Савол: "Сафарий" билан "мусофир" дегани бир маънога келадими? Сафарда намоз қандай ўқилади?
Жавоб: "Сафарий" ёки "мусофир" сўзлари диний термин сифатида доимий юртидан маълум масофада йироқ сафардаги одам деганидир. Пиёда 3 кунлик масофадаги бир жойга бориш учун тураржойидан йўлга чиққан одам йўлининг икки тарафидаги қатор уйлар тугаган жойдан бошлаб сафарий бўлади. Ҳозир катта шаҳарларда чекка уйлар тушунчаси ҳам қолмаган. Шунинг учун катта шаҳарларда яшайдиган жойимизга яқин қабристон, фабрика, мактабдан ўтганда, яъни бир квартал ёки маҳалладан чиққанда сафарийлик бошланади.
Агар одам уч кунлик масофадаги йўлга чиқишга қарор қилмасдан, ниятланмасдан бутун дунёни айланиб чиқса, сафарий бўлмайди. Душман ортидан қувиб бораётган аскарларнинг ҳоли шундай бўлади. Икки кунлик узоқликда бўлган жойга боришга ният қилган одам йўл давомида ёки у ерга боргач яна икки кунлик масофадаги бошқа жойга йўлга чиқса, ҳар иккала жойда ва йўлда сафарий бўлмайди.
Ҳанафий мазҳабида сафарда тўрт ракъатлик фарз намозларни икки ракъат қилиб қисқартириб (қаср қилиб) ўқиш вожибдир. 4 ракъат ҳолича тўлиқ ўқиш макруҳ ва гуноҳ бўлади. Ҳадиси шарифда “Сафарда намозини тўла ўқиган киши худди муқимлигида қисқартириб ўқигандек бўлади” деб марҳамат қилинган. Уч ракъатлик намозларни ва суннат намозлар ўз ҳолича ўқилади.
Моликийда сафарда 4 ракъат фарзларни 2 ракъат қилиб ўқиш суннат, Шофеъийда 2 ёки 4 ракъат қилиб ўқиш жоиз. Лекин икки ракъат қилиб ўқиш афзал. Ханбалийда эса, сафарда 2 ёки 4 ракъат қилиб ўқиш худди Шофеъийдаги кабидир.
Ҳанафий мазҳабидаги мусулмонларнинг гуноҳга айланмаслиги учун 4 ракъатлик фарз намозларини сафарда 2 ракъат қилиб ўқишлари керак. Бу учун сафарийликка оид ҳукмларни билиши лозим. Қуйидаги маълумотлар Ҳанафий мазҳаби бўйича берилган. Одамнинг доимий муқим бўлган, яъни яшайдиган жойига Ватан дейилади.
3 хил ватан бор:
1. Ватани аслий: Кишининг туғилиб-ўсган, кейинчалик уйланиб бутунлай яшаш нияти билан жойлашган она еридир. Бу ердан ҳам бутунлай кўчиб, бошқа жойни доимий яшаш нияти билан маскан тутиши мумкин. У ҳолда янги кўчиб борган жойи ватани аслий ҳолини олади.
2. Ватани иқомат: 15 кун ёки ундан кўпроқ бўлиб, яшаб қайтишга ният қилиб бориб вақтинча ватан тутилган жойга "ватани иқомат" дейилади.
3. Ватани сукно: Инсон бир иш туфайли 15 кундан кам вақт қолиш нияти билан борган ёки бугун-эрта қайтаман дея иши битмай узун муддат қолиб кетган қўноқ (сокин) жойга "ватани сукно" дейилади.
Ватаннинг ўзгариши: Одам аслий ва вақтинчалик ватанини ўзгартира олади. Бу қуйидаги мисоллардагидек бўлади:
Бир киши уйланиб ёки бутунлай қолиш нияти билан бир жойга ўрнашмагунича туғилиб-ўсган жойи ватани аслий бўлишдан чиқмайди. Ўзга юрт ё маҳаллада уйланиб, ўша ёқда зифофга (жимо) кирса ватани аслийи бузилади. Уйланган жойи ватани аслийга айланади. Кейин бошқа бир жойга доимий яшаш нияти билан кўчиб ўтиб жойлашса, энди уйланган жойи ватани аслий бўлишдан чиқади. Жойлашган ердан яна бошқа жойга бутунлай яшаш нияти билан кўчиб борса, аввалги жойи ватани аслий бўлишдан чиқади. Яъни бир киши Тошкентда туғилса, ватани аслийи Тошкент бўлади. Бу киши Андижонда уйланиб, зифофга кирса, Тошкент ватани аслий бўлишдан чиқиб, аслий ватани Андижон бўлади. Кейинчалик Фарғонага бутунлай кўчиб кетишга қарор қилса, у ҳолда ватани аслийи Фарғона бўлади. Андижон ватани аслийликдан чиқади. Сафардаги одам йўл-йўлакай ватани аслийига кириб атиги бир соат қолса ҳам, намозларни қисқартиб ўқимайди.
Бир киши уйланиб, бир жойга ўрнашганидан кейин аёли шу ерда қолиб, ўзи хизмати туфайли бошқа шаҳарга бориб бутунлай жойлашса, ватани аслийи иккита бўлади.
Бир қишлоқда яшайдиган аёл шаҳардаги туғруқхонада фарзанд кўрса, фарзандининг ватани аслийи туғруқхона жойлашган шаҳар эмас, онаси доимий яшайдиган қишлоқ бўлади. Чунки бу бола ўша жойда улғаяди. Бир неча кун қолган жойи бўлмиш ватани сукно туғилган она тупроғи ҳисобланмайди.
Бир киши 60 кмлик масофага бориш мақсадида автобусга чиқса-ю, автобусда ухлаб қолиб 150-200 км лик масофага кетиб қолса ҳам сафарий бўлмайди. Чунки бу ерларга келишга ният қилмаган эди. Келиб тушган жойидан 60 км узоқликдаги бир шаҳар ё қишлоққа иш билан борса, яна сафарий бўлмайди. Қайтишда илк автобусга чиққан жойига боришни ният қилиб йўлга чиқса, қайтишда сафарий бўлади. Шунингдек, бир киши 60 км масофадаги Охангаронга бориш учун Тошкентдан йўлга чиқиб, автобусда ухлаб қолиб Қўқонга ўтиб кетса, Қўқонга ўз истаги билан келмагани, ниятсиз боргани учун Қўқонда намозларини муқим сифатида, яъни тўрт ракъатлик қилиб тўлиқ ўқийди. Қўқондан яна Тошкентга қайтишга қарор қилиб йўлга чиқса, Қўқондан чиқар-чиқмас намозларини қисқартириб ўқиши мумкин.
Савол: Сафарийлигида намозга қандай ният қилади?
Жавоб: Ракъат сонини ва сафарий эканлигини айтишнинг кераги йўқ. Ҳар доимгидек ният қилинади. Масалан “Ният қилдим пешин намозининг фарзини ўқишга” деб ният қилади. Фақат қаср қилиб (қисқартириб) ўқийди.
Савол: Сафарийликда асос қанча соат юрганими ёки босиб ўтган масофасими?
Жавоб: Асос қилиб масофа олинади. (Ҳанафийда 104 км дир.)
Савол: Ўзи Ҳанафий мазҳабида бўлиб, бирон узр туфайли Моликий мазҳабини тақлид қилган киши сафарийликда масофа ва иқомат муддатини Моликий мазҳабига кўра белгилайдими?
Жавоб: Масофани Ҳанафий, иқомат муддатини Моликий мазҳабига кўра олади. Чунки ундай ҳолларда ўз мазҳабимиздан чиқмаганимиз учун тақлид қилаётган мазҳабимизнинг фақатгина фарзларига эргашиб, муфсидларидан тийиламиз.
Савол: Сафарда намоз неча ракъат ўқилади?
Жавоб: Тўрт ракъатлик фарзлар икки ракъат қилиб ўқилади. Уч ракъатликлар қисқартирилмайди. Суннатлар вақт зиқ бўлса, ўқилмайди, бемалол бўлса ўқиган яхши.
Савол: Ватани иқомат (вақтинчалик ватан) қандай ҳолларда бузилади?
Жавоб: Ватани иқомат уч нарса билан бузилади:
1. Бошқа бир ватани иқоматга борганида сафар нияти билан чиқмаган бўлса ва ораларидаги узоқлик уч кунлик йўлдан кам бўлса ҳам аввалги ватани иқомати бузилади.
2. Ватани аслийга борганида бузилади. Бир киши ватани аслийи бўлган Тошкентдан Самарқандга бир ой қолиш нияти билан борса, сўнгра Бухорога бориб шу ерда уйланиб, яшаб қолса, Бухоро ватани аслийига айланади. Самарқанд ватани иқоматликдан, Тошкент эса ватани аслийликдан чиқади.
3. Сафарга ният қилиб чиқишдир. Яъни ватани иқоматдан 3 кун узоқликдаги жойга боришга ният қилиб чиқса, бу ер ватани иқомат бўлишдан чиқади. Ундан кам бўлган масофага бориб келса, ватани иқомати бузилмайди. Ватани иқоматдан ниятсиз чиқиб, у ердан 3 кун узоқликдаги жойга боришга ният қилиб, йўлга чиқишдан аввал ватани иқоматга кирадиган бўлса, сафарийлиги бузилади. Муқим бўлади. Ният қилиб 3 кунлик йўлга чиққанидан кейин ватани иқоматга кирса, бу ерда муқим бўлмайди.
Савол: Уйланган киши икки йилдан кейин мен фалон жойга кўчиб бораман деса, ўша жой ватани аслийга айланадими?
Жавоб: Йўқ. Бир шаҳарга кўчиб бориб, у ерда бутунлай қолишни ният қилса, шундагина ватани аслийга айланади. Бу орада бошқа шаҳарларга бир неча ой ёки йилга ишга ё ўқишга борса ҳам бутунлай қолишга ният қилган шаҳри ватани аслийи ҳисобланади. Бир жойнинг ватани аслий бўлиши учун аввал у ерни ватан тутиб, яшаши керак. Бунинг бузилиши учун бошқа шаҳарда бутунлай қолиш нияти билан ўша жойга кўчиб кетиш керак.
Савол: Йўлда, тоғда туғилган, бўйдоқ, ақли жойида ва балоғатга етган ҳамда яшаш жойи аниқ бўлмаган кишининг ватани аслийи бўладими?
Жавоб: Ватани аслийи бўлмаган инсон бўлмайди. Ҳар бир одамнинг туғилганидан кейин яшаб, улғайган жойи ватани аслийи ҳисобланади.
Савол: Аёли вафот этганидан кейин бошқа аёлга уйланган кишининг ватани аслийи ўзгарадими? Яъни биринчи уйланган жойи ватани аслий бўлишдан чиқиб, кейинги уйланган жойи ватани аслийи бўладими?
Жавоб: Ҳа, лекин аввалги уйланган жойида бутунлай қолишни ният қилган бўлса, кейинги никоҳи бутунлай қолиб яшаётган жойини ватани аслийликдан чиқармайди.
Савол: Ёзги уйи (дачаси)да уйланган киши олти ой дачасида, олти ой шаҳардаги уйида яшаса, ватани аслийи қайси бири бўлади?
Жавоб: Бир жойда бутунлай қолиш нияти билан яшаётган кишининг бошқа жойда уйланиши билан яшаётган жойи ватани аслий бўлишдан чиқмайди. Қаерда уйланса ҳам шаҳарда доимий яшаётган жойи ватани аслий бўлиб қолади. Йилнинг кўп вақтини ёки барини бошқа шаҳарларда ўтказса, ҳатто бир неча йил бошқа шаҳарда яшаса ҳам ватани аслийи бузилган бўлмайди. Янги бир жойга кўчиб бориб, доимий шу ерда қолишга ният қилмагунича эски ватани аслийи бузилмайди.
Савол: Бир танишим “Ватани аслий инсон туғилган жой эмас, ишлаб пул топадиган жойидир. Ишлаётган жойингда бир неча йил қолсанг ватани аслий бўлади” деди. Ватани аслий туғилган жойимиз эмасми?
Жавоб: Бир кишининг туғилган жойи ватани аслийи бўлади. Агар бу киши бошқа шаҳарда уйланса, туғилган жойи ватани аслий бўлишдан чиқиб, уйланган жойи ватани аслийга айланади. Уйланган жойидан бошқа бир шаҳарга бутунлай қолиш нияти билан кўчиб борса, уйланган жойи ватани аслий бўлишдан чиқиб, кўчиб борган шаҳри ватани аслий ҳолига келади. “Инсон туғилган жойида эмас, тўядиган жойда яшаши керак” деган иборанинг ватани аслий билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу ибора бир инсоннинг иши, тижорати қаерда яхши бўлса, шу ерда яшаши керак деганидир.