Таҳоратнинг йигирма саккизта одоби бор:
Бу ерда, “Адаб” - адосида савоб, таркида гуноҳ бўлмайдиган амаллар демакдир. Ҳолбуки суннатларда ундай эмас. Суннатлар адо этилганда савоб, тарк этилса танзиҳан макруҳ бўлади. Адабларга “Мандуб” ёки “Мустаҳаб” ҳам дейилади. Таҳоратнинг адаблари қуйидагилардир:
1.Таҳоратни намоз вақти кирмасдан аввал олиш. (Узрлилар вақти кирганидан кейин олиши керак.)
2.Ҳожатхонада ич таҳорат олаётганда Қиблани ўнг ёки чап тарафга олиб ўтириш. Қибланинг орқа ва олд тарафга тўғри келиши, таҳриман макруҳдир.
3.Нажосат тегмаган бўлса ҳам сув билан тозаланиш. Нажосат дирҳам миқдоридан оз бўлса, ювиш суннат; дирҳам миқдорича бўлса, ювиш вожиб; дирҳамдан катта бўлса, ювиш фарз бўлади. Ювишда маълум бир адад йўқдир. Тоза бўлганига ишонч ҳосил қилгунча ювилади.
4.Ич таҳоратдан (истинжо) кейин бирон бўз билан артиниш.
5.Истинжодан (ич таҳорат) кейин аврат жойини тезда ёпиш.
6.Таҳоратни бошқасининг ёрдамисиз, ўзи олиш.
7.Таҳорат олаётганда Қиблага қараб ўтириш ё туриш.
8.Ҳар бир аъзони ювишда калимаи шаҳодат айтиш.
9.Таҳорат дуоларини ўқиш.
10.Оғизга сувни ўнг қўл билан олиш.
11.Бурунга сувни ўнг қўл билан олиш.
12.Бурунни чап қўл билан қоқиш (тозалаш).
13.Оғизни чайишда, тишларни мисвок билан тозалаш. (тиш чўткаси ҳам мисвок ўрнига ўтади)
14.Оғизни юваётганда рўзадор бўлмаса, бўғзида енгил бир
ғарғара қилиш. Ғарғара таҳоратда ҳам, ғуслда ҳам суннатдир. Рўзадор бўлса, ғарғара макруҳдир.
15.Бурунга сувни, бурун суягига етадиган қилиб тортиш.
16.Қулоққа масҳ қилишда, бир бармоқни тешигига суқиш.
17.Оёқ бармоқларининг орасини ҳилоллашда чап қўлнинг жимжилоғини қўлланиш.
18.Қўлларни юваётганда кенг узукни ўрнидан ўйнатиш ҳам мустаҳабдир. Тор ва сиқиб турадиган узукни ўйнатиш шарт бўлиб, фарздир.
19.Сув кўп бўлса ҳам, исроф қилмасдан тежамкорлик билан ишлатиш.
20.Сувни худди ёғ сураётгандай қилиб оз ҳам ишлатмаслик керак. Яъни ҳар бир ювилган аъзодан камида икки томчи сув томиши шарт.
21.Қумғондан ёки шунга ўхшаш бошқа идишдан таҳорат олгандан кейин ўша идишни қайта сувга тўлдириб қўйиш керак, токи ўзидан кейин таҳорат оладиган одамга заҳмат бўлмасин.
22.Таҳорат асносида ёки сўнгида “Аллоҳуммажъалний минаттаввобийн..” дуосини ўқиш.
23.Таҳоратдан кейин икки ракъатлик Субҳо (шукри таҳорат) намозиниўқиш.
24.Таҳоратли бўлса ҳам, янги намоз вақти кирганида, яна таҳорат олиш.
25.Юзни юваётганда кўз атрофини (чилпиқдан) тозалаш.
26.Юзни, қўлларни, оёқларни ювишда, сув тегиши фарз бўлган жойдан бир оз кўпроғини ювиш. (Қўлни юваётганда, ҳовучга сув тўлдириб тирсакка қарата оқизиш керак.)
27.Таҳорат олаётганда ишлатилган сувдан уст-бошга, кийимга сачратмаслик.
28.Ўз мазҳабида макруҳ бўлмаган бирон амал, бошқа мазҳабда фарз бўлса, шунга амал қилиш ҳам мустаҳабдир.