Юсуф Ҳамадоний

Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари Силсилаи олиянинг саккизинчисидир. Фиқҳ олими эди, ҳадис илмини ҳам ўрганди. Тасаввуфни Абу Али Формадий ҳазратларидан ўрганиб, унинг суҳбатларида камолга етди. Юзлаган талабалари бор эди. Абдуллоҳ Барқий, Аҳмад Яссавий ва Абдухолиқ Ғиждувоний каби буюк авлиёлар етиштирди. Бир тарафдан тўғри дин билимларини ўргатишга ҳаракат қилар, инсонлар билан муомала қилишдан, уларни етиштириш учун меҳнат қилишдан ҳеч чарчамасди. Бошқа тарафдан хасталарга дори бериб, барчанинг дардига даво топишга уринарди.

Нажибуддин Шерозий исмли бир зот баён қилади:

Бир вақтлар авлиёларнинг сўзларидан бир неча парча қўлимга тушганди. Уларни ўқиб-ўргандим, менга жуда ёқди. Булар кимнинг гапи экан, бу зотни топиб, ундан истифода қилиш керак деб ўйладим. Бир куни кечаси тушимда ҳайбатли, виқорли, оқ соқолли, нуроний бир зотнинг уйимизга кирганини кўрдим. Шу заҳоти таҳорат олишга кетдилар. Устларига оқ чопон кийганди. Чопоннинг устига катта ҳарфларда олтин суви билан Оятал курси бошидан охиригача ёзилганди. Мен у зотнинг орқасидан бордим. Чопонини ечиб, менга бердилар. Бу чопоннинг тагида бундан ҳам кўзни қамаштирувчи яшил чопон бор эди. Бунинг устида ҳам худди аввалгидек Оятал курси ёзилганди. Уни ҳам менга бердилар. “Мен таҳорат олиб бўлгунимча буларни ушлаб тургин” дедилар. Таҳорат олиб бўлгач “Бу икки чопондан қайси бирини сенга берай?” деб сўрадилар. Қайси бирини берсангиз ҳам яхши бўларди, дедим. Яшил чопонни менга кийдирдилар. Оқини ўзи кийдилар. “Мен сен ўқиб, ёқтирган парчаларнинг соҳиби Юсуф Ҳамадонийман” дедилар. Уйғонгач жуда севиндим, унга бўлган севгим ортди.

Ибни Ҳожар-и Маккий ҳазратлари баён қилади:

Абу Саид Абдуллоҳ , Ибн-ус-Саққа ва Саййид Абдулқодир Гейлоний илм ўрганиш учун Бағдодга келдилар. Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг Низомия мадрасасида ваъз қилишини эшитгандилар. Ибн-ус-Саққа “Унга бир савол бераман, жавоб беролмайди” деди. Абу Саид Абдуллоҳ “Мен ҳам бир савол бераман, кўрамиз жавоб бера олармикан?” деди. Ёши кичик бўлишига қарамай яхши одоб тимсоли бўлган Абдулқодир Гейлоний эса “Аллоҳ сақласин, мен қайси сифатим билан у зотга савол бериб имтихон қила оламан? Яхшиси у зотнинг ҳузурида қўл қовуштириб туриб, сиймоларини кўриш билан шарафланаман ва баракатланаман” деди. Ниҳоят Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг олдига келишди.

Юсуф Ҳамадоний ҳазратлари Ибн-ус-Саққага ўгирилиб: “Сенга хайф бўлсин! Демак менга жавобини билмайдиган савол берасан, шундайми? Сен бермоқчи бўлган саволинг фалон, жавоби эса мана бундай. Сендан кофирликни ҳиди келяпти” дедилар. Сўнгра Абу Саид Абдуллоҳга ўгирилиб: “Сен ҳам менга бир савол бериб, қандай жавоб беришимни синаб кўрмоқчисан. Бермоқчи бўлган саволинг шу, жавоби эса бундай. Лекин сен ҳам одобга риоя қилмаганинг учун умринг ғам-ташвиш билан ўтади” деди. Сўнгра ёш Абдулқодир Гейлоний ҳазратларига ўгирилиб: “Эй Абдулқодир! Одобинг гўзаллиги билан Аллоҳу таолони ва Расулини рози қилдинг. Мен сени Бағдодда бир курсида ўтирганингни, юксак билимларни ўргатаётганингни “Менинг оёғим бутун авлиёларнинг елкалари устида” дейишингни ҳамда сенинг замонингдаги бутун авлиёларни сенинг юксаклигинг қаршисида бошларини эгиб турганини худди кўриб тургандайман” дедилар.

Орадан йиллар ўтиб, Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари замонидаги авлиёларнинг энг устуни, бош тожи бўлдилар. Шундай юқори даражаларга эришдики, халқ ва буюк зотлар келиб, муборак суҳбатларидан фойдаланардилар. Бир куни айтдиларки: “Менинг оёғим бутун авлиёларнинг елкалари устида.” Шу вақтда яшаган бутун авлиёлар унинг ўзларидан қанчалик устун эканлигини билардилар ва унинг устунлиги қаршисида бош эгиб туришарди. Бу воқеалар бўлиб ўтгач, Юсуф Ҳамадонийнинг бир қанча йиллар аввал учта ёш йигитга айтганларининг сири маълум бўлди.

Ибн-ус-Саққа жуда чиройли гапирарди. Шуҳрати замонининг султонига етиб борди. Султон уни элчи қилиб, Византияга юборди. Христианлар унга катта эҳтиром кўрсатдилар. Ниҳоят уларга алданиб, христиан динини танлади.

Абу Саид Абдуллоҳ айтадики:

Ҳаётим ғам-ташвиш билан ўтди. Юсуф Ҳамадоний ҳазратларининг ҳар уччаламиз ҳақида айтганлари тўғри чиқди.