Савол: Ғарб олимлари Қуръони карим ҳақида нима дейишган?
Жавоб: Ғарбнинг машҳур олимлари, адиблар Қуръони карим ҳақида ўз ҳайратларини изҳор этишган:
Машҳур адиблардан бири бўлган немис шоири Гёте Қуръони каримнинг бутунлай тўғри бўлмаган немисча таржимасини ўқиганидан кейин “Ичидаги такрорлардан сиқилдим. Лекин ифоданинг азамати, кўркамлиги қаршисида ҳайрон қолдим” дейишдан ўзини ололмаган.
Инглиз роҳиби бўлган Беоворз-Смит “Муҳаммад ва Муҳаммадга боғлиқ бўлганлар” номли асарида “Қуръон услуб поклиги, илм, фалсафа ва ҳақиқат мўъжизасидир” деб ёзган.
Қуръони каримни инглизчага таржима қилган Арберри “Қачон азон овозини эшитсам, менга қаттиқ таъсир қилади. Нағмалар остида худди гумбурлаб урилаётган ноғора товушидек бир овоз эшитилади. Бу уриш худди юрагимнинг уришидек теранлардан эшитилади” деган. Мармадюк Пистхали Қуръони карим ҳақида “Энг тақлид қилиб бўлмайдиган бир оҳанг, энг соғлом ифода! Инсонларни йиғлашга ёки сўнгсиз муҳаббат ва ошиқликка шавқ этувчи қудрат!” ифодасини ишлатган.
Гиббон “Рим императорлигининг чўкиши ва қулаши” номли асарида шундай деган: “Қуръони карим Аллоҳнинг бирлигини исботлаган энг буюк асардир.”
Булар билан бир қаторда кўплаган ғарб файласуфлари, илм ва сиёсат одамлари ҳам Қуръони карим ҳақида катта ҳурмат-эътибор кўрсатиб, ҳайратларини билдиришган. Лекин улар Қуръони каримни Аллоҳнинг китоби сифатида эмас, Муҳаммад алайҳиссалом ёзган буюк ва қийматли асар сифатида қарашмоқда. Агар бундай бўлмаганида уларнинг барчаси мусулмон бўлишлари лозим эди.
Машҳур француз шоири Ламартин ҳам “Муҳаммад ёлғончи пайғамбар эмас. Чунки У ўзининг Аллоҳ тарафидан янги бир динни ёйиш учун танланганига ишонарди” деган.
Бу эса шуни кўрсатади: Ғарблик илм одамлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ёлғончи эмаслигини, лекин Унинг ўзи ёзган Қуръони каримни Аллоҳу таоло ваҳий этганлигига ишонишини айтганлар. Уларга кўра, Муҳаммад алайҳиссалом ёлғон гапирмаган. Ҳақиқатан ўзини Пайғамбар деб билиб, айтаётган сўзларининг Унга Аллоҳу таоло тарафидан туширилганига ишонарди.
Ҳолбуки Қуръони каримда маолан буюриладики:
“Агар биз бандамизга (Расулимга) туширганимиздан (Қуръоннинг Аллоҳдан келганига) бир шубҳангиз бўлса, у ҳолда гувоҳларингизни (бутларингизни, олимларингизни) чақириб шунга ўхшаш бир сура келтиринг! Буни асло қила олмайсиз. ”(Бақара, 23-24)
“Айтинг: Қасамки, бутун инсу жин мана шу Қуръоннинг ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар.” (Ал-исро, 88)
“Агар у Аллоҳдан бошқа биров томонидан келганида эди, унда кўп қарама-қаршиликларни топган бўлар эдилар-ку?! Буларни ўйлаб кўрмайсизларми?” (Нисо, 82)
“Айтинг: Мени ичидан тўқиб чиқарди деб ўйлаётганингиз ушбу Қуръон сураларидек сизлар ҳам ўнта сура тўқиб айтингларчи!” (Ҳуд, 13)
“Қуръон ўхшаши, мисли бўлмаган бир китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч бир томондан, ҳеч бир шаклда) ботил келмайди (ҳеч бир китоб ёки ҳужжат келиб уни ботил қилолмайди, чунки) у ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир.” (Фуссилат, 41-42)
“У (Аллоҳу таоло) ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан гарчи мушриклар истамаса ҳам, барча динларга ғолиб қилиш учун юборган Зотдир.” (Соф, 9)
“У (Аллоҳу таоло) ўз Пайғамбарини (Муҳаммад алайҳиссалом) ҳидоят ва Ҳақ дин (Ислом) билан у (дин)ни барча дин(лар)га ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли гувоҳдир.”(Фатҳ, 28)