Савол: Ғусл олиб бўлганидан кейин манийси келган эркак киши қайтадан ғусл олиши керакми?
Жавоб: Тўрт мазҳаб бўйича билдирамиз:
Ҳанафий ва Ханбалийда: Шаҳват билан ўрнидан қўзғалган маний ҳар қандай бир сабаб билан шаҳватсиз чиқса ҳам ғусл олиш керак. Шунинг учун ғусл олишдан аввал бироз ухлаш ёки идрор чиқариб, сийдик йўлида маний қолган бўлса, уни чиқариб ташлаш керак.
Шаҳват билан ўрнидан кўчган ва шаҳват билан ташқарига чиққан манийдан кейин ғусл олиш керак. Шаҳват билан ўрнидан кўчиб, шаҳват тўхтагандан кейин ташқарига сизиб чиққан манийдан кейин ҳам имоми Аъзам билан имоми Муҳаммад наздида ғусл олиш керак. Фатво ҳам шунга кўра берилган. Имоми Абу Юсуфнинг ижтиҳодига кўра ғусл керак эмас. Бирон зарурат ёки эҳтиёж ҳолатларида имоми Абу Юсуфнинг қавли билан амал қилиш жоиз бўлади. Масалан, меҳмонда ёки совуқда ғусл олиши қийин бўлган киши тушида иҳтилом бўлиб уйғониб, дарров жинсий аъзосини маҳкам сиқиб, маний чиқишининг олдини олса, шаҳвати ўтиб бўлганидан кейин маний ташқарига чиқса, ғусл керак бўлмайди.
Шофеъийда: Идрор чиқарганидан кейин ҳам яна маний келадиган бўлса, такрор ғусл олиши керак. Чунки Шофеъийда ўрнидан кўчган маний шаҳватсиз ташқарига чиқса ҳам ғусл олиш шарт.
Моликийда: Идрор чиқармаган бўлса ҳам ғуслдан кейин маний келса, такрор ғусл олиши керак эмас. Чунки Моликийда маний шаҳватсиз чиқса, ғусл лозим бўлмайди.
Лекин Моликий мазҳабини тақлид қиладиган Ҳанафий жунуб бўлганида ўз мазҳабидан чиқиб кетмагани учун ғусл олишдан аввал идрор чиқариб, сийдик йўлларидаги манийни чиқариб ташлаши керак.
Ҳар қандай оққан суюқликни маний деб билмаслик керак. Кўпинча нотўғри ҳолда, простата суюқлиги маний деб ҳисобланмоқда.