...

Оламни ойдинлатган нур

     Олам  жаҳолат ботқоғига шунчалик ботган ва атрофни зулмат шу қадар қоплаб олган эдики, одамзод оламларнинг яратувчиси бўлган Аллоҳу таолога иймон келтиришни, ибодат қилишни батамом ташлаб қўйганди. Одамларнинг ўзлигини унутиб, ҳаддан ошишлари шундай кучайиб кетгандики, улар табиат ҳодисаларига ва Жаноби Ҳақ яратган махлуқотга, айниқса, қўлларидаги бутларига “илоҳ” дея сиғинардилар.

Олам ғамгин, мавжудот ғамгин, кўнгиллар ғамгин ва юзларни табассум тарк этган эди. Аллоҳу таолонинг бошқа жонзотлардан устун қилиб яратган ва бандаларини жаҳаннам оташидан қутқаришга васила бўладиган бир қаҳрамоннинг майдонга чиқиши керак бўлган вақт яқинлашган эди. Олам Одам алайҳиссаломдан шу кунгача покиза инсонлардан покиза юзларга кўчиб келаётган нурнинг эгасини кутиб олишга тайёргарлик кўраётган эди. Инсониятга ва жинларга абадий саодатни кўрсатадиган тенги йўқ инсон келаётганди! ... Шафқат ва марҳамат манбаи, Раббининг ахлоқидан ахлоқ олган буюк инсон келаётган эди!

Мақоми маҳмуд соҳиби, шафоат қилувчиларнинг бош тожи келаётган эди! ... Коинотнинг муаллими, мавжудотнинг асл ўзаги, инсониятнинг саййиди келаётган эди! Маҳшар кунида инсониятнинг додига мадад бўлгувчи, пайғамбарларнинг султони келаётган эди!... Аллоҳу таолонинг ҳабиби, севгилиси, яратилишимизнинг ўзи ўша зотнинг ҳурматига амалга ошган, оламларга раҳмат қилиб юборилган севимли Пайғамбаримиз келаётганди! ... (саллаллоҳу алайҳи васаллам)

Етти қат ер, етти қат осмон, қисқаси бутун олам улуғвор бир эҳтиром ва севинчга ғарқ бўлган ҳолда Саййидул-Мурсалин, Ҳотамул-Анбиё, Ҳабиби Худо бўлган жанобини кутаётган эди. Бутун махлуқот бор овозлари билан “Хуш келибсиз, ё Расулаллоҳ!” дейиш учун тайёрланарди. Ана шундай бир замонда, ҳижратдан 53 йил муқаддам, Фил воқеасидан икки ойлар чамаси кейин, Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни кечаси тонгга яқин Макка шаҳрининг Ҳошим ўғиллари маҳалласида, Сафо тепалигига яқин бир уйда муштоқлик билан кутилаётган, Аллоҳу таолонинг нури Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу дунёга ташриф буюрдилар. Бу ташриф муносабати билан олам янгидан ҳаёт топди, яйраб яшнай бошлади. Қоронғуликлар бирдан у нур билан ёруғлашди.

“Мадорижун-нубувва” китобида айтиладики: “Шарафларнинг энг юксагига мазҳар (эришган) бўлган оналарнинг энг бахтиёри Ҳазрати Омина, ҳомиладорлиги ҳақида қуйидагиларни баён қилади: ”Ул сарварга ҳомиладорлик чоғимда ҳеч бир оғирлик, қийинчилик кўрмадим. Ҳомила бўлганимни ҳис этмасдим. Фақат олти ойдан сўнг, бир кун уйқусираб турган пайтимда бир киши менга, “Сен кимга ҳомиладор эканлигингни биласанми?” деб сўради. “Билмайман”, деб жавоб қотдим. У киши эса, “Билиб қўйки, сен Пайғамбарларнинг охиргисига ҳомиладорсан!” деган хабарни берди. Туғилиш куни яқинлашганида ўша киши такрор келиб, ”Эй Омина! Бола туғилганидан кейин унинг исмини Муҳаммад қўйгин” (Бошқа бир ривоятда “Эй Омина! Бола туғилганидан кейин, унинг исмини Аҳмад қўйгин”- дейилган) деди.”

Ҳазрати Омина волидамиз, боланинг туғилиш онини ҳам қуйидагича айтиб берган: “Вақти-соати келганида ҳайбатли бир овоз эшитдим. Этларим жимирлай бошлади. Ундан сўнгра бир оқ қуш кўрдим. У қуш келиб, мени қаноти билан силади. Натижада менда қўрқув ва титроқдан асар ҳам қолмади. Ўша онда сувсаб, ҳароратдан ёнаётган эдим. Ёнимда эса, сутга ўхшаш бир коса оқ шарбат пайдо бўлди. Ўша шарбатни менга ичишга узатишди. Уни ичдим, болдан ширин ва салқин эди. Шу билан чанқоғим босилди. Шу онда жуда катта бир нур кўрдим, у нурдан уйим шундай ёп-ёруғ бўлдики, ёруғликдан ўзга ҳеч нарсани кўриб бўлмасди.

Шу пайтда атрофимда жуда кўпчилик хонимларнинг мени ўраб турганини кўрдим. Уларнинг бўйлари узун, юзлари қуёшдек порларди. Улар худди Абду Маноф қабиласининг қизларига ўхшаб кетардилар. Уларнинг бирин-кетин чиқиб келишларидан ҳайратим ошди. Улардан бири “Мен Фиръавннинг хотини Осияман!” деса, бошқаси “Мен Марям бинти Имронман, қолганлар эса Жаннат ҳурларидир” дерди. Ўша ҳолатда яна бир оппоқ, узун ва осмондан ергача чўзилган ипак матони ҳам кўрдим. “Уни одамларнинг кўзидан яширинг” дейишди. Зша заҳоти бир қуш пайдо бўлди. Унинг тумшуғи зумраддан, қанотлари ёқутдан эди. Қўрққанимдан терлаб кетдим. Мендан томаётган тер томчиларидан мушки анбар ҳиди келарди. Шу ҳолда ётганимда кўзимдан пардани кўтардилар. Ўшанда бутун ер юзини шарқдан ғарбгача кўрдим. Атрофимни эса, малоикалар ўраб олишганди.

Муҳаммад алайҳиссалом туғилганиданоқ муборак бошини саждага қўйиб, шаҳодат (кўрсатгич) бармоғини кўтарди. Сўнгра кўкдан уни ўраб олган бир оқ булут тушди. Шу билан бар вақтда, “Уни мағрибдан машриққа қадар ҳамма жойда кездиринг, Шундай кездирингларки, жумлаи жаҳон Уни исми, жисми ва сифати билан кўриб танисин. Унинг Моҳий (Ҳидоят манбаи) эканлигини, яъни Аллоҳу таоло У орқали ширк асарларини қолдирмаяжагини билсинлар” деган бир овоз эшитилди. Шу онда ҳалиги булут ҳам кўздан ғойиб бўлди ва Муҳаммадни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) оппоқ жундан мато билан йўргакланганини кўрдим. Кейин олдимизга юзларидан қуёшдек нур таратиб турган уч киши келишди. Улардан биттасининг қўлида кумушдан обдаста, иккинчининг қўлида зумраддан лаган, учинчисининг қўлида эса, бир ипак бор эди. Обдастадан худди мушк томаётганга ўхшарди. Муборак ўғлимни лаганнинг ичига ётқизишди, муборак оёқ-қўлларини ювишиб, ипакка ўрашди. Ундан сўнгра Унинг муборак бошига хушбўй нарса сурдилар, муборак кўзларига сурма қўйдилар ва кўздан ғойиб бўлишди”.

Муҳаммад алайҳиссалом туғилган вақтида Ҳазрати Омина волидамизнинг ёнида Абдурраҳмон бин Авфнинг онаси Шифо хоним, Усмон бин Абил-Оснинг онаси Фотима хоним ва Пайғамбаримизнинг аммалари София хонимлар бор эди.

Улардан Шифо хоним ўша вақтдаги ҳолатни қуйидагича гапириб берган:

“Мен ўша кечаси Оминанинг ёнида унга ёрдамчи эдим. Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилганиданоқ  дуо ва ниёз қилганини эшитдим. Ғойибдан, “Ярҳамука Раббика” деган сўзлар эшитилди. Сўнгра бир нур пайдо бўлиб, атроф шундай ёришиб кетдики, шарқдан ғарбгача ҳамма жой ойдинликка ғарқ бўлди. ... “

Улардан бошқа яна бир қанча ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган Шифо хоним “Кейинчалик ушбу зотга Пайғамбарлиги билдирилган пайтда, ҳеч иккиланмай унга дастлаб иймон келтирганлардан бири мен бўлдим” деганди.

София хоним ҳам ўша ҳодисалар ҳақида: “Муҳаммад алайҳиссалом туғилганда ҳамма томонни нур қоплаб олди. Туғила солиб, сажда қилди, муборак бошини кўтариб аниқ сўзлар билан “Ла илоҳа иллоллоҳ, инний расулиллоҳ” деди. Уни ювмоқчи бўлганимда “биз уни ювилган ҳолда юбордик” дейилган сўзлар эшитилди. Кейин киндиги кесилган ва суннат қилинган ҳолда кўрдик. Ўша вақт, гўдакнинг лаблари худди бир нарсалар шивирлаётгандек бўлди. Мен унинг муборак оғзига қулоғимни яқинлаштирдим ва “Умматий, Умматий! (Умматим, умматим)” деяётганини эшитдим”,- деб ҳикоя қилади. Севимли Пайғамбаримиз туғилаётган вақтида унинг бобоси Абдулмутталиб, Каъбаи шарифнинг ёнида Аллоҳу таолога ёлвориб дуо қилаётган эди. Ўшанда суюнчи хабари келди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган кунида бир қанча ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган Абдулмутталиб, бу хушхабардан жуда хурсанд бўлиб “Бу ўғлимизнинг шон-у шарафи жуда баланд бўлади”- деди.

Абдулмутталиб, шундай катта хурсандчиликни нишонлаш мақсадида муборак таваллуднинг еттинчи кунида Макка халқига уч кун зиёфат берди. Бунга қўшимча шаҳарнинг барча маҳаллаларида туялар сўйиб, халқнинг кўнглини олди. Ҳайвонлар ҳам зиёфатдан бенасиб қолмади. Зиёфат давомида боланинг исмини сўраганларга, "МУҲАММАД" (саллаллоҳу алайҳи васаллам) исмини бердим”, дея жавоб қайтарди. Нега оталарининг бирининг исмини қўймадингиз деганларга, ”Аллоҳу таоло ва инсонлар уни мадҳ этишларини, мақташларини истаганим учун шундай исм бердим” деб жавоб берди. Бошқа бир ривоятда айтилишича гўдакка “Муҳаммад” исмини Омина хонимнинг ўзлари қўйганлиги билдирилади.

Туғилган кечаси юз берган ҳодисалар

Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жанобимиз туғилишидан олдин ва туғилиши вақтида Унинг дунёга ташрифини билдирадиган аломатлар сифатида бир қатор ҳодисалар содир бўлди. Ўша замоннинг машҳур кишилари, жаноби пайғамбаримиз туғилмасидан олдин ажойиб-ғаройиб тушлар кўрадилар. Улар ўша тушларини, замоннинг коҳинлари, олимларига таъбир қилдирганларида, у тушлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келаётганидан дарак эканликларини айтадилар. Севимли Пайғамбаримизнинг бобоси, ўзининг туши ҳақида шуларни баён қилган: 

“Бир куни кўрган тушимдан қаттиқ чўчиб уйғондим. Дарҳол бир коҳинга бориб, тушимнинг таъбирини сўрашга киришдим. Коҳиннинг ёнига борганимда, у менинг юзимга шундай қараши билан: “Эй Қурайшнинг раиси сенга нима бўлди? Рангингда қонинг йўқ? Сени бу ҳолатга солган бирор ҳодиса рўй бердими?” дея сўради. “Ҳа, ҳали ҳеч кимга айтмадим, даҳшатли бир туш кўрдим”, дедим мен унга жавобан ва ёнига ўтириб тушимни айта бошладим.

Бу кеча тушимда жуда катта дарахтни кўрдим. Унинг бир учи осмонгача етган, шохлари ҳар тарафга, шарққа, ғарбга ёйилган эди. У дарахтдан шундай бир нур сочилардики, унинг олдида қуёш нури хира туюларди. Баъзан кўриниб, баъзан кўздан ғойиб бўларди. Одамлар унга йўналгандилар. Вақт ўтган сайин дарахтнинг нури ёрқинлашарди.

Қурайш қабиласининг баъзилари у дарахтнинг шохларини ушлаб турардилар. Бошқа бир қисмлари уни қирқишга уринарди. Бир ёш киши, дарахтни қирқмоқчи бўлганларга қаршилик кўрсатарди. У ёш шундай чиройли юзлик эдики, бундай гўзал юзни ҳеч кўрмаганман. Унинг вужудидан ёқимли ҳидлар тараларди. Дарахтнинг бир шохини ушламоқ учун мен ҳам қўл узатдим, бироқ ушлай олмадим” дея сўзлаб бердим”.  Ҳикоямни эшитиб олган коҳиннинг юзи ўзгариб, оқариб кетди. Сўнгра, “Бунда сенинг насибинг йўқ”, деди. “Унда кимнинг насиби бор?” дея сўрадим мен ундан. “У дарахтнинг шохидан ушлаб олганларнинг” деди-да, сўзида давом қилиб, “сенинг сулолангдан бир пайғамбар келади, ҳамма тарафга молик бўлади, одамлар унинг динига кирадилар” деди. Шундан кейин ёнимда ўтирган Абу Толибга қараб, “Бу йигит унинг амакиси бўлса керак” деди. Абу Толиб бу воқеани Жаноби пайғамбаримизга Унинг пайғамбарлиги билдирилганидан кейин сўзлаб берган ва “ана ўша дарахт Абул Қосим, ал-Амин Муҳаммад алайҳиссаломдир” деган экан.

Севимли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом дунёга келган кечаси, осмонда бир юлдуз пайдо бўлади. Уни кўрган яҳудий олимлари, янги юлдуз Пайғамбар, Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилишидан дарак деб билгандилар ва бу ҳақда ўз одамларини ҳам хабардор қилдилар. Асҳоби киромдан Ҳассан бин Собит шундай ҳикоя қилади:

“Мен саккиз ёшда эдим. Бир куни тонг вақти яҳудийлардан бири кўчани бошига кўтариб “Ҳой яҳудийлар”, деб бақириб чопиб юрарди. Яҳудийлар унинг ёнида тўпланишиб, “Нима бўлди, нега бақирасан, тинчликми?” ундан сўрадилар. У эса “Хабарингиз бўлсин, Аҳмаднинг юлдузи бу кеча туғилди! Аҳмад бу кеча дунёга келди...” деб сўраганларга жавоб қилди.

Расули Акрам жанобимиз туғилган кечаси Каъбадаги бутларнинг ҳаммаси юзтубан йиқилганди. Урватуъбнуъз-Зубайр шундай ривоят қилади: “Қурайшли бир жамоатнинг бир бути бор эди. Улар ҳар йили бир марта у бутни тавоф қилишиб, туялар сўйишарди, атрофида шаробхўрлик қилишарди. Шундай бир кун бутлари ёнига бордилар, уни юзтубан ётган ҳолда топдилар. Уни турғиздилар, у яна йиқилди, бу ҳол уч марта такрорланди. Ҳеч бўлмаганидан кейин унинг атрофига суянчиқлар тиркаб, тиклашаётганларида “Бир зот дунёга келди, ер юзида ҳаракатга келмаган ҳеч нарса қолмади. Бутлардан қанчаси бўлса, уларнинг барчаси йиқилди. Қиролларнинг қалблари қўрқувдан ларзага келди!”, деган овоз эшитилди. Бу ҳодиса айни Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган кечасига тўғри келади.

Мадойин шаҳридаги Эрон Кисроси (ҳукмдори) саройининг ўн тўртта бурчагига ўрнатилган миноралар йиқилиб тушди. Ўша кеча кўрганларининг даҳшатидан уйғонган ҳукмдор ва халқи, яна уларнинг кекса ва бообрўларидан баъзилари кўрган қўрқинчли тушларини таъбир қилдиришганларида, таъбирчилар уларнинг буюк бир нарсага аломат эканлигини билдирганлар.

Яна ўша кечаси, мажусий, яъни оташга сиғинувчиларнинг минг йилдан буён ўчмай ёниб турган катта гулханлари бирданига сўнди. Бу вақтни қайд этдилар. Бу вақт Кисронинг саройида миноралар қулаган вақтга тўғри келарди.

Ўша замонларда муқаддас ҳисобланган Сова кўлининг суви ҳам ўша кечаси бир онда тортилиб, кўл қурий бошлаган эди.

Шом тарафида минг йилдан буён сув оқмаётган ва қуриб қолган Самова дарёси водийсида, ўша кечаси сув тўлиб-тошиб оқа бошлаганди.

Муҳаммад алайҳиссалом туғилган кечасидан бошлаб, шайтон ва жинлар Қурайш коҳинларига ҳодисалардан хабар бера олмайдиган бўлди. Каҳонат (фолбинлик) ниҳоясига етди...

Ҳабиби Акрам жанобимиз туғилган кеча ва ундан кейинроқ, шу давргача кўз кўриб қулоқ эшитмаган яна қанча ҳодисалар ҳам содир бўлди. Уларнинг барчаси, охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилишига ишорат эди.