Савол: Ҳар бир кишининг мазҳабидаги ҳукмларнинг далилини билиши керакми?
Жавоб: “Мужтаҳидлар билдирган ҳукмларнинг далилларини муқаллидларнинг тадқиқ қилиши, тушунишлари шарт эмас.”(Радд-ул мухтор)
“Китоб, Суннат, ижмо ва қиёс мужтаҳидлар учун далилдир. Муқаллидлар, яъни ҳақ тўрт мазҳабдан бирини тақлид қилувчи кишилар учун далил - ўзи амал қилаётган мазҳаб имомининг ижтиҳоди ва сўзидир. Чунки муқаллидлар оятдан ва ҳадисдан умуман ҳукм чиқара олишмайди. Шунинг учун мазҳаб имомининг сўзи носс, яъни оят ва ҳадисга мос келмайдигандек кўринганида мазҳаб имомининг сўзи билан амал қилинади. Чунки носс ижтиҳод талаб қилиши мумкин ёки бошқа носс билан ўзгартирилган бўлиши, таъвил қилиниши ёхуд насҳ этилган бўлиши мумкин. Буларни эса фақат мужтаҳидларгина тушуна олади.” (Бариқа, 94-бет)
“Мазҳабнинг ҳукмига зид эканлигини баҳона қилиб ҳадиси шарифлар билан тўғридан амал қилиш бизга жоиз эмас. Мазҳабимизнинг ҳукмига зиддек кўринган ҳадиси шарифлар ҳеч қачон олимларнинг сўзларини рад қилишучун далил, ҳужжат бўлолмайди. Муқаллидларнинг билими бирон нарсанинг ҳалол ёки ҳаром бўлишига далил бўлолмайди. Бир нарсанинг ҳалол ёки ҳаром бўлиши учун мужтаҳиднинг ижтиҳоди лозим.” (Мактуботи Раббоний, 1/312; Мавда ва маод, 31)
“Тобеиндан янги имонга келганлар Асҳоби киромни тақлид қилишар, далилларини умуман сўрамасдилар. Асҳоби киром уларга фақат ибодатлар қандай бажарилишини ўргатдилар. Далилларини қидиришларини амр қилмадилар. Тобеинлар далил талаб қилмасдан фақатгина саҳобани тақлид қилишнинг кифоя қилишини билдилар. Ҳар ишларида Асҳоби киромнинг изида бўлган мазҳаб имомларимиз ҳам уларга тобе бўлдилар. Мужтаҳид бўлмаган кишининг далил изламасдан, тўрт ҳақ мазҳабдан бирига тобе бўлиши керак.” (Фойдали билимлар)