Савол: Мисвок ишлатишнинг қандай аҳамияти бор? Уни ишлатаётганда нималарга диққат қилишимиз керак?
Жавоб: Бугунги кунда замонавий тиббиётнинг тиш соғлиги борасида энди ўйлаб топаётган даволаш усулларини исломият 14 аср аввал билдирган. Тиш соғлигига катта фойда берадиган мисвок жуда оддий ва энг яхши тиш тозалаш воситасидир. Тиш чиришининг олдини олиш учун мисвок ишлатиш жуда фойдалидир. “Larousse İllustre Medical” номли тиббиёт китобида айтиладики: “Бутун тиш пасталари ва порошоклари тишга зарар беради. Энг яхшиси қаттиқ тиш чўткасидир. Бошида тишларни қонатса ҳам қўрқмаслик керак. Милкларни қувватлантирганидан кейин қонамайдиган бўлади.”
Таърифланган тарзда тиш тозалигини таъминлайдиган энг яхши восита мисвокдир. Тиш пасталари оғиздаги фойдали ва зарарли бутун микробларни ўлдирса, мисвок фақатгина зарарли микробларнигина ўлдиради. Мисвок таҳоратнинг суннати, Шофеъийда эса намознинг суннатидир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Мисвок ишлатилиб, ўқилган намоз, мисвоксиз ўқилган намоздан 70 марта устундир.” (И.Нажжор)
“Жаброил алайҳиссалом мисвок ишлатишни шунчалик кўп тавсия қилдики, мисвокнинг фарз бўлишидан қўрқдим.”(Ибни Можа)
“Агар умматимга қийинлик туғдирмаслигини билганимда, ҳар намоз учун алоҳида таҳорат олишларини ва ҳар таҳоратда мисвок ишлатишларини амр қилардим.” (Бухорий, Муслим)
“Кечаси намоз учун турганингизда оғзингизни мисвок билан тозаланг! Чунки бир фаришта намозда Қуръон ўқиган кишининг оғзига яқинлашиб тинглайди.” (Дайламий)
“Оғзингиз Қуръон йўлидир, уни мисвок билан тозаланг.” (Абу Нуайм)
“Пайғамбарларнинг беш суннати: Ҳаё, ҳилм, ҳажомат, мисвок, хушбўй ифор.” (Табароний)
“Мисвок эркак кишининг фасоҳатини (гапириш гўзаллигини) орттиради.” (Ибн Адий, Хатиб)
“Мисвок оғизни тозалайди, кўришни яхшилайди, милкларни қувватлантиради, тишларни оқартади ва чиришининг олдини олади, ҳазм қилишни осонлаштиради, ошқозонни соғлом қилади, балғамни кетказади, ҳасанотни орттиради. Мисвок ишлатган киши Аллоҳу таолони рози қилади, фаришталарни севинтиради.” (Абу Нуайм)
Мисвокнинг фойдалари 30 дан ортиқ. Улардан энг кичиги ғам-ташвишни кетказади, энг яхшиси эса, ўлим олдида шаҳодат келтиришни хотирлатади. Мисвок ўлимдан бошқа барча нарсага шифодир. Сиротдан ўтишни ҳам осонлаштиради, қаришни ҳам секинлаштиради.
Мисвок оғизни тозалайди, кўзни жилолантиради, оғиз ҳидини ва кирини кетказади, тишларни оқартади. Милкларни қувватлантиради. Таомни ҳазм қилишни осонлаштиради, балғамни тўхтатади. Намознинг савобини орттиради. Қуръони каримнинг йўли бўлган оғизни тозалайди. Оғиз ҳидини гўзаллаштиради, кишининг фасоҳатни орттиради, меъдани соғломлаштиради, шайтонни ранжитади, савобларни кўпайтиради, сафрони ажралишини тўхтатади. Бош томирларни тинчлантиради, оғриғини қолдиради ва руҳнинг чиқишини осонлаштиради.
Жаноби Пайғамбаримиз ҳар доим ёнида кўзгу, тароқ ва мисвок олиб юрардилар. Асҳоби киром жангларда ҳам мисвок ишлатишни канда қилишмасди. Мисвокни тишлар сарғайганида, оғизнинг ҳиди ўзгарганида, уйқудан уйғонганида, уйга кирганида, йиғилишга кетаётганида, Қуръон ўқишни бошлашдан аввал ва таҳорат олаётганда ишлатиш мустаҳабдир.
Имом-и Аъзам ҳазратлари “Мисвок ишлатиш диннинг суннатларидандир” деб айтганлар. Мисвок ишлатишнинг энг кам миқдори устки тишларга уч марта, пастки тишларга уч марта суртишдир. Мисвок ишлатаётганда тишларнинг ички, ташқи, уст ва ост қисмлари ишқаланади. Мисвокни ўнг қўл билан ишлатиш керак. Мисвокни ҳовучнинг ичига чангаллаб олмаслик ва шиммаслик керак. Мисвок ўнг қўлнинг кичик ва бош бармоғи пастда, қолган уч бармоқ устида бўлган ҳолда тутилади.
“Мисвок ишлатишни бошлаганда оғиздаги сўлакни ютиш баъзи хасталикларга фойдалидир. Ундан кейин пайдо бўлган сўлак ютилмайди. Ютадиган бўлса, бу васвасага сабаб бўлади. Ишлатиб бўлганидан кейин мисвокни ювиб қўйиш керак. Агар ювиб қўймаса, уни шайтон ишлатади. Мисвокни ётқизиб қўймаслик керак, бош тарафи пастга қаратиб, тикка қилиб қўйилади. Мисвок жуда ёш ҳам, жуда қуруқ ҳам ва бир қаричдан узун бўлмаслиги керак. Қалинлиги синчалоқ қалинлигида бўлиши лозим.” (Радд-ул мухтор)
Савол: Мисвок арок дарахтидан ясалади экан. Бу дарахт ҳамма жойда ҳам ўсмайди. Бошқа дарахтлардан мисвок ясашга бўлмайдими?
Жавоб: Арок дарахтидан ясалган мисвок бошқа дарахтлардан ясалган мисвоклардан устунроқ. Арок дарахтини тополмаган вақтда зайтун дарахтидан ясалади. Анор дарахтидан мисвок бўлмайди.
Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Муборак дарахт бўлган зайтундан ясалган мисвок қандай гўзалдир. У менинг ва мендан аввалги пайғамбарларнинг мисвокидир.” (Табароний)
“Зайтундан ясалган бўлса ҳам мисвок ишлатишни канда қилмаслик керак. Чунки мисвок қаришни секинлаштиради, кўзнинг кўриш қувватини орттиради, оғиз ҳидини кетказади. Яна кўплаб фойдалари бор.” (Радд-ул мухтор)
Савол: “Намоз китоби”да таҳорат олаётганда тишларни мисвок билан тозалаш мустаҳаб дейилган. Таҳоратнинг суннатлари мавзусида эса мисвок муҳим суннат дейилмоқда. Қайси бири тўғри?
Жавоб: Таҳорат олаётганда тишларни тозалаш, чўткалаш суннатдир. Буни мисвок билан тозалаш мустаҳабдир. Яъни мисвок ишлатганида ҳам суннат бажарилади, ҳам мустаҳаб. Бармоқ билан ёки тиш чўткаси билан тишлар тозаланганда фақатгина суннат бажарилади. Бу суннатни мисвок билан амалга оширса, бундан ташқари мустаҳаб савоби ҳам берилади.
Савол: Мисвокларнинг учини юмшатаётганда тола-тола ҳолига келтира олмайман. Қанчалик ишлатсам ҳам йўғон-йўғон бўлиб туради. Нима қилсам бўлади?
Жавоб: Янги олинган мисвокнинг учи болғача билан енгилгина урилса, тола-тола бўлиб қолади. Сувга солишнинг кераги йўқ.
Савол: Мисвок фақат таҳоратдагина суннатми?
Жавоб: Мисвок ҳар доим ишлатилади. Айниқса, уйқудан турганида, овқатланиб бўлгандан кейин ва таҳоратни бошлаётганда кўп ишлатилади.
Савол: Таҳорат олаётганида мисвок қайси пайт ишлатилади?
Жавоб: Таҳоратни бошлашдан аввал.
Савол: Мисвок тишларга уч мартадан кўп сурилса, суннатга зид бўладими?
Жавоб: Йўқ, зид эмас.
Савол: Протез тишга мисвок суриш билан суннат бажарилган бўладими?
Жавоб: Ҳа, бўлади.
Савол: Тиши йўқ киши мисвокни милкига сурса, суннат савобини оладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Мисвок калта бўлиб қолганида ҳам ишлатиладими?
Жавоб: Ҳа, ишлатилади.
Савол: Аёлларнинг мисвок ишлатишлари жоизми?
Жавоб: Ҳа. Уларнинг сақич чайнашлари ҳам мисвок ўрнига ўтади.
Савол: Таҳорат олаётганида мисвок бўлмаса, нима қилиш керак?
Жавоб: “Тишларни таомдан кейин ва таҳорат олаётганда тозалаш суннатдир. Бу суннатни мисвок воситаси билан бажариш алоҳида мустаҳабдир. Мисвок топилмаса, тиш чўткаси билан, чўтка ҳам топилмаса, бармоқлари билан тозаланади. Ўнг қўлнинг бош бармоғи ўнг тарафдаги тишлар устига, кўрсаткич бармоғи эса чап тарафдаги тишлар устига уч марта суриш билан тозаланади.” (Саодати абадия)
Савол: Мисвокдан ажралган парчаларини ютишнинг зарари борми?
Жавоб: Атайлаб ютиш керак эмас. Ўзи истамай ютса, зарари йўқ.
Савол: Мисвок қандай ишлатилади?
Жавоб: Юқоридан пастга ва пастдан юқорига қараб ёки энига ҳам сурилади.
Савол: Мисвок ишлатишнинг кўплаб фойдалари борлигини эшитдим. Буларнинг ичида ўлаётганида калима-и шаҳодатни хотирлашига сабаб бўлиши тўғрими?
Жавоб: Ҳа, ўлаётганида калима-и шаҳодатни хотирлашига, имон билан вафот этишига сабаб бўлади. (Дурр-ул-мухтор, Мароқил фалоҳ ҳошияси, Сирожул-ваҳҳож, Мифтоҳ-ул-жаннат)