Савол: Мазҳабсиз деб кимларга айтилади?
Жавоб: Одатда тўрт мазҳабдан ҳеч бирига тобе бўлмай, ўзбошимча ҳаракат қиладиганларга "мазҳабсиз" дейилади. Шу билан бирга тўрт мазҳаб ҳукмларини аралаштириб, кўнгли тусагани бўйича амал қиладиган одамларга, яъни мазҳабларни талфиқ (қориштирган) қиладиганларга ва тўрт мазҳабни ҳақ деб билгани ҳолда эътиқодида баъзи бир аҳли суннат эътиқодига мос келмайдиган ғалатиликлар бўлган бидъат аҳлига ҳам "мазҳабсиз" дейилади.
Савол: Диний китоблар ёзиб, Исломга хизмат қилаётган шахсларга фақат бир мазҳабга тобе бўлмаганликлари учун "мазҳабсиз" деб ҳақорат ва туҳмат қилиш тўғрими?
Жавоб: “Мазҳабсиз” таъбири диний таъбирдир. Ҳақоратга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Дини бўлмаган одамга "динсиз", ақли бўлмаганга "ақлсиз", пули бўлмаганга "пулсиз", мазҳаби бўлмаганларга эса, "мазҳабсиз" дейилади. Бу табиий нарса. Масалан, Афғоний, Абдуҳ ва Қарзовийлар “Бизнинг мазҳабимиз йўқ” дейишган. Уларни ўзлари фахрланиб айтиб юрган сифатлари билан атаб, "мазҳабсиз" дейиш ҳақорат ва туҳмат бўлмайди. Балки ҳақиқатни очиқча айтиш бўлади.
Мазҳабсизларнинг диний китоб ёзишлари ҳам қаътиян Исломга хизмат эмас, дабдурустдан динни бузиб, ўзгартириш бўлади. Тўрт мазҳабнинг ҳукмларини билдирувчи китоблар ёзиш жуда яхши. Масалан, “Меъзон-ул кубро”, “Мазоҳиби арбаъа” яхши китоблардир. Лекин ҳар мазҳабнинг ижтиҳодларини аралаш-қуралаш ёзиб, орқасидан “ менимча тўғриси мана бу” дейиш нотўғри.
Савол: Мазҳабсиз одам ибодатларда ўзича бир у мазҳабдан, бир бу мазҳабдан олиб амал қилса, аҳли суннатга зид эътиқоди бўлмаса ҳам, унга аҳли усннат дейилмайдими?
Жавоб: Бугунги кунда тўрт ҳақ мазҳабдан бирига тобе бўлмаган одам аҳли суннат бўла олмайди. Аҳли суннат бўла олиш учун тўрт ҳақ мазҳабдан бирига амал қилиши керак. Агар тобе бўлмаса мазҳабсиз бўлади. Мазҳабсизлар одам албатта аҳли суннат бўла олмайди.