Савол: Бир сабаб билан таҳоратини тутиб туролмаган киши нима қилиши керак?
Жавоб: Таҳоратини тута олмаган киши агар узр соҳиби бўлса, хоҳлаган вақтида таҳорат олади. Бу таҳорат билан хоҳлаганича намоз ва Қуръони карим ўқиши мумкин. Намоз вақти чиққанда таҳорати бузилади. Ҳар намоз вақти кирганида янгидан таҳорат олиб, шу намоз вақти ичида истаганича ибодат қила олади. Пешиндан бошқа тўрт намознинг вақти кирмасдан аавал олган таҳорати билан шу намозларни ўқий олмайди. Чунки пешин намозининг вақти кирганида бошқа намознинг вақти чиқмайди.
Узр соҳибларининг узрли бўлишига сабаб бўлган давом этаётган узрли ҳолатлари таҳоратни бузмайди. Лекин таҳоратни бузадиган бошқа бир сабаб содир бўлса, бузилади. Намоз вақти чиққанида узрли ҳолда олган таҳорати бузилади. (Таҳтавий)
Узр соҳиби бўлиш учун таҳоратни бузадиган бир сабабнинг давомли равишда қайталаниб туриши лозим. Таҳорат олгач, фарз бўлган хоҳлаган бир намоз вақтининг бошидан охиригача, фақатгина фарзни ўқишга кетадиган муддат ҳам таҳоратини ушлаб тура олмайдиган одам ўша узрли ҳолати бошланган пайтдан эътиборан узр соҳиби бўлади. Масалан, идрор (сийдик) ва бошқа оқадиган нарсалар, ел тутолмаслик, ярадан қон, йиринг оқиши, кўкрак, киндик, бурун узвлардан қон, йиринг оқишидек таҳоратни бузадиган нарсалардан бири бир намоз вақти бўйича узлуксиз оқиб-томиб-сизиб, одам бир вақт бўйи намознинг фарзини ўқишга етадигандай ақалли 4-5 дақиқа ҳам таҳоратини ушлаб тур аолмаса, бу киши узр соҳиби бўлади.
Бир намоз вақти киргач, фарзни ўқишга кетадигандай муддатдан кейин узр ҳоли бошланса, вақтнинг охири яқинлашгунча кутади. Агар ҳеч тўхтамаса, таҳорат олиб, шу вақтнинг намозини ўқийди. Намоз вақти чиққанидан кейин кейинги намоз вақти ичида узри тўхтаса, аввалги намозини иёда этади (қайта ўқийди). Иккинчи намоз вақтининг бошидан охиригача ҳеч тўхтамаса, узр соҳиби эканлиги маълум бўлади ва ўқиган аввалги вақтнинг намозини иёда этмайди.
Энг яхшиси узрли бўлган кишининг Моликий мазҳабини тақлид қилишидир. Чунки Моликийда таҳоратни бузадиган бошқа бир сабаб содир бўлмаса ҳам, бу кишининг узри намозда чиқса ҳам таҳорати бузилмайди.
Ҳар намоз вақтида бир марта чиқиши ҳам шарт эмас. Кунда бир марта ёки бир неча кунда бир марта узри пайдо бўлса ҳам, узри таҳоратини бузмайди. Намоздан аввал ёки намоз ичида идрор ёки ел тутолмаган ёхуд бир жойидан қон, йиринг, сариқ сув оқаётган киши Моликий мазҳабини тақлид қилса, таҳорати бузилмаган бўлади. (М.Арбаъа)
Савол: Бирор жойидан қон, йиринг каби нарсалар оқиб тургани, ел тутолмаслик каби бир узри туфайли Моликий мазҳабини тақлид қилган кишининг ҳар намоз вақтида уйида бўлса ҳам таҳорат олиши керакми?
Жавоб: Уйида ҳам бўлса, ҳар гал янгидан таҳорат олиши хараж (қийинчилик) бўлади. Зотан бу каби узрларда ҳар вақтда таҳорат олиш қийинчилигидан қутулиш учун Моликий мазҳаби тақлид қилинади. Моликий мазҳабини тақлид қилганда ҳар намоз вақтида алоҳида таҳорат олиши керак эмас. Мазҳаб тақлиди фақат хараж бўлган ишларда қилинади. Таҳорат бузилганда ҳар гал янгидан таҳорат олиш хараждир. “Саодати абадия”да “Йўлда транспорт воситаларида ва савдо-сотиқда номаҳрамнинг очиқ баданига тегиб кетиш хавфи бўлган Шофеъий мазҳабидаги киши Ҳанафий ёки Моликий мазҳабини тақлид қилиши керак” дейилган. Китобдаги бу ифодага зид ҳолда “Йўлда автобусда, бозорда бир номаҳрам аёлнинг қўлига қўли ёки бошқа очиқ аъзоси тегиб, таҳорати бузилган Шофеъий мазҳабидаги киши, зарурат бўлмаса, бориб таҳорат олсин” демаслик керак. Йўлда, савдо-сотиқда таҳорати бузилган киши қайтадан таҳорат олиши мумкин, лекин қайта таҳорат олиш хараж эканлиги “Саодати абадия” китобида очиқча билдирилган. Динимизнинг берган рухсатларидан одамларни совутиш тўғри эмас. Ҳадиси шарифда “Рухсатлардан фойдаланмаган, Арофат тоғидек катта гуноҳ қилган бўлади” деб марҳамат қилинган. (Табароний)