Транспорт воситаларида намоз

Савол: Транспорт воситаларида намоз ўқиладими?

Жавоб: “Соғлом кишининг кема, поезд, самолёт ва автобус каби транспорт воситаларида фарзларни ўтириб ўқиши жоиз эмас. Лекин таяммум қилиш учун зарурий узрлари бор бўлса, жоиз бўлади.” (Ҳалабий, Радд-ул мухтор)

Зарурий узрлар қуйидагилардир:

Моли, жони, ҳайвони хавфда бўлиши, уловдан тушганида улови, уловидаги ёки ёнидаги молнинг ўғирланиши, йиртқич ҳайвон, душман, ернинг лой бўлиши, ёмғир бўлиши, хастанинг тушиб-чиқаётганида касалига зарар келиши ёки хасталиги ортиши, шериклари уни кутмасдан кетиб қолиши, уловидан тушганидан кейин ёрдамчисиз қайта мина олмаслиги каби сабаблар узр ҳисобланади.

Мана шундай узрлар бўлса, намозни восита ичида имо билан ўқиши жоиз бўлади. Намозда қандай ўтириладиган бўлса худди шу шаклда ерда ёки ўриндиққа ўтириб, намоз ўқийди.

Агар юқоридаги узрлар бўлмаса, воситада ўтирган ҳолда намоз ўқиш жоиз бўлмайди. Автобус тўхтаган вақтда тушиб, ёки тўхтатиб ичида туриб ўқийди. Тўхтатиш мумкин бўлмаса, ундан тушиб қолиб, намозини ўқиганидан кейин бошқа транспорт билан сафарини давом этказади. Шунинг учун автобусга чиқаётганида “Намоз вақтларида йўлда тўхтайдиган бўлсангиз, сиздан билет оламан” деб келишиб олиш керак. Буни қилолмаса, нариги уч мазҳабдан бирини тақлид қилган ҳолда, икки намозни жам қилади.

Сузиб кетаётган кемада фарзларни ўтирган ҳолда ўқиш икки имомга кўра жоиз эмас. Бош айланиши узр бўлади. Денгиз ўртасида лангар ташлаб турган кема шамолда қаттиқ чайқалаётган бўлса, сузиб бораётган кема ҳукмида деб ҳисобланади. Қаттиқ чайқалмаётган бўлса, портда бўлса, унинг ичида фарз намозларни ўтириб ўқиш жоиз эмас. Кетаётган кемада намозга бошлаётганида қиблага қараб туриш ва кема йўналишини ўзгартирган сайин қибла томонга бурилиб туриш керак.

Сафарий бўлган киши кема ва поездда фарз намозларни ўқиётганида қиблага юзланиб, ёнига компас қўйиб олиб, кема ёки поезд йўналишини ўзгартирганида намоз ичида қиблага ўгирилиши керак. Ёки бошқа бири уни ушлаб ўнг ёки чапга қаратади.(Саодати Абадия) Намозда турганида кўкси қибладан бошқа тарафга ўгирилса, намози бузилади. Чунки кема ва поезд уй кабидир.

Автобусда, поездда, кучли тўлқинли денгизда қиблага юзлана олмаган кишининг фарз намозлари жоиз бўлмайди. Улар йўлда сафарийлик муддатича Моликий, Шофеъий ёки Ханбалий мазҳабини тақлид этиб, икки намозни жам қилиб ўқийди.

Савол: Талабалар билан бирга сафарга чиқяпмиз. Автомобилда намоз ўқишимга тўғри келади. Қандай қилсам бўлади?

Жавоб: Намозни мажбур бўлмагунча автомобилда ўқиманг. Икки намозни жам қилиб ўқинг. Автомобилда ўқишга мажбур бўлсангиз чордана қуриб ёки тиззалаб ўтиришингиз керак бўлади. Пойафзалингизни ечиб, қиблага юзланиб, имо билан ўқилади.

Савол: Автобус тўхтамай кетаётган бўлса, тушишнинг имкони бўлмаса, бомдод намозини қандай ўқисам бўлади?

Жавоб: Эгри-бугри бўлмаган тўғри йўлда кетаётганида қибла томонни аниқлаб, юзланиб, энг қисқа суралар билан икки ракъат ўқишингиз мумкин. Агар пешин намозини ўқишнинг ҳам имкони бўлмаса, у ҳолда аср вақтида автобусдан тушганда жам қилиб ўқий оласиз. Сафарийликда Шофеъий, Моликий ёки Ханбалий мазҳабини тақлид қилиб, кундузги  ва оқшомги намозларни ўз жуфтлари билан жам қилиб бир вақтда ўқиш мумкин. Агар муқим пайтда ҳам жам қилиш мажбурияти пайдо бўлса, Ханбалий мазҳаби тақлид қилинади.

Савол: Таҳорат олишим учун автомобилда ёнимда сув олиб юраман. Таҳорат учун фақат фарз бўлган аъзоларимни ювсам жоизми?

Жавоб: Жоиз. Бир марта ювсангиз ҳам бўлади, уч марта ювиш шарт эмас.

Савол: Самолётда кетаётганда бир намоз вақти ўтиб кетадиган бўлса, нима қилиш керак?

Жавоб: Самолётда намоз ўқилади. Самолётда ўқишнинг имкони бўлмай, вақт чиқадиган бўлса, нариги уч мазҳабдан бири тақлид этилиб, икки намозни жам қилиб ўқийди. Бомдод намози жам қилинмайди. Бомдод намозини самолётда имо билан бўлса ҳам ўқиш керак. (Ҳадиқа)

Савол: Самолёт билан АҚШга учмоқчиман. Пешин вақти кирмасдан Тошкентдан учамиз. Пешин намозини қандай ўқисам бўлади?

Жавоб: Икки йўл бор:

1. Самолётнинг орқа қисмида тик туриб ўқишингиз мумкин.

2. Агар самоёлтда туриб ўқиш имкони бўлмаса, тушгандан кейин аср намози билан жам қиламан деб ният қиласиз. Самолётдан тушгач, Моликий мазҳабини тақлид этиб, суннатларни ўқимай, икки ракъат пешин, икки ракъат аср намозини орқама-орқа ўқийсиз.

Эслатма: АҚШга аср вақтига ҳам етиб бора олмасангиз ва оёқда туриб ўқиш имкони бўлмаса, у ҳолда самолётда ўриндиқда чўккалаб ёки чордана қуриб ўтириб, намозни имо билан ўқийсиз. Чунки мажбурликдан бу ҳолда ўқимоқдасиз.

Савол: Намозни автобусда ўтирган ҳолда ўқишга мажбур бўлсак, автобус тўхтаб туриши керакми?

Жавоб: Тўхтаб турганида ўқишнинг имкони бўлса, тўхтаб турганида ўқилади. Тўхтамаса, ҳаракат қилаётганида ўқийди.

Савол: Сафар вақтида кема ёки поездда қиблага юзланиш шартми?

Жавоб: Ҳа, қиблага юзланиш шарт. Сафарда тўрт ракъатлик намозлар икки ракъат қилиб ўқилади. Одатда поезд икки ракъат намоз ўқигунича йўналишини ўзгартирмайди. Яъни шундай қисқа вақтда поезд бошқа тарафга бурилиб кетмайди. Агар эгри-бугри кетаётган бўлса, сажда ёнига компас қўйиб олади. Кема ёки поезд йўналишини ўзгартирганида секин-аста ўзи ҳам қиблага қараб бурилади. Ёки бошқа бири уни икки елкасидан ушлаб қиблага қаратиб туради. Кема ва поезд уй ҳукмида бўлгани учун намозда кўкси қибладан ўгирилса, намози бузилади. Бундай транспорт воситаларида қиблага юзлана олмаган кишининг фарз намозлари жоиз бўлмайди. Улар сафарийлигида борган жойида нариги уч мазҳабдан бирини тақлид этиб, икки намозни жам қилиб ўқийди.

Савол: Ернинг айланиш тезлигидан ҳам тезроқ учадиган бир самолёт билан, масалан, Экватор бўйлаб ярим соатда ер юзини бир марта айланиб чиқадиган тезликда учса, намозларини қандай ўқийди?

Жавоб: Вақт намознинг шартидир. Вақти кирганида намоз ўқиш фарз бўлади. Жануб ёки шимол йўналишида учадиган бўлса, ҳеч нарса ўзгармайди. Бир меридиан бўйлаб учган ҳисобланади. Шарқ ёки ғарбга училадиган бўлса, 30 дақиқа ичида бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон намозларининг вақти кетма-кет киради. Бир намозни ўқиб бўлгунча вақти чиқиб кетиши мумкин. Шунинг учун икки намозни жам қилгани маъқул. Агар самолётнинг катта тезликда учаётганлиги сабабли намозни қазога қолдирсак, гуноҳ бўлмайди. Самолётдан тушгач, вақти кирган ҳолда ўқилмаган намозлари қазо қилинади.

Савол: Самолёт, кема, поезд ва автобусда ўқиладиган намозларнинг ҳукми бир хилми? Уларда намоз қандай ўқилади?

Жавоб: Бари бирдек эмас. Масалан, намоз вақти чиқадиган бўлса ҳам, самолётдан, кемадан тушиб қолмайди. Поезддан бир станцияда тушиб қолиши мумкин. Автобусдан тушиш яна-да осонроқ.

Қайси воситага минса ҳам намозларни қазога қолдирмайдиган шаклда режалаштириш керак. Ҳар бири учун алоҳида мисоллар келтирамиз:

Самолётда: Ички рейсларда, яъни учиш нари борса бир-икки соат давом этадиган бўлса, намозни ўтириб ўқишга ҳожат йўқ. Самолётдан тушгандан кейин икки намозни жам қилиш имкони бор. Агар самолётдан тушгунича бомдод намозининг вақти чиқиб кетадиган бўлса, намозни қазога қолдириш ҳаром бўлгани учун самолётнинг орқа тарафига ўтиб, тик турган ёки ерга тиззалаб ўтирган ҳолда бемалол намозини ўқиши мумкин. Имо билан ўқилмайди.

Самолётда қиблага юзланиб туриш шарт. Самолёт ўнг-чапга кўп бурилмагани учун қибла йўналиши тез-тез ўзгаравермайди. 10 ёки 20 даража ўзгарса ҳам зарари йўқ.

Кемада: Сузиб бораётган кемада самолётдагидек қиблага юзланиб, тик туриб ўқий олмаса, тиззалаб ўтирган ҳолда ўқилади. Имо билан ўқилмайди.

Поездда: Станциялардан бирида тўхтаганида тик туриб намоз ўқиши мумкин. Баъзи станцияларда поезддан тушиб ўқишнинг ҳам имкони бор. Поезд ичида ҳам тик туриб ўқий олмаса, ўтириб ўқиш жоиз бўлади. Ўтириб ўқишнинг ҳам имкони бўлмаса, тушганидан кейин икки намоз жам қилиб ўқилади.

Автобусда: Автобуснинг шароити, самолёт, кема ва поезддаги шартлардагидек эмас. Минаётганида келишиб олиши мумкин. Масалан “Агар ҳар намоз вақтида 5 дақиқага тўхтаб турсангиз, билетни сиздан оламан” деб келишиб олади. Бордию сўз берганига қарамай намоз вақтида автобус тўхтамаса, вақт ҳам кам қолса, бирон бошқа баҳона билан автобусдан тушиб намоз ўқийди. Агар намоз ўқисангиз кутмайман дейишса, яна бошқа сабаб билан тўхтатиб тушиб қолиб кейин бошқа автобус билан йўлига давом этади. Ёнида хаста ёки бошқа бири бор бўлса, график бўйича бироз вақтга тўхтайдиган бекатларда ёки манзилга етиб тушганидан кейин жам қилиб ўқийди. Жам қила олмайдиган ҳолда бўлса, мажбуран автобуснинг йўлагида ўтириб ўқийди. Бунга ҳам имкон бўлмаса, ўтирган жойида оёқларини кўтарип тиззалаб олиб, имо билан ўқийди. Қиблага чамаси етгунча, яъни имкон қадар юзланиши шарт.

Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: Соғлом бир кишининг кемада, поездда ҳаракат ҳолида фарзларни ўтириб ўқиши имоми Аъзамга кўра жоиз бўлса ҳам, имомайнга кўра узрсиз жоиз эмас. Фатво ҳам шундай. (Саодати Абадия)

Демак, узрли бўлса, ўтириб намоз ўқиши жоиз. Бирон узри бўлмаса, сафарийнинг ўтирган ҳолида намоз ўқиши ўтмайди.