Савол: Аллоҳ ва Расулидан бошқасига итоат қилишнинг ширк ва бидъат эканлиги аниқ бўла туриб, нима учун аксар мусулмонлар олимларга ва мазҳабларга тобе бўляпти?
Жавоб: Бунинг жавоби бир китоб бўладиган даражада узун, изоҳ талаб қиладиган бир саволдир. Қисқача билдирамиз. Аллоҳ ва Расулидан бошқасига итоат қилиш диннинг амридир, ширк ва бидъат эмас. Бу хусус оятлар ва ҳадислар билан собитдир.
Расулуллоҳнинг ворислари бўлган олимлар айтадиларки: “Диннинг ҳукмларини биздек жоҳилларга улуғ олимлар ва етук солиҳлар билдирганлар. Булар Муҳаддислар ва Мужтаҳидлардир. Ҳадис олимлари ҳадиси шарифларни тадқиқ қилиб, саҳиҳ бўлганларини ажратганлар. Мужтаҳидлар эса, ояти карима ва ҳадиси шарифлардан ҳукмларни чиқарганлар. Биз ибодатларимизни ва бутун ишларимизни ушбу аҳкомга мослаб бажарамиз.” (Усул-ул арбаъа фи-тардидил-ваҳҳобия)
“Авомнинг (мужтаҳид бўлмаган кишиларнинг) бир ҳадиси шарифни эшитганида унга ўзининг тушунгани бўйича амал қилиши жоиз эмас. Ўша ҳадиси шарифга ё унинг тушунганидан ўзгача маъно берилган бўлиши ёки мансуҳ (ҳукми бекор қилинган) бўлиши мумкин. Мужтаҳиднинг фатвоси эса, бундай шубҳали эмас.” (Кифоя)
“Авомнинг тўғридан-тўғри Асҳоби киромни тақлид қилишлари дуруст эмаслиги ва аксинча манбаларни изоҳлаган, шарҳлаган, пай5амбар ва саҳоба сўзларини оддий халқ тушунадигандай қилиб, қисмларга ажратган олимларга тобе бўлишлари лозим эканлигини олимларимиз иттифоқ билан маълум қилганлар.” (Мусаллам-ус-субут, Фавотиҳ-ур-раҳамут)
Имом-ул-Ҳарамайн “Бурҳон” китобида “Авом Асҳоби киромнинг мазҳабларига тобе бўлмасликлари керак. Балки, тўрт мазҳаб имомларининг мазҳабига тобе бўлишлари лозим” деб айтганлар. (Шарҳи минҳож-ул-усул)
Ислом олимларининг юқорида ёзилган ижмоларига тобе бўлмаганларнинг бузуқ эътиқодда эканликлари маълум бўлади. Чунки Асҳоби киром жиҳод билан, исломиятни ёйиш билан банд бўлганликлари учун тафсир ва ҳадис китобларини тайёрлашга вақт топмадилар. Расулуллоҳнинг нури Уларнинг муборак қалбларига шунчалик қаттиқ таъсир қилдики, динни китобдан ўрганишларига ҳожат қолмади. Уларнинг ҳар бири бу нурнинг қуввати билан тўғри йўлни топардилар. Асрларнинг энг яхшиси бўлган саодат асри тугагач, фикрларда, зеҳнларда, маълумотларда айрилиқлар ҳосил бўлди. Асҳоби киромдан ва Тобеиндан нақл қилинган хабарлар бир-бирларига мос келмайдиган бўлди. Ҳақ йўлни излаганларнинг бошлари қотди. Аллоҳу таоло лутф қилиб, бу уммат орасидан солиҳ тўрт олимни танлади. Носслардан ҳукм чиқариш устунлигини буларга эҳсон қилди. Уларни тақлид қилинишини амр буюриб, бутун мусулмонларнинг ҳидоятга эришишларини ихтиёр қилди. Ояти каримада “Эй имон келтирганлар, Аллоҳу таолога итоат қилинг, Расулга итоат қилинг ва Улул-амрингизга итоат қилинг!” деб буюрилган. (Нисо, 59)
Бу ерда "Улул-амр" деб, ижтиҳод даражасига кўтарилган олимлар назарда тутилмоқда. Бундай олимлар эса, ҳамма биладиган тўрт ҳақ мазҳабнинг улуғ имомларидир. Бу оятдаги "улул-амр" деб таъриф берилган устун кишиларнинг мужтаҳид эканлиги оятда ҳам билдирилган:
“Расулдан ёки улул-амрдан сўрасалар эди, улар билардилар.” (Нисо, 83)
“Улул-амр – ҳоким ва валийлар деганидир” сўзи носслардан аҳком чиқара оладиган ҳокимлар ҳақида айтилган. Улар олим бўлганликлари учун Улул-амрдирлар. Ҳоким бўлганликлари учун эмас! Тўрт халифа ва Умар бин Абдулазиз мана шундай олимлардан эди. Жоҳил, фосиқ ёки кофир бўлган амирлар бундай эмас. Уларнинг динга зид бўлган амрларига итоат қилинмайди. Ояти каримада маолан: “Бир нарсани шерик қилишинг учун сени мажбурласалар, уларга итоат қилма!” деб буюрилган. (Луқмон, 15)
Ҳадиси шарифда марҳамат қилинганки: “Улул-амр фиқҳ олимларидир.” (Доримий)
Ибни Аббос ҳам “Улул-амр – фиқҳ ва дин олимларидир” деб айтган. (Итқон, Муслим шарҳи, Тафсир-и кабир)
Оятларнинг, ҳадис ва тафсир олимларининг бу очиқ баёнлари мужтаҳидларга итоат қилиш лозимлигини кўрсатганидек мазҳабсизларнинг “Аллоҳ ва Пайғамбардан бошқасига итоат қилиш ширк ва бидъатдир” сўзларининг бузуқ ва аҳмоқона эканлигини ҳам яққол кўрсатмоқда. Бу ҳақида кўплаган ҳадиси шарифлар бор:
1. Расулуллоҳ Муаз бин Жабални Яманга ҳоким қилиб юбораётганларида “У ерда ҳукмни қандай чиқарасан?” деб сўрадилар. У “Аллоҳнинг китобидан” деди. Расулуллоҳ “Аллоҳнинг китобида тополмасангчи?” дедилар. Муаз бин Жабал “Аллоҳ Расулининг суннатидан оламан” деди. Жаноби Пайғамбаримиз “Расулуллоҳнинг суннатидан ҳам тополмасангчи?” деб сўраганларида “Ижтиҳод қилиб, тушунганимга кўра чиқараман” деб жавоб берди. Расулуллоҳ муборак қўлини Муазнинг кўксига қўйиб “Алҳамдулиллоҳ, Аллоҳу таоло Расулининг элчисини Расулуллоҳнинг ризосига уйғун айлади” деб марҳамат қилдилар. (Термизий, Абу Довуд, Доримий) (Улул-амр деганда мужтаҳидлар назарда тутилганини ва уларга итоат қилган кишидан Расулуллоҳнинг рози эканлигини ушбу ҳадиси шариф очиқча қўрсатмоқда.)
2. Ҳадиси шарифда “Илм уч бўлакдир: Ояти муҳкама, Суннати қоима ва Фаридаи одила” деб марҳамат қилинган. (Абу Довуд, Ибни Можа)
“Мишқот” шарҳи буни қуйидагича изоҳлаган:
“Фаридаи одила – Китобга ва Суннатга уйғун илмдир. Ижмо ва қиёсга ишорадир. Чунки ижмо ва қиёс Китобдан ҳамда Суннатдан чиқарилмоқда. Шунинг учун ижмо ва қиёс Китоб ҳамда Суннат билан тенг тутилди, "Фаридаи адила" деб аталди. Мана шу тариқа бу иккиси билан амал қилиш вожиб эканлиги билдирилди. Ҳадиси шарифга “Диннинг манбаси тўрттадир: Китоб, Суннат, Ижмо ва Қиёс” деб маъно берилди.” (Ашиот-ул-ламаот)
3. Ҳазрати Умар мужтаҳид бўлган Шурайҳни қози қилиб юбораётганида шундай деди: “Аллоҳнинг китобида очиқ-равшан қилиб билдирилганларга қара! Буни бошқасидан сўрама! Бу ердан топа олмасанг Расулуллоҳнинг суннатига мурожаат қил! У ердан ҳам топа олмасанг ижтиҳод қил ва тушунганингга қараб жавоб бер!”
4. Ҳазрати Абу Бакрга даъвогар келганида Аллоҳу таолонинг китобига қарардилар. Бу ердан топгани бўйича ҳукм берардилар. Бу ердан топа олмаса, Расулуллоҳдан эшитганларига қараб жавоб берардилар. Эшитмаган бўлсалар, Асҳоби киромдан сўраб, уларнинг ижмоси билан ҳукм чиқарардилар.
5. Абдуллоҳ ибни Аббосдан бир нарса сўрасалар, Қуръони каримдан топиб жавоб берардилар. Қуръони каримдан топа олмасалар, Расулуллоҳдан эшитганини айтардилар. Эшитмаган бўлсалар, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умардан сўрардилар. Жавоб ололмасалар, ўз райи билан жавоб берардилар.
Мужтаҳид олимлардан сўраш тўрт мазҳаб имомларидан сўраш деганидир. Бир неча далиллар қуйида келтирилган.
Бир мазҳабни тақлид қилишнинг вожиб эканлигини кўрсатадиган тўрт далил:
1) Биринчи далил: Асҳоби киромнинг асридан ва ундан кейинги асрдан бугунгача бутун мусулмонлар тўрт мазҳабдан бирини тақлид қилдилар. Бу борада ижмо ҳосил бўлди. Қуйидаги ҳадиси шарифлар ижмонинг саҳиҳ эканлигини кўрсатмоқда:
“Умматим залолатга етакловчи бирон ишда ижмо қилмайдилар.” (И.Аҳмад)
“Аллоҳу таолонинг розилиги – ижмодадир. Жамоатдан ажралган киши Жаҳаннамга кетади.” (Ибни Асокир)
2) Иккинчи далил: Бир ояти карима маоли: “У кунда ҳар бир фирқани имомлари билан чақирамиз!” (Исро, 71) Қози Байзовий ҳазратлари бу ояти кариманинг тафсирида “Ҳар умматни Пайғамбарлари ва динда тобе бўлган имомларининг исми билан чақирамиз” деганлар. “Мадорик”да ҳам шундай ёзилган.
“Маолим-ут-танзил” тафсирида “Ибни Аббос ўзларини залолатга ёки ҳидоятга етаклаган раислари билан чақирилади, деди. Саид бин Мусаййиб эса ҳар қавм ўзларини хайрга ва шаррга етаклаган раисларининг ёнига тўпланадилар, деди” деб ёзилган.
“Тафсири Ҳусайний”да ва “Руҳ-ул-баён”да “Мазҳабининг имоми билан чақирадилар. Масалан, эй Шофеъийлар ёки эй Ҳанафийлар дейилади” деб ёзилган.
Бундан кўриниб турибдики, комил бўлган имомлар ўзларига тобе бўлган кишиларга шафоат қиладилар. Демак қиёмат куни ҳар бир одам мазҳаб имомининг исми билан чақирилади. Имом ўз издошларига шафоат қилади. Тўрт мазҳаб имомларининг ҳар бири мана шундай юксак даражада эди. Аллоҳу таоло Луқмон сурасининг 15-оятида “Менга инобат қилган кишининг йўлига тобе бўлгин” деб буюрган. Бу тўрт улуғ имомнинг Аллоҳу таолога инобат этганликлари иттифоқ ила билдирилган.
3) Учинчи далил: Бир ояти карима маоли: “Ҳидоят йўлини топгандан кейин Пайғамбарга тобе бўлмай, мўминлардан ажралган кишини ўзининг адашган йўлига етаклаймиз ва жуда ёмон бўлган жаҳаннамга ташлаймиз!” (Нисо, 115)
Имоми Шофеъийдан “Ижмонинг далил эканлигини кўрсатадиган оят қайси?” деб сўрашганида мана шу оятни кўрсатганлар. Бу оят мўминларнинг йўлидан ажралишни ҳаром қилганлиги учун бу йўлда юриш вожиб, яъни фарз бўлади.
“Мадорик” тафсирида ушбу оят изоҳланиб “Ижмонинг далил эканлигини ва Китобдан, Суннатдан ажралиш жоиз бўлмаганидек ижмодан ажралишнинг ҳам жоиз эмаслигини мана шу оят кўрсатмоқда” деб ёзилган.
“Байзовий” тафсирида ушбу оятга берилган изоҳда “Бу оят ижмодан ажралиш ҳаром эканлигини кўрсатмоқда. Мўминларнинг йўлидан ажралиш ҳаром бўлгач, бу йўлда юриш вожиб, яъни фарз бўлди” дейилган.
Бу умматнинг солиҳлари, олимлари “Ҳақ бўлган бир мазҳабни тақлид қилиш вожиб, яъни шартдир. Мазҳабсиз бўлиш катта гуноҳдир” дедилар. Олимларнинг мана шу иттифоқ билан айтилган қавлларидан ажралиб, алоҳида йўл тутиш бу оятдан ажралиш бўлади. Яна бир ояти карима маоли: “Сиз инсонлар учун хайрли умматсизлар! Амри маъруф ва наҳйи мункар қиласизлар.”(Ол-и Имрон, 110)
Бу умматнинг олимлари мазҳабсизликнинг ёмонлигини ҳамма вақт айтиб келганлар. Мазҳабсизликни тавсия қилиб, олимларнинг сўзларидан ажралган бадбахтлар, бу ояти каримани инкор қилган бўлишади.
Баъзи мазҳабсизлар “Адиллаи шариа”нинг тўрт манбасидан фақат иккитасини қабул қилишларини айтадилар. Нариги иккитасини қабул қилишмайди. Мана шу тариқа мусулмонларнинг йўлидан, яъни “Аҳли суннат вал жамоат” йўлидан айрилишмоқда.
4) Тўртинчи далил: Бир ояти карима маоли: “Билмасангиз зикр аҳлидан сўранг!” (Наҳл, 43)
Бу ояти карима, ибодатлар ва ишларни қандай бажариш кераклигини билмаган мусулмонларнинг биладиган (зикр аҳли) зотлардан сўраб ўрганишларини амр қилмоқда. Ояти каримада дуч келган одамдан ёки жоҳиллардан эмас, зикр аҳли олимлардан сўраш амр қилинмоқда. Шунинг учун мужтаҳидлик даражасига етмаган ҳар бир мусулмон қиладиган барча амал-эътиқодини Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ўзбошимча эмас, мазҳабининг олимларининг китобларидан ўқиб ўрганиши лозим. Ўқиб ўрганганига мос ҳолда амал қилган мусулмон ўша мужтаҳиднинг ҳукмларини, яъни мазҳабини тақлид қилган бўлади. Агар шайтони ғолиб келиб, мужтаҳидга тобе бўлмаса, мазҳабсиз бўлиб, жаҳаннамга юз тутади.