...

Рўзани уйқу билан ўтказиш

Савол: Битта имом “Рўзани уйқу билан ўтказган одам савобни тушида кўради” дейди. Мен кечаси ишлайман, кундуз куни ухлайман, фақат намоз вақтларида уйғонаман-да, намозларни ўқиб қайта ётаман. Имомнинг гапи бўйича, менинг тутган рўзаларим бари бекор кетдими?

Жавоб: Йўқ, рўзадор кишининг ухлашининг зарари йўқ. Аксинча уйқуси ҳам савоб бўлади. Кечаси ишламасангиз ҳам кундузи ухлай оласиз. Бир ҳадиси шарифда “Рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир” деб марҳамат қилинган. (Дайламий) 

Ухлаш ёмон нарса эмас. Уйқудаги мусулмон кўринишда худди ўликдек ётса ҳам, Аллоҳу таолонинг лутфи билан, ухлаётганида ҳам савоб орттиради. Уйқуда гуноҳ ёзилмайди, чунки онгли равишда гуноҳ қилинмайди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Шу уч кишидан қалам кўтарилади (яъни гуноҳ ёзилмайди): Ухлаётган киши уйғонгунча, ёш бола балоғатга етгунча ва телба соғайиб кетгунча.” (Абу Довуд)

Агар рўзадор киши уйқуга таҳоратли ҳолда ётса, яна алоҳида савоб олади. Ҳадиси шарифда “Таҳоратли ҳолда ётган киши уйқудалигида кундуз соим (рўзадор), кечаси қоим (кечаси туриб ибодат этадиган)-лардек савобга эришади” деб марҳамат қилинган. (Дайламий)

Ётганида хайрли ишлар қила олиш учун истироҳат этишга, намозга уйғонишга, уйғонгач хайрли ишлар қилишни ният қилиб ётиш керак. Шундай ният билан ухлаган кишининг уйқуси ҳам ибодат бўлади. Олимлар буни билиб шундай ният қилганликлари учун Жаноби Пайғамбаримиз “Олимларнинг уйқуси ибодатдир” деб марҳамат қилганлар. Бирон киши кечаси туриб ибодат қилиш нияти билан ётса, лекин уйғона олмаса, ният қилгани учун савоб олади. Ҳадиси шарифда “Ибодатга ният қилиб ётганидан кейин ухлаб қолган кишига нияти сабабли кечаси ибодат қилган кишидек савоб ёзилади, уйқуси эса ўзига садақа бўлади” деб марҳамат қилинган. (Насоий, ибни Можа)

Рўзадор киши уйғоқлигида намоз ўқий олмаса, хайрли ишлар қилолмаса, ғийбат қилиб ёки гуноҳ бўлган ишлар билан ўтказадиган бўлса, ухлаши унинг учун анча яхшидир. Ухлаш билан ҳеч бўлмаганда гуноҳлардан қутулган бўлади.

Узун ва иссиқ кунларда рўза тутишнинг савоби қисқа ва совуқ кунларда рўза тутишдан ва ҳар хил ташвишлар қуршовида қийналиб рўза тутишнинг савоблари анча кўп бўлар экан деб ўзини қийнаш дуруст бўлмайди. Қийинчилик ва ташвиш табиий равишда, ўзлигидан келиши керак, ўз қўлимиз билан ўзимизни қийинчиликка суқишимиз асло савоб бўлмайди.