Таҳорат олиш, намознинг фарзларидан биридир. Қуръони каримни қўлга олиш, Каъбани тавоф қилиш, тиловат саждаси қилиш, жаноза намозини ўқиш учун ҳам таҳорат олиш лозим. Доимо таҳоратли юриш, уйқуга ҳам таҳоратли ётиш, таҳоратли ҳолда ейиш ва ичиш, катта савоб. Таҳоратли ҳолда вафот этганларга шаҳид савоби берилади. Пайғамбаримиз “саллаллоҳу алайҳи ва салам” марҳамат қилдиларки:
«Таҳоратли ҳолда вафот этган киши, ўлим азобини чекмайди. Чунки таҳорат иймонли бўлишнинг аломатидир. Таҳорат намознинг калити, гуноҳларнинг тозаловчисидир».
«Бир мусулмон таҳорат олганда гуноҳлари қулоқларидан, кўзларидан, қўл ва оёқларидан тўкилади, Ўтирганда эса гуноҳсиз, маъсум бир қул сифатида ўтиради».
«Намоз - амаллар ичида энг хайрли бўлган ибодатдир. Доимо таҳоратли бўлишга ҳаракат қилиш, мусулмонларга хос ҳислатдир. Мусулмон, кеча ва кундуз таҳоратли бўлиши керак. Фақат шундай бўлган тақдирдагина Аллоҳу таоло, уларни ўз паноҳида асрайди. Таҳоратли кишининг барча еган ва ичганлари, Аллоҳу таолони зикр қилади. Айни пайтда эгаси учун Аллоҳу таолога тавба – истиғфор қилади».
Таҳоратнинг фарзлари, суннатлари, одоблари ва таъқиқланган нарсалари, яъни таҳоратни бузадиган муфсидлари бордир. Таҳорати йўқлигини билиб туриб, намоз ўқиган кимса, кофир бўлади. Намоз ўқиётган пайтда таҳорати бузилган кимса, дарров салом бериб намоздан чиқади. Ва ўша намознинг вақти чиқмасдан аввал таҳорат олиб, намозини такрор ўқийди.
Таҳоратнинг фарзлари
Ҳанафий мазҳабида таҳоратнинг фарзи тўрт донадир:
1. Юзни бир марта ювиш.
2. Икки қўлни тирсаклари билан бирга бир марта ювиш.
3.Бошнинг тўртдан бирини масҳ этиш, яъни ҳўл қўлни бошга суриш.
4.Оёқларни тўпиқлари билан биргаликда бир марта ювиш.
Шофиъий мазҳабида ният ва тартиб ҳам фарз. Ният юзни юваётганда айтилади. Агар сув юзига тегмасдан туриб ният қилинса, таҳорати саҳиҳ (тўғри) бўлмайди. Юз ва жағлардаги соқолни ҳам ювиш Шофиъийда фарздир. Моликий мазҳабида далк [силамоқ] ва муволот [орасини узмай тез-тез ювиш] фарз. Шиялар оёқларини ювишмайди. Яланг оёқ устига масҳ тортишади. (бу нотўғридир).