Таҳорат қандай олинади?

         1.Таҳоратга бошлашда ушбу дуо ўқилади: «Бисмиллаҳил-озыйм. Валҳамдулиллаҳи ъала динил-Ислом. Ва ъала тавфиқил-иймон. Алҳамду лиллаҳиллази жаъолал моа таҳурон ва жаъолал-ислома нуран [1].» Кейин қўллар уч марта ювилади.

2.Сўнгра ўнг қўл билан оғизга уч марта сув беришда шу дуо ўқилади: «Аллоҳуммасқиний мин хавди набийика каъсан ло азмау баъдаҳу абадан[2]

3.Ўнг қўл билан бурунга уч марта сув берилади, чап қўл билан қоқилади ва ўша пайтда қуйидаги дуо ўқилади: «Аллоҳумма арихний ройиҳатал жаннати варзуқний мин наиъмиҳо. Ва ло туриҳний ройиҳатан-Нор[3]

4.Ҳовучга сув олиниб пешонадан жағларнинг тагигача бутун юз ювилаётганда ушбу дуо ўқилади. «Аллоҳумма баййид важҳий бинурика явма табядду вужуҳу авлиёика ва ло тусаввид важҳий би зунуби явма тасвадду вужуҳу аъдоика[4]

5.Ўнг қўл тирсаги билан бирга ювилаётганда: «Аллоҳумма аътиний китобий бияминий ва ҳосибний ҳисабан ясийран[5]» дуоси ўқилади.

6.Чап қўл тирсаги билан ювилаётганда эса «Аллоҳумма ло туътини китобий би шимолий ва ло мин варо-и зоҳрий ва ло туҳосибний ҳисобан шадидан[6]» дуоси ўқилади.

7.Ҳар икки қўлни тирсаги билан ювиб бўлгандан кейин, такрор қўлларни бир марта ювиб, ҳўл кафти билан бошга масҳ тортилаётганда: «Аллоҳумма харрим шаъри ва башарий ъалан-Нор. Ва азылланий тоҳта зиллий оршика явма ло зилла илло зиллу оршика[7]» дуоси ўқилади.

8.Кейин ўнг ва чап қўлнинг кўрсатгич бармоқлари билан қулоқларнинг ичини тозалаётганда бош бармоқлар билан қулоқларнинг орқаси масҳ этилади ва «Аллоҳум-мажъалний миналлазина ястамиъунал-қовла фаяттабиъуна аҳсанаҳу[8]» дуоси ўқилади.

9.Қўлнинг терс тарафи билан энсани (бўйин) масҳ этаётганда: «Аллоҳумма аътиқ рақабатий минан-Нор[9]» дуоси ўқилади.

10.Кейин чап қўлнинг кичик бармоғи билан ўнг оёқнинг жимжилоғидан бошлаб бармоқ оралари ҳилолланиб, тўпиққача бўлган жой, тўпиғи билан бирга ювилади. Шу пайтда қуйидаги дуо ўқилади: «Аллоҳумма саббит қадамайя ъалас-сироти явма тазиллу фиҳил ақдому[10]

11.Чап оёқни ювишда, яна чап қўлнинг жимжилоғи билан, лекин бу сафар оёқнинг бош бармоғи орасидан бошлаб, бармоқ оралари ҳилоллаб тозаланади ва тўпиғи билан бирга ювилади. Ва «Аллоҳумма ло тотруд қадамайя ъалас-сироти явма тотруд кулла ақдами аъдоика Аллоҳуммажъал саъйи машкуран ва занбий мағфуран ва амалий мақбулан ва тижоратий лан табура[11]» дуоси ўқилади.

Пайғамбаримиз “саллаллоҳу алайҳи ва саллам” айтадиларки: «Бир кимса, таҳорат олгач, кўкка қараб мана бу дуони ўқиса, (Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдика, Ашҳаду ан ло илоҳа илло анта ваҳдака ло шарика лака астағфирука ва атубу илайка ашҳаду ан ло илоҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдука ва Расулука[12]) Ҳақ таоло ҳазратлари ўша кимсанинг гуноҳларини кечиради ва қабул имзоси билан тасдиқлаб, Арши аълонинг остида муҳофазага олади. Қиёмат куни эса, ўша дуони ўқиган кимса келиб савобининг ажрини олади». Бошқа ҳадиси шарифда эса: «Ҳар ким таҳорат олгандан кейин. “Инна анзалнаҳу” [Қадр] сурасини бир марта ўқиса, Ҳақ таоло ҳазратлари ўша кимсани сиддиқлардан ёзади. Икки марта ўқиса, шаҳидлардан ёзади. Уч марта ўқиса, (Қиёматда) пайғамбарлар билан бирга тирилтади»- дедилар.

Яна бир ҳадиси шарифда эса: «Бир кимса таҳорат олгач Менинг ҳаққимга ўн марта салоту салом келтирса, Ҳақ таоло ҳазратлари, ўша кимсанинг ғамини кетказиб, дилини хурсанд, дуосини қабул қилади»- деб марҳамат қилинди.

Бу дуоларни билмайдиганлар ўқимаса ҳам бўлади. Лекин қисқа вақтда ёдлаб олиш ва таҳорат олаётганда ўқиш фойдалидир. Катта савоб ҳосил бўлади.

Таҳоратни тугатаётганда ёки тугатгач: «Аллоҳум-мажъалний минат-таввобина важъалний мин-ал-мута-тоҳҳирийна, важъалний мин ибодик-ас-солиҳийна, важъалний минал-лазийна ло хавфун ъалайҳим ва лоҳум яҳзанун» дуосини ўқиш ҳам жуда катта савоб келтиради.

Таҳорат дуосини билмаганлар, ҳар аъзосини юваётганда калимаи шаҳодат ўқиб мана шу орқали бу амалларга махсус савоблардан маҳрум қолмаслиги керак.

 


[1]Озийм (улуғ) бўлган Аллоҳу таолонинг (исми билан) бошлайман. (Бизга) Ислом динини берган ва иймонни эҳсон этган Аллоҳу таолога ҳамду санолар бўлсин. Сувни тозаловчи, Исломни эса нур қилган Аллоҳу таолога ҳамду санолар бўлсин.

[2]Эй Аллоҳим! Ундан ичилганда ҳеч қачон чанқатмайдиган “Ҳавзи Набий” дан бу бандангга ҳам бир коса ичказгин.

[3]Эй Аллоҳим! Менга Жаннат бўйларини ҳидлат ва мени Жаннат неъматлари билан ризқлантиргин. Жаҳаннам ҳидидан эмас.

[4]Эй Аллоҳим! Нуринг билан авлиёнинг юзини ёритганингдек, менинг юзимни ҳам ойдинлатгин. Душманларнинг юзлари қорайган кунда, менинг юзимни гуноҳларим сабабли қора қилмагин.

[5]Эй Аллоҳим! Китобимни (амал дафтарим) ўнг тарафимдан бергин ва менинг ҳисобимни осон қилгин.

[6]Эй Аллоҳим! Китобимни чап тарафимдан ва орқамдан бермагин. Мени қийин ва азобли сўроққа тортмагин.

[7] Эй Аллоҳим! Вужудимни ва сочимни Жаҳаннам оташида ёқмагин. Ҳеч қандай соя бўлмайдиган кунда, мени арши аълонинг соясида сақлагин.

[8] Эй Аллоҳим! Мени гап тинглаб, улардан энг яхшиларини оладиган ва риоя қиладиганлардан айлагин.

[9]Эй Аллоҳим! Бўйнимни Жаҳаннам оловидан холос айлагин.

[10]Эй Аллоҳим! Оёқларнинг қоқилмасдан ва тоймасдан ўтиши қийин бўлган Сирот кўприги устида менинг оёқларимни собит (мустаҳкам) айлагин.

[11]Эй Аллоҳим! Сенинг душманларингни оёқлари Сиротда тоядиган куни, менинг оёғимни тойдирма. Эй Аллоҳим! Ишларимни шукр қилгучи айла. Гуноҳимни авф айла. Амалимни қабул айла.

[12]Эй Аллоҳим! Сени ҳамдинг билан тасбиҳ ва танзиҳ қиламан. Сендан бошқа маъбуд йўқлигига, бир эканлигингга ва шеригинг йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом Сенинг қулинг ва Расулинг эканлигига гувоҳлик бераман.