Савол: Мазҳабларга амал қилмайдиган кимсалар “Ҳадис уйдириш ёки уйдирма ҳадисни китобига ёзиш ўз ишига пухта бўлмасликдан, ғофиллик, жоҳиллик ёки хоинликдан юзага келади” дейишади. Шавконий, Саҳовий, Алиййулқори, Ажлуний, Қарзовий, Албоний, Абу Ғудда каби кимсалар “Кутуб-и ситта”да ёки бошқа ҳадис, тафсир ва фиқҳ китобларида кўплаган уйдирма ҳадис топган эмишлар. Бу сўзларга қандай жавоб берса бўлади?
Жавоб: Ҳа, ҳадис уйдириш ёки уйдирма бир ҳадисни китобига ёзиш ўз ишига пухта бўлмасликдан, ғофиллик, жоҳиллик ёки хоинликдан юзага келади. Бу жуда тўғри айтилган. Лекин уйдирма бир сўзга "ҳадис" дейиш қанчалик нотўғри ва хатарли бўлса, ҳадис китобларидаги ёки ислом олимларининг китобларидаги ҳадиси шарифларни инкор қилиш ҳам шунчалик аблахлик бўлади. Қиёмат аломатларидан хабар берган ва ҳар бири бир мўъжиза бўлган ҳадиси шарифлардан учтасини мисол келтирамиз:
“Қуръондан бошқа далилларни қабул қилмайман, дейдиган кимсалар пайдо бўлади.” (Абу Довуд)
“Ҳадисни қўй, Қуръонга қара, деб мени ёлғончига чиқарадиганлар келади.” (Абу Яъла)
“Кейин келган одамлар аввалги олимларни бесаводликда айблайдилар.” (Ибни Асокир)
Баъзи кишилар “Шавконий, Саҳовий, Алиййулқори, Ажлуний, Қарзовий, Албоний каби кимсалар ғофил, жоҳил ёки хоин бўлмаганликлари учун китобларига уйдирма ҳадис ёзишмаган. Бу ҳадис танқидчиларининг китобларида бирорта ҳам уйдирма ҳадис тополмайсиз” дейишади. Унда бу “ҳадис танқидчилари” деган кишиларингиз ушбу ҳадиси шарифларни қаердан олишди? Қайси ровий билан ҳаётда кўришиб-суҳбатлашиб ҳадисларни ёзиб олишди? Албатта Бухорий, Муслим каби ҳадис олимларининг китобларидан олишди.
“Бухорий”да, “Кутуб-и ситта”да яна бошқа ҳадис, тафсир ва фиқҳ китобларида уйдирма ҳадис бор дейиладиган бўлса, бу улуғ зотлар ғофиллик, жоҳиллик ёки хоинликда айбланган бўлади. У муборак зотларга бундай иллатларни қандай ёпиштириш мумкин? Шавконий, Саҳовий, Алиййулқори, Ажлуний, Қарзовий, Албоний каби қаерда, кимдан ўқигани номаълум кимсалар уйдирма ҳадисларни китобларига ёзмайди-ю, улардан анча улуғ бўлган ҳақиқий Ислом олимлар қанақасига ёзсинлар? Бу уламолар “Ҳадис уйдирган одам жаҳаннамдаги жойига тайёрлансин” ҳадиси шарифини китобларига ёзиб туриб, қанақасига ўзлари бу жиноятни ишлайдилар?
Муҳаддислар, муфассирлар ва бошқа ислом олимлари Шавконий, Қарзовий, Албонийларчалик Аллоҳдан қўрқмасмидилар? Жоҳил, ғофил ёки хоин эдиларми? Илмини асл манбаларидан олган Ислом олими жоҳил бўладиган бўлса, унда кимлар олим деб ҳисобланади? Ғофиллик ҳам шундай. Улар ғофил бўлсалар, биз қанақасига ҳушёр бўламиз? Ўша буюк зотларга қанақасига туҳмат қилиш мумкин? Оддий бир мусулмон ҳам Аллоҳдан қўрқади, уйдирма сўзга ҳадис деб бўлмаслигини қалбида ҳис қилади. Расулуллоҳнинг вакиллари бўлган “Умматимнинг олимлари, Бани Исроилнинг пайғамбарлари мислидир” деб мадҳу сано қилинган зотлар қанақасига бундай жиноят қилишлари мумкин? Қанақасига бу олимлар ҳақида Аллоҳу таоло “Билмасангиз олимлардан сўранг” деб буюрган. Олимлар синфига фақат бемазҳабликда донг таратган Шавконий, Саҳовий, Алиййулқори, Ажлуний, Қарзовий, Албоний каби кимсалар кирадими? “Кутуб-и ситта” муаллифлари олим эмасмиди? Бошқа муҳаддислар, муфассирлар ва фақиҳлар олим эмасмидилар? Уларга қарши шундай жирканч туҳматларни қайси мусулмон қилиши мумкин?
Ҳадис китобларида биронта уйдирма ҳадис бўлмаганидек, ислом олимларининг тафсир, фиқҳ ва тасаввуф соҳаларида ёзган китобларида ҳам биронта уйдирма ҳадис бўлмайди. "Муфассир", "фақиҳ", "мутасаввуф" дегани баъзи тентаклар ўйлаганидек "ҳадис илмида заиф" дегани эмас! Ислом олимлари ҳадис илмида охирги асрларда пайдо бўлган мазҳабсизларни игнанинг тешигидан ўтказадиган даражада моҳир бўлишган. Фақат ораларида вазифаларни бўлиб олганлари учун ҳаммаси ҳам "муҳаддис" (ҳадис олими) деган сифат билан танилмаган. Ушбу сифат билан ҳеч ким атамабдими демак ҳадис олими эмас деб хулоса қилиш нотўғри.
Мазҳабсизлар "мавзу ҳадис"ларни аниқлаш учун ўзларича баъзи меёрлар, ўлчовлар қўйиб олишган. Ўша меёрларидан асосийси - ўз калта ақлларига сиғмаган ва қўйган ўлчовларига, шартларига мос келтира олмаган ҳадиси шарифларга "уйдирма" деб тамға босишади. Мисол тариқасида эса, ўзларидек бидъат аҳли тўқиб чиқарган, аҳли суннат манбаларида учрамайдиган, ҳадис олимлари томонидан китобларга олинмаган сўзлар ёки маъносига тишлари ўтмаган саҳиҳ ҳадиси шарифларни келтиришади. Ҳозирда баъзи билимдонлар чиқиб “Фалон ҳадиснинг ровийларидан бири фосиқ ёки ёлғончи бўлган, шунинг учун ҳадис уйдирма” деб гердайишяпти. Ислом олимлари буни билишмасмиди? Агар "ҳалиги ровийнинг фосиқлигини билмасдилар" дейишса, улар билолмаган нарсани булар қаердан билибди? Ўзларидан бир неча аср аввал яшаган Ислом олимлар ровийларни яхши танимаган, билмаган бўлсалар, охир замоннинг қалбаки шайхлари ровийларни қаердан танишган? Ҳадислар қачон айтилган ўзи, 14 аср аввалми ёки мана бу "билимдонлар" яшаган даврдами? Ёки бу билимдонлар бирон жойдан ҳеч ким билмаган, эшитмаган янги ҳадислар топишибдими? Ёхуд ровийлар ҳақида ҳеч ким билмаган янги маълумотлар пайдо бўлдими? Ахир ўзлари ҳам умуман ҳадиснинг нималигини ўша ўзлари танқид қилаётган олимларнинг ёзиб қолдирган асарлари орқали ўрганишмаганми? Улардан олиб ўрганиб яна "ровийлари орасида фосиқлар ва ёлғончилар бўлганини билмаган ё билса ҳам китобига ёзиб қолдирган" деб олимларни жоҳилликда, бефарқликда айблашяпти. Бу қилиқ нақлга ҳам, ақлга ҳам зид! Ҳадиси шарифда мўъжиза тариқасида билдирилганидек кейин келган гумроҳлар, яъни ўзини олим деб ўйлаган бесаводлар ўзларидан аввал келган ҳақиқий олимларни айблашмоқда.
Бир киши бир сўзни ёлғондан "ҳадис" деб тақдим қилса ёки кейинчалик уни уйдирганини тан олса, ёхуд бу жумла ҳадис бўлиш шартларига мос келмаса, зотан ислом олимлари буни китобларига ёзмайдилар. Чунки ҳар қандай бир гапнинг лафзида, маъносида бузуқлик бор-йўқлиги, Қуръон ва суннатга мос ёки зидлигини фаҳмлаш, аниқлаш муҳаддисларнинг, ҳадис илмида мужтаҳид бўлган зотларнинг иши. Бундай фазилатлардан маҳрум кимсалар энг машҳур ҳадиснинг ҳадис эканлигини ҳам бир умр топишлари қийиин.
Биз имоми Ғазолий ҳазратларининг китобидан бир ҳадиси шарифни оламиз. Мазҳабсизлар қалбларидаги мараз туфайли дарров “Унинг Қуръонга мос келиш-келмаслигига қара” дейишади. Имоми Ғазолий ҳазратлари бу ҳадиснинг Қуръони каримга мос келиш-келмаслигини билмасалар, ҳошо шунчалик илмдан бенасиб бўлса, биз қаердан биламиз? Ёки у зот “Бу ҳадис Қуръони каримга мос келади, шунинг учун китобимга олдим” десалар, биз қанақасига, қайси илмий даражамиз билан бу ҳадис Қуръонга зид бўлиши мумкин деган тўхтамга бора оламиз? Бир ҳадиси шарифда марҳамат қилинганки: “Ҳадисимни Қуръон билан солиштиринг. Қуръонга мос келса, бу менинг ҳадисимдир, мос келмаса меники эмас.” (Табароний)
Бузуқ ёки жоҳил бир кимса калласидан битта гап чиқариб, унга ҳадис деса, бу соҳада куч-қудрати, салоҳияти бўлган ҳадис олими ҳадис илмининг шартларига кўра уни Қуръон билан солиштиради. Бу ишни жоҳиллар қила олмайди, албатта. Бу ҳадис олимларининг, мужтаҳидларнинг, аҳли суннат олимларининг иши.
Ҳозирда бир ҳадиснинг уйдирма ёки уйдирма эмаслигини тушуниш учун Шавконий, Қарзовий, Албоний каби мазҳабсизларнинг ёзганларига қараш жоҳолатга ботганлар орасида одат тусига кирди. Аслида динимизда ҳадиснинг сиҳҳатини билиш мақсадида уларга эмас, аҳли суннат олимларининг китобларида бор-йўқлигига қаралади. Аҳли суннат олимларининг китобларида ёзилган бўлса, ушбу ҳадис саҳиҳдир. Шавконий, Саҳовий, Ажлуний каби кимсаларнинг фиқҳ, тафсир ва ҳадис китобларидаги ҳадисларга мавзу (уйдирма) дейиши билан бу ҳадислар уйдирма бўлиб қолмайди. Ҳофиз Ироқий ҳам “Иҳё”даги ҳадисларни тадқиқ қилиб, баъзиларига манба тополмаган ва “Манбасини тополмадим” деган. Мазҳабсизлар эса дарров дод-вой солишиб “Қаранглар манбаси йўқ экан, демак бу уйдирма ҳадис” дейишмоқда. Имоми Ғазолий ҳазратларидек улуғ олим уйдирма ҳадисни ҳеч вақт китобига ёзармидилар? Илҳом ё кашф йўли билан айтилган, ёзиб қолдирилган ҳеч бир ҳадиси шариф йўқ. “Авлиё ҳадисларни кашф билан айтади” дейиш қуруқ туҳматдан иборат. Манбанинг кўрсатилмаслиги, кашф билан айтилганини билдирмайди.
Муҳаддислар бир сўзнинг ҳадис бўлиши учун бир неча шарт қўйганлар. Мана шу шартларга мос келмаганларни китобларига ёзмаганлар. Бундан ташқари, ҳар бир муҳаддиснинг қўйган шарти фарқли бўлиши мумкин. Бу бир ижтиҳод масаласидир. Бир олимнинг шартларига мос келмагани туфайли ўша олимнинг бу ҳадиснинг сиҳҳатини аниқлай олмадим дейиши, чиндан ҳам ўша гапнинг ҳадис эмаслигини кўрсатмайди. Худди ўша ҳадис, ҳадис усули илмининг бошқа бир мужтаҳиди қўйган шартларига мос келса, “Ҳадис, мавзу эмас” дейиши мумкин. У ҳолда Шавконийнинг “Баъзи тафсирларнинг ҳадислари мавзудир” дейиши билан ҳадислар мавзу бўлиб қолмайди. Фаразан Шавконийни ҳадис усули илмида мужтаҳид деб тан олсак ҳам, унинг қоидалари бўйича талабга жавоб бера олмаган ҳадис топилса ҳам, уни мавзу ҳадис деб қайси жасорат билан айта олади? Дин улуғларига қарши бундай сўзлар жирканч ифтиродан, қуруқ бўҳтондан бошқа нарса эмас.
“Мавзу” сўзи халқ орасида “уйдирма” деган маънода ишлатилса ҳам, ҳадис илмида мужтаҳид бўлган олимнинг бир ҳадисга мавзу дейиши фақат унинг ижтиҳоди бўйича, ҳадислик шартларига мос эмас дегани. Бу бошқа бир муҳаддис наздида ҳам мавзу бўлишни тақозо қилмайди. Бир мисол келтирамиз:
“Илм Хитойда бўлса ҳам бориб ўрганинг” ҳадиси шарифи истисносиз барча мазҳабсизларга кўра уйдирмадир. Ҳолбуки бу хабарнинг саҳиҳ эканлигини ҳадис олимларидан имоми Дайламий, имоми Табароний, имоми Байҳақий, имоми Ибн Адий, имоми Ибн Абдилбарр каби муҳаддислар ва “Ҳужжат-ул ислом” унвони билан машҳур бўлган имоми Ғазолий ҳазратлари таъкидлаганлар. Бу улуғ имомлар нақл қилган ушбу ҳадиси шарифга нимага асосланиб уйдирма дейиш мумкин? Айтайлик, бу ҳадиси шарифга имом Бухорий "мавзу" десалар, бу ҳадиси шариф уйдирма бўлиб қоладими? Бу ҳадис фақат имом Бухорий наздида мавзу бўлади, лекин бошқа олимлар наздида саҳиҳдир.
Мазҳабсизлар бир ҳадисга “уйдирма” дейишса уларнинг сўзлари далил бўлади-ю, мазҳаб имомлари, имоми Ғазолий, имоми Раббоний, Абдулқодир Гейлоний ҳазратларининг сўзлари нимага далил бўла олмайди? Мазҳабсизларнинг ўзларича тушунганлари дин бўлади-ю, ушбу улуғ олимларнинг тушунганлари нимага дин бўла олмайди? Мазҳаб имомларимиздан, ҳадис олимларидан ва бошқа ислом олимларидан ўрганган билимларимиз билан уларнинг ўзларини қанақасига тергов қиламиз?
Ҳозирги адашган дин саводсизлари “Бир ҳадисга бирон олим уйдирма деса бас, у ҳадисга бошқа минг олим саҳиҳ деса ҳам ишонмайман, чунки унга тамға урилиб бўлган. У билан амал қилишни ичимга сиғдиролмайман” дейишади. Улардан сўраймиз: “Сиз жамоат намозида имом орқасида Фотиҳа сурасини ўқийсизми? Шофеъийларнинг ўқиши фарз, Ҳанафийларнинг эса ўқимаслиги вожиб, агар ўқийдиган бўлишса, таҳриман макруҳ бўлади.” Гумроҳ мазҳабсизлар “Ўқиймиз” дейишса, Ҳанафий олимларига мухолафат қилишган бўлади. “Ўқимаймиз” дейишса, у ҳолда Шофеъий олимларига мухолафат бўлади. Шундай экан намозни қанақасига ичларига сиғдириб юришибди? Ёки битта яримта кофир ё жосус мусулмон кўриниб “Қуръонни ўзгартиришган, кўплаган оятларни чиқариб ташлашди ёки қўшишди” деса, улар бу хоинга ишониб, Қуръони каримга ҳам ишонмайдими? Унга ҳам “тамға урилган” дейдиларми?
Исломиятни хароб қилишни қўзлаган ғарбликларнинг мақсади уммат қалбидаги ислом олимларига бўлган ишонч-эътимодни йўқотишдир. Шунда ҳамма ўз калласини раҳбар қилиб олади. Қарбасизки Ислолмият ҳам худди христианликдек "ҳар каллада ҳар хаёл" бир динга айланади. Маҳаллий ғофиллар эса, мана шу сурнайга ўйнаб ғарбликларга хизмат қилишмоқда.
Бир олимнинг китобида атиги битта уйдирма ҳадис бўлса ҳам, энди унинг китобидаги бошқа ҳадисларга қандай ишониш мумкин, уларга нисбатан ҳам шубҳа пайдо бўлмайдими? Ҳалиги "ҳадис"да ғафлат ёки жаҳолатга йўл қўйган одам бошқа ҳадисларда бунга йўл қўймаслиги мумкинми? Душманларнинг мақсади ҳам мана шу! Уммат ичига мана шундай бир иллат солинса энди шу тариқа бутун дин китоблари туҳмат остида қолади. Агар ҳадислар динда далил бўлишдан чиқадиган бўлса, фақатгина Қуръони карим қолади. Уни ҳам чаласаводлар ўзлари истагандек маъносини эгиб-букиб, ғаразли мақсадларига хизмат қилдиришади. Шу сабабли мустамлакачиларнинг ва уларнинг кучуклари бўлган мазҳабсизларнинг ўйинларига, ҳийла-найрангларига алданиб қолмаслик керак.
Аҳли суннат олимларининг барчаси устозларидан ижозат олишган. Ҳозирги кундагидек қуруқ дипломига ишонмаган. Ижозатли бир олимнинг китобида уйдирма ҳадис бор дейиладиган бўлса, унга ижозатни берган олимга ҳам ишонилмаган бўлади. Яъни бу билан “Нолойиқ одамга ижозат бердинг” деган бўлади. Бу олимлар уйдирма ҳадисни ажрата олмайдиган даражада жоҳил эмасди. Ровийларнинг ҳолатини ўрганмасдан, қилни қирқ ёрмасдан туриб китобларига битта ҳам ҳадис ёзишмасди. Хуллас, аҳли суннат олимлари илмларини ва ижозатларини то Пайғамбаримиздан келаётган олимлар силсиласидан олганликлари учун китобларига битта ҳам уйдирма ҳадис ёзмайдилар, ёзмаганлар.
Аллоҳу таоло мана шу муборак зотлар воситаси билан динини асрлар давомида душманларидан муҳофаза қилган ва оламга ёйган. Қачонки шундай уламоларни тайёрлаб чиқарган масканлар ғарбликларнинг қўлига ўтиб кетди, ўша пайтдан бошлаб уларни танқид қиладиган сохта шайхлар тайёрлаб чиқарила бошланди. Бу зотларга туҳмат қилиш, уларнинг китобларида уйдирма ҳадис бор дейиш динимизни емиришга уриниш бўлади.
Уйдирма ҳадис бўҳтони
Савол: “Аҳли суннат олимларининг китобларида манбаси кўрсатилмаган ҳадисларнинг ҳаммаси кашф йўли (қалбига келган илҳом) билан айтилган, яъни уйдирмадир” дейдиганлар пайдо бўляпти. Шу тўғрими?
Жавоб: Аҳли суннат олимларининг сўзлари динда далил, ҳужжат бўлгани учун одатда ҳадиси шарифларга манба кўрсатишмайди. Ижозатли олим дегани ўзи манба, ҳужжат, далил бўлган олим деганидир. Ундай олимлар китобларига биттаям уйдирма ҳадис ёзмайдилар. Кашф билан айтилган бир дона ҳам ҳадис йўқ. “Авлиё ҳадисларни кашф билан айтади” дейиш туҳмат. Манба кўрсатилмаслиги, кашф билан айтилганини билдирмайди. “Аҳли суннат олимларининг китобларида уйдирма ҳадис бор” деган кишининг ё ақли ёки дини нуқсон. Бу улуғ зотларнинг китобларида қуйидаги сабаблар туфайли уйдирма ҳадислар бўлмайди:
1. Уйдирма бир ҳадисни китобига ёзиш ғафлат, жаҳолат, залолат ёки хиёнатдан юзага келишига кўра, қайси ислом олими ғофил, жоҳил, бузуқ ва хоин бўлиши мумкин? Ахир биз динни улардан ўргандик-ку. Бу олимларни айблаш қайси мусулмонга ярашади?
2. Агар аҳли суннат олимларининг шундай ёмон сифатлари бўлса, Аллоҳу таоло уларни мадҳ этармиди? “Билмасангиз олимлардан сўранг!” деб буюрармиди? “Келтирган мисолларимизни фақат олимлар тушунади” ва “Аллоҳдан фақат олимлар қўрқади” деб буюрармиди? Аллоҳдан қўрққан инсон китобига қанақасига уйдирма ҳадис ёзиши мумкин?
3. Расулуллоҳ жанобимиз “Аҳли суннат олимлари менинг ворисларимдир” ва “Умматимнинг олимлари Бани Исроилнинг пайғамбарлари кабидир” деб марҳамат қилармидилар? Бундай мақтовларга лойиқ кўрилган олимлар китобларига қанақасига уйдирма ҳадис ёзиши мумкин? Заррача ақли ва илми бўлган киши шундай туҳматга борадими?
4. Расулуллоҳнинг “Ҳадис уйдирган киши жаҳаннамдаги жойига тайёрлансин” ҳадиси шарифини китобларига ёзган олимларнинг ўзлари жаҳаннамдан қўрқмай уйдирма ҳадис нақл қилишадими? Уларга қандай туҳмат қилиш мумкин?
5. Аҳли суннат олимларининг барчаси ижозат олган. Ижозатли бир олимнинг китобида уйдирма ҳадис бор дейилса, унга ижозат берган олим ҳақида ҳам ёмон гумонга борилган бўлади. Бу олимлар уйдирма ҳадис билан саҳиҳ ҳадисни фарқлашдан ожизмиди? Хуллас калом, аҳли суннат олимларига “Уйдирма ҳадис ёзган” деган кимсаларнинг ўзлари "уйдирма инсон" эканлиги кундек равшан.
Ҳадис душманлари
Савол: Аҳли суннат олимларининг китобларида уйдирма ҳадислар бор дейдиганлар кимлар?
Жавоб: Уйдирма бир сўзга "ҳадис" дейиш қанчалик нотўғри ва хавфли бўлса, ҳадис китобларидаги ёки ислом олимларининг китобларидаги ҳадисларни инкор қилиш ҳам шунчалик нотўғри ва хавфлидир. Ҳадисларга “уйдирма” дейдиганлар қуйидагилардир:
1. Ҳадисларни далил сифатида қабул қилмайдиган ва исломиятни ичидан емиришга бел боғлаган "манбамиз фақат Қуръон" дейдиган зиндиқлар, ҳадисларга уйдирма дейишади.
2. Мусулмон аждодларини ёмонлайдиган “Ота-боболарингни изидан кетяпсанлар” деб мусулмонларни ёмонлайдиган ва эски олимларни илмсизликда айблайдиган мазҳабсизлар ислом олимларининг китобларида уйдирма ҳадис бор деб даво қилишади.
3. Усул-и ҳадис илмида мужтаҳид бўлган бир олим бир ҳадиснинг саҳиҳ бўлиши учун лозим деб топган шартларга мос бўлмаган бир ҳадис ҳақида “Мавзу”, яъни “Менинг ижтиҳодим бўйича ҳадис эмас” дея олади. Бунга ҳақ-ҳуқуқи бор. Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтадиларки: “Усул-и ҳадис илмида мужтаҳид бўлган бир олим бир ҳадиснинг мавзу эканлигини исботласа, бу илмнинг бутун олимлари ҳам ушбу ҳадисни мавзу дейишлари шарт эмас. Чунки "мавзу" деган мужтаҳид бир ҳадиснинг саҳиҳ бўлиши учун лозим топган шартларга мос бўлмаган бир ҳадис ҳақида “Менинг мазҳабимнинг усулининг қоидалари бўйича мавзудир” дейди. Бу билан асло “Расулуллоҳнинг сўзи эмас” демоқчи эмас. Яъни “Ҳадис деб тақдим қилинган ушбу сўзнинг ҳадис эканлигини мен аниқлай олмадим” деганидир. Бу олим наздида бирон жумланинг ҳадис эмаслиги, ҳақиқатан ҳадис эмаслигини англатмайди. Ҳадис усули илмининг бошқа бир мужтаҳиди ҳадиснинг сиҳҳати учун қўйган шартларига мос келса, “бу сўз ҳадисдир, мавзу эмас” дейиши мумкин. Тўрт мазҳаб орасидаги фарқлар, уларнинг қавлларининг, ҳукмларининг нотўғри, ботил эканлигини кўрсатмаганидек ҳадислар ҳақида муҳаддислар берган фарқли маълумотлар ҳам уларнинг сиҳҳатига футур етказмайди. Бундай нарсалар ижтиҳод иши бўлганлигидан бир мужтаҳиднинг бир ҳадисга мавзу дейиши билан ҳамма соҳаларда ҳадис мавзуга айланиб қолмайди.”
Бир ижтиҳод бошқа ижтиҳод билан бекор қилина олмаганидек бир ҳадис ҳам бошқа ҳадис билан бекор қилина олмайди. Бир мужтаҳид “Имоми Аъзамнинг ижтиҳоди нотўғри, заифдир” қабилида бир гап айта олмайди. Айтса ҳам, Ҳанафий мазҳабидагилар учун бунинг қиймати йўқ. Ҳадислар ҳақида ҳам ҳолат худди шундай. Масалан, Насоий “Табароний”даги бир ҳадисга уйдирма дея олмаганидек, Табароний ҳам “Насоий”даги бир ҳадисга мавзу деёлмайди. Деса ҳам фақат ўз наздида мавзу бўлади.