Муҳаммад Бобо Саммосий

Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари Хўжа Али Ромитаний ҳазратлари етиштирган буюк авлиёлардандир. Силсилаи олиянинг ўн учинчисидир. Бухорога қарашли Саммос қишлоғида туғилдилар.

Тасаввуф илмини буюк олим Али Ромитаний ҳазратларидан ўргандилар. Унинг дарслари ва суҳбатларида етишиб, тасаввуфда юксак даражага эришдилар. Устози ўзидан кейин ўрнига Муҳаммад Бобо Саммосийни вакил этиб қолдирди. Бошқа талабаларига ҳам унга тобе бўлишни васият этдилар.

Устозининг вафотидан кейин унинг ўрнига ўтган Муҳаммад Бобо Саммосий кўплаган талаба етиштирди ва ичларидан бир қисмини тасаввуфда юксак мақомларга эриштирди. Бу талабаларининг бошида ўзидан кейин ўрнига ўтирган ва илм дарёсида садаф бўлган Саййид Амир Кулол ҳазратлари туради. Яна бир талабаси Баҳоуддин Бухорий ҳазратларидир. У ҳали туғилмасдан аввал устози Муҳаммад Бобо Саммосий у туғиладиган жойдан ўтаётиб “Бу ердан бир буюк зотнинг ҳиди келмоқда. Яқинда бу жой Қасри орифон (орифлар саройи) бўлур” дегандилар.

Бир куни яна шу ердан ўтаётиб “Энди ўша гўзал ҳид кўпроқ келяпти. Умид қиламанки, ўша буюк зот дунёга келди” дедилар. Бу гапни айтганларида Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари туғилганига уч кун бўлганди. Отаси гўдакнинг кўксига ҳадя қўйиб Муҳаммад Бобо Саммосийнинг ҳузурига олиб келганида “Бу бизнинг ўғлимиздир. Биз уни қабул этдик” дедилар. Сўнгра талабаларига “Гўзал ҳидлар мана шу гўдакдан келаётганди. Ўз замонининг ягонаси ва йўлбошчиси бўлади” дедилар. Кейин халифаси бўлган Амир Кулолга унга яхшилаб таълим-тарбия бериб етиштиришни тайинладилар.

Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари айтиб берганлар:

“Уйланмоқчи бўлган вақтимда отам мени Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазраларининг ҳузурига юборди. Унга борадиган куннинг кечасида кўнглимда кўз ёши тўкиб дуо қилиш истаги ортди. Унинг масжидига кириб икки ракат намоз ўқидим ва Аллоҳу таолога шундай дуо қилдим: Ё Рабби, менга балоларингга чидашим учун қувват бергин!

Саҳарлаб устознинг ҳузурига борганимда “Энди дуо қилаётганингда “Ё Рабби, сенинг розилигинг қаерда бўлса, мени шу ерда ҳозир қилгин!” деб айт. Агар Аллоҳ дўстига бало юборса, яна инояти билан бу балога сабр ва чидамни ҳам беради. Лекин Аллоҳдан нима келишини билмасдан туриб, худди бало сўрагандек дуо қилиш тўғри эмас” дедилар. Бир кеча аввалги ҳолимни кашф этишдаги кароматини тушундим ва у зотнга бутунлай боғландим.”

Етиштирган ва тасаввуфда юксак даражаларга эришишларига васила бўлган юзлаган авлиёлардан тўрттасини ўзига халифа этиб танлагандилар. Булардан биринчиси Хўжа Сўфий Суҳорий, иккинчиси ўз ўғли Хўжа Муҳаммад Саммосий, учинчиси Мавлоно Донишманд Али, тўртинчиси эса Саййид Амир Кулол ҳазратларидир.

Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари баён қиладилар:

Устозим Муҳаммад Бобо Саммосий билан овқатланиб ўтиргандик. Овқат тугагандан кейин менга бир нон бериб “Ол буни сақлаб қўйгин, балки керак бўлиб қолар” дедилар. Овқатланиб тўйган бўлишимизга қарамай менга бу нонни беришларининг ҳикматини ўйлаётгандим “Фойдасиз ўйлардан қалбни муҳофаза қилиш керак” дедилар. Сўнгра йўлга чиқдик ва бир танишимнинг уйида меҳмонга қолдик. Меҳмонга қолган уйимизнинг эгаси қийин ҳолда эканлиги кўриниб турарди. Устозим ундан нимага ғамгин эканлигини сўрадилар. У “Бир коса сутим бор, лекин сутнинг ёнида ейишга ноним йўқ. Шунга сиқиляпман” деди. Устозим менга ўгирилиб “Ҳалиги нонни нима қиламиз ўйлаб турган эдинг. Қани нонни эгасига бер-чи” дедилар.