Савол: Тиш қонаса-ю, лекин қон оғзидан ташқарига чиқмаса, таҳорат бузиладими?
Жавоб: Оғзидан ташқарига чиқмаганунча таҳорати бузилмайди. Бутун фиқҳ китобларида оғиздан қон чиққанида, қон қусганида таҳорат бузилади, деб айтилган. Ҳеч бир китобда қон ютганида таҳорат бузилади, деб айтилмаган.
“Саодати абадия” китобида айтиладики: “Оғизнинг ичи таҳорат бузилишида ич орган ҳисобланади. Рўза бузилишида эса баданнинг сирти ҳисобланади. Шунинг учун милкдаги ёки оғиздаги қон ташқарига чиқмагунича таҳорат бузилмайди. Оғиздан ташқарига чиқса ва тупукдан кўп бўлса таҳорат бузилади. Бошдан келадиган қаттиқ қон кўп бўлса ҳам бузмайди. Ошқозондан, жигардан келадиган қон суюқ бўлса, Шайхайн (Имоми Аъзам ва Имоми Абу Юсуф)нинг қавлига кўра, оз бўлса ҳам таҳоратни бузади.
Бир нарсани тишлаганида унинг устида қон кўрадиган бўлса, таҳорат бузилмайди. Мисвок, тиш ковлагич устида қон кўрса, оғзига чапланиб кетмаган бўлса, таҳорат бузилмайди. Лекин у жойига бармоғини текказиб, агар бармоғида қон кўрадиган бўлса, таҳорати бузилади. (Чунки қон оғиздан ташқарига чиққан бўлади.)” (Таҳоратни бузадиган нарсалар баҳси)
“Оғизда ҳосил бўлган қон оғиз тўлдирмаса, бунинг ҳосил бўлиши ва буни ютиш таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузмайди. Қайт ҳам шундай.” (Намознинг макруҳлари баҳси)
“Оғиз баъзан баданнинг ичи ҳисобланади. Шунинг учун рўзадор киши тупугини ютса, рўзаси бузилмайди. Бу инсон ичидаги нажосатнинг ошқозондан ичакка ўтишидек бўлади. Оғиздаги ярадан, тиш олдиришдан, ошқозондан, укол қилинган жойдан оғизга қон чиқиши таҳоратни ва рўзани бузмайди. Бу қонни туфлаганида ёки ютганида тупук қондан кўп бўлса, яъни ранги сариқ бўлса ҳам бузилмайди. Ошқозондан келадиган бошқа нарсалар оғизга келганида ҳам шундай бўлиб, таҳорат ва рўза бузилмайди. Оғиз тўлдириб келиб, оғиздан ташқарига чиқса, иккаласи ҳам бузилади. Оғизнинг ичи баъзан баданнинг сирти ҳукмида ҳам бўлади. Масалан оғзига сув олганида рўза бузилмайди. Кўриб турганимиздек, тиш олдирганида кўп қон келса, тупуриб ташлаганида рўза бузилмайди, ютиб юборса таҳорати бузилмайди.” (Саодати абадия)
“Дурр-ул-мухтор”да айтиладики: “Оғиз тўлиб келган ўт сафроси, қуюқ қора қон, овқат ёки сув қусиш таҳоратни бузади. (Оғзидан ташқарига чиққани учун бузилади.)” (Таҳорат баҳси)
“Таҳоратни бузадиган сабаб нарсанинг ташқарига чиқишидир, ўша нарсанинг ўзи эмас. Масалан ел чиққанида таҳоратни бузиши, ўзи нажс бўлгани учун эмас, нажосат жойидан ажралиб чиқаётгани учундир.” (Ибни Обидин)
Қон ва бошқа нажс нарсаларнинг вужуддан ташқарига чиқмагунича таҳоратни бузмаслиги мана шундан ҳам тушунилмоқда. Қонли геморройи бор кишининг қони ташқарига чиқмагунича таҳорати бузилмайди. Таҳоратнинг бузилишида ўлчов нажосатнинг вужуддан ташқарига чиқишидир.
“Қон ва йиринг тупукдан кўп бўлса ёки тупук билан тенг бўлса, таҳоратни бузади. Агар тупук кўпроқ бўлса, таҳорат бузилмайди.” (Дурар ва Гурар) [Бу ерда оғиздан чиқиш назарда тутилмоқда. Ҳеч бир китобда қон ютиш таҳоратни бузади, дейилмаган.]
“Оғиздаги қонни ютиш таҳоратни бузмаганидек намозни ҳам бузмайди. Намоз ўқиётган киши тишларининг орасидаги қонни ютса, бу қон тупугидан кўп бўлса ҳам намози бузилмайди. Намоз ўқиётган киши хоҳ атайлаб, хоҳ унутиб, бирор нарса еб-ичса, намози бузилади. Лекин намоз ўқиётган киши тишларининг орасидаги қонни ютса, бу қон оғиз тўлдирадиган миқдорда бўлмаса, намози бузилмайди.” (Ҳиндия)
“Оғиздан тупукка тенг ёки ундан кўпроқ миқдорда қон чиқса, таҳорат бузилади.” (Неъмати ислом) [Оғиздан қон чиқса дейилмоқда, оғизда ҳосил бўлган қон ҳақида айтилмаяпти.]
“Қон бошдан қулоққа ёки бурунга оқса, агар бу қон ғуслда ювилиши керак бўлган бурун ёки қулоқ тешикларигача оқиб келса, лекин ташқарига чиқмаса, таҳорати бузилмайди.” (Ҳалабийи сағир) Бу ерда ҳам қон пайдо бўлиши эмас, ташқарига чиқиши таҳоратни бузади. Оғизнинг ичи таҳорат бузилишида вужуднинг ичи деб қабул қилинганидан тишлар қонаса-ю ташқарига чиқмаса, таҳорат бузилмайди, бу қонни ютса ҳам таҳорат бузилмайди.
Савол: Оғиз ичи вужуднинг ичи саналадими ёки ташқариси?
Жавоб: Оғизнинг ичи таҳорат бузилишида ич орган, рўзада ва ғуслда баданнинг сирти ҳисобланади. Бир неча мисол келтирамиз:
1. Тишимиз қонаса, қонни ютсак таҳорат бузилмайди.
2. Оғизга сув олсак, оғиз рўзада ташқи орган бўлгани учун рўза бузилмайди. Қон ютилса, вужуднинг сиртидан ичга қон киргани учун рўза бузилган бўлади.
3. Ғуслда ҳам оғиз вужуднинг сиртидан деб қабул этилгани учун оғизнинг ичида игна учидек қуруқ жой қолса ҳам, ғусл саҳиҳ бўлмайди. Тиш орасида озиқ қолдиғи вақт ўтиши билан бирикиб, дағаллашиб тагига сув ўтказмайдиган ҳолга келса, ғусл саҳиҳ бўлмайди. Тиш коронкаси ва пломбаси ҳам мана шундай ғуслга монедир. Шу ҳолда агар Моликий мазҳабини тақлид қилса, ҳеч қандай масала қолмайди.