Саййид Амир Кулол

Саййид Амир Кулол ҳазратлари Силсилаи олиянинг ўн тўртинчисидир. Ҳазрати Ҳусайиннинг авлодидандир. Авлиёларнинг машҳурларидан бўлган Муҳаммад Бобо Саммосийнинг шогирди ва Баҳоуддин Бухорий ҳазратларининг устозидир. Кулолчилик билан шуғулланганлиги учун “Кулол” исми билан билан машҳур бўлганлар.

Ҳар онини исломиятга уйғун ўтказганлар, кўплаган кишилар унинг суҳбатида ва дарсларида камолга етган. Онаси шундай баён қилади: “Амир Кулолга ҳомиладорлигимда шубҳали бир нарса есам қорин оғриғига дучор бўлардим. Бу луқмани меъдамдан чиқариб ташламагунча қорин оғриғидан қутула олмасдим. Бу ҳол бошимдан уч марта ўтди. Сўнгра хайрли бир фарзандга ҳомиладор бўлганимни англадим. Бундан кейин еяётган нарсаларимнинг ҳалол эканлигига эътиборли бўлиб, эҳтиётлик билан ҳаракат қилдим.”

Солиҳ зотлардан бири вафот этганида жаноза намозини Амир Кулол ҳазратларининг ўқишини васият қилганди. Лекин у узоқ бир жойда сафарда эди. Бу зот вафот этгач, шу жойнинг олимлари тўпланди. Амир Кулол ҳазратларини чақириб келишга бир кишини жўнатишни маслаҳатлашдилар. Шунда шу ерда бўлган Шайх Суфий: “Хабарчининг кераги йўқ. Бу ҳодисалар унга маълум бўлади” деди. Ҳар эҳтимолга қарши икки киши хабар бериш учун йўлга отланган эди. Энди йўлга чиқмочи бўлиб турганиларида Амир Кулол ҳазратлари бирданига қаршидан кўринди. Келиб вафот этган зотнинг жанозасини ўқитдилар. У ердаги олимлар бу ҳодисанинг унга қандай маълум бўлганини сўрадилар. Амир Кулол ҳазратлари қуйидаги ҳадиси шарифларни билдирди:

“Қалб қалбга акс этади.”

“Мўмин мўминнинг ойнасидир.”

“Ҳар идишдан ичидаги нарса томади.”

Ундан каромат ҳақида сўрадилар. Айтдиларки: “Авлиёнинг каромати ҳақдир. Каромат ақлан ва нақлан жоиздир. Бу хусусда кўплаган нақллар бор. Сулаймон алайҳиссаломнинг вазирлари Асоф, Балқиснинг тахтини бир зумда Санадан Қуддусга келтиргани ҳақидаги ҳодиса бунга мисол. Яна бир бошқа мисол: Бир куни ҳазрати Умар Мадинада хутба ўқиётганида Эрондаги ислом қўшинини кўриб, қўшин қўмондонига “Эй Сория, тоғ тарафга чекин!” деди. Узоқда бўлишига қарамай Сория ва унинг аскарлари бу овозни эшитиб, тоғ тарафга чекиндилар. Шу тариқа душманнинг таҳликали ҳужумидан ҳимояландилар. Авлиёда кўринадиган кароматлар Жаноби Пайғамбаримизнинг мўъжизаси сабаблидир.”

Вафот этишидан олдин хасталаниб ётганида талабаларига шундай васият қилдилар:

“Илм ўрганиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлига тобе бўлишдан асло ажралмангизлар! Бу мўмин учун бутун саодатларнинг воситасидир. Ҳар бир мусулмон эркак ва аёлнинг ўзига лозим бўлган дин билимларини ўрганиши фарздир. Булар шу тартибга кўрадир: Имон, намоз, рўза, бадавлат бўлса закот ва ҳаж, ота-онасининг ҳақларини ўрганиш.

Аллоҳу таолонинг рози бўлишини истаган киши ота-онасини рози қилсин. Расулуллоҳ жанобимиз “Аллоҳу таолонинг розилиги ота-онанинг розилигини олиш билан қўлга киритилади” деб марҳамат қилганлар. Шунинг учун ота-онанинг ҳақига риоя қилиш муҳимдир. Сила-и раҳм (қариндошларни зиёрат қилиш), қўшни ҳақига риоя қилиш, керак бўлган савдо-сотиқни, ҳалол ва ҳаромларни ўрганиш лозимдир.”

Яна айтдиларки:

“Ихлосли бўлинглар. Ҳар ишни Аллоҳ розилиги учун қилсангиз, қутуласиз. Ихлоссиз ишланган амал худди устида подшоҳнинг муҳри бўлмаган қалбаки танга кабидир. Ўтмайдиган пулни ҳеч ким олмайди. Устида муҳри бўлган пулни эса ҳамма олади. Ихлос билан бажарилган озгина амал Аллоҳ наздида кўп амал кабидир. Ихлоссиз қилинган кўп амалнинг эса, Ҳақ таоло олдида заррача қиймати йўқдир. Бажараётган ҳар бир ибодат ва амалингизни ихлос билан ишланг. Мана шунда Аллоҳу таолонинг розилигини қозонганлардан бўласиз.”