Савол: Ғусл ва таҳоратга моне бўлган ва бўлмаган ҳолатлар қайсилар?
Жавоб: Моддалар ҳолида билдирамиз:
1. Бурундаги қуруқ кир тагига ва тишларнинг орасида ҳамда тиш чуқурида қолган овқат қолдиқларнинг тагига сув ўтмаса, таги ювилмаса, ғусл жоиз бўлмайди.
2. Терига ёпишган лой, мум, сақич, қаттиқ ёғ, балиқ тангачаси, чайналган нон, лак-бўёқ каби сув ўтказмайдиган нарсаларнинг тагини ювиш фарз.
3. Ғусл олиб бўлганидан кейин бир жойида елим сингари сув ўтказмайдиган бирон модда кўрган киши уни кўчириб тагини ювса етарли бўлади. Бошқатдан ғусл олишга ҳожат йўқ. Моликийда ҳам шундай.
4. Аёллардаги спирал ва олдидан ёки орқасидан ишлатадиган тампонлари ғуслга моне эмас.
5. Бошига соч эктириш ғуслга моне эмас. Тагидаги терини ювиш кифоя.
6. Татуировка қилдириш гуноҳ. Лекин ғуслга, таҳоратга моне эмас. Чунки татуировка тери тагидан қилинади. Тери устидан қилдирса ва кетмайдиган бўёқ бўлса, тагига сув ўтмаса, вақт ўтиши билан ўчиб кетади. Шунинг учун татуажда вақт ўтиши билан ўчиб кетадиган бўёқ ишлатилмайди. Агар ўчмайдиган ёғли бўёқ суриладиган бўлса-чи? Бу ҳолда бўёқ ўчмайдиган бўлгани учун зарурат бўлади ва яна ғуслга моне бўлмайди. Яъни татуировка ғуслга моне эмас.
7. Сирға учун тешилган қулоқ тешигида сирға бўлмаса ва тешик очиқ бўлса, қулоқни юваётганида тешик ҳўл бўлса етарли бўлади. Ип тақишнинг ҳожати йўқ. Тешик битиб кетган бўлса, бекилиб қолгани учун яна зарари йўқ. Тешикни очиш керак эмас.
8. Хина, сиёҳ каби бўёқлар ғуслга ва таҳоратга моне бўлмайди. Чунки тагига сув ўтади. Лекин ёғли бўёқ, лак, елим сингари нарсалар тагига сув ўтказмагани учун ғусл ва таҳоратга моне бўлади.
9. Соч бўёқлари ҳам худди хина кабидир. Тагига сув ўтказади ва ғуслга моне бўлмайди.
10. Суюқ ёғларнинг тагига сув ўтади. Ёғнинг ранги қолса ҳам зарари йўқ. Ғуслга, таҳоратга моне эмас. Лекин қаттиқ ёқларнинг тагига сув ўтмайди.
Савол: Сигаретнинг тишларда қолдирадиган смоласи ғуслга моне бўладими?
Жавоб: Сигаретнинг тиш тагларида пайдо қиладиган смола суюқ ёғлар туркумига киради. Ғуслга моне эмас. Ювилгандан кейин ранги қолса, хинадек бўлади. Барибир ғуслга моне бўлмайди.
Савол: Қўлга юққан елим таҳоратга ва ғуслга моне бўладими?
Жавоб: Осонлик билан кетказиладиган қисми тозаланади. Кетказа олмаганлари зарурат бўлгани учун таҳоратга ва ғуслга моне бўлмайди.
Савол: Суннат қилинмаган кишининг ғуслда суннат терисининг тагини ювиши фарзми?
Жавоб: Йўқ. Фарз эмас, мустаҳабдир. (Саодати абадия)
Савол: Кўзга линза тақиш таҳоратга ва ғуслга моне бўладими?
Жавоб: Кўзнинг ичи таҳорат ва ғуслда ювилмайди. Шунинг учун линза ғусл ва таҳоратга тўсиқ эмас. Яъни таҳорат ва ғусл олаётганида линзаларни олиб қўйиш керак эмас.
Савол: Қўлларимда суял (сўгал) бор. Шунинг учун дори ишлатаман. Лекин дори худди “Момент” клейига ўхшайди. Тагига ҳам сув ўтказмайди. Бунинг ғусл ва таҳоратга бирон зарари борми?
Жавоб: Дорини теридан артиб ташлаганда кетмаса, яъни тозалашнинг имкони бўлмаса, зарари йўқ. Узрли бўлмасдан таҳорат олиб намоз ўқийсиз.
Савол: Суперелим, лак, тишлардаги тошчалар, псориаз касаллигининг пўсти ва кўзда ҳосил бўладиган шилпиқ таҳоратга ва ғуслга моне бўладими?
Жавоб: Юқорида келтирганлардан фақат лак моне бўлади. Уни ўчириб тагини ювиш керак. Тишлардаги тошчалар ўз-ўзидан ҳосил бўлиб, осонлик билан тозалаш учун бирон дори ҳам бўлмагани учун таҳоратга ва ғуслга моне бўлмайди.
Псориаз касаллиги пўсти ва шилпиқ ҳам ўзи ҳосил бўлгани учун ортиқча тирнамасдан буларни кетказа олганча тозалайсиз. Қолган қисмлари таҳорат ва ғуслга моне бўлмайди. Суперелим ва ёғли бўёқ каби моддалар эса осонлик билан тозаланмайди. Терини тирнаб яра қилмайдиган даражада имкон қадар тозалайсиз, қолган қисми ғусл ва таҳоратга моне бўлмайди.
Савол: Сочга сурилган зайтун ёғи таҳоратга моне бўладими?
Жавоб: Суюқ ёғлар масҳга моне бўлмайди.
Савол: Сочга сурилган гел, киприкка сурилган тушь таҳоратга ва ғуслга моне бўладими?
Жавоб: Булар тагига сув ўтказадиган бўлса, ғусл ва таҳоратга моне бўлмайди. Ўтказмаса ёки ўтказмайдиганлари бўлса, таҳорат ва ғуслга моне бўлади. “Сув ўтказмас экан деб эшитдик” деган гаплар билан ғусл ва таҳоратга моне бўлиб қолмайди. Аниқ билиш керак. У-бу одамнинг гапи билан моне бўлиб қолмайди.
Савол: Юзимга крем сургандан кейин тагига сув ўтадими, йўқми? Таҳоратга зарари йўқми?
Жавоб: Агар крем қатиқдек қалин қилиб сурилса, тагига сув ўтказмайди. Сарёғ ҳам шундай. Лекин яхшилаб терига сингдирилиб, терида қаттиқ қисм қолдирмаса, тагига сув ўтади, таҳоратга моне бўлмайди. Яъни зайтун ёғидек бўлса, таҳоратга моне бўлмайди.
Савол: Сиёҳ таҳоратга ва ғуслга моне бўладими?
Жавоб: Моне бўлмайди. Хина, сиёҳ каби тагига сув ўтказадиган бўёқлар ғуслга ва таҳоратга моне эмас. Лак ва ёғли бўёқлар тагига сув ўтказмагани учун ғусл ва таҳоратга моне бўлади.
Савол: Ғуслда онам “Сув тегмай қолади” деб сирғасини ечиб қўяди. Холам эса одатда сирға тақмайди, лекин ғусл олишидан аввал тақиб олади. Қайси бирининг ғусли саҳиҳ?
Жавоб: Иккаласининг ғусли ҳам саҳиҳ. Муҳими қулоқ тешигига сув тегишидир. Сирғасиз бўлганида ҳўл бармоқлар билан енгил ишқалаш билан сув тегади, сирға тақишнинг кераги йўқ. Сирғаси бўлса ва сирғаси ёпишиб турадиган бўлса, ўрнидан енгилгина ўйнатиш етарли бўлади.
Савол: Биз томонларда “Тирноқлар, сочлар ва тишлар алоҳида бир аъзо бўлмагани учун бу жойларни таҳорат ва ғуслда ювишнинг кераги йўқ. Шунинг учун лак ғусл ва таҳоратга зарар бермайди” дейдиган битта реформист (ҳукмларни бузувчи) мулла пайдо бўлган. Унга қандай жавоб берсам бўлади?
Жавоб: Тирноқ алоҳида бир аъзо бўлмаса, бармоқ ҳам алоҳида аъзо эмас, аъзонинг бир парчаси холос. Лекин бармоқларга сув текказмай қўллар ювилса, таҳорат ва ғусл тўлиқ бўлмайди. Ҳар бир аъзони тўлалигича ювиш шарт. Фиқҳ китобларида айтиладики:
“Баданида игна учичалик қуруқ жойи қолса ёки тирноқнинг тагига кириб қолган лой шу жойда қуриб қолса ҳамда ювганида тозаламаса, ғусли саҳиҳ бўлмайди.” (Ҳиндия)
“Жунубнинг баданида ғусл қилаётганида игна учичалик сув тегмаган жой қолса, жунублиги кетмайди. Чунки бутун баданини ювиши фарздир.” (Ҳалаби-йи сағир)
“Ғуслда оғзининг ва бурнининг ичини ҳамда бошдан оёққача бутун баданини, игнанинг учидек қуруқ жой қолдирмасдан яхшилаб ювиш фарз.” (Неъмат-и ислом)
“Ғусл фарзининг учинчиси бошидан оёғигача бутун баданни мум, лой, кўз шилпиғи каби тагига сув ўтказмайдиган нарсалардан тозалаб, бир марта ювишдир.” (Неъмат-и ислом)
“Тиш ковакларидаги овқат қолдиқлари жипслашиб, тагига сув ўтказмаса, ғусл саҳиҳ бўлмайди.” (Мароқил-фалоҳ, Таҳтовий, Фатҳ-ул-қодир, Ҳалаби-йи кабир, Мажмуа-и зуҳдия)
“Ғуслнинг фарзи учта. Булар оғиз ва бурунни сув билан ювиш ҳамда бутун баданини ювиш. Баданида игнанинг учидек қуруқ жой қолса, киши жунубликдан қутула олмайди.” (Тарғиб-ус-салот)
“Ювиши фарз бўлган аъзосида игнанинг учидек қуруқ жой қолса, таҳорат саҳиҳ бўлмайди.” (Ислом ахлоқи)
Кўриб турганимиздек вужуднинг бир жойида игна учидек сув тегмаган жой қолса, ғусл саҳиҳ бўлмайди. Қўлнинг бир қисми бўлган тирноқлари ва оғизнинг ичидан саналадиган тишларни ҳам ғуслда ювиш фарз.
Игна учидек қуруқ жой агар қасддан ташлаб кетилса, ғуслга моне бўлади. Лекин ўзи билмасдан беихтиёр баданида кафтдек жой қуруқ қолса ҳам, ғуслга моне бўлмайди. “Бирор жойимга сув тегмай қолмадимикан” деб васваса қилиш, такрор-такрор юваман деб сув исроф қилиш гуноҳ бўлади.
Савол: Қўлларимдаги қаварган жойларга дори сураман. Бу дори худди лак каби бир қатлам ҳосил қилади. Бу таҳоратга монеми?
Жавоб: Тагига сув ўтказмайдиган нарсалар таҳоратга моне бўлади. Лекин солиҳ ва мутахассис бўлган бир доктор “Бу хасаталикка бундан бошқа таъсирли дори йўқ” деса, у ҳолда таҳорат олаётганида тозалаш керак эмас. Устига масҳ тортилади.
Савол: Тирноқ остидаги сув ўтказадиган кирлар ғусл ва таҳоратга моне бўладими?
Жавоб: Тагига сув ўтадиган бўлса, таҳорат ва ғуслга моне бўлмайди. Кир билан нажосат бўлак нарсалардир. Кийимга теккан лой, сўлак, керосин, ёғ каби кирларни тозаламаса ҳам нажосат бўлмагани учун намозга зарари йўқ. Лекин тоза кийими бор бўлсаю, кир, ёғ теккан кийим билан намоз ўқиш макруҳ бўлади. Либосга намозга моне бўладиган даражада кўп идрор (сийдик) ёки нажосат теккан бўлса, бу кийим билан намоз ўқилмайди.
Худди шунингдек, кир, лой пойафзал билан жаноза намозини ўқиш мумкин бўлса ҳам, нажосатли пойафзал билан ўқилмайди.
Савол: Сув ўтказмаслиги маълум бўлишига ва кўчириб олиш мумкин бўлишига қарамай, нима учун тишдаги тошчалар ғуслга моне бўлмайди-ю, нимага тиш ковакларидаги овқат қолдиқлари ғуслга моне бўлади?
Жавоб: Овқат қолдиқларини биз қолдирамиз. Тиш тошчалари эса бизнинг қўлимизда бўлмаган сабаблар билане пайдо бўлади. Тиш тошчалари теридаги псиароз ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб, уларни осонлик билан кетказадиган дори бўлмагани, яъни уларни кўчириб ташлашда хараж-машаққат бўлгани учун ғуслга моне бўлмайди. “Саодати абадия” китобида айтиладики: “Тиш атрофида пайдо бўладиган тошчалар, тишлар тагида ҳосил бўладиган қаттиқ моддалар ўз-ўзидан ҳосил бўлгани учун ва бунга моне бўладиган дори бўлмагани учун буларнинг мавжуд бўлишида зарурат бор. Буларни олиб ташлашда хараж бўлган кишилар теридаги, яранинг устидаги қотиб қолган пўсти каби, тагларини ювиш тўрт мазҳабда ҳам шарт эмас. Бу учун бошқа мазҳабни тақлид қилиш лозим бўлмайди.”