийимсиз жамоат билан ўқишидан афзалдир.

3. Ошуро куни рўза тутиш суннат. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: Ошуро куни рўза тутган кишининг бир йиллик гуноҳлари авф қилинади.” (Табароний) Лекин яҳудийларга ўхшамаслик учун ёлғиз Ошуро куни рўза тутиш макруҳ бўлади. 9 билан 10 ёки 10 билан 11-кунлари тутилса, макруҳ бўлмайди.

4. Наврўз куни ва шанба кунлари фақат бир кун рўза тутиш макруҳ. Лекин "Савми Довуд" рўзасини тутган, яъни бир кун рўзадор, бир куни оғзи очиқ бўлган кишининг рўзаси Наврўз ёки шанба кунига тўғри келса ҳам, шу куни рўза тутиши макруҳ бўлмайди. Арафа куни рўза тутиш мустаҳабдир. Бу кун наврўзга ёки шанба кунига тўғри келса, бугун Арафа деб рўза тутган киши макруҳ қилган бўлмайди. Наврўз ёки шанба куни деб тутса, макруҳ бўлади. Демак, бу ерда муҳими ниятдир. Шунингдек, аёлларга ўхшаш учун соч ўстириш, буддистларга ўхшаш учун кал қилиб олдириш, Ф.Кастрога ўхшаш учун соқол қўйиш ҳам макруҳ бўлади.

5. Бир ишга олимлар томонидан ҳам суннат, ҳам макруҳ дейилган бўлса, бу ишни қилмаслик керак. Масалан, ташаҳҳудда бармоқ кўтариш суннат, макруҳ, ҳатто ҳаром ҳам дейилган. У ҳолда ташаҳҳудда бармоқ кўтармаслик керак. 

Фарзни кечиктириш

Савол: “Аср намозини узрсиз шомга 5-10 дақиқа қолгангача кечиктириш ҳаром, лекин бир дақиқа қолган бўлса ҳам дарров ўқиш фарз” дейилади. Ҳаром билан фарз тўғри келиб қолганда ҳаромдан сақланиш, яъни намозни кечиктириб, шомдан кейин ўқиш керакми?

Жавоб: Бу ерда ҳаром билан фарз тўғри келиб қолгани йўқ. Асрни шу вақтгача кечиктириш ҳаромдир. Шу вақтгача асрни ўқимаган киши фарзни ўқиши фарз, ўқимаслик ҳаромдир.