Саййид Абдулҳаким Арвосий

Сўнгги асрда етишиб чиққан зоҳир ва ботин илмларида комил, тўрт мазҳабнинг фиқҳ илмларида моҳир, буюк олим ва руҳ илмларининг мутахассиси буюк авлиёдир. Силсилаи олиянинг ўттиз бешинчисидир. Отаси Саййид Мустафо афанди. 1865 йили Ваннинг Бошқалъа туманида туғилди. 1943 йили Анкарада вафот этди. Қабрлари Анкаранинг Боғлум ноҳиясидадир.

Отаси Саййид Мустафо афанди ва бутун боболари замонининг олим ва фозил кишилари эди. Имоми Али Ризо бин Мусо Козим авлодидан бўлиб, саййид эканликлари Ироқдаги шарий маҳкама дафтарида қайдли. Арвосий оиласи олти юз йилдан бери атрофига зиё сочиб, илм ёйиш ва жамиятда энг устун инсонлик фазилатлари билан намуна бўлиб, халқ орасидаги эътиқодий ва сиёсий бўлинишларга чек қўйиб келаетган муборак оила.

У илк таҳсилини отасидан олди. Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари Наҳрийда кўрган бир тушидан кейин таҳсилга қаттиқ аҳамият берди. Ўша туши ҳақида шундай деб гапириб берган:

Наҳрий қишлоғида дин ва фан илмларидан таҳсил олаётгандим. Рамазон ойини оилам билан бирга ўтказиш мақсадида юртимга қайтдим. Ҳали мактабнинг бошланғич китобларини ўқирдим. Рамазон ойининг ўн бешинчи сешанба кечаси тушимда севгили пайғамбаримиз - Расулуллоҳни кўрдим. Баланд тахт устида рисолат мақомида ўтирардилар. Унинг ҳайбат ва жалоли олдида даҳшатга тушиб, ерга боқиб турганимда ортимдан бир киши секин-аста ўнг томонимдан яқинлашди. Кўз қирим билан унга қарадим. Қисқага яқин ўрта бўйли, чамбар соқолли, ёруғ юзли бир зот эди. Бу зот ўнг қулоғимга зўрға эшитиладиган паст овозда фиқҳ илмининг ҳайз масаласидан бир савол сўради: “Ҳайз вақтида бир аёлнинг масжидга кириши жоиз эмаслиги маълум, лекин икки эшикли бир масжиднинг бир эшигидан кириб нариги эшигидан чиқиб кетса бўладими?” Аллоҳ Расулининг ҳайбатидан титраб турган эдим. Саволни такрор сўрамаслиги учун жуда паст овозда “Диннинг, шариатнинг соҳиби шу ердалар” дедим. Мақсадим У зотнинг ҳузурида ҳеч кимнинг дин масалаларида сўз сўзлай омаслигини уқдириш эди. Жаноби Расулуллоҳ овозимиз эшитилмайдиган масофада бўлишларига қарамай жавобимни эшитдилар. Кетма-кет икки марта “Жавоб беринг!” деб амр қилдилар.

Эртаси кун пешин вақтида отамнинг масжидга борадиган сўқмоғи устида кутдим. Гапим борлигини билиб, ёнимга келдилар. Тушимни айтиб бердим. Юзлари қувончдан порлаб “Сенга муждалар бўлсин, ўғлим! Оламнинг Фахри сени вакил ва дин илмларини таблиғ этишга масъул қилдилар. Иншаллоҳ олим бўласан. Бутун кучинг билан ҳаракат қилгин!” деб тушимни таъбир этдилар. Отамдан “Коинотнинг сарвари ҳузурида шунча дин масаласи турганда менга айнан ҳайз масаласидан савол берилиши ва бунга жавоб беришим ҳақидаги амрнинг ҳикмати нимада?” деб сўрадим. Отам “Ҳайз фиқҳ илмларининг энг қийин, энг чигал масалалсидир. Бундай савол сенинг келажакда дин илмлари жиҳатидан юксак даражаларда бўлишингга ишорадир” деб жавоб бердилар.

Ўша тушдан кейин ўн йил муддатда жума кечаларидан бошқа ҳеч бир кечани тўшакда ётиб ўтказганимни эслай олмайман. Тонггача дарс билан шуғулланиб, инсонга керак бўлган уйқуни китоблар устида ўтириб ўтказардим. Инсон тоқати дош бера олмайдиган ғайрат ва истак билан ҳаракат қилдим.

Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари фиқҳ, тафсир каби илмларнинг ёнида ўзини маънавий томондан тарбиялайдиган бир раҳбарга шоигрд тушиш орзуси билан ёниб-ўртанарди. Худди шу кунларда улардан олисроқ жойда Саййид Тоҳо-ий Хаккорийнинг халифаси Саййид Фаҳм Арвосийга тушларида жаноби пайғамбаримиз “Абдулҳакимнинг тарбиясини сенга топширдим” деб буюрдилар.

Ниҳоят Саййид Абдулҳаким Арвосий 1878 (ҳ.1295) йили Саййид Фаҳм Арвосий ҳазратларининг ҳузурига қовушди. Устозидан олган илк амр тавба ва истиҳора бўлди. Истиҳора натижасида шундай туш кўрди:

Саййид Тоҳо ҳазратлари масжидда талабаси Саййид Фаҳмга шу амрни бераётганди: “Абдулҳакимни олгин, кийимларини ечиб, жавозимат-и хамс чашмаларида ўз қўлинг билан ювгин! Сўнгра айт, иккимизга ҳам имом бўлсин.” Саййид Фаҳм ҳазратлари уни жавозимат-и хамс чашмаларида ювинтириб, қўлини унинг елкасига қўйган ҳолда ўнг оёғини ўзи учун тўшалган жойнамозга қўярди.

Бу туш унинг шогирдликка қабул қилинганига далолат қиларди. Таъбирга муҳтож қисми фақат "жавозимат-и хамс" таъбири эди. Жавозим жазмнинг кўплиги бўлиб, қатъий деганидир. Хамс, яъни беш сони эса, олами амрнинг, латифанинг тасфиясига ишора эди. Тушнинг бошқа таъбирга муҳтож бўлмаган ойдинлиги - алоҳида бир илоҳий лутф ва чексиз эҳсон эди.

Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари кўрган бу тушининг таъсирида кучли ишқ ва истак етовида илм ўрганиб, илмда юксалганидек Саййид Фаҳм ҳазратларининг суҳбат ва таважжуҳлари билан кўнглини нурлантиришга ҳам муяссар бўлди.

Юксак таҳсилини замонининг энг буюк олим ва авлиёси Саййид Фаҳм Арвосий ҳазратларининг ҳузурида тамомлади. Ҳижрий 1300 йил бошида илми сарф, наҳв, мантиқ, мунозара, ваъд, баён, маоний, бадиий, балоғат, калом, усул-и фиқҳ, тафсир, тасаввуф, улуми ҳикамия, яъни ҳикмат-и табийя (физика, биология), ҳикмати илоҳия, риёзия (математика, геометрия), ҳайъат (астрономия) каби зоҳир илмларида ижозат (диплом); тасаввуфнинг Нақшибандия, Қодирия, Кубровия, Суҳравардия ва Чаштия йўлларидан хилофат олдилар. Бошқалъа ноҳиясида ўттиз йил тадрис ва иршод билан машғул бўлдилар. Яъни дарс бердилар ва инсонларга Аллоҳу таолонинг амр ҳамда тақиқларини ўргатдилар.

1914 (ҳ.1332) йили Биринчи Жаҳон уруши бошланиб, руслар шарқий Онадўлини (Онадўли - Анатолия яримороли, яъни Усмоний давлатининг ҳозирги Туркия ҳудудларидан иборат қисмининг туркча номи) ишғол этгач, Бошқалъадан ҳижрат қилиб Ироққа, у ердан Адана, Эскишаҳар ва 1919 (ҳ.1337) йили Истанбулга келдилар. Айюб Султон мавзесида аввал мадрасага, сўнгра Кумушсуви тепалигидаги Муртазо афанди даргоҳига жойлашдилар. Қашғарий ҳонақоҳи машиҳати (Усмонли давлатининг дин ишлари бўлими)га тайинландилар. Ислом халифаларининг ва Усмонли султонларининг сўнггиси бўлган Султон Ваҳидаддин тарафидан 8 Зул-қаъда 1919 йилги (ҳ.1337) фармон билан мадрасаи мутахассисин деб номланувчи илоҳиёт факультетига тасаввуф мударриси, яъни ординариус профессори қилиб тайинландилар.

Онадўлида жанг қилаётган Қувва-и Миллиянинг (Усмонли миллий қўшинлари) ғолиб келиши учун пул, мол ва дуо билан ёрдам этилиши, қўлига қурол тута оладиганларнинг сафарбарлиги учун халқни ташвиқ қилиб, кўплаган кишиларни Онадўлига юбордилар. Истиқлол урушига катта ёрдам кўрсатилишига сабаб бўлдилар. Узоқ вақт иршод, ваъз ва таълим билан машғул бўлиб, халифалик тугатилгач, ҳукуматни қўлга киритган дин душмани раҳбарият томонидан умрларининг охирида Измирга сургун қилиндилар. Измирда қийин шарт-шароитлар ва қарилик туфайли касалландилар. У ердан Анқарага келтирилди. Анқарага келтирилгандан бир неча кун ўтиб, 1943 йили 27 ноябрь (ҳ.1362) санасида ташвишларга тўла бу дунёдан охиратга кўчдилар. Анқаранинг шимолидаги Боғлум ноҳиясига дафн этилдилар. Қабрлари шу кунгача зиёрат қилиниб, ҳузурларида қилинаётган дуолар қабул бўлмоқда.

Саййид Абдулҳаким Арвосий жисмонан мўътадил ва камчиликсиз эди. Буғдой рангли бўлиб, пешонаси кенг ва очиқ эди. Қошлари ҳилолдай (яримой) бўлиб, ингичка ва хушбичим эди. Нурли кўзлари йирик-йирик эди. Бурни меъёрдан бироз катта эди. Юзи озғин бўлиб, соқоллари қалин эди. Алп қоматли бўлиб, инсонларда ҳурмат уйғотувчи виқор ва ҳайбати бор эди.

Ҳар бир ҳол ва ҳаракатларида исломиятга тўлиқ амал қилардилар. Жуда камтар бўлиб, ҳеч вақт “Мен” демасдилар. Жуда ҳайбатли ва вазмин, меҳмондўст эдилар. Атрофига ёрдам беришдан бениҳоя завқ олардилар. Зиёратларга борар, меҳмондорчиликка таклифларни қабул қилардилар.

Саййид Абдулҳаким Арвосий дин илмларида ва тасаввуфнинг нозик маърифатларида мисли бир дарё эдилар. Университет ходимлари, фан ва давлат одамлари ечими йўқ деб ўйлаган қийин масалаларни сўрагани келар, дарсларида бир соатча ўтириб, ҳали савол бермасдан жавобини олиб ортларига қайтишарди. Таважжуҳ ва муҳаббатини қозонганлар ҳисобсиз кароматларини кўрардилар. Жуда камтар эдилар. Айюб Султон, Фотиҳ, Боязид, Бакркўй, Бейўғли маҳаллаларида Оға Жомеи шарифлари курсиларида узоқ йиллар давомида Истанбул халқига илм ўргатдилар. Султон Салим жомеси ёнидаги Сулаймония мадрасасида тасаввуф мударрис (профессори)лигида “Ар-риёд-ут-тасаввуфия” китобини таълиф қилдилар. Тасаввуф ҳақида рисола ҳажмида турли-турли мактублари бор. Мавлуд ўқиш ва тасбеҳ қўлланишнинг бошланғич ҳамда шаръийлиги ҳақида бир рисола, "Робита-и шарифа" рисоласи, "Саҳоба-и киром" ва "Аждод-и пайғамбарий" рисолалари, "Ислом ҳуқуқи", "Кашкул" ва "Сафари охират" номли асарлари, арабча, форсча ва туркча шеърлари жуда қийматлидир.

У зот томонидан тарбиланиб етиштирилган, мумтоз дин одамлари орасида энг салоҳиятлиси, турли дин ва фан китобларининг муаллифи, фармацевт, кимёгар ва фахрий ўқитувчи, ҳарбий унвон соҳиби Ҳусайн Ҳилми Ишиқ жанобларидир. Бу зот 1929 йилдан 1943 йилгача Абдулҳаким Арвосий ҳазратларидан дарс олганлар. Арабча ва форсчадан таржималар қилиб, мусулмонларга хизмат қилиш учун ҳаракат қилганлар. Туркча, арабча, форсча, немисча, французча ва инглизча билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам турли мавзуларда дин китобларини нашр этдилар. У зотнинг бутун илм ва файзини Абдулҳаким Арвосий ҳазратларидан олганлиги асарларида ёритилган. 

25 йил аввал кўрган тушдаги одам

Саййид Абдулҳаким афанди 1897 йили ҳаж вазифаси билан Ҳижозга келганларида аввало Мадинага кириб, жаноби Пайғамбаримизнинг қабри шарифини зиёрат қилдилар. Ёнида Ҳожи Умар афанди исмли шарифлар авлодидан бир зот бор эди. Бир куни у билан бирга муборак Равзада шом намозидан кейин юзини саодат панжарасига буриб, ғоят одоб ва ҳурмат билан турганларида ўнг тарафида ўтирган Ҳожи Умар қулоғига эгилиб, секин “Рафиқам шу онда узр соҳибаси. Шу боис Пайғамбар масжидига зиёратга киролмайди. Боб-ус-саломдан кириб, Пайғамбаримиз ҳузурларида бир салом бериб, Боб-и Жибрилдан чиқиб кетишига шариат рухсат берадими?” деб қолади. Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари шу онда 25 йил аввалги туши ёдига тушиб, қўрқувдан қалтираб кетдилар. Ҳожи Умарнинг юзига яна бир марта ўгирилиб боқдилар. Ҳа, 25 йил аввал тушида кўрган киши мана шу зот эди.

Паст овозда “Бу саволга жавоб бериш учун мен масъулман!” дедилар. Лекин тушларида бўлганидек жаноби Расулуллоҳнинг ҳузурларида турганлари туфайли ҳозир жавоб беролмаслигини билдирдилар. Боб-и Раҳмадан ташқарига чиққанларидан кейин саволга жавоб бердилар, ҳамда 25 йил аввал кўрган тушларини бутун тафсилоти билан айтиб бердилар. 

Султоннинг дуо ва ёрдам сўраши

Султон Ваҳидаддин хон уни жуда севар, қаттиқ ҳурмат қилиб, дуоларини истарди. Абдулҳаким афанди ҳазратлари шундай баён қиладилар:

Ватанимизнинг бир қисми ишғол остида бўлиб, ёвга қарши кураш бошланган кунлар эди. Истанбулнинг Бешиктош самтида Синонбошо масжидидан ваъз айтиб чиқаётган эдим. Эшик олдида турган сарой аравасидан бир амалдор тушиб “Ал малику йақраукассалом ва йадука илаттаом”, яъни “Султон сизга салом айтмоқда ва ифторликка чақирмоқда” деди. Арава билан саройга кетдик. Меҳмонга Истанбулнинг танилган воизлари, имомлари чақирилган эди. Таомдан кейин раис келиб “Султоннинг саломи бор. Барчангиздан илтимос қилмоқда. Онадўлида кофирларга қарши жанг қилаётган қувва-и миллиянинг ғолиб келиши учун дуо қилишингизни ва Онадўлидаги мужоҳидларга пул ва дуо билан ёрдам беришлари, қўлига қурол олишга қодир кишиларнинг аскар сафига қўшилишлари учун халқни ташвиқ қилишингизни илтимос қилмоқда” деди. Бу амрга биноан, кўплаган кишиларни Онадўлига юбордим. Кўп ёрдам кўрсатилишига сабаб бўлдим.

Бир куни Султон Ваҳдаддин хон рамазони шариф ойида Ҳирқа-и саодат (пайғамбар либоси сақланаётган масжид) турган хонани зиёрат қилмоқчи эди. Саййид Абдулҳаким афандини ҳам чақиртирди. Бошқа кўзга кўринган давлат ва дин одамлари ҳам шу ерда эди. Бу воқеанинг давомини хизматларини кўрган Шокир афанди шундай айтиб беради:

Султон Ҳирқа-и саодат турган хонанинг эшиги олдига келганида “Абдулҳаким афанди қаерда?” деб сўради. У ерда тўпланган одамлар бир-бирларига қарашди. Бу исмда ҳеч кимни танимасдилар. Ортдагиларга хабар бердилар. Афанди ҳазратлари жавоб берар-бермас “Султон сизни кутмоқда” деб дарров йўл очдилар. Султон билан ёнма-ён бири дунё, бири охират султони сифатида Султонул-анбиё муҳтарам Пайғамбаримизнинг саодатли ҳирқалари турган хонага кирдилар. Биргаликда зиёрат қилдилар. Чиққанларидан кейин баракат сифатида султон у ердагиларга биттадан рўмолча, устозимзга эса иккита рўмолча ҳадя этди. Мен ташқи эшикда Абдулҳаким афандини кутиб турардим. Келиб, зиёратлари ҳақида хурсанд бўлиб гапириб бердилар. “Султон барчага биттадан, менга эса иккита рўмолча берди. Бунинг биттаси сеники” дея бирини менга бердилар.

Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари сиёсатга умуман аралашмаган, сиёсий фирқаларга кирмаганди. Халқнинг эътиқодий ва сиёсий гуруҳларга бўлинишига қарши эдилар. Талабалари ундан тасаввуф мактаблари ва даргоҳларнинг бекилиши ҳақида сўраганларида “Ҳукумат даргоҳларни эмас, бекор ётган, бўш маконларни беркитди. Бу муборак илм масканлари харидор топмагач ўз-ўзларини анча олдин беркитганди” деб жавоб бергандилар. Бу муҳим жавоб, ўша кунларнинг умумий маънода мадраса ва даргоҳларнинг ёпиб ташланиши ҳақидаги ташхисларнинг энг гўзалидир.

Қонунларга қаттиқ риоя қилар, ҳар ваъз-насиҳатларида ҳам буни тавсия қилишни канда қилмасдилар.

Абдулҳаким афандининг еб-ичиш, юриш-туриш, гапириш, сукут сақлаш, кулиш, йиғлашлари ҳар доим исломиятга ва жаноби Расулуллоҳнинг ҳолига мос эди. Унинг овқатланишини кўрган одам шунчаки емади дейишмасин деб емоқда деб ўйларди. Кам ер, луқмаларни кичик олар ва шошилмай,чайнаб ердилар. Яқинлари унинг ўттиз йилдан бери қайлула қилаётганида, ухлаётганида чалқанча ёки чап ёни билан бир марта бўлса ҳам ётмаганини айтишарди. Доим ўнг ёни билан, ўнг қўлининг ичини ўнг ёноғига босиб ётардилар. Ҳар бир ҳолати истиқоматга мос эди. Ўзлари ҳам доимо “Истиқомат, яъни Аллоҳу таолонинг ёқтирган йўлида бўлиш кароматдан устундир” сўзини қайта-қайта такрорлардилар.

Жуда камтар эдилар. Бирон даврада "мен" деганларини эшитган одам топилмасди. Ҳар гал Ислом олимларининг исми аталганда “Бизлар у буюкларнинг ёнида бўлсак, кимсан  деб сўралмаймиз, йўқ бўлсак, қаердасан деб изланмаймиз ҳам” ва “Бизлар у улуғларнинг ёзувларини тушуна олмаймиз. Фақат баракатланиш учун ўқиймиз” дердилар. Ҳолбуки ўзлари айнан ўша илмларнинг мутахассиси эдилар.

Абдулҳаким Арвосий ҳазратларининг қийматли сўзларидан баъзилари:

“Ҳар бир пайғамбар ўз замонида, ўз юртида, ўз қавмининг барчасидан ҳар томонлама устундир. Лекин Муҳаммад алайҳиссалом эса, ҳар замонда, ҳар мамлакатда, яъни дунё яратилганидан то қиёматгача келган ва келадиган бутун мавжудотдан ҳар томонлама баланддирлар. Ҳеч бир одам, ҳеч бир томондан Ул сарвардан юқори эмас. Юқори бўлиши мумкин ҳам эмас. Хоҳлаганини хоҳлаганидай яратаётган Раббимиз Ул зотни шундай яратган. Ҳеч бир одам боласининг Расулуллоҳни мадҳ этадиган куч-кудрати йўқ. Ҳеч бир инсоннинг Уни танқид этадиган иқтидори йўқ.”

“Агар Ҳақ таолонинг ҳокимлигини тан олган ҳолда, омонат ва хавфсизликка футур етказмасдан меҳнат қилсангиз, бир-бирингизни шунчалик севиб, бир-бирингизга шунчалик меҳр-оқибатли биродарларга айланасизлар. Сизнинг бу биродарлигингиздан Аллоҳу таолонинг марҳамати нималарни яратмайди. Сиз эришган, сизга насиб бўлган ҳар бир неъмат Ҳаққа имоннинг ҳосил қилган биродарликнинг натижаси ва Аллоҳу таолонинг марҳамати ҳамда эҳсонидир. Сиз чекаётган ҳар бир мусибат, дард ва фалокат эса, фақат жаҳлнинг, нафратнинг ва душманликнинг натижасидир. Булар эса, Ҳақни танимасликнинг, зулм ва ноҳақликнинг жазосидир.”

“Буюкларнинг сўзи – сўзларнинг буюгидир.”

“Авлиёларнинг сўзларида раббоний таъсир бор.”

“Инсонни қуршаб олган ғам-ташвишларнинг бирламчи сабаби Ҳаққа қарши ширк ва мушрикликдир. Илм-фан ривожлангани ҳолда одамларнинг келажагига хавф туғдираётган фасод зулмати фақат ширк, имонсизлик, ваҳдатсизлик (имон ва амалда тарқоқлик) ва ўзаро бемеҳрликнинг натижасидир. Башарият қанчалик ривожланса ҳам ўзаро севиб-севилмагунча изтироб ва фалокатдан қутула олмайди. Ҳақни танимагунча, Ҳақни севмагунча, Ҳақ таолони ҳоким билиб, Унга тўп-якун қуллик қилмагунича одамлар бир-бири билан меҳр-оқибат қилиб, севиша олмайди. Ҳақдан ва Ҳақ йўлдан бошқа ҳар нимаики ўйлаб топилса, барчаси айрилиқ ва паришонлик йўлидир.”

“Мусулмонларнинг ўрганиши керак бўлган илмларга Улуми исломия (мусулмонлик илмлари) дейилади. Ислом дини амр қилган бу илмларни Расулуллоҳ алайҳиссалом иккига ажратиб тушунтирганлар. Бири “Улуми нақлия” яъни дин илмлари, иккинчиси “Улуми ақлия” яъни фан билимларидир. Дин илмлари инсонни дунёда ва охиратда ҳузурга, саодатга элтадиган илмлардир.

Булар ҳам иккига ажралади: “Улуми олийя” яъни юксак дин илмлари ва “Улуми ибтидоия” яъни қўшимча, ёрдамчи илмлар. Ислом илмларининг иккинчи қисми бўлган ақл билимларининг, яъни тажрибавий фан илмларни яхшилаб ўрганиш нозик ва теран дин илмларини осон тушунишга ёрдам беради. Математика ва физикани ўрганиш дин билимларини қувватлантиради. Астрономия, математика ва геометрия динга ёрдамчи билимлардир. Тажрибавий физикадаги (тажриба ва исботга асосан мос келмаган) бир неча янглиш теория ва гипотезадан бошқа барчаси динга мос келмоқда, имонни қувватлантирмоқда. Илоҳий физика (метафизика) соҳасида илгари сурилган баъзи бузуқ қарашлар динга мос келмайди. Бу илмлар ўзлаштирилса, дин илмларининг ақлий илмларга мос тушадиган ва ақлий илмлар билан ҳал этила олмайдиган нозик томонлари ва сабаблари ойдинлашади.

“Қуръони каримдан ва Расул алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан кейин энг қийматли китоб имоми Раббоний ҳазратларининг “Мактубот” китобидир. Ҳанафий мазҳабида энг мукаммал ва энг қийматли фиқҳ китоби Ибн Обидиннинг “Дурр-ул мухтор ҳошияси”дир. Шоъфеийда “Туҳфат-ул-муҳтож” китобидир.”

“Ислом дини - Аллоҳу таолонинг Жаброил исмли фаришта воситаси билан севгили пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга юборган, инсонларнинг дунёда ва охиратда роҳат-фароғатда бўлишларини таъминлайдиган усул ва қоидалар тўпламидир. Бутун устунликлар, фазилатлар, фойдали нарсалар исломиятнинг ичидадир. Эски динларнинг очиқ ва яширин бутун яхшиликларини исломият ўзида мужассам қилган. Бутун саодатлар муваффақиятлар Исломдадир. Ислом ақл қабул қила оладиган асос ва ахлоқлардан иборатдир. Яратилишида беқусур  бўлганлар (табиатида ёмонлик бўлмаганлар) Исломни асло рад қилмайди ва ундан нафратланмайди. Исломиятнинг ичида ҳеч қандай зарар йўқ. Исломиятдан ташқарида эса, ҳеч бир манфаат йўқ ва бўлмайди ҳам.”

“Сўнгги вақтларда тасаввуф мактаблари бўлмиш хонақоҳ ва дагоҳлар жоҳилларнинг қўлида қолди. Диндан, имондан хабари бўлмаган кишиларга "шайх" дейилди. Дин душманлари ўша сохта шайхларнинг сўзлари, рақс ва оҳ-уҳ қилиб бақиришиб қилаётган "зикр"ларини баҳона қилиб, динга хурофотлар аралашган деб Исломга бўҳтон қилдилар. Ваҳоланки, бузуқ тариқатчиларнинг сўзларини, ишларини дин деб билиш, уларни тасаввуф улуғлари билан чалкаштириш қатъиян нотўғри. Бу диннинг нима эканлигни билмаслик, уни умуман тушунмасликдир. Динда сўз соҳиби бўлиш учун аҳли суннат олимларини таниш, бу буюкларнинг китобини ўқиб, яхшилаб тушуниш ва тушунганини бажариш керак. Агар ҳаётда бундай олим топилмаса, дин душманлари майдонни бўш билиб, дин олими қиёфасига кириб олишади. Ваъзлари, китоблари билан ёшларнинг имонини ўғирлаб, миллат ва давлатни фалокат ёқасига судрашади.”

“Тоза ва янги либос кийинглар. Борган жойингизда одоб-ахлоқингиз, сўзларингиз билан исломнинг виқорини, қийматини кўрсатганингиздек кийимингиз билан ҳам ҳурмат ҳисси уйғотинг.”

“Ҳалолдан ҳар хил лаззатли таомлар билан ва тотли, совуқ шарбатлар билан баданингизни роҳат тутинг.”

“Аллоҳу таоло ҳамма нарсани бир сабаб билан яратмоқда. Ўша сабабларга иш бажара оладиган таъсир ва қувват бахш қилган. Бу қувватларга табиат қувватлари, физика, кимё ва биология қонунлари деймиз. Бир ишни бажаришимиз, бир нарсани қўлга киритишимиз учун ўша ишнинг сабабларига мурожаат қилишимиз керак. Масалан буғдой ҳосил бўлиши учун ерни ҳайдаб, экиб, ўриб олишимиз керак. Инсонларнинг бутун ҳаракатлари, ишлари Аллоҳу таолонинг мана шу одатига бўйича рўй бермоқда. Аллоҳу таоло севган инсонларига яхшилик, икром кўрсатиш учун ва ашаддий душманларини алдаш учун уларга одатидан ташқари, сабабсиз ҳам нарсалар яратиб беради.”

“Бир вақт намозни қазога қолдиргандан минг марта ўлишни танлардим.”

“Намоз ва яна намоз, қаерда ва қандай шароитда бўлсангиз ҳам мутлақо намоз ўқинг.”

“Энг улкан одоб. илоҳий ҳудудга риоя қилишдир.”

“Аллоҳу таоло бир қулига имон берган бўлса, ҳамма нарсани берибди. Имон бермаган бўлса, ҳеч нарса бермабди.”

“Бизнинг мажлисимизда бўлганлар индамай ўтирсалар ва сукутдан бошқа нарса кўрмасалар ҳам, дин баҳсида ўзини олим санаганларнинг хатоларини кашф этадилар.”

“Қуръони карим шифодир. Лекин шифо - сув келаётган ариққа боғлиқ. Ифлос ариқдан шифо келмайди.”

“Ҳақиқий каромат – кароматни яширишдир. Бундан ташқарисида кўринганлар авлиёнинг ирода ва ихтиёрида эмас. Демак, илоҳий ҳикмат шуни тақозо этган.”

“Аллоҳу таоло сирини ишонганига билдиради. Билган сўзламайди, сўзлаган билмайди.”

“Аҳмоқлик – бир хатосидан сабоқ олмай, қайта такрорлашдир.”

“Дин илмлари – дунё ва охиратда ҳузурни, саодатни қозонтирадиган билимлардир.”

“Аллоҳу таоло хоҳлаганини қилади. Истаса сабаб билан, истаса сабабсиз, хоҳлаганига азоб ёки лутф қилади. Энг чиройли ва тўғри бўлган нарса Унинг хоҳишидир.”

“Аллоҳу таоло бизга раҳмати билан муомала қилсин. Агар адолати билан муомала қиладиган бўлса, барчамиз ёниб кул бўламиз.”

“Риё бўлмасин деб жамоатдан қочадиганлар ўзга бир риё ичидадир.”

“Илм жоҳалатни йўқотади, аҳмоқликни эмас.”

“Жамиятдаги руҳ хасталикларининг сабаби имоннинг нуқсонлигидандир.” 

У зотнинг талабаларидан баъзилари илм дарёси бўлган бу буюк авлиёдан қуйидаги сўзлар ва манқибаларни нақл этганлар:

Шогирдларидан Ҳофиз Ҳусайн афанди баён қилади:

Истанбулда таҳсил олдим. Арабча ва форсчани яхши билардим. Ҳар қандай даврада ва мавзуда сўз соҳиби эдим. Бир куни мени Абдулҳаким Арвосий ҳазратларининг олдига олиб бордилар. Мақсадим у ерда ҳам сўз соҳиби бўлиш эди. Унга яқинроқ бир курсига ўтирдим. Суҳбат бошланди. Дарҳол курсида ўтиришдан уялиб, пастга тушдим. Суҳбатда умрим бино бўлиб умуман эшитмаган ва билмаган нарсаларим ҳақида гап кетарди. Давранинг тўрида У зотга яқин жойда ўтиришдан ҳаё қилиб, бироз ортга чекиндим. Яна бироз, яна бироз сурилиб, ниҳоят ўзимни эшик остонасида кўрдим. Озгина чекинсам ташқарига чиқиб кетадиган даражага келганди. Аслида мен анча йиллардан бери шайхлик қилаётган ва анча шогирди бор одам эдим. Саййид Абдулҳаким Арвосийни кўргач шу ҳолим билан шогирд бўлишдан ортиғига лойиқ эмаслигимни тушуниб етдим ва шогирдларимга бориб “Саййид Абдулҳаким Арвосийни кўриб, таниб шайхликнинг нима эканлигини энди тушундим. Унинг этагига ёпиишишдан бошқа ишим қолмади” дедим. Бу буюк зотга шогирд бўлиш шарафига муяссар бўлдим. 

Ўттиз йил давомида ёнидан ажралмаган яқини Шокир афанди ҳикоя қилади:

Бир куни бомдодда даргоҳнинг масжидида намоз ўқиётгандик. Афанди билан иккимиз эдик. Ҳар доимгидек мени имомликка ўтказдилар. Масжиднинг кириш қисми ойнаванд бўлганидан даҳлиздаги ўтирадиган жойдан масжиднинг ичи бемалол кўринарди. Биз намозга тайёрланаётганда аёлим даҳлизга чой тайёрлай бошлади. Намоз ва дуо қилиб, даҳлизга ўтдик. Самоварнинг ёнида иккита пиёла ўрнига бир даста пиёла турибди. Аёлимга нимага иккита пиёланинг ўрнига шунча кўп пиёла келтирганини сўраганимда у “Қизиқ! Орқаларингизда катта жамоат бор эди. Энди тарқаб кетибди” деди. 

Талабаларидан Илёс афанди айтади:

Бир куни қари бир аёл дурадгорлик устахонамга келиб “Бир хонали уйим бор. Ёнига иккинчи хона қўштиряпман. Уни ижарага бериб, шу билан тирикчилик қиламан. Пулини ижара ҳақидан бериш шарти билан менга бир эшик билан бир дераза ясаб берасанми?” деди. “Эртага келинг, гаплашамиз” дедим. Мақсадим Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари билан маслаҳатлашиш эди. Аср вақти даргоҳларига бордим. Ҳолимни сўрадилар. “Мижозлар келиб турибдими?” дедилар. “Ҳа, келиб турибди” дедим, лекин бугун келган кампир ҳақида сўраш бутунлай ёдимдан кўтарилганди. Бироздан кейин “Буюртма бераётганлар борми?” дедилар. “Бугун бўлмади” дедим. “Аёл мижозлар ҳам келиб турибдими?” дедилар. Яна ёдимга тушмади. Шунда “Бугун келган кампирнинг буюртмасини ишлаб бергин!” дедилар. Фақат шундагина ҳалиги кампир ёдимга тушиб, қизардим. 

Бир куни Боязид масжидида ваъз айтаётиб, мавзуга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда “Сизлардан бирингиз уйига борганида фарзандингиз томга чиқиб, каптар қувиб юрганини кўрса, бақирмасдан, мулойимлик билан “Болам, қара сенга нима обкелдим, ширинлик олдим” деб аста уни тушириб олсину уйга олиб киргандан кейин койисин” дедилар. Ваъз тинглаб ўтирган Оқҳисорли бир зот “Бунинг ваъзга нима алоқаси бор” деб кўнглидан ўтказди. Ваъздан сўнг уйига келиб қараса, фарзанди томга чиқиб, каптар тутмоқчи бўлиб, чопиб юрарди. Бола уч-тўрт яшар эди. У каптарга қизиқиб. Том четига яқинлашиб қолган эди. Бу зот шу заҳоти Абдулҳаким афандининг насиҳатларини эслади ва айтганларидек қилди. Бола томдан йиқилишдан қутулиб қолди. 

Шоир Нажиб Фозил гапириб берган воқеа:

1941 йил... Немислар чегарамизга келган. Мен бир газетада чиққан мақоламда ёзганимдек иккинчи Жаҳон урушига киришимиз аниқ деб ишонардим. Бир гал гап очилиб, бу масалани у ҳазратнинг ҳузурларида ўзимча асослаб беришга уриндим. Лекин лутф қилиб охиригача эшитдилар. Ёнларида яқинларидан бир неча киши ва адвокат Маҳмуд Вазирўғли исмли уни севадиганлардан бир зот ҳам бор эди. Урушга аралашишга мажбурлигимизни ҳисоб-китоблар йўли билан кўрсатиб, тушунтирардим. Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари менинг гапимни охиригача тинглаганларидан кейин “Урушга қатнашмаймиз. Лекин Биринчи Жаҳон урушида бўлганидек яна қимматчилик ва талон усули чиқмаса” дедилар. Айтганларидек бўлди. Давлатимиз урушга аралашмади, лекин қимматчилик ва талон усули халқни қаттиқ қийнади. Маҳмуд бей менга бу кароматни қайта-қайта такрорлар ва “Даҳшат, даҳшат... Еттидан етмишга ҳамма урушга аралашишимизни кутаётганда “Урушга кирмаймиз” дедилар ва ҳеч ким талон усулини кутмаганида “Талон усули бўлади” деб айтишлари катта каромат” дерди. 

Форуқ бей баён қилади:

Бундан бир неча йил аввал ўғлим Навзод шу пайтда яшаётган хонадонимизнинг балконидан пастга бетон заминга қулаб тушди. Боламни кома ҳолатида бир касалхонага жойлаштирдик. Ўзига келди. Лекин ақлий малакаларини йўқотган эди. Истанбулга олиб бордик. Бутун асаб докторлари ва психиатрларга кўрсатдик. Барчаси умид йўқлигини айтишди. Боланинг ҳақиқатан кирди-чиқдим бўлиб қолганди. Бир грек доктори шизофрения деб ташхис қўйди-ю даволаб бўлмайди деб ҳукм чиқарди. Балоғат ёшидаги фарзандимни катта амакиси Абдулҳаким афандининг қўлларига топширдим. Бола даргоҳда қирқ кун қолди. Бу муддат ичида уни доимо назарлари остида ушладилар. Лекин “Маҳзунман биродарим, маҳзунман” дея қайғуриб, ишни Аллоҳу таолога ҳавола этдилар. Қирқ кундан кейин Навзод шундай бир баданий ва руҳий сиҳҳатга эришдики, бошига ҳалиги иш келишидан олдин ҳам унчалик соғлому зийрак бўлмаган. Ўқишга кириб, ҳуқуқ факультетини тугатди. Сув хўжалиги вазирлигида адвокатлик вазифасида ишлади ва шу ердан нафақага чиқди. Абдулҳаким афанди жияни бўлган Форуқ Ишиқ афандини жуда севарди. Бировни мақтамоқчи бўлсалар “Форуқдан бошқа, барчамиздан яхши” деб таърифлардилар. Форуқ бейнинг қабри Абдулҳаким Арвосий ҳазратларининг оёқ тарафидадир. 

Боязид масжидида Эрзинжон зилзила фалокатидан бир ҳафта олдин “Аллоҳу таоло ошкора зино бўлаётган жойларга зилзила билан жазо беради. Масалан Эрзинжон” деб сукут сақлагандилар. Ҳеч ким ўша пайтда бу гапни тушунмаган, лекин бир ҳафтадан кейин эшитганлар “Субҳоналлоҳ, катта каромат гувоҳи бўлибмизу тушуна олмабмиз” дедилар.

Талабаларидан Тоҳир афанди ҳикоя қилган:

Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтдиларки: “Авлиёнинг ҳузурига тўлиб борган одам бўш, бўш борган эса, тўлиб қайтади.” Бир куни менга “Тоҳир афанди, уйингда китоб қолмасин, китобларни олиб бошқаларга бергин” дедилар. Уйга бордим. Жавонимга тизиб қўйган бир-биридан чиройли ва мен учун қиммат китобларимни бергани кўзим қиймади. Амрларини бажарган бўлайин деб, бир неча китобни қўни-қўшнига тарқатган бўлдим. Хуфтондан кейин ухлагани ётдим. Абдулҳаким афандини тушимда кўрдим. У “Тоҳир, китобларни чиқардингми?” дедилар. Уйғониб кетиб, ўрнимдан турдим. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиб, яна ётдим. Ҳали ухламагандим, Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари яна келиб “Китобларни ҳалиям бериб юбормадингми?” деб аччиқландилар. Қўрқиб ўрнимдан секириб турдим. Дарров бутун китобларни уйдан ташқарига чиқардим. Сўнгра келиб ётдим. Шундагина тинч ухлай олдим. Кейин тушундимки, бизни тарбия қилиш учун китоблардан узоқлаштириб, менда бўлганларни олиб, ўзида бўлганларни бизга бериш учун бу йўлни тутган эканлар.

Қачон Абдулҳаким Арвосий ҳазратларининг олдига борсам, Зиё бей ёнида ўтирарди. Зиё бейга бир китоб берар, ўқитар ва изоҳ этардилар. Бир куни яна шундай суҳбатда Зиё бейга китоб ўқитиб, ўзлари изоҳлаб ўтирган эдилар. Кўнглимдан “Менинг арабчам ва форсчам Зиё бейникидан ҳам яхшироқ. Нимага доим унга ўқитадилар-у, менга ўқитмайдилар” деб ўтказдим. Шу кеча тушимда Абдулҳаким афандининг ҳузурида эдим. Яна Зиё бейга китоб бериб, ўқитардилар. Лекин Зиё бейни саллали, олим қиёфасида кўрдим. Абдулҳаким афанди Зиё бейни менга кўрсатиб “Биз вазифани бекорга бермаймиз” дедилар. Уйғонганимдан кейин шу ўйлаганларимга жуда пушаймон бўлдим.

Бир куни Абдулҳаким афандининг ҳузурига кетаётгандим. Йўлда кўнглимдан “Бориб Абдулҳаким афандига айтайин, авлиёлик йўлида юриб, баланд даражаларга кўтарилиш оғир иш, бизнинг кичик ғайратимиз билан қўлга киритиб бўлмайди. Ҳиммат қилиб, таважжуҳ этсинлар-да, бу юксак мақомларга мени эриштирсинлар” деб ўтказдим. Бордим. Боғда ёлғиз ўтирардилар. Салом бериб қўлларини ўпдим. Юзимга қараб “Тоҳир, шу нима дарахт?” дедилар. “Магнолия” дедим. “У нима?” дедилар. “Гул” деб жавоб бердим. “Эй Тоҳир, нимага буларнинг суви бир, ҳавоси бир, тупроғи бир-у ҳидлари ҳар хил? Масалан мана шу гулзорга нима эксанг гул бўладими ёки дуч келган гул ҳам магнолиядек баланд бўлиб ўсадими?” дедилар. “Йўқ, устоз” дедим. “Демак, фарқлилик истеъдод ва қобилиятидан экан. Чим билан ўт асло атиргулдай бўлмаганидек, атиргул ҳам магнолиядай бўла олмайди!” деб такрор менга боқдилар. Мен қизариб “Қусуримни кечиринг, устоз” дедим. 

Ҳарбий қисмда тиш доктори бўлиб ишлайдиган Сабрий бей айтиб берган:

Бир куни Абдулҳаким афанди менга таяммум қандай олинишини ўзлари амалда кўрсатиб, ўргатдилар. Бир-икки кун ичида яна шундай қилдилар. Ўз-ўзимга “Ҳозирда сув бўлмаган жойнинг ўзи йўқ, нимага бунчалик берилиб таяммумни ўргатяптилар” дердим. Вафотларидан ўттиз йил ўтгач қўлларимга бир яра чиқди. Ҳатто ўша ярани деб касалхонада бир бошбармоғимни кесиб ташлашди. Докторлар қўлларингга умуман сув тегмасин деб қатъий равишда огоҳлантирдилар. Уч йил бўйи ҳар намозга Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари кўрсатганидек таяммум олишга мажбур бўлдим. 

Холид Турхон бейнинг хотираларидан:

Бир куни зиёратларига боргандим. Кутубхоналаридан бир китобни олиб, бир жойини очиб менга бердилар ва “Ўқинг!” дедилар. Арабча эди. Ўқишга уриндим. Нотўғри ўқиган жойимни тузатдилар. Яна бир марта ўқитиб, хатоларимни тузатдилар. Сўнгра “Энди таржима қилинг!” дедилар. Қийналган кўп ибораларим бўлди, ёрдам бердилар. Ҳатто ўзлари таржима қилдилар. Яна бир марта ўқиттириб, таржима қилдирдилар. Яхшилаб тушуниб олгандим. Вафотларидан йигирма йил ўтгач, кутубхона мудирлиги учун Анқарада имтиҳонга кирдим. Имтиҳонда қўлимга бир китоб бердилар ва бир жойини очиб “Ўқинг” дейишди. Не кўз билан кўрайки, бу Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари ўқитган ўша китоб ва ўша саҳифа эди. Ўқидим, таржима қилдим. Имтиҳондан ўтдим. Кутубхона мудири бўлдим. Лекин имтиҳондан чиққандан кейин Афанди ҳазратларининг бу буюк ва очиқ кароматларини кўриб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғладим.