Савол: Баъзилар “Аёлларнинг билаклари ва сочлари очиқ ҳолда Қуръон ўқиши рухсат, яъни зарари йўқ” дейишади. Ҳолбуки “Саодати Абадия” китобида “Ўзининг аврат жойи очиқ ҳолда ва аврат жойи очиқ бўлган кишилар олдида Қуръони карим ўқиш макруҳдир” дейилган. Аёлларга бу рухсатни ким берган?
Жавоб: Аёлларга ҳеч ким бу рухсатни бермаган. Яъни ҳеч бир китобда бунинг мубоҳ эканлиги билдирилмаган.
“Аёлларнинг боши ва билаклари очиқ ҳолда Қуръон ўқиши таҳриман макруҳдир.” (Ибни Обидин)
Ҳатто эркакларнинг ҳам боши ва билаклари очиқ ҳолда Қуръон ўқишлари танзиҳан макруҳдир.
Савол: Транспорт воситасини бошқариб кетаётиб ёддан Қуръон ўқиш жоизми?
Жавоб: Жуда яхши бўлади.
Савол: Идрорини (сийдик) тутиб туролмайдиган ва ёталоқ хаста ёнида Ёсини шариф ўқиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қуръон ўқишни билмайман. Бир имомга Ёсинни ўқитиб, кассетага ёзиб олдим. Бу кассетани отамнинг қабрига олиб бориб шу ерда магнитафонга қўяман. Қабр ёнида лентадан ўқитиш билан ўзим ўқишимнинг орасида нима фарқ бор?
Жавоб: Катта фарқ бор. Бирон тасма ёхуд қурилмага ёзиб олиниб, ускунага ўқитилган Қуръони карим ва Ёсини шарифнинг ўлганга фойдаси бўлмайди. (М.Арбаъа)
Савол: Намоз ўқиладиган бир уйда ҳеч Қуръон ўқилмаса, яъни Қуръон ўқишни биладиган киши бўлмаса, гуноҳ бўладими?
Жавоб: Бир уйда намоз ўқийдиган киши бўлса, бу уйда Қуръони карим ўқилмоқда деганидир. Ёддан ўқилса ҳам Қуръони карим ўқилган ҳисобланади. Бир уйда ёддан бўлса ҳам Қуръони карим ўқилмаса, бу уй қабрга ўхшатилган. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Уйларингизда Қуръон ўқишни орттиринг! Қуръон ўқилмаган уйнинг хайри камайиб, шарри кўпаяди, ушбу уйнинг халқига қийинчиликлар келади.” (Дора Қутний)
Савол: Аёлларга хос маълум узри бор аёл уйда эрининг, ўғил ёки қизининг ўқиган Қуръони каримини тинглаши мумкинми?
Жавоб: Қуръони каримга қўл текказмаслик шарти билан тинглашининг зарари йўқ. Лекин узрли аёл Қуръони карим тинглаш учун масжидга боролмайди. Масжидга кириши ҳаром бўлади. Масжидга ҳатто таҳоратсиз ҳам кирилмайди. (Мавқуфот)
Савол: Аёл уйда эркакларнинг кенг пижамасини кийган ҳолда Қуръони карим ўқиса бўладими?
Жавоб: Бўлади.
Савол: Қуръони каримни иш қилаётганларнинг олдида ўқиса бўладими?
Жавоб: Баланд овозда ўқилмайди. Улар эшитмайдиган даражада паст овозда ўқилади.
Савол: Масжидда Қуръон ўқилаётганида истаган киши чиқиб кетиши мумкинми?
Жавоб: Чиқиб кетиши мумкин, у ерда ўтирса тинглаши керак.
Савол: Кассетадан, радиодан ўқилган Қуръони каримни тинглаш, унга қўшилиб такрорлаш гуноҳми? Ёки иш қилаётганида тинглаш дурустми?
Жавоб: Иш қилаётганида тинглаш дуруст эмас. Иш қилмаётганида тинглаб, такрорлашининг зарари йўқ.
Савол: CDдан Қуръон тинглаш жоизми? Охиригача тингласак хатм қилган бўламизми?
Жавоб: Ўрганиш нияти билан тинглаш мумкин. Ускунадан тинглаш билан хатм бўлмайди.
Савол: “Тафаккурсиз Қуръон ўқишда хайр йўқ” сўзи оятми ёки ҳадиси қудсийми?
Жавоб: Оят ҳам, ҳадис ҳам эмас.
Савол: Қуръони карим ўқиётганида чордана қуриб ўтириш одобга зидми?
Жавоб: Ҳа. Лекин чарчаганида чордана қуришнинг зарари йўқ.
Савол: Жаноза елкага олинишдан аввал ёнида Қуръон ўқиладими?
Жавоб: Жанозанинг олдида ўқилади.
Хаста ёнида Ёсин сурасини ўқиш муҳим суннатдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ёнида Ёсин-и шариф ўқилган хаста сувга қониб ва тўқ бўлиб қабрга киради.” Яъни жон беришда пайдо бўладиган чанқоқни сезмайди. Ёсини шарифда қиёматда бўладиган нарсалар, дунёнинг ўткинчи эканлиги, Жаннат неъматлари ва Жаҳаннамдаги азоблар билдирилгани учун хаста ёнида ўқилганида имон билан кетишга сабаб бўладиган нарсаларни эшитган бўлади. Раъд сурасини ўқиш руҳнинг чиқишини осонлаштиради. Инсон ўлганида Ҳанафий мазҳабига кўра нажс бўлади. Қуръони карим ёнида эмас, сал нарироқда ва овозсиз ўқилади. Бошқа уч мазҳабга кўра, нажс бўлмайди.
Савол: Қабристонда Қуръон ўқиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, суннатдир. (Ҳалаби-йи кабир)
Савол: Ёсинда "Саломун..." деб бошланадиган оятни уч марта ўқиш лозимми?
Жавоб: Ундай нарса йўқ, ўқиса ҳам гуноҳ бўлмайди. Ўқиш керак экан деб ўқиш бидъат бўлади.
Савол: Сура ва оят ўқилаётганда аузу бисмиллоҳ айтиладими?
Жавоб: Сура ўқилаётганда ҳамиша аузу бисмиллоҳ билан ўқилади. Ояти карима ўқилмоқчи бўлганда олимларнинг кўпчилигига кўра, фақат аузу ўқилади, бисмиллоҳ ўқилмайди. Масалан, Оятал курси, Оманаррасулу, Ҳуваллоҳуллази каби оятларни ўқиётганда бисмиллоҳ айтиш шарт эмас. Фақат аузу ўқилади, бисмиллоҳни айтса ҳам зарар қилмайди.
Савол: Оманаррасулу, Оятал курси каби оятларни ўқишдан аввал аузу бисмиллоҳ айтишнинг ҳукми қандай?
Жавоб: Ояти карима ўқишдан аввал аузу ўқиш вожиб. Бисмиллоҳ айтишнинг кераги йўқ. Баъзи олимларга кўра, бисмиллоҳни айтса ҳам бўлади. Сура ўқишдан аввал аъузудан кейин бисмиллоҳ айтиш суннатдир. Ўқиётганида янги сура бошласа, бисмиллоҳ ўқиш ҳам суннат. Аузу айтилмайди.
Савол: Фотиҳа ўқишдан аввал бисмиллоҳ айтишнинг ҳукми қандай?
Жавоб: Фотиҳа ўқишдан аввал бисмиллоҳ ўқиш вожиб, намоз ичида Фотиҳадан аввал бисмиллоҳ ўқиш суннат. Шофеъий мазҳабида эса, ҳамма вақт Фотиҳадан аввал бисмиллоҳ ўқиш фарздир.
Савол: Автобусда, маршруткада мусиқа ўйнаб турганида овозсиз, Қуръонга қараб ўқиш гуноҳми?
Жавоб: Гуноҳ бўлмайди, савоб бўлади. Мусиқани тингламаган бўлади. Лекин фосиқлар ёнида ўқиб, фитнага, мазахга сабаб бўлмаслик керак. Бундай мазахга сабаб бўлиш гуноҳ.
Савол: “Тафаккурсиз Қуръон ўқишда хайр йўқ” сўзи тўғрими?
Жавоб: Тафаккурсиз Қуръон сўзи барча учун эмас. Арабчани ва бошқа ислом илмларини биладиганлар учундир. Лекин арабчани билмаган кишига Қуръон ўқишинг фойдасиз дейиш жуда нотўғри бўлади. Чунки Аллоҳу таоло “Тушунмасдан Қуръон ўқиган одам ҳам менинг розилигимга қовушади” деб буюрган.
Савол: Мад ва сакта деганлари нима?
Жавоб: Мад узатилади дегани, сакта эса тўхташ деганидир, бироз тўхтайди.
Савол: Қуръони карим ўқилганидан кейин ёки дуонинг охирида "ал фотиҳа" дейилади. Бу ерда нима ўқилади?
Жавоб: Фотиҳа ўқилади. Лекин ўқиш шарт эмас, ўқиса яхшироқ. Ҳатто салавоти шарифа айтиб, кейин ўқиса жуда яхши бўлади.
Савол: Уйимизда Қуръон бор, лекин уни ўқийдиган одам йўқ. Хонадонимиздаги баъзи қийинчиликларнинг сабаби шу эмасмикин?
Жавоб: Ҳар куни оз бўлса ҳам Қуръони карим ўқийдиган бир киши бўлиши керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Қуръон ўқилмаган уйнинг хайри камаяди, шарри кўпаяди, хонадонига қийинчиликлар келади.” (Дора Қутний)
Савол: Қуръони карим ўқиётганида стулда ёки диванда (оёқларини осилтириб) ўтириб ўқиш одобга зидми?
Жавоб: Йўқ зид эмас, ўқиши мумкин.
Савол: Қуръон ўқиётганида дунё сўзини сўзлаб, сўнгра ўқишни бошлаётганида аузу айтмасдан фақат “Астаъизу биллаҳ” дейиш етарлими?
Жавоб: Ҳа, етарли бўлади.
Савол: Бир киши “Менинг Мусҳафимни ҳеч ким ўқимасин” деса, унинг Мусҳафидан Қуръон ўқиш жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Қуръон курсида ҳамма баланд овозда ўқиса жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Ҳарбир саҳифасида кирил ҳарфли ёзувлар билан арабий Қуръон оятлари аралаш ёзилган китобдан Қуръон ўрганиш жоизми?
Жавоб: Аралашмаган алифбо билан устоздан ўрганиш керак.
Савол: Овозсиз ўқиётганида ҳам мадди лозим тўрт алиф миқдори чўзиладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Алифбо ўқиётганида "қоф" ҳарфи қўйнинг боши, "алиф" ҳарфи устун кабидир дейиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қуръони карим ўқиган кишини чиройли ўқигани учун олқишлаш жоизми?
Жавоб: Жоиз ва яхши бўлади.
Савол: Кўз билан Қуръон ўқиш жоизми?
Жавоб: Кўз билан ўқилмайди. Фақат қараш савоби ҳосил бўлади.
Савол: Лафзатуллоҳи қизил ранг билан бўялган Мусҳафларни ўқиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Масжидда намоз ўқиётганимизда Қуръони карим тиловат қилаётганлар ҳам бўлади. Мусҳаф белдан пастда бўлиб қолади. Бунинг зарари борми?
Жавоб: Намозни Қуръон ўқиган кишининг ёнида эмас, бироз нарида ўқиса, зарари йўқ.
Савол: Тажвидга мувофиқ ўқиш учун Мусҳафга белгилар қўйиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қул аъузуларни ўқиб, болаларга уфлаётганимда ўзимга ҳам уфласам бўладими?
Жавоб: Ўзингизга алоҳида ўқиганингиз афзал.
Савол: Салавотни Муҳаммад сурасини ўқиб тугатганидан кейин ўқиш керакми ёки Муҳаммад исмидан кейинми?
Жавоб: Сурани тугатганидан кейин.
Савол: "Оятал курси"ни "Аллоҳула" деб аташ жоизми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Қуръоннинг кирил ҳарфи билан ёзилганини таҳоратсиз ўқиш жоизми?
Жавоб: Таҳоратли ўқиш ҳам жоиз эмас.
Савол: Қўшнининг ўқиган Қуръони бизнинг уйимизга бемалол эшитилади. Биз уйда ҳожатхонага киришимиз жоизми?
Жавоб: Ҳа, бунинг гуноҳи баланд овозда ўқиган кишига бўлади.
Савол: Қуръон ўқилаётганда тинглаш фарзи кифоя дея бемалол ўзаро гаплашиб ўтирадиганлар бўлади. Бу жоизми?
Жавоб: Гуноҳга ботадилар.
Савол: Ҳашр сурасининг охири қаердан бошланади?
Жавоб: "Ҳуваллоҳуллази"дан бошланади. "Лав анзална"дан ёки "Ла йастави"дан бошлаб ўқиш афзалроқ.
Савол: Қуръон ўқишни билмаган киши саҳифасини очиб қараса, савоб бўладими?
Жавоб: Қуръон ўқишни билмаган кишининг ҳам уйда баракат учун Мусҳаф сақлаши жуда яхши бўлади. Очиб унинг саҳифасига боқиш савобдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Беш нарса ибодатдир: Оз ейиш, масжидда ўтириш, Каъбага, Мусҳафга ва олимнинг юзига боқиш.” (Дайламий)
Қуръони каримни ўрганиш қийин эмас. Ўрганиб ўқиш катта савоб. Ҳадиси шарифда “Умматимнинг қилган ибодатларининг энг қийматлиси Қуръони каримни Мусҳафга қараб ўқишдир” деб марҳамат қилинди. (Ширъа)
Савол: Масжидимизнинг имоми ҳар оқшом Ёсин ўқирди. Унинг ўрнига келган имом “Ёсин ўқиш бидъат” деб ўқимаяпти. Ёсин ўқиш бидъатми?
Жавоб: Бидъат эмас. Имом дангасалик қилиб ўқимаётган бўлиши мумкин. Ҳамма пайт Қуръони карим ва Ёсини шариф ўқиш савобдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики: “Кечаси Ёсин ўқиган киши эрталаб авф этилган ҳолда уйғонади.”(Бухорий)
“Ҳар кеча Ёсин ўқишда давом этган одам шаҳид бўлиб вафот этади.” (Табароний)
Ёсин-и шариф ўқиш шунчалик фазилатли бўлса ҳам, уни ўқиш мажбурий эмас. Имом ўқимаётган бўлса, унга ўқи деб мажбурлаш ҳам тўғри эмас.
Савол: Ҳар кеча "Таборака" сураси билан "Оманарасулу"ни ўқийман. Буларни хуфтон намозида замми сура сифатида ўқиса ҳам айни савобларга эришиладими?
Жавоб: Ҳадиси шарифда марҳамат қилинадики: “Намозда ўқилган Қуръони карим намоз ташқарисида ўқилган Қуръони каримдан анча савоблидир.” (Жомиуссағир шарҳи)
Замми сура сифатида ўқилганида айни савобга ортиғи билан етасиз.
Савол: "Қул-аъузу"ларни ўқигандан кейин ҳовучига уфлаб, қўлларини баданига суришнинг фойдаси борми?
Жавоб: Жаноби Расулуллоҳ баъзи оятларни ўқиб, муборак ҳовучларига уфлар ва қафтлари билан муборак вужудларини масҳ этардилар. Бу бир қанча хасталикка шифодир.
Савол: Икки кишининг баланд овозда бир хонада хатм ўқишлари жоизми?
Жавоб: Бир-бирини адаштириш эҳтимоли бўлгани учун макруҳдир.
Савол: Хатмни тинглаётган киши паст овозда ўзи ҳам такрорласа, хатм бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Ҳар бир саҳифа икки мартадан ўқилиб, Қуръон хатм этилса, 2 хатм бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Хатмда баъзи кишилар Иншироҳ сурасидан бошлаб, баъзилар эса Дуҳа сурасидан эътиборан бисмиллоҳдан аввал Аллоҳу акбар деб такбир ўқийдилар. Булар жоизми, бидъат эмасми?
Жавоб: Жоиз, бидъат эмас. Ҳатто такбир билан бирга таҳлил ва таҳмид, яъни Аллоҳу акбар, Ла илоҳа иллаллоҳ вал ҳамдулиллоҳ дейиш ҳам жоиз. (Сариҳ-ин Нос)
Савол: Рамазон ойида қариндошларимиздан вафот этганларнинг руҳига бағишлаб хатм қила бошладим. Кейин хаёлимга бошқа инсонлар ҳам келди. Бундан ташқари рамазон ойида танишларимдан бир нечаси вафот этди. Хатм ўқишни бошлаганимда уларга ният қилмагандим. Энди бошқаларни ҳам хатмимга қўша оламанми?
Жавоб: Ҳа уларга ҳам, ҳатто Одам алайҳиссаломдан бугунгача келган ҳар мусулмонга ҳадя эта оласиз ва савоби ҳар бирига бўлинмасдан боради.
Савол: Бири “Ўқиган хатм-и таҳлилни вафот этган онамнинг руҳларига ҳадя қилинг” деди. Ҳадя қилдим. Икки ой ўтганидан кейин бу хатм савобини бошқа биттасига ҳам ҳадя қилсам бўладими?
Жавоб: Ҳа. Бутун мусулмонларга ҳадя қилсангиз яхши бўлади.
Савол: Қуръонни қанча вақт мобайнида хатм қилиш лозим? Намоздан қазолари бўлган одамлар учун бу муддатда фарқ бўладими?
Жавоб: Уч кундан кам бўлмайди. Ҳафтада бир, ойда бир, йилда бир бўлиши мумкин. Қазоси бўлган одам аввал қазоларини ўташга ҳаракат қилиши керак.
Савол: Хатми шариф тугаши билан Қуръони каримнинг охиридаги дуони ўқиб, янги хатмни бошласа, кейин масжидда йиғилиб хатм дуосида иштирок этса, дуруст бўладими?
Жавоб: Хатм дуосини кейин ўқиса ҳам бўлади. Хатм битар-битмас, дарров янги хатмни бошлагани яхши.
Савол: Қуръони каримни хатм қилган киши билмасдан баъзи жойларда маъноси ўзгарадиган даражада хатоликка йўл қўйса, хатм савобига эриша оладими?
Жавоб: Йўқ. Фақат тўғри ўқиган жойларининг савобини олади.
Савол: Ўлган эрим Асҳоби киромнинг баъзиларига тил теккизганди. Ўқиган Қуръони каримнинг савобини унинг руҳига ҳадя қилишим жоизми?
Жавоб: Йўқ. Қуръони каримда Асҳоби киромнинг барчаси Жаннатий эканлиги билдирилган. Жаннатий кишини сўкиб бўлмайди. Уларнинг шаънига ёмон гапирган одамга эса Қуръон ўқилмайди.
Савол: Қуръони каримни хатм қилиб бўлгандан кейин қандай дуо ўқилади?
Жавоб: Алоҳида аниқ бир дуо йўқ. Қандай дуони билса, шуни ўқийди. Мусҳафларнинг охирида ёзилган дуони ҳам ўқиса бўлади.
Савол: Қуръони каримни уч кундан оз вақтда хатм қилиш жоиз бўлмайдиган бўлса, имоми Аъзамнинг бир намозда хатм қилишининг ҳукми нима?
Жавоб: "Жоиз эмас" деган фатво бизга ўхшаган авомлар учун айтилган.
Савол: Қуръон ўқиётганимда ҳар қанча ғайрат қилсам ҳам калималарни тўғри талаффуз қила олмайман. Қуръон ўқишим саҳиҳ бўладими? Ўқишда давом этишим керакми ёки тўхтатишим керакми?
Жавоб: Жаноб-и Ҳақ ҳеч кимга кучи етмайдиган иш қилишни амр қилмайди. Ҳар кимдан қила оладиганини талаб қилади. Яхши ва тўғри ўқийдиганлардан ўрганишга ҳаракат қилиш керак. Қўлингиздан келгунча давом эттиринг. Бир ҳадиси шарифда марҳамат қилинганки: “Қуръон учун вакил қилинган бир малак араб бўлмагани учун тўғри ўқимаган одамнинг хатосини тузатади ва тўғри қилиб юксалтади.” (Шерозий)
Савол: Ётоқда Қуръон ўқиётганида оёқларини чўзиб ётиш жоизми?
Жавоб: Кўрпа остида ва болдирларини бир-бирига теккизиб, ҳурматли бир вазиятда ёддан ўқиш жоиз. Оёқларини йиғиб ўқиган дуруст бўлади.
Савол: Қуръон ўқиётганида бармоғини тупуги билан ҳўллаб, саҳифаларни очиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Компьютердан Қуръони карим ўқиётганида ҳам таҳоратли бўлиш керакми?
Жавоб: Оятларга қўл теккизмайдиган бўлса, қаердан ўқиса ҳам таҳоратли бўлиш шарт эмас. Лекин таҳоратли ҳолда ўқиган яхши.
Савол: Қуръон ўқиётганда келган саҳифамизга тақвим варағини қўйсак бўладими?
Жавоб: Ёзувсиз оддий қоғоз қўйиш керак.
Савол: Бир ҳадисда шундай дейилади: “Шундай замонлар келадики, Қуръон чолғу асбобларидан ўқилади.” (Тарғиб-ус-салот) Бу ерда чолғу асбоблари дейилганда нима назарда тутилмоқда? Радио ва TVдан тинглаш жоиз эмасми?
Жавоб: Овоз чиқарадиган ҳар қанақа асбобга мизмор (чолғу асбоблари) дейилади. (Мунжид)
Микрафон ҳам мизмордир. Радио, TV ва компьютердан ўрганиш нияти билан Қуръони каримни тинглаш мумкин. Ибодат нияти билан тинглаш жоиз эмас.
Савол: Бир киши Қуръонни бошидан бошлаб ўқиса, Ихлос сурасига келганида сўнгги икки сурани бошқа бировга ўқитса, Қуръонни хатм қилган бўладими?
Жавоб: Қуръони каримни Фотиҳадан бошлаб, Фил ёки Ихлос сурасигача ўқиса, сўнгра қолганини бошқасига айтиб ўқитса, у ҳам биринчи кишига вакил сифатида қолган сураларни ўқиса, хатм қилинган бўлмайди. Иккаласи ҳам хатм савоби ололмайди. Хатм бўлиши учун ҳаммасини бир киши ўқиши керак. (Баҳжат-ул-фатаво)
Савол: Хатм қилинаётган Қуръони каримни бошидан охиригача тингласак, хатм қилган бўламизми?
Жавоб: Қуръони каримни тинглашнинг ўқишдан кўра савоби кўпроқ. Ўқиш суннат, тинглаш эса фарздир. Лекин тинглаш билан хатм қилинган бўлмайди. Қуръони каримни тинглаш катта савоб бўлса ҳам, уни телевизордан, радиодан ёки магнитафондан тинглаганда, овоз инсон овози бўлмагани учун ҳеч қандай савоби бўлмайди. Буни ибодат сифатида ишлаш бидъат бўлади. Фақат ўрганиш нияти билан тинглаш, эшитиш мумкин.
Савол: Арабча курсга боряпман. Арабча китобларда оят, ҳадис ва ислом ҳарфлари билан ёзилган ёзувларнинг тагига кирил ҳарфлари билан маъноларини ёзиш жоизми?
Жавоб: Оят ва ҳадисларнинг тагига ёзиш жоиз эмас. У жойларга рақам ёки бошқа бир белги қўйиб, маъноларини бошқа қоғозга ёзиш керак. Ислом ҳарфлари билан ёзилган бошқа ёзувларнинг тагига ўзга тилда ёзиш мумкин.
Савол: Масжидда Қуръон ўқилаётганда қиблага қараб ўтириш керакми ёки Қуръон ўқилаётган тарафгами?
Жавоб: Ҳар икки тарафга қараб ўтирса ҳам бўлади. Қуръони карим ўқилаётган тарафга қараб ўтириш афзалроқ.
Савол: Сув тўла ваннада тизза билан киндик ораси бекилган ҳолатда тасбиҳ айтиш ва ёддан Қуръон ўқиш жоизми?
Жавоб: Эркак кишининг бу шаклда тасбиҳ айтиши жоиз. Қуръони карим ўқиши танзиҳан, аёл кишининг бу шаклда Қуръон ўқиши таҳриман макруҳдир.
Савол: Қуръони карим тажвид бўйича, қандай ўқилса шундай ёзилган хориждан келган Мусҳафлар бор. Булар жоизми?
Жавоб: Жоиз эмас. Қуръони каримни ислом ҳарфлари билан ўқилганидек ёзиш иттифоқ билан ҳаромдир. Бундай қилиш Салафи солиҳиннинг ишларини ёқтирмаслик, уларни жоҳил деб билиш бўлади. Масалан, Қуръони каримда “Рибу” деб ёзилади, лекин “Рибо” деб ўқилади. Буни имлода ҳам, қироатидек “Рибо” деб ёзиш жоиз эмас. (Саодати абадия)
Олимлар иттифоқ билан айтганларки: “Қуръони каримда бўлмаган бир ҳарфни қўшиш ёки олиб ташалаган кимса кофир бўлади.” (Китоб-ут-тибян фи адаб-и ҳамалат-ил-Қуръон, Ҳазинат-ул-асрор)
Савол: Ўқилган Қуръони каримни ҳеч нарса қилмасдан эшитишнинг савоби кўпроқми ёки Мусҳафга қараб ўтириб тинглашнинг савобими?
Жавоб: Қуръони каримни тинглаш фарзи кифоядир, ҳеч ким тингламаётган бўлса барчаси ҳаром ишлаган бўлади. Тинглаётганда кўз билан Мусҳафдан қараб боришнинг эса зарари йўқ. Ҳатто яхши, кўзлар ҳам ибодат қилган бўлади.
Савол: Баъзан масжидда Қуръон ўқийман. Шунда ташқаридан кириб келаётганлар салом беради. Қуръон ўқишни тўхтатишни истамай, ичимдан алик олсам бўладими?
Жавоб: Қуръон ўқиётган кишига салом берилмайди. Алик олишга мажбур эмассиз, лекин алик олсангиз яхши бўлади.
Савол: Ҳо-Мим сураларини ўқиган киши жаннатий бўлади дейилади. Шулар тўғрими?
Жавоб: Фақат Ҳо-Мимлар эмас, Қуръони каримнинг ҳар бир сураси ўқиган мусулмонга шафоат қилади. Бу ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифларда марҳамат қилинган:
“Аллоҳ наздида Қуръондан устун бўлган шафоатчи йўқ. На Пайғамбар, на фаришта, на бошқаси.” (Табароний)
“Қуръон ўқинг! Чунки у қиёматда шафоат қилади.” (Муслим)
Қуръони карим шафоат қилган киши эса, албатта жаннатий бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ҳо-Мимлар еттитадир. Жаҳаннамнинг эшиклари ҳам еттита. Ҳар бири Жаҳаннамнинг бир эшиги олдига келиб кутади ва “Ё Рабби, менга ишониб, мени ўқиган кишини бу эшикдан киритма!” дейди.” (Байҳақий)
Бу ҳадиси шарифлар шартсиз билдирилгани учун шартларини билиш лозим. Аввало Қуръони каримни ўқиган киши аҳли суннат эътиқодидаги мусулмон бўлиши шарт. Ғайримуслим ёки бидъат аҳли бўладиган бўлса, ҳеч фойдаси бўлмайди. Бидъат аҳлининг ва бошқа бузуқларнинг ўқиши ўзларининг зарарига бўлади. Ҳадиси шарифда “Қуръони карим ўқиганларига ё шафоат қилади, ё душман бўлади” деб марҳамат қилинган. (Муслим)
Қуръони карим уни ўқиган кишига нима учун душман бўлади? Чунки Қуръони каримни ўқиган кишининг ўқиганларига ишониши ва унга амал қилиши шарт. Ишонмайдиганларга ва бидъат аҳлига шафоат қилмайди, аксинча ҳадиси шарифда билдирилганидек душман бўлади.
Шартсиз билдирилган ҳадиси шарифларни ўқиганда шартсиз қабул этиш нотўғри бўлади. Масалан “Сахий одам Жаннатга киради” ҳадиси шарифи ҳам шартсиз билдирилган, яъни бу унинг баъзи шартлари бор эканлигига далолат қилади. Бу шартлардан энг муҳими имонли ва аҳли суннат эътиқодида бўлишдир. Имонсиз киши сахий бўлса ҳам Жаннатга киролмайди.
Савол: Намоздан бошқа вақтларда Қуръон ўқишдан аввал аузу ўқиш суннатми ёки вожиб?
Жавоб: Бу хусусда фарқли қавллар бор. Суннат, мустаҳаб ва ҳатто вожиб эканлиги ҳам билдирилган. Вожиб деган қавлга амал қилиш эҳтиётлироқ.
"Сура ва оят ўқишни бошлаётганда аузу ўқиш вожибдир." (Шира-тул-ислом, Саодати абадия)
Савол: Сура ва оятларни ёддан ўқиганнинг савоби кўпми ёки Мусҳафга қараб ўқиганнинг?
Жавоб: Мусҳафга қараб ўқиш ёддан ўқишга нисбатан кўпроқ савоб бўлади. Намозда ўқишнинг савоби эса, Мусҳафга қараб ўқигандан ҳам кўп. (Китоб-ут-тибян)
Ҳадиси шарифларда қуйидагича марҳамат қилинган:
“Намозда ўқилган Қуръон намоздан бошқа вақтларда ўқилган Қуръонга нисбатан хайрлироқдир.” (Хазинат-ул-асрор)
“Умматимнинг қилган ибодатларидан энг қийматлиси Қуръони каримни Мусҳафга қараб ўқишидир.” (Ширъа шарҳи)
Ҳазрати Али айтдики: Намозда ўқилган Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфи учун юз савоб берилади. Намоздан бошқа вақт таҳоратли ҳолда ўқиса 25 савоб, таҳоратсиз ўқиса 10 савоб берилади. Юриб кетаётиб ва иш қилаётганида ўқиса, савоби яна-да камроқ бўлади.
Биладиган кишининг маъносини тушуниб, бир оят ўқиши бошқа нарсани ўйлаб ўтириб бутун Қуръони каримни хатм қилишидан савоби кўпдир. (Ширъа шарҳи)
Қуръони карим ўқишдан аввал Аллоҳу таолонинг буюклигини, кимнинг сўзи эканлигини ўйлаши керак. Мусҳафни ушлаш учун тоза қўл лозим бўлганидек, уни ўқиш учун ҳам тоза қалб керак. Аллоҳу таолонинг буюклигини билмаган киши Қуръони каримнинг буюклигини англай олмайди. Аллоҳу таолонинг буюклигини англаш учун эса Унинг сифатларини ва яратганларини ўйлаши керак. Қуръонни бутун махлуқотнинг соҳиби, ҳокими бўлган бир Зотнинг каломи эканлигини ўйлаб туриб ўқиш керак. Ўқиётганида бошқа нарсаларни ўйламасликка ҳаракат қилиш лозим. (Кимё-и саодат)
Савол: Мулк сурасининг охири савол шаклида тугаган. Маолан “Сувингиз ернинг тагига тортилиб кетса, айтинг, сизларга ким тоза оқар сув келтира олади?” деб буюрилган. Бу сурани ўқиб бўлгандан кейин Садақаллоҳ-ул-азим дейилмайдими?
Жавоб: Албатта айтилади. "Садақаллоҳ-ул-азим" дегани “Азим бўлган Аллоҳ тўғри сўзлади” деганидир.
Савол: Ҳашр сурасининг сўнгги уч оятини ўқиётганида бисмиллоҳ айтмасдан уч марта “Аузу биллаҳиссамиъул алими минаш-шайтонирражийм”ни ўқиш суннатми?
Жавоб: Ҳа, суннат. Олимларнинг кўпчилигига кўра алоҳида бисмиллоҳ айтилмайди. Айтилишига жоиз деган олимлар ҳам бўлган, яъни зарари йўқ. Оманаррасулу ва Оятал курси каби оятларни ўқиётганда фақат аузу айтиш вожибдир, лекин бисмиллоҳ айтилмайди. Бисмиллоҳни айтиш жоиз деганлар ҳам бўлган.
Савол: “Нафас олиб-чиқараётганда Қуръон ўқилмайди. Намоз бузилади” дейишади. Бу тўғрими?
Жавоб: Нафас олиб-чиқараётганда агар бир текис ўқиса, зарари йўқ.
Савол: Ўрганиш нияти билан магнитафон ёки компьютердан Қуръони карим тинглаётганида бошқа бир иш билан машғул бўлиш жоизми?
Жавоб: Радиокарнайдан чиққан овоз Қуръони каримни ўқиётган кишининг ҳақиқий овози бўлмаса ҳам унинг ўхшашидир. Механик бир овоз бўлса ҳам Аллоҳ каломи ўқилмоқда. Буни ҳам ҳурмат билан танглаши, тинглаётганда бошқа бир иш билан машғул бўлмаслиги керак. Карнайдан чиқаётган азонни ҳам ҳурмат билан тинглаш лозим.
Савол: Сура ва оят ўқиётганида аузу бисмиллоҳ айтиладими?
Жавоб: Сура ўқилаётганида аузу ва бисмиллоҳ айтилади. Ояти карима ўқилаётганида олимларнинг кўпига кўра, фақат аузу айтилади, бисмиллоҳ айтилмайди. (Саодати абадия)
Оятал курси, Оманаррасулу, Ҳуваллоҳуллази каби оятларни ўқиётганда бисмиллоҳ айтишнинг кераги йўқ. Фақатгина аузу айтилади. Бисмиллоҳни ҳам айтиш жоиз деган олимларга кўра зарари йўқ.
Намоздан бошқа вақтларда сура ёки оят ўқишни бошлаётганда аузу айтиш вожибдир. Фотиҳа сурасини намоздан ташқарида ўқиётганида бисмиллоҳ айтиш ҳам вожиб. Бошқа сураларни бошлаётганда бисмиллоҳ айтиш суннат. Намоздан бошқа вақтларда Фотиҳа сурасини ўқиётганида бисмиллоҳ айтиш вожиб бўлганидек, аузу айтиш ҳам вожиб.
Савол: Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда Қуръони карим ўқиш, дуо қилиш ёки бошқа ибодат қилишнинг зарари борми?
Жавоб: Макруҳ вақтларда фақатгина намоз ўқилмайди. Қуръони ўқиш, дуо қилиш ёки бошқа ибодат қилишнинг зарари йўқ.(Дурар)