Дин исён ҳаракати эмас

Реформист бир “қориака” айтадики: “Дин ҳар қандай ноҳақликка қарши норозилик, исён ва қўзғолон ҳаракатидир.”

Жавоб: Мисрлик социалист-коммунист диншунослар ҳам бир пайтлар шунга ўхшаш беъмани гаплар айтиш орқали халқни исёнга чақириб, минглаган мусулмоннинг ўлимига сабаб бўлишганди. Бу “қорака” ҳам негадир доимо бетавфиқларнинг ўзига ўрнак олади. Муҳтарам пайғамбаримиз “Дин бу – гўзал ахлоқдир” деб марҳамат қилганлар. (Дайламий)

Реформист қори “Дин ҳар соҳани ўз ичига оладиган қарашдир” дейди. Ваҳоланки дин қаътиян фикр эмас, илоҳий ҳукмлардир. Қуръондаги ҳукмларга “фикр”, “қараш”, “тушунча” дейиш куфрдир. Булар инсонларга хос. “Қуръоний фикр, Қуръоний қараш, Ислом назарияси” деган гапларни айтиш куфр бўлади, чунки “фикр, қараш ва назария” махлуқдир. Холиқнинг каломи эса, махлуқ эмас. Мутазилий фирқасининг нотўғри эътиқоди бўйича Қуръон ҳам махлуқ. Балки бу “қора ака” мутазиланинг эътиқодию фикрларини ёқтиргани учун ушбу таъбирларни бемалол ишлатаётгандир.

Бундан ташқари дин фақат бу дунё учун юборилганми? Охиратга кераги йўқми? Ёки ўзлари охиратга ишонмайдиларми? Дин - дунё ва охиратни қозониш учун қўйилган илоҳий қоидалардир. Дунёни айтиб, охиратни тилга олмасликдан мақсад нима?

Ислом олимлари “Дин инсонларни чексиз саодатга эриштириш учун Аллоҳу таоло тарафидан кўрсатилган йўл ва ҳукмлар деганидир” деб таъриф қилганлар. Исломиятнинг ғояси бўлган “Динни, жонни, ақлни, молни ва наслни ҳимоялаш” ҳукмига “ўрта асрлардан қолган фикр” дебди бу реформист. Ҳар гапига ўзига ўхшаб адашиб кетган диншуносларнинг бемаъниликларини мисол ва далил сифатида келтириб, ислом олимларига тил теккизмоқда.

Калимаи шаҳодатнинг ва калимаи тавҳиднинг таърифида ҳам худди мисрлик социалист муллалардек “атеистона” гаплар қилиб шундай деган: “Калимаи тавҳид мол ва мулк эгаси бадавлатларнинг ўзларини Худодек тутишларига исён қилиш тактикасини бошқарадиган ва тенг ҳуқуқлиликни таъминловчи давомли инқилобдир”. Ҳозирги замоннинг “шайх”ларига ўхшаб “Мен буларни Қуръон ва Суннатдан олиб ёздим” дейишининг ғирт ёлғон эканлигини, мана шу бемаъни таърифи исботлаб турибди. Қайси оятда ёки қайси ҳадисда шундай социалистча таъриф бор?

Расулуллоҳ имонни таърифлаб, қалб билан тасдиқ ва тил билан иқрор ҳам бўлиши кераклигини такидлаганлар. Имоми Аъзам ҳазратлари: “Имон қалб билан тасдиқ, тил билан иқрордир” деб турганида бу реформисти “Мусулмончиликда иқрорга, гувоҳ кўрсатишга ҳожат йўқ. “Калимаи шаҳодат” деб номлаш бу жиҳатдан нотўғридир” дейди. Ҳолбуки ислом олимларининг истисносиз барчаси имонни “Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳу таолодан келтириб, билдирган нарсаларнинг барчасига, қалб билан ишониб, тил иқрор бўлишидир” деб таъриф қилганлар. Тил билан иқрор бўлмаган кишининг мусулмон эканлиги аниқ бўлмайди, шу боис ундайларга жаноза намози ўқилмайди, жасадлари мусулмон қабристонига қўйилмайди, гувоҳлиги қабул қилинмайди, у билан турмуш қурилмайди. Яна кўплаган бошқа сабаблари ҳам бор. Бу жиҳатдан тил билан иқрор бўлиш шартдир. Фақат ғайримуслимлар орасида яшаётганда мусулмонлиги аён бўлиб бирон зарар кўрмаслик учун динини яшириши жоиз.