Савол: Баъзи Мусҳафларда оятларнинг ўқилиши кирилл, лотин ҳарфлари билан чеккаларига ёзилади. Бундай ёзиш ва ўқиш, намоз сураларини булардан ўқиб ўрганиш тўғрими?
Жавоб: Буюк ислом олими Ибни Ҳожар-и Маккий ҳазратлари айтдики: “Қуръони каримни арабчадан бошқа ҳарф билан ёзиш ва Қуръони карим ўрнига таржимасини ўқиш ҳаромдир. Қуръони каримни таржима қилиш бошқа нарса, қилинган таржимани Қуръоннинг ўрнига қўйиб фойдаланиш бошқа нарса. Қуръон оятларини арабийдан ўзга тилларнинг ҳарфлари билан ёзиш ва шундай ёзилганларни ўқиш ҳаром бўлади. Ҳатто Қуръонни арабча ҳарфлар билан қандай ўқилса шундайлигича ёзиш ҳам ҳаромдир.”(Фатавоий фиқҳия, 37-бет)
Мана шу тариқа “ўқишни осонлаштиряпмиз” деган баҳонада имлоси ва алифбоси ўзгартирилган оятларни ўқиш жараёнида қироат албатта бузилади, оқибатда Қуръони каримнинг маъноси ҳам бузилиб, нотўғри маънолар чиқади. Масалан, “Халлоқ” калимаси қаттиқ “х” билан ўқилганида “яратувчи”; юмшоқ “ҳ” билан ўқилса, “сартарош” деган маънога келади.
Араб алифбосини ташкил қилган ҳарфларнинг ҳаммаси кирилл ёки лотин алифбосида мавжуд эмас. Арабчада уч дона “С”, уч дона “З” товуши ва ҳарфи бор. Бири қалин “Зо”, иккинчиси юмшоқ “За”, учинчиси “Зал” товушларини ифодалайди. Шунга яраша қироати, яъни ўқилиши ҳам бир-биридан анча фарқланади. Рукуъ тасбиҳида қалин “Зо” билан “азым” деб ўқилади. Бунинг маъноси “Раббим буюкдир” дегани. Агар ингичка “За” билан “азим” деб ўқилса астағфируллоҳ “Раббим менинг душманимдир” деган маънога келади.
Шунинг учун ҳар бир мусулмоннинг намоз ўқийдиган даражада сураларни, дуоларни тўғри ўқийдиган биридан ўрганиши керак. Кирилл ҳарфлари билан ёзилганидан ўрганган ё ёдлаган бўлса ҳам, албатта тажвид илмини яхши биладиган бир кишига текширтириб, хатоларини тузатиб олиши лозим. Сураларни кирилл ҳарфлари билан ёзиб, ўша ёзувдан тўғри ёд олиш мумкин эмас. Қуръони каримни аслидан ўқиш керак. Аслидан ўқимаса, савоб оламан деб гуноҳга тушиб қолиши ҳам мумкин. Тўғри ўқишни ўрганиш қийин эмас.