Савол: Қуръон ўқиётганда нималарга диққат қилиш керак?
Жавоб: Қуръони карим ўқиётганда қуйидагиларга диққат қилиш керак:
1. Таҳоратли ҳолда тоза жойда қиблага қараб, тиззалаб ўтириш керак! Эркаклар боши очиқ ҳолда ўқимаслиги лозим, ҳеч бўлмаса дўппи кийиши керак. Эркакларнинг Қуръони каримни боши очиқ ҳолда ўқиши танзиҳан макруҳ бўлади. (Мусҳафга қараб ўқиш ёддан ўқишдан савоблироқ.)
2. Қуръони карим ўқишни бошлаётганида аузу ва бисмиллоҳ айтиш керак.
3. Маъносини биладиган ҳам, билмайдиган ҳам оғир-оғир ўқиши керак.
4. Иложи бўлса, йиғлаган ҳолда ўқиш керак. Йиғлай олмаган одам ўзини мажбурлаши керак.
5. Ҳар оятнинг ҳақини бериши лозим, яъни азоб оятларини ўқиётганида қўрқиб, раҳмат оятларини ҳавасланиб, танзиҳ оятларини тасбиҳ қилиб ўқиш керак.
6. Қуръони карим ўқиётганида риё уйғонса ёки намоз ўқиётган кишига ҳалақит бераётган бўлса, паст овозда ўқиш лозим.
7. Қуръони каримни тажвидга мос ва чиройли овоз билан ўқиш керак, лекин нағма қилмаслиги лозим. (Нағма қилиш дегани ҳарфларни, калималарни бузиб чўзиш деганидир. Нағма қилиб ўқиётганида ҳарфлар бузилса ҳаром, ҳарфлар бузилмаса макруҳ бўлади. “Ҳалабий” китобида айтиладики: "Қуръони каримни нағма билан ўқиган имомнинг орқасида ўқилган намозни қайтадан ўқиш керак".)
8. Қуръони карим Аллоҳу таолонинг каломидир, сифатидир, қадимдир. Оғиздан чиқаётган ҳарфлар "олов" дейишга ўхшайди. "Олов" деб айтиш осон. Лекин оловга ҳеч ким чидаб туролмайди. Бу ҳарфларнинг маънолари ҳам шундай. Бу ҳарфлар бошқа ҳарфларга ўхшамайди. Бу ҳарфларнинг маънолари ошкор бўладиган бўлса, етти қават ер ва етти қават осмон дош беролмайди.
9. Қуръони каримни ўқишдан аввал бу каломни айтган Аллоҳу таолонинг буюклигини ўйлаш лозим. Кимнинг сўзи қироат қилиняпти, қандай муҳим иш қилиняпти, яхши фарқига бориш керак.
Қуръони каримни ушлаш учун тоза қўл керак бўлганидек уни ўқиш учун ҳам тоза қалб керак. Аллоҳу таолонинг буюклигини билмаган одам Қуръони каримнинг буюклигини ҳам англай олмайди. Аллоҳу таолонинг буюклигини англаш учун эса Унинг сифатларини ва яратганларини ўйлаш керак. Қуръонни бутун махлуқотнинг соҳиби, ҳокими бўлган бир Зотнинг каломи эканлигини ўйлаб ўқиш керак.
10. Ғафлат билан ўқимаслик керак, ўқиётганида бошқа нарсаларни ўйламаслик лозим.
Савол: Уйда Қуръон ўқиётганда ерда ўтирганларнинг қўлидаги Мусҳаф стул, диванда ўтирган кишилардан пастда қолади. Бу гуноҳ бўладими?
Жавоб: Орада масофа бўлса, гуноҳ эмас.
Савол: Аврат жойлари очиқ бўлганларнинг ёнида Қуръони карим ўқиш жоизми?
Жавоб: Ўзининг аврат жойи очиқ ёки аврат жойи очиқ бўлган кишилар ёнида ёддан бўлса ҳам Қуръони карим ўқиш макруҳдир. (Саодати абадия)
Савол: Уйда Қуръон ўқиётганда ичкарига кирган одамга ҳурматан ўриндан туриладими?
Жавоб: Бир киши Қуръон ўқиётганида отаси, бир олим ёки илм ўргатган устози ичкарига кирса, уларга ҳурматан ўрнидан туриши жоиз. Бошқалари учун ўрнидан туриши жоиз эмас. (Ҳиндия)
Савол: “Саодати абадия” китобида “Юриб кетаётганда ва иш қилаётганда Қуръон ўқиган кишига камроқ савоб берилади” дейилади. Бу ерда "иш қилиш"дан мақсад дуч келган ҳар қандай ишми? Масалан ҳожатхона тозалаётганда, ечинаётганда, нарда ўйнаётганда ҳам ёддан Қуръон ўқиса бўладими?
Жавоб: Иш дейилганда дуч келган иш тушунилмайди. Одобга уйғун бўлган ишларни тушуниш керак. Масалан автомобиль ҳайдаш, мева-сабзавот териш, девор қалаш, ер чопиш каби ишлар. Ҳожатхона тозалаш, қимор ўйнаш, чолғу чалиш каби ишлар тушунилмайди.