Савол: Исломга ва Қуръонга амал қилиш ҳамда динимизни ўрганиш мақсадида таржима ва тафсир ўқиш керакми?
Жавоб: Исломга, Қуръонга амал қилиш, динни ўрганиш таржима ёки тафсир ўқиш орқали эмас, фақатгина ҳақ бўлган бир мазҳабга амал қилиш ва шу мазҳабга оид ҳукмларни ўрганиш орқали амалга ошади. Бир киши Қуръони каримдан, тафсирдан ўз тушунгани бўйича амал қилса, исломга амал қилган бўлмайди. Қуръони каримда барча ҳукмлар мавжуд бўлса ҳам буларнинг тўғрисини Расулуллоҳ изоҳлаб берганлар. Расулуллоҳга бўйсуниш фарз. Қуръони каримда маолан буюриладики:
“Айтинг: Агар Аллоҳни севсангиз менга тобе бўлинг!” (Ол-и Имрон, 31)
“Унга тобе бўлсангиз, тўғри йўлни топасиз.” (Аъроф, 158)
“Расулга итоат қилган киши Аллоҳга итоат этган бўлади.” (Нисо, 80)
Имом Раббоний ҳазратлари айтдики: “Жаноби Ҳақ Қуръони каримда Муҳаммад алайҳиссаломга итоат қилишнинг ўзига итоат қилиш эканлигини билдирган. У ҳолда Расулига итоат қилинмагунча Унинг ўзига итоат қилинган бўлмайди. Бунинг жуда қатъий ва қувватли эканлигини билдириш учун “Албатта муҳаққақ шундай” деб, тўғри тушуна олмайдиган одамларнинг бу икки итоатни бир-биридан ажратишларига йўл берилмади. Яна Аллоҳу таоло “Кофирлар Аллоҳу таолонинг амрлари билан пайғамбарларининг амрларини бир-биридан ажратишни исташади. Бир қисмига ишонамиз, бир қисмига ишонмаймиз, дейишади. Имон билан куфр орасидан (янги) бир йўл очишни исташмоқда. Уларнинг бари кофирдир. Барча кофирларга Жаҳаннам азобини, жуда аччиқ азобларни тайёрладик” деб буюрган.” (152-мактуб)
Ҳадиси шарифларнинг аҳамияти
Жаноби Пайғамбаримизга эргашишнинг аҳамияти тўлиқ англашилса, Қуръони каримнинг изоҳи бўлган ҳадиси шарифларга ҳам эргашиш кераклиги тушунилади. Суннат, яъни ҳадиси шарифлар бўлмаганида эди, намозларнинг неча ракъат эканлиги ва қандай ўқилиши, закот нисоби, рўза, ҳажнинг фарзлари, ҳуқуқий билимларни ўргана олмасдик. Яъни ҳеч ким буларни Қуръони каримдан бевосита чиқара олмас эди. У ҳолда Қуръони каримни англаш учун унинг изоҳи бўлган ҳадиси шарифларга эҳтиёж бор. Ҳадиси шарифларни англаш учун эса, олимларга эҳтиёж бор. Шунинг учун Жаноби Пайғамбаримиз исломга, Қуръонга амал қилишни истаган кишининг бир олимга, бир мазҳабга боғланишини амр қилганлар. “Олимларга тобе бўлинг!” деб буюрганлар.(Дайламий)
Аллоҳу таоло ҳам олимларга тобе бўлишни амр қилган: “Олимлардан сўранг!” ва “Пайғамбар амр қилганини қилинг, тақиқлаганидан сақланинг!” (Наҳл, 43; Ҳашр, 7)
Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари “Қуръони каримдаги “Аллоҳнинг ипига ёпишинг!” амри “Фиқҳ олимларининг билдирганларига риоя қилинг!” деганидир” деб айтган. (Дурр-ул-мухтор ҳошияси)
Ўзининг касал эканлигини ва қалбидаги маънавий касалликнинг давосини билмайдиган жоҳилларнинг ҳадиси шарифлардан керакли бўлганини танлаб олиши имконсиз. Ислом олимлари қалб ва руҳ мутахассислари бўлиб, ҳар бир одамнинг тузилишига мос руҳ малҳамларини ҳадиси шарифлардан танлаб билдирадилар. Жаноби Пайғамбаримиз дунё дорихонасига юз минглаган дори ҳозирлаб берувчи бош табиб бўлиб, авлиё ва олимлар эса ўша тайёр дориларни хасталарнинг дардларига қараб, тарқатадиган ёрдамчи табиблардек. Хасталигимизни билмаганимиз, дориларни ажрата олмаганимиз учун юз минглаган ҳадиси шарифлар ичидан ўзимизга малҳам топишга уринсак, аллергия бўлиб, жоҳиллигимизнинг жазосини тортамиз, фойда ўрнига зарар кўрамиз. Шунинг учун олимларга бўйсунишимиз керак. Олимларга бўйсуниш дегани тўрт мазҳабдан бири бўйича амал қилиш деганидир. Асрлардан бери бутун ислом олимлари тўрт мазҳабдан бирига амал қилганлар ва мусулмонларнинг ҳам тобе бўлишлари кераклигини билдиришган. Буларга тобе бўлиш борасида ижмо ҳосил бўлган. Ижмодан, жамоатдан, кўпчиликдан ажралган бадбахт ҳалок бўлади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Икки киши бир кишидан, уч киши икки ишидан афзалдир. Шундай экан, жамоат билан бирга бўлинг! Аллоҳнинг розилиги, раҳмати, ёрдами жамоатдадир. Жамоатдан ажралган Жаҳаннамга тушади.” (Ибни Асокир)
“Умматимнинг олимлари ҳеч бир вақт залолат устида бирлашмайдилар.” (Ибни Можа)
Ҳадиси шарифларни ҳам саҳиҳ ёки саҳиҳ эмаслигини билмай туриб айтиш, саҳиҳ бўлса ҳам гуноҳ бўлади. Бундай кишиларнинг ҳар жойда ўзларича ҳадиси шариф айтишлари жоиз эмас. Ҳадис китобларидан ҳадис нақл эта олиш учун ҳадис олимларидан ижозат олган бўлиш керак. Ҳадиси шарифда “Билмаган гапини ҳадис сифатида айтган киши Жаҳаннамда азоб кўради” деб марҳамат қилинди. Шунинг учун олим бўлмаган кишининг ҳадис ўқиб, ундан ўзича тушунгани билан амал қилиши жоиз эмас. (Бариқа)
Қуръони каримни фақатгина Жаноби Расулуллоҳ тушунганлар ва ҳадиси шарифлар билан изоҳлаганлар. Бу ҳадиси шарифларни ҳам фақатгина Асҳоби киром ва мужтаҳид олимлар тўлиқ англай олишган, бошқа мусулмонлар эса уларнинг тушунганларига тобе бўлишган.
Шундай экан Қуръондан, ҳадисдан ва буларнинг таржималаридан дин ўрганиш мумкин эмас. Ҳар бир мусулмон динини аҳли суннат олимларининг китобларидан тайёрланган илмиҳоллардан ўрганиши керак!
Фиқҳ китоблари турганда...
Савол: Динимизни қайси тафсир ва ҳадис китобларидан ўрганишим осонроқ бўлади?
Жавоб: Энг қийматли тафсир Байзовий тафсиридир. Энг қийматли ҳадис китоблари “Кутуб-и ситта” деб аталадиган олтита ҳадис китобидир. Лекин биздек оми одамларнинг динимизни ушбу китоблардан ўрганишимиз мумкин эмас.
Муҳаммад Ходимий ҳазратлари айтадики: “Тафсир, калом-и илоҳийдан муроди илоҳийни англаш деганидир. Ўзининг тушунгани бўйича тафсир қилиш жоиз эмас. Ҳадиси шарифда “Қуръони каримни ўз тушунгани бўйича шарҳлаган киши тўғри айтган бўлса ҳам хато қилибди” деб марҳамат қилинди. Ҳадисларни ҳам ҳадис китобларидан эмас, ислом олимларининг фиқҳ, ахлоқ китобларидан нақл этиб айтиш ёки ёзиш керак.” (Бариқа)
Имом-и Шароний ҳазратлари айтадики: “Ҳадиси шарифлар Қуръони каримни изоҳлайди. Мазҳаб имомлари ҳадиси шарифларни шарҳлаганлар. Дин олимлари эса мазҳаб имомларининг сўзларини шарҳлаганлар. Таҳорат шарртларини, намозларнинг неча ракъат эканлигини, рукуъ ва саждаларда ўқиладиган тасбиҳларни, байрам ва жаноза намозлари қандай ўқилишини, закот нисобини, рўзанинг ва ҳажнинг фарзларини Қуръондан чиқариб олиш мумкин эмас.”
Имом бин Ҳусайн ҳазратлари “Бизга фақат Қуръондан гапир” деган одамга “Эй аҳмоқ, Қуръони каримдан намозларнинг неча ракъат эканлигини топа оласанми?” деди. Ҳазрати Умар ҳам “Фарзларнинг сафарда неча қилиб ўқилишини Қуръони каримдан тополмадик” дейишганида, айтдики: “Аллоҳу таоло бизга Муҳаммад алайҳиссаломни юборди. Биз Қуръони каримдан тополмаганимизни Расулуллоҳдан кўрганимиздек қиламиз. У сафарда тўрт ракъатлик фарзларни икки ракъат қилиб ўқирдилар. Биз ҳам шундай қиламиз.” (Мезон-ул-кубро)
Абдулғани Наблусий ҳазратлари айтадики: “Фиқҳ илмларини улуғ олимлар ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан чиқаришган. Булар фақат фиқҳ китобларидан ўрганилади. Фиқҳ китоблари турганда, дин илмларини тафсирлардан ўқишга уриниш нофила ибодат бўлади. Фарз-и айн бўлган фиқҳ китобларини ўқишни ташлаб, нофила бўлган тафсир ўқиш жоиз эмас. Чунки мужтаҳид бўлмаган кишиларнинг тафсирдан фиқҳ илмини ўрганишлари мумкин эмас.”
“Жаҳаннамга кетиши билдирилган етмиш икки фирқанинг олимлари тафсирлардан нотўғри маъно чиқарганлари учун ҳақ йўлдан озишди. Олимлар адашаётганида олим бўлмаган кишиларнинг тафсир ўқиши фалокат бўлади. Тафсир китобларини англай олиш учун қўшимча саксон илм билан бирга йигирмата асосий илмни ҳам ўрганиш керак.
Қуръони каримнинг ҳақиқий маъносини ўрганишни истаган одам дин олимларининг калом, фиқҳ ва ахлоқ китобларини ўқиши лозим.” (Ҳадиқа)
Наҳл сурасининг 44-оятида маолан “Инсонларга нозил қилганимни уларга баён қилинг” деб буюрилган. Баён қилиш Аллоҳу таолодан келган оятларни бошқа сўзлар ёрдамида ҳамда бошқа услубда тушунтириш деганидир. Агар умматнинг олимлари ҳам оятларни баён қила олиш қудратига эга бўлишганида ва очиқ бўлмаганларини изоҳлай олганларида эди, Аллоҳу таоло Пайғамбарига “Сенга ваҳий қилинганларни таблиғ қилгин” деб буюрар, баён қилишини амр этмасди.
Расулуллоҳ Қуръони каримда мавҳум бўлган оятларни ва мазҳаб имомлари эса, маъноси равшан бўлмаган оятларни шарҳламаганида эди, буларни ҳеч қайсимиз тушуна олмасдик. Шариатда саҳобалардан кейин энг улуғ мартабадаги олимлардан бўлган мазҳаб имомлари эса, ҳадиси шарифларни изоҳлашган. Бу олимлар Расулуллоҳнинг ворисларидир.
Расулуллоҳ олиб келган хусусларнинг барчасининг ҳикматларини, далилларини тушуна олмасак ҳам, имон ва тасдиқ этишимиз керак бўлганидек, мазҳаб имомларимиздан келган маълумотларга ҳам далилларини англамасак ҳам, имон ва тасдиқ этишимиз керак.
Ҳар бир пайғамбарнинг олиб келган динларидаги амалга оид ҳукмларда бир-бирига зидликлар бўлгани ҳолда уларнинг барчасига имон ва тасдиқ этишимиз керак. Мазҳаблар ҳам худди шундай.
“Мужтаҳид бўлмаган киши мазҳаблар орасида фарқлиликлар борлигини кўрса ҳам, барчасини тасдиқ қилиши ва барчасига имон келтириши керак. Мужтаҳид бўлмаган кишининг бир мазҳабни хато деб билиши, бу мазҳабнинг хато эканлигини кўрсатмайди. Аксинча ўзининг бефаросатлигини, эътиқоди бузуқ бетайин кимса эканлигини кўрсатади.” (Мезон-ул-кубро)