Имоми Аҳмад Раббоний

Имоми Аҳмад Раббоний ҳазратлари Ҳиндистонга етишган энг буюк олим ва валийлардандир. Орифларнинг нури, авлиёларнинг устуни, исломнинг ҳомийси, мусулмонларнинг бош тожи, мужаддид, мужтаҳид ва ислом олимларининг кўз қорачиғидир. Силсилаи олиянинг йигирма учинчи фарди комилидир. Имоми Раббоний исми билан машҳур бўлган бу зот 1563 йили Ҳиндистоннинг Сарҳанд шаҳрида таваллуд топганлар. "Раббоний олим" дегани, ўзига илм ва ҳикмат берилган, илми билан омил, илм ва амал жиҳатидан камчиликсиз ва комил, буюк олим деган маънони билдиради. Ҳижрий иккинчи минг йилнинг мужаддиди (янгиловчиси) бўлганлари туфайли "Мужаддиди алфи соний", аҳкоми исломия билан тасаввуфни бирлаштирганлари туфайли "Сила" номи билан таъриф беришган. Ҳазрати Умарнинг авлодидан бўлганлари учун "Форуқий" насаби билан ёдга олинган. Сарҳанд шаҳридан бўлганлари учун "Сарҳандий" (ёки Сирҳиндий) деб ҳам аталган.

Бутун бу васфлари билан бирга исмлари Имоми Раббоний Мужаддиди алфи соний Шайх Аҳмади Форуқий Сарҳандийдир.

Ота ва боболарининг барчаси замонининг улуғ олимлари, солиҳ ва фазилатли кишилари эди. Отаси Абдулаҳад афанди дин ва фан илмларида етук, тасаввуфда ҳам энг юқори мартабаларга эришган эди.

Илк таҳсилини ва арабийни отасидан ўрганди. Кичик ёшда Қуръони каримни ёд олди. Илмининг кўпини отасидан, бир қисмини эса замонининг машҳур олимларидан ўрганди. Отасидан илм ўрганаётган пайтларида турли илмларга оид кичик китобларни ёд олди. Отасидан илм ўрганиб бўлгач, Сиялқут шаҳрига бориб у ерда Мавлоно Камолиддин Кашмирийдан илм ўрганди. Мавлоно Камолиддин машҳур олим Абдулҳаким Сиялқутийнинг устози бўлиб, замонининг энг юксак олими эди. Баъзи ҳадис китобларини ва дарсларини эса, Шайх Яъқуб Кашмирийдан ўқиди.

Қози Баҳлули Бадахшонийдан ҳадис, тафсир ва баъзи усул илмларига ижозат (диплом) олди. Ўн етти ёшида таҳсилини тамомлаб, бутун илмлардан ижозат олдилар. Таҳсил йилларида Қодирий ва Чаштий улуғларининг қалбларидаги файзу лаззатни отасидан олганди. Отаси ҳаётлигида шогирдларга илм ўргатишни бошлади.

Бу орада “Рисолат-ут-таҳлилия”, “Радд-и равофиз”, “Исбот-ун-нубувва” номли асарларини ёзди. Адабиётга жуда қизиқарди. Фасоҳати ва балоғати, англаш суръати, закосининг шиддати барчани ҳайратда қолдирарди.

Бу қадар илми, замондошларидан устунлиги ёнида ҳайратомуз тавозеси илм соҳибларини лол қолдирарди. Қалби доимо Аҳрория, Нақшибандия буюкларининг муҳаббати билан ёнарди. Бу йўлда ёзилган китобларни мутоала қиларди. Отасининг вафотидан бир йил ўтиб ҳажга бориш учун Сарҳанддан йўлга чиқди. Деҳлига боргач, у ерда танишларидан ва Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларининг талабаларидан бўлган Мавлоно Ҳасан Кашмирий билан кўришди. Мавлоно Ҳасан Кашмирий уни устозининг ҳузурига олиб бориб, таништириш ниятида эканлигини айтиб “Бугун бу ўлкада Аҳрория йўлида бўлган бошқа бундай улуғ зот йўқ. У зотнинг бир назари, биргина боқиши билан эришилган маънавий даражаларга кунлар бўйи чекиладиган чиллалар ва турли риёзатларсиз, нафснинг истакларига мухолифат қилмасдан эришиш мумкин эмас” деди.

Имом Раббоний ҳазратлари авваллари ҳам муборак отасидан Аҳрория йўли ва бу йўлда бўлганларнинг устунликлари ҳамда қиймати ҳақида эшитганди. Бу йўл буюкларининг китобларини ўқиб, уларнинг гўзал ҳолларига воқиф бўлгани учун “Ҳижоз йўлида шундай улуғ олимдан шундай муборак йўлнинг зикр ва усулларини ўрганишдан яхшироқ нима бўлиши мумкин?” деб Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларининг ҳузурига борди. Ҳузурига кириши билан қалбида таърифи имконсиз нур порлаганини ҳис қилди. Худди қаҳрабо (магнит) игнани торганидек унга томон тортилди. Қалбининг шу кунгача ҳеч ҳис қилмаган, билмаган қандайдир тотли туйғулар билан тўлганини ҳис қилди. Ҳаж сафаридан кейин учрашиб, яна истифода қилишни ният қилган бўлса ҳам, қалбидаги муҳаббат ва шиддатли орзу уни тарк этмади. Эртаси кун қайтиб келиб, Аҳрория файзига эришиш истагини арз қилиб Боқий-биллоҳ ҳазратларининг хизматида қолди. Одоб билан ва бутун вужуди қулоққа айланиб устозининг сўзларига, ҳолларига боғланди. Устозининг лутф ва ҳиммати билан икки ой ичида илгари ҳеч кимда кўрилмаган ҳолларга эришди. Бир неча ойдан кейин устози унга ижозат берди. Шу тариқа тасаввуф илмида ва ҳолларида ҳам юксак даражаларга чиққандан кейин ватани бўлган Сарҳандга қайтиши амр қилинди. Боқий-биллоҳ ҳазратлари кўп шогирдларини етиштириши учун унга ҳавола қилиб, уларни Сарҳандга кузатди. Устози у ҳақда шундай деди: “Қалбларга даво, руҳларга шифо бўлган ушбу қутлуғ уруғни Самарқанд ва Бухородан олиб келиб, Ҳиндистоннинг баракатли тупроғига экдим. Толибларнинг етишиб, камолга келиши учун тинмай ғайрат қилдим. Қачонки ораларидан бир паҳлавон барча даражалардан ошиб, устунликларнинг охирига боргач, ўзимни четга олиб, шогирдларимни унга топширдим.”

Имом Раббоний ҳазратлари ватанига қайтгач, илм ва одоб талабида юрганларни етиштиришни ҳамда юксалтиришни бошлади. Шуҳрати ҳар тарафга ёйилиб, ҳар томондан унинг ошиқлари илмидан ва файзидан фойдаланишга келишарди. Шогирдларига “Байзовий тафсири”, “Саҳиҳ-и Бухорий”, “Мишқати масобиҳ”, “Авориф-ул-маориф”, “Усул-и Паздавий”, “Ҳидоя” ва “Шарҳи мавоқиф” каби китобларни дарс сифатида мукаммал бир тарзда ўқитарди. Умрининг сўнгги вақтларида ҳам талабаларини ҳамиша илм таҳсил қилишга жалб қилар, бунга катта аҳамият берарди. Барчанинг қалбини илм ва нур билан тўлдирар, Муҳаммад алайҳиссаломнинг динини жонлантириб қувватлантирарди. Замонининг подшоҳларини, волий, қўмондон, олим ва ҳокимларини жуда таъсирли мактублари билан динга, суннати санияга ташвиқ қилар, кўплаб олим ва авлиё етиштирарди.

Имом Раббоний ҳазратлари бир муддат Сарҳандда шогирд етиштириш билан машғул бўлиб, инсонларга ҳақ йўлни ўргатгач устозини зиёрат қилиш мақсадида Деҳлига борди. Бироз муддат хизматида бўлиб, устози билан кўп суҳбатлашди. Ҳолларини янада юқорига кўтардилар. Шундай юксак ҳолларга, фазилатларга қовушганига қарамай, устозига бўлган муносабатида ҳеч ким кўрсата олмайдиган одоб ва ҳурмат намоён эди. Муҳаммад Ҳошим Кашмий шундай деганди: “Хожа Ҳусомиддин Аҳмаддан эшитдим. Устозим Имом Раббонийни мадҳ қилиб, мақтагандан кейин “Мартабаси юксак, фазилати мўл бўлишига қарамай, одобга риоя қилишда устозимиз Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларининг шогирдларидан ҳеч бири имом Раббонийга тенг кела олмас эди. Шунинг учун баракатлар ҳаммадан аввал унга насиб бўлди” дедилар.”

Имом Раббоний ҳазратлари шундай деганди:

“Биз тўрт киши устозимиз Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларига хизматда бошқалардан олдинда эдик. Барчамизнинг алоҳида нисбатимиз, алоҳида ўй-фикримиз бор эди. Бу фақир қатъий шаклда биламанки, бундай бир суҳбат ва жамият, тарбия ва иршод манбаи Жаноби Пайғамбаримизнинг замонидан кейин дунёда жуда кам кўринган. Гарчи инсонларнинг энг хайрлиси бўлган Расулуллоҳ жанобимизнинг замонида бўла олмадик, ул сарварнинг суҳбатига эриша олмадик, лекин Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларининг саодатли суҳбатидан ҳам маҳрум қолмадик. Шунинг учун бу буюк неъматнинг шукрини бажариш керак. У зотнинг ҳузурида ҳар бир киши ўзининг қалбий боғлиқлигига, муҳаббатига яраша бир нарсаларга эришади.”

Имом Раббоний ҳазратлари устози Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларининг ҳузурига иккинчи марта бориб, бир муддат қолгандан кейин такрор ватанига қайтди. Яна бироз муддат шогирдларга ва толибларга файз бериш билан машғул бўлди. Бу орада зоти ҳам жуда юксак даражаларга кўтарилди. Бу ҳолларини устозига мактублар орқали арз қилиб борди. Бундан кейин учинчи марта устозининг зиёратига борди. Бу зиёратдан кейин Деҳлидан Сарҳандга қайтиб, бир неча кун қолди ва сўнгра Лаҳорга кетди. Лаҳор шаҳри аҳолиси имом Раббоний ҳазратларининг ташрифини буюк ғанимат билдилар. Шогирдларининг энг машҳурларидан Мавлоно Муҳаммад Тоҳир, Хожа Муҳаммад, Мавлоно Асғар Аҳмад ва Мавлоно Равҳ Ҳусайн каби зотлар ўшанда шогирд тушиб, суҳбатларида пишиб, юксак даражаларга эришдилар. Имом Раббоний ҳазратлари Лаҳорда бўлган пайтларида у ернинг машҳур олимларидан катта ҳурмат ва иззат кўрдилар. Олимлар не-не мушкил ва мужмал масалаларини ундан сўраб, тўғри жавоб олдилар.

Имом Раббоний ҳазратлари Лаҳорда суҳбатларига давом этаётган кунларида устози Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларининг вафот хабари келди. Қалблардаги ҳузур ва қувончнинг ўрнини алам ва қайғу эгаллади. Бу хабарни эшитиши билан дарҳол Деҳлига бориб, муборак қабрини зиёрат қилди. Ўғилларига ва йирик шогирдларига таъзия билдирди. Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларининг мунгли шогирдлари қалбларидаги ғам-қайғуларини унинг суҳбат ва таважжуҳлари ёрдамида кетказиш учун ҳузурига келиб, Муҳаммад Боқий-биллоҳ ҳазратларига кўрсатгандек муҳаббат, ҳурмат ва таслимият кўрсатдилар. Катта-кичик барчаси уни қабул этиб, унга боғландилар.

Имом Раббоний ҳазратлари Сарҳандга қайтганидан кейин Қодирий тариқатининг улуғларидан бўлган Шоҳ Камол Қодирийнинг руҳониятидан ҳам ижозат олиш шарафига муяссар бўлди. Бу ижозат олиш ҳодисаси шундай бўлганди: Бир куни саҳар вақти имом Раббоний ҳазратлари шогирдлари билан муроқаба ҳолида ўтирганларида, Шоҳ Камолнинг невараси ва унинг бутун камолотининг вакили бўлган Шоҳ Искандар Каҳталдан келиб, Шоҳ Камолнинг баракатли ҳирқасини имом Раббоний ҳазратларининг елкасига ташлади. Имом Раббоний кўзларини очиб, Шоҳ Искандарни кўрди. Тавозе билан бўйнидан қучоқлади. Шоҳ шундай деди: “Анча вақтдан бери ҳол ва тушимда бобом Шоҳ Камолни кўряпман. Ҳар гал менга ҳирқасини сизга беришимни буюрарди. Лекин унинг бу баракатли ҳирқасини уйдан чиқариб, бошқа кишига бериш менга жуда оғир эди. Аммо такрор-такрор амр этилгандан кейин амрга бўйсуниш лозим бўлди.” Имом Раббоний бу ҳирқани кийиб, ўзининг хонасига кириб кетди. Бироз муддат ўтиб, хонасидан чиққандан кейин ўз яқин сирдошларига, маҳрамларига шундай деди: “Ҳазрати Шоҳ Камолнинг ҳирқасини кийгандан кейин ҳайратланарли жуда ғариб ҳол зоҳир бўлди. Ҳирқани кийишим билан инсонларнинг ва жинларнинг саййиди Абдулқодир Гейлонийни ҳазрати Шоҳ Камолгача давом этган бутун халифалари билан ёнимда турганини кўрдим. Ҳазрати Ғавси Раббоний Абдулқодир Гейлоний қалбимни ўз тасарруфларига олди ва хусусий нисбатларининг, йўлларининг нурлари ҳамда асрори мени қоплади. Мен бу ҳол ва нурларнинг денгизига ғарқ бўлиб, ушбу денгизнинг тўлқинига айландим. Бир муддат шу ҳолда қолдим. Бу ҳоллар мени қоплаган пайтда қалбимга “Мени Аҳрория буюклари тарбият қиллдилар ва ишимнинг асоси шу буюкларнинг йўлида бўлишдир, энди эса бошқача бўлмоқда” деган фикр келди. Шуларни ўйлаётганимда Аҳрория йўлининг улуғларидан Хожа-и жаҳон Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан устозим Хосжа Боқий-биллоҳгача бўлган бутун халифаларнинг ёнимга келганини кўрдим. Менинг ишим ва амалиётим ҳақида ўзаро суҳбатлаша бошладилар. Аҳрория буюклари “Уни биз тарбия қилдик. Бизнинг тарбиямиз билан завққа, ҳолга ва камолга эришди” дедилар. Қодирий буюклари (рахимаҳумуллоҳ) “Гўдаклигидан бизнинг унга таважжуҳимиз бор эди. Бизнинг неъмат дастурхонимиздан туз тотган эди. Мана ҳозир ҳам бизнинг ҳирқамизни киймоқда” дейишди.

Улар мана шу ҳақида гаплашаётганда Кубровия, Чаштия йўлларидан ҳам бир жамоат келди. Шу тариқа ўзаро бир келишувга келдилар. Бундан кейин қалбимда бу икки шарафли нисбатдан ҳам каттагина улуш ва шавқ топдим.” Имом Раббоний ҳазратлари тасаввуфда мана шу йўлларнинг барчасида шоирдлар етиштириб, файз берди.

Имом Раббоний ҳазратлари тарихда камдан-кам етишиб чиқадиган улуғ ислом олими ва буюк муршиди комилдир. Жаноби Пайғамбаримизнинг вафотидан минг йил ўтиб, ислом душманлари динга, имонга инсофсизча ҳужум қилаётган бир паллада Аллоҳу таоло қулларига марҳамат қилиб имом Раббонийдек бир мужаддидни яратди. Унга теран илмларни эҳсон қилди. Унинг воситаси билан дин душманларининг даҳшатли ҳужумларига нуқта қўйди. Ҳақни ботилдан ажратиб, беҳисоб қалблардан ботилни чиқариб ташлади. Бу улуғ имомнинг мактуб ва китоблари инсонларни ғафлатдан уйғотди. Дунёга яна қайта нур таралди. Яъни Аллоҳу таоло уни муҳтарам пайғамбаримиздан минг йил сўнгра дини исломни янгилаш ва қувватлаш вазифаси билан юборди.

Имом Раббонийнинг динга йиллар давомида қилган хизматларини, мустаҳкам далиллар билан бузуқ фикрларни рад ва шарманда қилганини, аҳли суннат эътиқоди ва тўғри дин билимлари ёйганини, бидъатларнинг йўқолганини кўрган баъзи бузуқ кимсалар унга ҳасад қилиб, туҳмат қила бошлашди.

Шу сабабдан баъзи кимсаларнинг жафо ўқларига, азият ва туҳматларига нишон бўлди. Жуда кўп олим, фозил ва комилларнинг ўз даргоҳларини тарк этиб, устозларини ташлаб, унинг ҳузурига, хизматига чопишлари эса, ҳасадларини минг чандон орттирди. Имомни таҳликага тушириш учун ҳийла ишлатишни бошладилар. Масалан, "Жунайд Бағдодий, Боязид Бистомий каби буюк олимларга паст назарда қарайди" деган гаплар тарқатиб жоҳил одамларни алдадилар. "Улуғ машойихлар айтиб кетган вахдати вужудни инкор қилади" деб илм толибларини имомдан совутишга уриндилар. Унинг ихлосмандларига “Машойихи изомнинг (муҳтарам шайхларни) улуғликларини инкор қиляпти. Аллоҳу таолонинг маърифатига воситасиз эришдим деяпти” дедилар. Турли-туман туҳматлар ёғдирдилар.

Ўша даврнинг султони Салим Жаҳонгир хоннинг девонидаги давлат арбоблари, ҳатто бош вазири, бош муфтийси ва атрофидагилар аҳли суннат душмани шиъа эдилар. Ҳолбуки имом Раббоний ҳазратларининг бир қанча мактублари ва айниқса алоҳида ёзган “Радд-и равофиз” рисоласи Асҳоби киром душманларига раддия бўлиб, уларнинг жоҳил, аҳмоқ ва пасткаш эканликларини билдирарди. Имом Раббоний бу рисоласини Бухородаги энг катта ўзбек хони Абдуллоҳ хонга юборганди. “Бу китобимизни Эрондаги Шоҳ Аббос Сафавийга кўрсатинг. Ёзилганларни қабул қилса, қандай яхши. Агар қабул қилмаса, унга қарши ҳарб қилишингиз жоиз бўлади” деди. Эрон шоҳи раддияни қабул қилмади. Жанг бошланди. Абдуллоҳ хон Ҳирот ва Хуросондаги шаҳарларни шиъалар қўлидан қутқариб мамлакатига қўшди. Бу ерлар авваллари Сафавийларга қарарди. Шу воқеадан кейин Ҳиндистондаги барча бузуқ фирқалар, саҳоба душманлари ўзаро тил бириктириб, Султоннинг ҳузурига чиқдилар. Имом Раббоний ҳақида турли туҳматлар айтиб, шикоят қилдилар. Султон ўғли Шоҳ Жаҳонни юбориб, имом Раббоний ҳазратларини, фарзандларини ва етиштирган шогирдларини тўплаб, барчасини ўлдиришга қарор берди. Ваҳоланки Султоннинг ўзи сунний эди. Шоҳ Жаҳон ёнига бир муфтийни эргаштириб имом Раббонийнинг ҳузурига борди. Султонга сажда қилиш жоиз эканлиги ҳақида бир фатвони ҳам олиб борган эди. Шоҳ Жаҳон Имом Раббонийнинг устунлигини биларди. “Отамга сажда қилсангиз, сизни қутқара оламан” деганида имом Раббоний ҳазратлари бу фатвога фақат зарурат пайтида изн борлигини, азимат ва дин бутунлигининг сажда қилмасликда эканлигини, ажал келганида ўлимдан ҳеч нарсанинг қутқара олмаслигини айтиб сажда қилишдан бош тортди.

Фарзандларини ва шогирдларини қолдириб, султоннинг олдига ёлғиз борди. Ўзига қарши айтилган туҳматларга султон олдида жуда чиройли ва тўғри жавобларни берди. Султон юксак ҳақиқатларни англай оладиган даражада нозик таъб одам бўлмаса ҳам, жавобларни ёқтириб, уни озод қилиди ва ундан узр сўради. Имом ўшанда султонга ўзига қилинган туҳматларнинг асоссиз эканлигини очиқ далиллар билан тушунтирганида шу ердаги оташпараст ҳиндуларнинг буюк қўмондони имом Раббоний ҳазратларининг диндаги қуввати, салоҳияти, сўзлари ва қийматини кўриб, мусулмон бўлди.

Султоннинг фикридан қайтиб имомга кўнгли мойил бўлганини кўрган туҳматчи бузуқлар “Унинг одамлари кўп. Буйруғи бутун ўлкага ўтади. Уни озод қилсак, қўзғолон чиқариши мумкин” деб узоқ гап-сўзлардан кейин султонни яна қайрашади. Султон имом Раббоний ҳазратларини Ҳиндистоннинг энг мустаҳкам ва даҳшатли қалъаси бўлган Гуваляр қалъасига ҳибс этилишини амр қилди. Бу ҳодисадан қаттиқ ранжиган шогирдлари чинакамига султонга қарши исён кўтариш пайига тушишди. Буни қила оладиган кучлари бор эди. Лекин имом Раббоний шогирдларидан анчасининг тушларига кириб ва баъзиларига ўнгида кўриниб бу ишдан маън қилди. Аксинча, Султонга фақат хайр тилаб дуолар қилишни буюриб: “Султонни ранжитиш бутун халққа зарар беради” дедилар. Ўзи ҳам султонга доим хайр дуолар қиларди. Султоннинг вазири ашаддий шиъалардан бўлгани учун зиндонда имом Раббоний ҳазратларининг бошига ўз укасини кузатувчи тайинлаб, унга қўпол ва золимона муносабатда бўлишини буюрганди. Бу назоратчи эса, ҳар куни бу улуғ зотда турли кароматлар, ранж-алам ўрнига ҳайбат, сабру матонат ва ҳатто қувонч кўриб, тавбага келди. Бузуқ эътиқодини тарк этиб, аҳли суннатни танлади ва холис шогирдларидан бирига айланди. Қалъада ҳисбда бўлган минглаб кофир ҳинду у зотнинг баракати ва суҳбатлари орқали мусулмон бўлиш шарафига эришишди. Анча гуноҳкор ва бидъат эътиқодли маҳбуслар тавба қилишди. Ҳатто баъзилари юксак олим ҳам бўлди.

Имом Раббоний ҳазратлари ҳибсда уч йил қолганидан кейин султон ишига пушаймон бўлди. Ҳибсдан озод қилиб, иззату икром кўрсатди. Ҳатто холис шогирди ва содиқ дўстларидан бўлди. Имомдан бир муддат аскарлари орасида қолишини илтимос қилдли. Сўнгра озод қилиб, ҳурмат билан ватанига юборди. Ҳибсда ўтган аламли ва дардли йиллардан сўнгра Имом аввал соҳиб бўлган ҳоллару мақомлардан мингларча марта устун даражаларга кўтарилиб, юртига қайтди. Имом Раббоний ҳазратлари авваллари “Эришган даражаларим устида яна кўп мақомлар бор. Уларга фақат жалол сифати ва қаттиқ тарбия билан етиш мумкин. Ҳозиргача биз жамол сифати билан силаб-сийпалаб тарбия қилиндик” деган эди. Шогирдларидан бир қисмига “Эллик билан олтмиш ёш орасида бошимга дардлар, балолар ёғилади” деганди. Айтганидек бўлди. Бу мақомларга ҳам юксалиш насиб қилди.

Мусуслмонлар заиф қолиб, куфр, бузуқлик, зулмат, фалсафачию бузуқ эътиқодли кимсалар ҳар тарафни қоплаган замонларда минглаб кофир, фосиқ ва фожирлар унинг гўзал ҳолларини кўриб, суҳбатини эшитиб, тавба қилиб, солиҳ мусулмон бўлишди. Узоқ-яқиндан кўплаб кишилар у зотни тушида ва ўнгида кўриб, ҳузурига шошилдилар. Ҳузурига келиб, хаёл ойнасида кўрганларидек топдилар. Олим, солиҳ, ёш-қари минглаб киши уни кўриб, суҳбатларида бўлиб, файз олиб, қалблари зикр қиладиган ҳолатга келди. Ҳузуридаги ўн минглаб шогирдлар ва толибларни ҳолларга, юксак даражаларга эриштирдилар. Ҳар он кароматлари кўринар, атрофига файзу барокат тарқатарди. Кароматларининг олти мингдан ортиқ эканлиги китобларда қайд қилинган.

Даврининг олимлари имом Раббоний ҳазратларига “Сила” исми билан хитоб қилдилар. Сила - бирлаштирувчи деганидир. Чунки у тасаввуфнинг исломиятдан бўлак нарса эмаслигини, исломиятга мос эканлигини исботлаб, аҳкоми исломия билан тасаввуфни деган икки дарёни бирлаштирди. Бир ҳадиси шарифда “Умматимдан Сила исмли бири дунёга келади. Унинг шафоати билан кўп мусулмонлар жаннатга киради” дея марҳамат қилиниб, у зотнинг келишига  ишорат қилинганди. Бу ҳадиси шариф имоми Суютийнинг “Жамъул-Жавомий” китобида ёзилган. Имом Раббоний ҳазратлари бир мактубида “Мени икки дарё орасида “Сила” қилган Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин” деб дуо қилган. Асҳоби, шогирдлари ва муҳиблари (севганлари) орасида “Сила” исми билан машҳур бўлганди. Ҳадиси шарифда муждаланган “Сила” исмини ундан аввал ҳеч ким олмаган.

Имом Раббоний ҳазратлари Мужаддиди алфи сонийдир. Яъни ҳижрий иккинчи минг йилликнинг мужаддидидир. Эски умматлар даврида ҳар минг йилликда янги дин олиб келувчи бир расул юбориларди. Янги дин аввалгисини алмаштириб, баъзи ҳукмларни бекор қиларди. Ҳар юз йилда бир Набий келиб, дин соҳиби Пайғамбарнинг динини ўзгартирмас, балки қувватлантирарди. Ҳадиси шарифда бу умматга ҳар юз йилда ислом динини қувватлантирадиган бир олим келиши хабар берилган. Расули акрам сарваримиздан кейин пайғамбар келмаслиги назарда тутиладиган бўлса, ундан минг йил ўтиб ислом динини ҳар жиҳатдан иҳё қиладиган, пайдо қилинган бидъатларни тозалаб, асри саодатдаги тоза ҳолига келтирадиган, зоҳирий ва ботиний илмларда комилан ворис, олим ва ориф зотнинг келиши керак эди. Ҳадиси шарифлар буни билдирмоқда. Бу муҳим хизматни имом Раббоний ҳазратлари бажарди.

Бутун ислом олимлари бу зотнинг имом Раббоний ҳазратлари эканлигида иттифоқ қилдилар. Пайғамбаримиздан роса минг йил ўтиб, илм ва иршод курсисига мутлақ ўтириб, жаҳонни Расулуллоҳнинг нурлари билан ойдинлатдилар. Бидъатлардан тозалаб, ислом динини иҳё қилдлилар. У даврларда Ҳиндистонда, ҳатто бутун ислом оламида бузуқ фикрлар, ақидалар ривож топиб, катта фитналар кўпайган эди. Бундан ташқари тасаввуфда вахдати вужуд масаласига доир айтилган сўзлар мусулмонлар орасида турли-турли томонларга буриб кетилиб, бу юксак ва қийматли илм тушунарсиз ва ғалати ҳолатга туширилган эди. Кўпгина жоҳиллар машойихларнинг сўзларининг маъносини англай олмай, вақт ўтиши билан диндан чиқаётган эди. Исломиятга қарши бўлган кимсалар ҳам, фурсатни қўлдан бермай мусулмонларни ҳақ йўлдан чиқариш учун тинмай уринишарди. Мана шу тариқа тасаввуф илмлари ва фиқҳий ҳукмлар орасида катта жар пайдо бўлган, душманлар бу иккаласини худди алоҳида нарсалардек кўрсатиб, мусулмонларни турли номлар тагида бир-бирларидан ажратишга ва бир-бирларига душман қилишга уринишарди.

Имом Раббоний ҳазратлари бошида ваҳдати вужуд илмларини ўргатиш билан бир қаторда хато тушунилган кўп масалаларни ғоят очиқ бир тарзда изоҳлаб, инсонларнинг фикрларини ва қалбларини хато ва бузуқ ақидалардан, бидъатлардан тозаладилар. Ҳақни ботилдан айириб, ҳақ ва тўғри йўл эканлигини Расулуллоҳ хабар берган аҳли суннат эътиқодини ҳамма жойга ёйдилар. Ёш-қари жуда кўп халқ ва анча олимлар у зотнинг атрофида тўпландилар. Унга илк марта “Мужаддиди алфи соний” исмини берган зот даврнинг энг буюк олимларидан Абдулҳаким Сиялқутийдир. Замонининг бошқа улуғ олимлари ҳам уни мадҳ этиб, мақтардилар.

Хожа Муҳаммад Боқий-биллоҳнинг йирик шогирдларидан ва энг юксак олимларидан бўлган Саййид Мир Муҳаммад Нуъмон айтадики: “Устозим менга имом Раббонийга тобе бўлишимни айтганларида бунга ҳожат йўқлигини изҳор қилиш мақсадида “Қалбим ойнаси фақат сизнинг порлоқ қалбингизнинг нурига тобедир” дедим. Устозим менга қаттиқ оҳангда “Сен Аҳмадни ким деб ўйлаяпсан? Унинг қуёшдек нури биз каби минглаб юлдузни хира торттирмоқда” дедилар.”

Имом Раббоний ҳазратларининг шогирдларидан машҳури Муҳаммад Ҳошим Кашмий шундай деган: “Бир куни ҳазрати имомнинг ҳузурида ўтиргандим. Улар маърифатларни ёзарди. Шу вақт бавл қисташи сабабли ўрнидан туриб, ҳожатхона томонга кетдилар. Лекин тезда қайтиб чиқдилар. Бундай тезлик билан ҳожатхонага кириб-чиққанига ҳайратландим. “Бунинг сабаби нима?” деб сўрадим. У зот ҳожатхонадан чиқар-чиқмас қумғонни олиб, чап қўл бош бармоғининг тирноғини ювди ва артдилар. Сўнгра қайтадан ҳожатхонага кирдилар. Бироздан кейин чиқиб “Бавл қистаб қолди. Шошилиб ҳожатхонага кирдим ва ўтирдим. Кўзим тирноғимнинг учига тушди. Устида қора бир нуқта бор эди. Қаламнинг сиёсини текшириш учун тирноғимга текказиб кўргандим. Ваҳоланки бу нуқта Қуръони каримнинг ҳарфларини ёзишда қўлланиларди. Тирноғим устидаги бу нуқта билан у ерда ўтиришни одобдан эмас деб билдим. Бавл қистаганидан қийналсам ҳам, бу қийинчилик бир адабни тарк этишдан келадиган қийинчилик ёнида жуда оз кўринди. Ташқарига чиқиб, бу нуқтани ювиб ташлаб, кейин қайтиб кирдим” дедилар.”

Бир куни ҳофизлардан бири одатда ўтирадиган курсидан пастроқ курсига ўтириб Қуръони карим ўқишни бошлади. Имом Раббоний ҳазратлари бу ҳолатни сезиб, дарров ўзи ўтирган баланд курсини бир четга қўйиб, ўзи ерга ўтирдилар. У ҳеч бир вақт Қуръони карим ўқиётган қоридан баланд жойда ўтирмасдилар.

Имом Раббоний ҳазратларининг фиқҳ масалаларида илми беқиёс эди. Ҳар бир масалага дарров жавоб бера оладиган даражада эди. Усули фиқҳда ҳам маҳорат соҳиби эдилар. Лекин эҳтиёткор бўлганидан кўпинча фиқҳ китобларига мурожаат қилардилар. Сафарда ва муқим бўлган пайтларида баъзи қийматли фиқҳ китобларини доим ёнида олиб юрардилар. Унинг бутун ғайрати муфтобиҳ, яъни фиқҳ олимларининг иттифоқ қилган масалаларига ҳар доим мос келиш эди. Баъзи фиқҳ олимлари жоиз деган, баъзилари макруҳ деган бир ишда у ҳамиша макруҳ тарафига ён босиб, бу ишни қилмасдилар. “Бир масаланинг бажарилишида ва бажарилмаслигида, ҳалол ва ҳаром бўлишида ихтилоф бўлса, бажарилмаслигини ва ҳаром дейилган тарафга ён босишга мумкин қадар ҳаракат қилиш керак” деб айтардилар.

Муҳаммад Ҳошим Кашмий баён қилади:

“Саййидлардан бир ёш йигит, мадрасада талаба эди. У билан дўст эдик. Бир куни йиғлаб ёнимга келди ва бошидан ўтган ҳодисани айтиб берди. Имом Раббоний ҳазратларининг бир кароматини кўрганди. Ёш талаба: “Ҳазрати Алига қарши жанг қилганларни, айниқса, ҳазрати Муовияни севмасдим. Бир кеча сенинг устозинг имом Раббонийнинг “Мактубот” китобини ўқиб ўтириб: “Имом Анас бин Молик айтдики: Ҳазрати Муовияни севмаслик, уни ҳақоратлаш, худди ҳазрати Абу Бакр билан ҳазрати Умарни севмаслик ва уларни ёмонлаш билан бирдир. Кимки Муовияни сўкса, буларни сўкканга бериладиган жазони бериш лозим” деб ёзилган эди. Буни ўқиб юзимни буриштирдим. Шундай бемаъни нарсаларни ҳам ёзадими одам, деб ўйладим. Китобни ерга ирғитдиму ётоғимга чўзилиб, ухладим.

Тушимда сенинг бу буюк устозинг аччиқланган ва ғазабнок ҳолда ёнимга келди. Икки муборак қўли билан қулоқларимни буради ва: “Эй жоҳил бола! Сен бизнинг ишимизни ёқтирмайсан, китобимизни ерга ташлайсан. Ёзганимизни ўқиб афтингни буриштириб, ишонмадинг. Майли, юр сени бир зотга олиб борайин, ўз кўзинг билан кўр. Расулуллоҳнинг саҳобаларига кек сақлаб алданганингни у зотнинг ўзидан эшитгин” дедилар. Мени тортиб, бир боғчага олиб бордилар ва эшик олдида қолдириб, ўзлари ёлғиз олдинга юрдилар. Узоқда кўринган катта бир уйга тўғри бордилар. У ерда нур юзли, буюк бир зот бор эди. Чекиниб, ҳурмат билан бу зотга салом бердилар. Олдларида тиз чўкиб ўтирдилар. Унга бир нарсаларни гапириб, мени кўрсатарди. Узоқдан менга қарашларидан мен ҳақимда гапираётганлиги маълум эди.

Бироздан кейин сенинг устозинг имом Раббоний ўрнидан туриб, мени чақирдилар. “Бу ўтирган зот ҳазрати Алидир. Яхшилаб эшит, нима деркан” дедилар. Ёнларига бориб, салом бердим. “Асло, асло қалбингда Расулуллоҳнинг Асҳобига нисбатан кек сақламагин! Бу буюклардан ҳеч бирини асло ёмонлама! Орамизда муҳораба шаклида кўринган бу ишларимиз қандай яхши ниятлар билан қилинганини фақат биз ва ўша биродарларимиз билади!” дедилар. Сенинг буюк устозингнинг исмини айтиб “Бу зотнинг ёзувларига ҳам зинҳор қарши чиқмагин!” деб буюрдилар. Бу насиҳатни тинглагандан кейин қалбимга боқдим. Бу хусусдаги тараддуд ва кекнинг қалбимдан чиқмаганини сездим. Бу ҳолим ҳазрати Алига дарров аён бўлди шекилли, ғазабландилар. Сенинг буюк устозингга қараб “Бунинг кўнгли ҳалиям тозаланмади. Яхшилаб шапалоқ ур!” дедилар. Шайх ҳазратлари юзимга кучли бир шапалоқ урди. Шапалоқ егач, ўз-ўзимга: Аслида мен шу ҳазрати Алига бўлган муҳаббатим туфайли уларга душманлик қилгандим. Ҳолбуки у зотнинг ўзи уларга душманлигимдан қаттиқ ранжимоқда. Бу ҳолдан воз кечишим керак. Қалбимга боқдим. Душманлик ва адоватдан асар ҳам қолмаганини кўрдим. Шу пайтда уйғониб кетдим. Ҳозир ҳам қалбим бу адоватлардан пок. Бу тушнинг, сўзларнинг лаззати мени бошқа бир ҳолатга туширди. Қалбимда Аллоҳдан бошқа ҳеч бир нарсанинг муҳаббати қолмади. Сенинг юксак устозинг имом Раббонийга ва унинг ёзувларидаги маърифатга ишончим қат-ба-қат ортди” деди.”

1623 йили Ажмирдалигида “Вафотим яқинлигига доир ишоралар, аломатлар кўринишни бошлади” дедилар. Сарҳанддаги қийматли ўғилларига мактуб ёзиб “Умрим сўнггига етиб қолди” дедилар. Оталарининг ҳасрати ва айрилиғи билан ёнган, авлиёнинг кўзларининг нури қийматли ўғиллари бу мактубни олишлари билан отаси томон йўлга чиқдилар. Ҳузурига боришгандан кейин отаси уларни ўз хонасига чақириб “Қийматли ўғилларим, бу дунёга ҳеч бир шаклда назарим ва боғлиқлигим қолмади. Нариги дунёга кетишим лозим, кетиш ва сафар аломатлари кўринмоқда” дедилар.

Имом Раббоний ҳазратлари Ажмир сафаридан Сарҳандга қайтгач, уйида узлатга чекилдилар. Бир муддат беш вақт ва жума намозидан бошқа пайтларда уйдан чиқмадилар. Нур ва асрор манбаси бўлган хос хонасига Муҳамад Ҳошим Кашмий, ўғиллари, шогирдлари ва 2-3 нафар хизматчилардан бўлак кишилар камдан-кам киритиларди. Узлатга чекилган кунлардан бирида совуқ нафас чиқариб “Шайх-ул исломнинг (Абу Али Даққоқнинг) машраби (ахлоқ, яратилиши) жуда юксалганидан мажлисида инсон қолмади” дедилар. Бу ердагидек умрининг охирида имом Раббоний ҳазратларининг машраби шу қадар юксалдики, ҳатто шогирдларининг энг юксаклари ҳам у зотнинг ёнида мактабга энди борган ёш бола сингари эди.

Имом Раббоний ҳазратларининг шогирдларидан бири шундай ҳикоя қилган:

“Имом Раббоний ҳазратлари умрининг сўнгги кунларида, хасталигида олдига кириб, юртимга бир неча кунга бориб-келишга рухсат сўрадим. “Бир неча кун кутгин!” дедилар. Сўнгра яна “Дарров бориб-келаман” дедим. “Бир неча кун сабр қилгин!” дедилар. Лекин “Бораман-у, энг қисқа вақтда ортга қайтаман” деганимдан кейин изн бердилар ва “Сен қаердасан, мен қаердаман, баҳор қаерда?” мисрасини ўқидилар. Шу воқеадан бир неча кун ўтиб, вафот этдилар.”

Бу орада жуда кўп садақалар бердилар ва катта хайрли ишлар қилдилар. Яқинларидан бири бу садақа ва ҳайротнинг кўплигини кўриб “Бу садақалар балоларнинг кетиши учунми?” деб сўради. Айтдики: “Йўқ, балки қовушиш шавқи билан буларни қиляпман.” Кейин қуйидаги байтни ўқиб, кўзларидан севинч ёшлари тўкдилар:

Вуслат кунидир, сирдошим оламга қучоқ очаман,

Бу давлатнинг, бу неъматнинг севинчларин сочаман.

 

Муҳаррам ойининг ўн иккинчи куни эди. Айтдиларки: “Менинг нариги дунёга кетишимга қирқ ёки эллик кун қолганини маълум қилдилар. Қабримни ҳам кўрсатдилар.” Бу сўзларни эшитганлар қаттиқ қайғуга тушишди. Яралари янгиланди. Шу кунларда ўғли Муҳаммад Саид имом Раббоний ҳазратларининг йиғлаётганини кўрди. Сабабини сўраганида “Аллоҳу таолога қовушиш севинчидан йиғлаяпман” деб жавоб бердилар. Ўғли “Аллоҳу таоло бу ишни бу дунёда жуда севганларига қолдиради. Модомики, сиз шунчалик кўп истар экансиз, албатта кетасиз” деди. Имом Раббоний ҳазратлари бу сўзни гапирган ўғлида бир ўзгариш сездилар ва “Муҳаммад Саид! Аллоҳу таолонинг ғайратига тегяпсан” дедилар. Ўғли “Ўз ҳолимга ўзим ранжияпман” деди ва ғоят самимий тарзда дард ва алам тўла овозда “Эй кўнглимнинг сурури отажоним! Бизга қилаётган бу шафқатсизлик ва ачинмаслигингизнинг сабаби нима?” деди. Унга жавобан “Аллоҳу таоло сизлардан кўра севимлидир. Бундан ташқари, бизнинг шафқат ва ёрдамимиз вафот этганимиздан кейин ҳаёт пайтларимиздан ҳам кўпроқ бўлади. Чунки бу дунёда инсон бўлганимиз учун баъзан истар-истамас таважжуҳ ва ёрдамимиз тўлақонли бўлмайди. Ҳолбуки вафот этгандан кейин башарий сифатлардан тамоман покланиш бор” дедилар. Буни айтган кунидан бошлаб, кун санашни бошладилар. Сафар ойининг йигирма иккинчи кечаси қалблари хаста асҳобига “Мана бугун ўша гапни айтганимдан қирқ кун ўтди. Кўрамиз қолган етти-саккиз кун ичида нима бўларкан. Шу орада ҳосил бўлган бир неча кунлик сиҳҳатда Аллоҳу таоло Ҳабибига тобе бўлган бир инсонда бўлиши мумкин бўлган бутун камолотни менга эҳсон қилди” дедилар. Ўғилларининг бу сўзлардан қалблари пора-пора бўлди. Чунки бу сўзларда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг “Бугун динингизни ниҳоясига етказдим” ояти каримаси келганда қалбларига келган, яъни Жаноби Пайғамбаримиз вафот этади, илҳомидан бир аломат борлигини англадилар.

Сафар ойининг йигирма учинчи куни дарвешларга либосларини ўз муборак қўллари билан тарқатдилар. Ўзининг устида ҳам иссиқ кийим қолмагани учун ҳавонинг совуқлиги таъсир қилиб, такрор безгак тутиб, ётиб қолдилар. Жаноби Пайғамбаримиз ҳам охирги кунларида хасталикдан қутулиб, бироз вақтдан кейин яна касал бўлгандилар ва вафот этгандилар. Имом Раббоний ҳазратлари бу хусусда ҳам Расулуллоҳга иттибо (эргашиш) неъматини қўлдан чиқармадилар. Бу хасталикдан аввал хизматчиларидан бирига “Сандалга фалон чақалик кўмир олгин” деганди. Бироздан кейин яна ёнига чақириб “Айтганимнинг ярмини олинг, чунки ичимда бир овоз бу кўмирларни ёқадиган вақт қолмади демоқда” дедилар. Кўмирнинг бир қисмини ўзига ажратиб, қолганини фарзандларига юбордилар. Ўзига ажратган кўмири вафот этган куни бутунлай тугаганди. Бу хасталиги вақтида юксак илмларни ўғилларига пухталаб тушунтирдилар. Бир куни нозик ҳақиқатларни баён қилишга ҳаракат қилиб, шунчалик гапирдиларки, муҳтарам ўғиллари Муҳаммад Саид “Сизнинг хасталигингиз бунчалик гапиришингизга ярамайди, бу маърифатларнинг баёнини бошқа бир вақтга қолдирсангиз бўлмайдими, ота?” деди. Шунда имом Раббоний  ҳазрат: “Эй ўғлим! Вақт қолдимикан? Биламанки, бошқа вақт буларни гапиришга қувват ва қудрат тополмайман” дедилар.

Бу кунларда хасталиги шиддатли бўлишига қарамай жамоат билан намоз ўқишни канда қилмадилар. Фақат сўнгги тўрт-беш кун ёлғиз ўзи намоз ўқидилар. Энг заиф кунларида ҳам дуоларни, тасбиҳларни, солавотларни, зикрни ва муроқабани ҳеч бир нуқсонсиз тўкис адо этардилар. Динимизнинг ва устозларининг йўлларидаги зариф одатлардан ҳеч бирини тарк этмасдилар. Бир кечаси кечанинг учинчи ярмида туриб, таҳорат олдилар. Таҳажжуд намозини оёқда туриб ўқидилар ва “Бу бизнинг сўнгги таҳажжудимиздир” дедилар.

Вафотидан бироз олдин ҳушидан кетиб қолдилар. Катта ўғли бу ҳушдан кетиши касаллигиданми ёки истиғроқ (нурларга чўмиш) сабаби биланми деб сўради. Унга жавобан: “Истиғроқ сабаби билан. Чунки баъзи жуда юксак ҳоллар кўринмоқда. Бунинг учун уларга таважжуҳ этмоқдаман, токи барчасини ўз ҳолича кўра олай ва булар билан ҳамма нарсам комил бўлсин” дедилар. Бу теран сирлар ҳақида ўғилларининг қулоқларига шивирлаб айтдилар. Бу ҳушидан кетиш ҳолидан фориғ бўлгач, жигарлари пораланган, қалблари ёнган шогирдларига видолашишни хотирлатадиган васиятларини айтишни бошладилар. Бу васиятларининг кўпи мутабаотга, яъни Пайғамбаримизга тобе бўлишга ташвиқ, суннатга чамбарчас ёпишиш, бидъатдан қочиш, зикр ва муроқабада давом этиш ҳақида эди.

Айтдиларки: “Суннатга жуда маҳкам ёпишиш керак.” Бу сўзлари билан ҳам Жаноби Пайғамбаримизга эргашишни кўзлаган эдилар. Чунки Расулуллоҳ ҳам вафотлари олдидан шундай насиҳат қилгандилар. Термизий ва Абу Довуд шундай ривоят қилади: Жаноби Расулуллоҳ бизга ваъз қиларди. Бу ваъздан қалблар титраб, кўзлар намланарди. “Ё Расулаллоҳ! Бу сўзларингиз видолашув хутбасига ўхшайди, бизга васият қилинг” дедик. Расулуллоҳ алайҳиссалом буюрдиларки: “Сизларга васиятим шу: Аллоҳдан қўрқинг, ҳатто бир паст қул амри илоҳийни билдирса, унга қулоқ солинг ва амрни бажаринг. Узоқроқ яшаганларингиз ҳали кўп нарсаларга гувоҳ бўлади. Шу замонларга етганда менинг ва хулофаи рошидиннинг (4 халифа) суннатларини ғоят маҳкам тутинг, уни қўлдан чиқарманглар. Динда бидъатдан қаттиқ сақланинг. Чунки бутун бидъатлар залолатдир, бузуқликдир.”

Имом Раббоний ҳазратлари васиятининг давомида шундай дедилар: “Динимизнинг соҳиби Жаноби Расулуллоҳ насиҳатларнинг энг нозикларини ҳам "Дин насиҳатдир" ҳадиси шарифига биноан канда қилмадилар. Динимизнинг мўтабар китобларидан Расулуллоҳга том тобе бўлиш йўлини ўрганинг ва бу билан амал қилинг.”

Вафот этган сафар ойининг йигирма тўққизинчи сешанба куни кечаси хизматчиларига “Кўп заҳмат чекдингиз, бу сизларнинг сўнгги заҳматларингиз” дедилар.

Ётоғига ётиб, суннатга мос ҳолда ўнг қўлини ўнг ёноғи тагига қўйиб, зикр билан машғул бўлдилар. Катта ўғли Муҳаммад Саид отасининг тез-тез нафас олаётганини кўриб “Ҳолингиз қандай, ота” деб сўради. Имом Раббоний ҳазратлари “Яхшиман ва ўқиган бу икки ракат намозим кифоядир” дедилар. Бундан кейин бошқа гапирмадилар. Фақат Аллоҳу таолонинг исмини айтдилар ва бироздан кейин вафот этдилар. Улуғ пайғамбарлардан аксарининг охирги сўзи "намоз" бўлганди. марҳум Имом бу хусусда ҳам пайғамбарларнинг Сарварига тобе бўлдилар. Вафоти 1624 йил сафар ойининг йигирма саккизи, қуёш ҳисоби бўйича йигирма тўққизи сешанба куни чошгоҳ вақтида рўй берди.

Шу ой йигирма тўққиз кунлик эди. Расуллоҳ вафот этган ой - Рабиул аввал ойининг илк кечаси Жаноби Расулуллоҳнинг ҳузурига қовушдилар. Хасталик ва безгак тутган кунлари ёшига тенг бўлиб, олтмиш уч кун эди. Ҳадиси шарифда: “Бир кунлик безгак бир йилнинг каффоратидир” деб марҳамат қилинганди. Ўтказган хасталиги бу ҳадиси шарифнинг маъносига уйғун бўлди.

Имом Раббоний ҳазратларининг нурли бадани ювиш тахтасига қўйилиб, либослари ечилгандан кейин у ердагилар ҳазратнинг худди намоздагидек қўлларини боғлаганига гувоҳ бўлдилар. Ўнг қўлининг бош ва кичик бармоғини чап қўл билагига ҳалқа қилдилар. Ҳолбуки ўғиллари вафотидан кейин қўлларини тўғрилаб, узатиб қўйгандилар. Ювиш тахтасида ётиб табассум қилдилар ва бир муддат шу ҳолатда қолдилар.

Ғассол муборак қўлларини очиб, тўғрилади. Чап тарафига ётқизиб, ўнг томонини ювди. Ўнг тарафига ётқизиб, чап тарафини ювмоқчи бўлганида шу ердагилар авлиёлик қувватининг бир аломати сифатида заиф бир ҳаракат билан қўлларини эски ҳолатдагидек қилиб боғлаб олганини кўрдилар. Ҳолбуки ўнг тарафга ётқизилганидан кейин ўнг қўлнинг чап қўл устига келиши қийин эди. Бу билан бирга чап қўлини шундай маҳкам тутгандики, ажратиб олиш мумкин бўлмади. Кафанга ўраган вақтда яна қўлларини боғлаб олганини кўрдилар. Бу ҳол икки-уч марта қайталанди. Ниҳоят у ердагилар бунда теран маъно ва яширин сир борлигини англаб, қўлларини очишга бошқа уринмадилар. Ўғли Муҳаммад Саид “Модомики, муҳтарам отам шуни истаётган экан, шундай қолдирамиз” деди. Жаноби Пайғамбаримиз ҳадиси шарифда: “Қандай яшасангиз шундай вафот этасиз” деб марҳамат қилгандилар. Бу Аллоҳу таолонинг улуғ эҳсонидир. Хоҳлаганига эҳсон қилади, Унинг эҳсони мўлдир.

Имом Раббоний ҳазратларининг жаноза намозини ўғли Муҳаммад Саид ўқитди. Вафот этганида 63 ёшда эдилар. Сарҳанддаги уйининг ёнига дафн қилинди. Анчадан кейин Афғонистон подшоси Шоҳи Замон қабри устига катта ва ҳашамкор мақбара қурдирди.

Катта ўғли Муҳаммад Саид айтадики:

“Отамни вафотидан кейин тушимда кўрдим. Аллоҳу таолонинг унга берган буюк неъматларини қувонч билан гапирарди ва булар билан фахрланарди. Ундан “Отажон, ҳузур мақомидан бировга насиб бердими?” деб сўрадим. “Ҳа, мени ҳам шукр этганлардан қилди” деб жавоб бердилар. Қуръони каримда маолан “Шукр қилувчи қуллар оздир” деб марҳамат қилинган. (Саба, 13) Бу оятда назарда тутилган инсонлар пайғамбарлар ёки Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ каби уларнинг энг улуғ Асҳобларидир.- деганимда “Ҳа, шундай. Лекин мени хусусий бир иноят ва эҳсон билан шу жамоатга дахлдор қилишди” дедилар.”

Асарлари:

1) “Мактубот”. Ислом оламида имом Раббонийнинг бу китобидек қийматли китоб ёзилмаган. “Мактубот” уч жилд бўлиб, беш юз йигирма олти мактубдан иборат. Калом ва фиқҳ масалалари, тасаввуфнинг маърифатлари изоҳланган чексиз дарёдек тенги йўқ асардир.

“Мактубот”нинг биринчи жилди 1616 йили шогирдларининг машҳурларидан Ёр Муҳаммад Жадиди Бадахши Талқоний тарафидан тўпланган. Биринчи жилдда 313 мактуб бор. Бу жилднинг сўнгги мактуби Муҳаммад Ҳошим Кашмийга ёзилган. Имом Раббоний бу мактубни ёзгач “Муҳаммад Ҳошимга юборилган бу мактуб билан, расулларнинг, дин соҳиби пайғамбарларнинг ва Асҳоби Бадрнинг сонига мос бўлгани учун уч юз ўн уч мактуб билан, биринчи жилдни шу ерда тугатамиз” деганди.

Иккинчи жилд эса, 1619 йили яна шогирдларидан Абдулҳай Путний томонидан тўпланган. Бу жилдда Асмои ҳусно, яъни Аллоҳу таолонинг ҳадиси шарифларда ўтган тўқсон тўққиз исми сонига тенг миқдорда мактуб бор.

Учинчи жилд бўлса, имом Раббоний ҳазратларининг вафотидан кейин 1630 йилда шогирди Муҳамад Ҳошим Кашмий томонидан тўпланган бўлиб, бу жилдда Қуръони каримдаги суралар сонига тенг миқдорда, яъни 114 мактуб мавжуд. Учта жилдда жами 526 мактуб бор. Имом Раббоний ҳазратларининг вафотидан кейин учинчи жилдга яна ўн мактуб қўшилган, шу билан жами 536 мактуб бўлди.

“Мактубот”даги мактубларнинг бир нечаси арабча, қолганларининг ҳаммаси форсчадир. Китоб турли вақтларда бир неча марта чоп қилинган. (“Мактубот”нинг биринчи жилди “Муждачи мактублар” номи билан “Ҳақиқат китоб уйи” тарафидан чоп қилинган. Иккинчи ва учинчи жилддаги мактублардан бир қисми “Ҳақиқат китоб уйи” нашрларидан бўлган “Том Илмиҳол Саодати абадия” китоби ичида чоп қилинган.)

2) “Радди равофиз”. Форсча ёзилган бўлиб, бу китобнинг туркчаси “Ҳақ сўзнинг васиқалари” китобида бир бўлим сифатида “Ҳақиқат китоб уйи” тарафидан нашр қилинган. Арабчага ҳам таржима қилинган.

3) “Исбот-ун-нубувва”. “Пайғамбарлик нима?” номи билан туркчага таржима қилинган. “Ҳақ сўзнинг васиқалари” китобида бир бўлим сифатида чоп этилган. Бундан ташқари, ушбу асар арабчага, инглизчага ва французчага ҳам таржима этилган.

4) “Мабда ва маод”.

5) “Адаб-ул-муридин”.

6) “Талиқот-ул-авориф”.

7) “Рисола-и таҳлилия”.

8) “Шарҳ-и Рубоият-и Абд-ил-Боқий”.

9) “Маориф-и Ладунния”.

10) “Мукашофот-и ғайбия”.

11) “Жазба ва сулук рисоласи”.