Ғуслни кечиктириш

Савол: Хуфтонни ўқиб бўлгандан кейин жунуб бўлган киши қачонгача жунуб ҳолида қолса гуноҳ бўлмайди?

Жавоб: Хуфтондан кейин жунуб бўлган кишининг бомдод намози вақтигача ғуслни кечиктириши жоиз бўлса ҳам, дарров ювиниб олиши жуда яхши бўлади, албатта. Имоми Ғазолий ҳазратлари “Жунуб бўлган киши ғусл қилмасдан бир намоз вақтини ўтказиб юборса, оташдан кўйлак кийдирилади” деб айтганлар. Намоз ўқийдиган ва ўқимайдиган ҳар бир одам бир намоз вақтини жунуб ҳолда ўтказса, жуда қаттиқ азоб кўради. Масалан, пешин вақти кирганидан кейин жунуб бўлган киши пешин намозини ўқимаган бўлса, аср вақтига пешин намозини ўқийдиган вақт қолгунича ғусл қилиш фарз бўлади. Фарзни адо этиш катта савоб, бажармаслик эса гуноҳдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Жунуб бўлгач, дарров ғусл қилинг! Чунки кироман котибин фаришталари жунуб ҳолича юрган кишидан ранжийдилар.” (Эй ўғил илмиҳоли)

“Жонлиларнинг расми, ит ва жунуб киши бўлган хонага раҳмат фаришталари кирмайди.” (Насоий)

“Жунуб ва маст кишига раҳмат фариштаси яқинлашмайди.” (Баззор)

“Ғусл қилиш учун ўрнидан турган кишига баданидаги туклар сонича савоб берилади, шунча гуноҳи кечирилади, жаннатдаги даражаси юксалади. Ғусли эвазига унга бериладиган савоб дунёда бўлган барча нарсадан хайрли бўлади. Аллоҳу таоло фаришталарига “Қаранглар, бу қулим кечаси эринмасдан ўрнидан туриб амримни бажариш учун ғусл қилмоқда. Гувоҳ бўлингки, унинг бутун гуноҳларини авф ва мағфират қилдим” деб буюради.” (Ғуня) 

Савол: Ғуслни тарк этган одам диндан чиқадими?

Жавоб: Ғуслни тарк этган одам диндан чиқмаса ҳам, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуслсиз бўлган киши намоз ўқий олмайди. Намоз ўқимаслик инсонни куфрга етакловчи катта гуноҳлардандир. Бундай кишиларнинг имонини йўқотиши осон бўлади. Шунинг учун ғуслни кечиктирмаслик керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Аллоҳу таоло: “Шу уч нарсада бардавом бўлган киши ҳақиқий дўстимдир. Буларни тарк қилган эса ҳаиқиқй душманимдир. Бу уч нарса: намоз, рўза ва жунубликдан ғуслдир” деб буюрган.” (Байҳақий)

Аллоҳу таоло душманим деган ва раҳмат фаришталари узоқ турадиган кишининг уйида ҳузур, баракат деган нарса бўладими? 

Савол: Баъзан эрталаб уйғонганимда иҳтилом бўлиб қолган бўламан. Лекин ўқишга ё ишга кеч қолмаслик учун намоз вақтлари ўтиб кетса ҳам, ўқишдан келгач ғусл қилсам бўладими?

Жавоб: Икки дақиқада ғусл олиш мумкин. Намоз вақтларини жунуб ҳолда ўтказиш катта ҳаром бўлса, намоз ўқимаслик алоҳида ҳаром. Икки ҳаромни қўшиб қилиш катта гуноҳ бўлади. 

Савол: Ота-онам менинг тез-тез ҳаммомга тушишимга йўқ қўймайдилар. Баъзан жунуб ҳолда юраман. Жунуб ҳолида ўлган киши кофир бўлиб ўладими?

Жавоб: Жунуб ҳолича юриш катта гуноҳ бўлса ҳам, жунуб ҳолида юриб, гуноҳ қилган одамга кофир дейилмайди. Намоз ўқимаслик катта гуноҳ. Жунуб бўлган киши намоз ҳам ўқий олмайди. Ота-онангизга чўмилиб туришингиз кераклигини муносиб бир тарзда тутушнтиришингиз керак. 

Савол: Эрталаб қуёш чиққанидан кейин ҳайзи тўхтаган аёл, пешин намозигача ғуслни кечиктира оладими?

Жавоб: Ҳайзи тўхтаган аёл жунуб бўлади. Яъни жунуб киши қила олмайдиган ишларни қила олмайди. Масалан, тирноқ ва соч олиши макруҳ бўлади. Пешин намозини ўз вақтида ўқий оладиган даражада кечиктириш жоиз. Лекин имкон топиши билан дарҳол ғусл қилиши афзал. Чунки бир ҳадиси шарифда “Жунуб бўлгач, дарров ғусл қилинг! Чунки кироман котибин фаришталари, жунуб ҳолича юрган кишидан безор бўлади” деб марҳамат қилинган. (Эй ўғил илмиҳоли)

Савол: “Жунуб ҳолича ўлган киши кофир бўлади” дейишади. Бу тўғрими?

Жавоб: Йўқ, тўғри эмас. Асҳоби киромдан Ҳанзала ҳазратлари ғусл қилишга вақт бўлмагани учун Ухуд жангида жунуб ҳолида шаҳид бўлади. Уни фаришталар чўмилтирадилар. Шунинг учун “Ғосил-ул-малоика” исми билан шарафланган. Маъноси фаришталар ювинтирган, ғусл қилдирган зот деганидир.